Loe raamatut: «Аслингиздек бўлишга тайёрмисиз?»
КИРИШ СЎЗ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни шунчаки беҳуда яратган эмасмиз…”. (Қуръони Карим. Сод сураси, 27-оят).
Дарҳақиқат, инсон ҳам бу дунёга тасодифан, ўз-ўзидан келиб қолгани йўқ. Илоҳий ирода, илоҳий амр туфайли биз ғайб оламидан Ердаги ҳаётда бир муддат яшашга келганмиз. Улуғ авлиёларнинг таъбирича: ўзимиздан-ўзимизгача – аслимизгача бўлган йўлни ўташ учун келганмиз.
Бизнинг ҳозирги яшаётган давримиз илм-фан тараққий этган, ахборот технологиялар юксак даражага чиққан давр. Бугунги ёшлар ижтимоий тармоқлар, улардан келаётган тўхтовсиз хабарлар оқими ичида ҳаёт кечираяпти. Бизнинг ҳаётимизни ҳозирги кунда шулар бошқараяпти. Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, инсон ҳаётини “ақл” бошқараяпти. Агар 100 йил аввал Ер юзида инсонлар смартфонлардан, интернетлардан фойдаланиши, ижтимоий тармоқларнинг юзага келиши, кичкина телефон орқали одам чўнтагида бутун оламни “кўтариб” юриши, у билан алоқа қилиши, ақлли машиналар – сунъий интеллектларни яратилиши, сунъий интеллектлар орқали одам ўрнини, унинг касб-корини босадиган роботлар ишлаб чиқиш ғояси ҳақида гапирилганда, бу гапларга ўша даврда одамлар ишонмаган бўларди, ёки қайсидир бошқа бир сайёрада, бошқа бир яратилган махлуқотлар билан юз бериши мумкин, фақат одам билан эмас, Аллоҳ одамни бунинг учун яратмаган, деб ўйлаган бўларди.
Муқаддас Қуръонда Аллоҳ етти қават осмон ва Ерни бекорга яратмаганлигини, Одамни Ерда халифа бўлишини, Аллоҳга ибодат қилиши учун яратганлигини, уни азиз ва мукаррам қилганлигини, билим олиб Аллоҳни таниш учун яратганлигини ва унинг зиммасида юклатилган вазифа борлигини айтади. (Қуръон: Бақара, 30; Исро, 70; Аҳзоб, 72; Талоқ, 12-оятлар). Одам ўрнини сунъий интеллектлар эгалласа, одам зоти оламни, борлиқни визуал равишда кўриб, уни англамаса, ҳис қилмаса, бир-бирини Одам ўрнида эмас, визуал равишда англаса, муносабат қилса, зўравонлик, зулм ичида яшаса, ҳаёт мазмунини фақат пул топишда, ўз ҳавойи нафси устунлигида деб билса, ижтимоий тармоқларга банди бўлиб қолса, бундай тақдирда Қуръонга кўра, одам зоти Аллоҳдан унга тақдир этилган вазифани – халифа бўлишликни бажара оладими? Ерда одам сифатида дунёга келиб, тўлиқ маънодаги “Одам бўлишлик” ҳаётини ўтай оладими? У ўз номи билан азиз ва мукаррамлик даражасига ета оладими?
Зеро, ҳозирда ҳаётимизга кириб келаётган ахборот технологиялар, ижтимоий тармоқлар, улардаги турли хил дастурлар инсоннинг ўз ҳаётининг асл мазмунини англашдан, онгли равишда ўзи учун хизмат қилишдан, яъни ўз-ўзини англаш, тафаккурини ривожлантиришдан, ўз қалбига яқинлашишдан четлаштириб бораётгани аниқ. Нима қилиш керак? Ижтимоий тармоқлар орқали бирин-кетин, тўхтамай кириб келаётган хабарлар оқимига инсон кириб ғарқ бўлиб кетиши керакми ёки буларни инсон ўз назоратига олиб, бошқариши керакми? Инсон буларни қандай ва нима учун назорат қилиши керак? Хабарлар оқимини назорат қила олиш, ўзини хавф-хатардан сақлаш билан тенг. Чунки, қўлингизда кўтариб юрган телефон “олами” атрофида шундай ҳолатлар юз берадики, бу инсонни ўз-ўзини, теварак-атрофини англашдан, таҳлил қилишдан чалғитади, бутунлай бошқа кўчаларга олиб кириб кетади, натижада инсон бу дунёдаги ўзига тақдир қилинган вазифани – Аллоҳнинг ирода этган амрини-Ер юзида халифа бўлишликни бажара олмай қолади. Айниқса, ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган ёшлар ҳамиша ана шундай нотўғри йўл танлаш – иблис тўрига тушиш хатарининг олдида турадилар.
Бугунги кунда инсоният олдида тараққиётнинг юксак ривожи инсоннинг Ердаги вазифасига, унинг тўлиқ маънодаги бус-бутун одам бўлиб тараққий этишига қанчалик таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги муаммолар ўртага ташланган. Бу муаммолар биринчи навбатда инсоннинг руҳий-маънавий камол топиши, Аллоҳ олдида ўзига юклатилган вазифани бажара олиши билан боғлиқ ҳолда кўрилаяпти. Шундай савол туғилиши мумкин: Ахборот технологиялар ва ижтимоий тармоқлар одамнинг Худога бўлган ишончига, унинг Одам сифатида комиллашувига қандай таъсири бўлиши мумкин? Худога ишонган ва унга итоат этган одамнинг жамиятда тутган ўрни қандай? Хусусан, диннинг илм-фан тараққиёти, ижтимоий тараққиётга ва давлатчиликка бўлган алоқаси, муносабати қандай, ва бу муносабатни қандай йўлга қўйиш мумкин? Бу масалада давлат, жамият ва фуқаролар муносабати қай даражада шаклланган?
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Билим, илм маърифат – исломнинг қалби, диннинг устунидир” деб айтган эканлар. Лекин ҳозирги вақтда ижтимоий тармоқларда кўпинча турли хилдаги, мазмуни, моҳиятида ҳеч қандай илм-маърифатга, билимга алоқаси бўлмаган ваъз-насиҳатлар, чақириқлар, фитна аралашган турли хилдаги даъватлар тарқалаяпти. Бунинг натижасида Ислом динининг софлиги бузилаяпти, унинг муқаддаслиги йўқолаяпти. Бу ҳолат кўп ёшларимиз онгида диний эътиқод билан терроризмни бир-биридан ажратиш салоҳияти йўқолиб боришига, динни фақат ташқаридан кўришга, эҳтирос орқали тушунишларига олиб келаяпти. Илм, маърифат бўлмагани учун ҳаётимизда зўравонлик, зулм кучайиб бораяпти.
Чет элдаги махсус хизматлар томонидан ишлаб чиқилган “дин воситасида мияга руҳий таъсир кўрсатиб мияни “қулфлаш” орқали одамларни давлатга, халққа қарши қўйиш, уруш, жанжалларни қўзғаш” дастури ижтимоий тармоқларда ўзбек, қозоқ, форс, араб, инглиз ва бошқа тилларда тўхтамай берилаяпти. Бу ишни махсус ёлланган, ўз миллатидан чиққан ватандошлари ”чиройли қилиб” ватандошларига етказиб, уларни авраб турибди. Шунинг учун ҳам ёшларимиз ёлғон билимларнинг қурбони бўлиб қолаяпти, “ўзини ўзи қутқариш” учун ўзи ҳақидаги билимларни ўрганишдан чалғиб, ислом деб бошқа кўчаларга кетиб қолаяпти. Ана шундай ёмонликлар қурбони бўлиб қолмаслик учун, инсон бу дунёда ўз зиммасидаги вазифани – Ўзини ўзи англай олиши керак. Бунинг учун инсонга академик билим керак эмас. Зеро, ақлан тафаккур қилсалар бас. Аллоҳ бизга тафаккур қилиш неъматини берган ва тафаккур қилишимизни талаб қилади. Инсоннинг олам ҳақида тафаккур қилиши, ўзи ҳақида, моҳияти ҳақида тафаккур қилиши инсонни маънавий етукликка олиб чиқади, ўзиданўзигача, аслигача бўлган йўлни кўрсатади. Маънавий етуклик – инсонни Аллоҳ томон етаклайди. Аллоҳни таниш, англаш, У ҳақида тафаккур қилиш – инсон ҳаётининг асл мазмуни ҳисобланади.
Умуман олганда, ўйлаб кўринг: Одам нима учун яратилган? Нима учун одам Ер юзида яшайди? Унинг бир муддат яшашдан мақсади, вазифаси нима? Давлат, жамият, тараққиётнинг ривожланиши инсоннинг илоҳан тақдир этилган ўз вазифасини бажара олиши ёки бажара олмаслигига қандай алоқаси бор? Кўзимиз билан кўра олмайдиган, лекин ҳамиша “ҳозиру нозир” бўлган Худони биз қандай тасаввур қиламиз? Нима учун Унга сажда қилиши керак? Руҳ нима? Ростдан ҳам ўлимдан кейин бошқа ҳаёт борми? Қаерда? У қандай ҳаёт? Ақл нима? Онгни биз қандай тушунамиз?
Инсоннинг ўзида мавжуд бўлган зиддиятлар унинг бир-бирига зид бўлган тўрт унсурдан яратилганлигидан келиб чиқади. Бу зиддиятни инсон ўзи назорат қила олиши керакми? Ўз-ўзини назорат қила олиш салоҳияти инсонда қай даражада ривожланган? Аллоҳ нима учун одамга душман қилиб иблисни яратган? Иблиснинг дастури нимадан иборат? Ҳаётга кириб келаётган, ривожланаётган ахборот технологиялар, шу билан боғлиқ инсон онги Аллоҳнинг “дастури”ни амалга оширадими ёки иблиснинг “дастурини” амалга оширадими?
Шу мақсадда биз ушбу рисолани ҳаётнинг катта-кичик, паст-баланд сўқмоқларига кириб келаётган ёш йигит-қизларимизга бағишладик. Бизнинг мақсадимиз, Сиз билан биргаликда Аллоҳни таниш ҳақида, олам ҳақида, одам ҳақида, дин ҳақида, Қуръон ҳақида, ўзимиз ҳақимизда ақлимиз етганича бир оз тафаккур қилиш. Фақат тафаккур! Зеро, “бир соатлик тафаккур, бир кечалик қиёмул лайлдан афзалроқдир. “(Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу)
Аввало ушбу рисолани ёзишни таклиф қилган ва қимматли вақтларини аямай ўз маслаҳатлари билан ёрдам берган исломшунос олим дўстларим, АҚШ Жоржия Эмори Университети профессорлари Абдуғофуров Раҳимжон ва Абдуғофурова Донохонларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ҳамюртларим билан фахрланган ҳолда, уларнинг илмий салоҳиятлари янада юксалишини, дунёдаги етук ислом олимлари сарасидан бўлиб қолишларини Аллоҳдан сўрайман.
Олган, ўрганган билимларимни сизларга улашар эканман, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ, Шайх Абдулазиз Мансур, Шайх Алоуддин Мансур раҳматуллоҳи алайҳ, ҳозирги ёшларга ўз билим, салоҳиятини сидқидилдан ва тинмай улашаётган АҚШдаги “Баййина” институти ходимлари Нуъмон Али Хон, Умар Сулаймонга ўз миннатдорчилигимни билдириб, бу инсонларнинг соғлигини Аллоҳдан сўраб дуо қилиб қоламан. Шунингдек, Ясир Кади, доктор Зокир Наик, Холид Ясин, Шомил Аловутдинов, Валерия Порохова, Қозон шаҳридаги Қул Шариф мачити имоми Рамил Юнусовга, Нуриддин ҳожи домла ва бошқаларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ўтганларни Аллоҳ раҳматига олсин, умргузаронлик қилаётганларини зиё таратишдек, савобли ишларини Аллоҳ янада зиёда қилсин.
Ҳурматли ўқувчим! Ушбу рисола қалбингиз чироғини янада ёритса, тафаккур оламингизни зиёда қилиб, ўз-ўзингизни англашга ёрдам берса, Сизни янада юксак чўққиларга рағбатлантира олса, иншааллоҳ, мен ўз олдимга қўйган мақсадимга эришган бўламан ва ўзимни бахтиёр ҳисоблайман. Аллоҳдан бу ҳаётда жамият учун, Ватан учун фойдали ва Аллоҳ қадрлаган ИНСОНЛАР бўлишингизни сўраб қоламан.
Юлдузхон Назар
I. “АСЛИНГИЗ”ДЕК БЎЛИШГА ТАЙЁРМИСИЗ?
Яралишнинг илоҳий Концепцияси
Болалик пайтида осмон тўла юлдузларга тикилиб хаёл сурмаган одам бўлмаса керак. Сиз ҳам болалик пайтингизда болаларча соддалик ва беғуборлик билан нима учун юлдузларнинг тушиб кетмаслиги ҳақида ўйлагандирсиз, улар билан балки хаёлан гаплашгандирсиз; хаёлан осмонларга чиқиб, осмоннинг у тарафида нималар борлигини билгингиз, коинот билан янада яқинроқ бўлгингиз келгандир, “нега ундай, нега бундай” каби ўй, хаёллар, саволлар билан катталарнинг бошини қотиргандирсиз. Бундай ҳолатлар албатта ҳар биримизнинг бошимиздан кечган. Мен болалигимда Ерни ҳеч нарсасиз, одамларсиз тасаввур қилишга, умуман, ҳеч нарсасиз, бўм-бўшликни тасаввур қилишга уриниб кўрар эдим. Лекин ҳар қанча уринмай, ҳеч нарсасиз, бўм-бўш, йўқ Ерни тасаввур қила олмаганман, осмон тўла юлдузлар, кимсасиз чўлда ўсган ўт-ўланлар билан бирга ўзимнинг ҳам борлигимни кўраверганман. Бу болаликда кечган кичик бир ҳолат.
Ҳа, бу инсон қизиқувчанлигига хос нарса. Шунинг учун ҳам бўлса керак, инсонлар бир неча минг йиллар давомида Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши, ўсимликлар, жонзотлар, Инсоннинг пайдо бўлиш ҳақиқатини ўрганишга уриниб келганлар; Осмон, қуёш, сайёралар, юлдузлар сирини, Ким ва қандай Куч томонидан бошқарилишини сир-синоатини билишга ҳаракат қилишган.
Мактабда астрономиядан олган билимларингиздан ташқари теварак-атрофимизни ўраб турган олам ҳақида, коинот ҳақида ўзингиз тафаккур қилиб кўрганмисиз?
Ҳайратланарли даражада улкан бўлган Коинотни қандай тасаввур қиласиз? Коинотдаги миллионлаб жисмларнинг турли-туманлиги, ҳар бирининг ўзига хослиги, ҳамма жисмларнинг тўхтовсиз бир меъёрда айланиб туришини тасаввур қиласизми? Йўлдошлар ўз планеталари атрофида айланади, планеталар юлдузлар атрофида айланади, юлдузлар ҳам Галактика маркази атрофида айланади, Галактикалар ҳам ўз навбатида доимий айланишда бўлади. Нима учун? Агар бирортаси тўхтаб қолса ёки ўз йўналишидан чиқиб кетса нима бўлиши мумкин?
Қуёшнинг ҳаракат қилишига эътибор қилинг: унинг ўз йўналиши бор, белгиланган йўналишдан, ўз траекториясида ҳеч қаёққа оғиб кетмай, тўхтовсиз ҳаракат қилади, Ой ҳам тўхтовсиз ҳаракат қилади, лекин унинг даврлари бор: қайси бир даврда кичик бўлиб кўринади, қайси бир даврда тўлишади, Қуёшда кичрайиш, катта бўлиш даври йўқ. Ҳамма вақт бир хил. Қуёш ҳам, Ой ҳам ўз йўналишидан ҳеч қаёққа чиқиб кетмай ҳаракат қилади. Агар чиқиб кетса нима бўлади? Буларнинг ўз траекториясидан чиқиб кетмаслигини ким “ушлаб” турар экан? Ер шарини-чи? Сиз ҳамма вақт оёғингиз тагида турган улкан Ернинг ўз ўқи атрофида қандай айланиб туришини ва ҳеч қаёққа “тушиб, ёки кетиб” қолмаслигини тасаввур қилганмисиз? Унинг мувозанатини қандай куч ушлаб туради? Шулар ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Ниҳоятда ҳайратланарли-а?!
Астроном олимларнинг тахминига кўра, Қуёш ўз катталиги билан бизнинг сайёрамиздек яна 1 миллионта планеталарни ўзига сиғдира олар экан. Ўйлаб кўринг, қандай қилиб Қуёш бундай катталик ва оғирлик билан тушиб кетмайди, ўз траекториясидан бошқа ёққа оғиб кетмайди? Уни нима ушлаб туради? Худди шундай, бизнинг Сомон йўли галактикамиз, сайёралар, бир неча қаватдан иборат осмонлар, Қуёш, Ой, юлдузлар, уларнинг жойлашуви, бошқа галактикалар, бутун бир экосистеманинг ҳаракатланиш жараёнини кузатинг. Ошиб ҳам кетмасдан, шошиб ҳам кетмасдан бир меъёрда, бир-бирига боғлиқ ҳолда айланиб туриши…Ниҳоятда ажойиб-а?!
Тепангиздаги турган осмонга қаранг: буни шунчаки осмон, деб ўйлайсизми? Осмон Ерни, бизни асраб турувчи жисм эканлигини биласизми? “…осмонни сақлаган шифт қилиб қўйдик.”. (Анбиё сураси, 32- оят). Агар осмон тўсиб турмаганида Қуёшдан келадиган радиация ҳамма ёқни куйдириб юборган бўлар эди. Осмонни Ерни кўрпа билан ўраб-чирмаб тургандек тасаввур қилиш мумкин. Космосда тахминан Цельсий бўйича -270 даража совуқлик бўлиб, Аллоҳнинг қудрати билан осмон Ерни муз қоплаб олишидан ҳам сақлайди. Шу билан бирга иссиқликни ўзида сақлаб туриб, Ер юзига иссиқлик таратади. Шу билан бирга кундузлари ва кечаси ҳаво даражаси бирдан тушиб ёки кўтарилиб кетмаслигининг меъёрини таъминлаб туради. Осмоннинг бу хилдаги вазифаси ҳайратланарли даражада мўъжиза эмасми?
Сувнинг нафақат мўъжизавий аҳамиятига, унинг кўринишига ҳам бир боқинг: Инсон ҳам, ҳайвонлар, ўсимликлар ҳам сувсиз яшай олмаслигини ҳамма билади. “Аллоҳ барча жониворни сувдан яратди” (Нур сураси,45-оят). Сувсиз Ер юзида ҳаёт йўқ. Нафақат инсонларни, жонли ҳаётни, балки Ерни тозалигини таъминлаб турадиган, барча ифлосликлардан, чиркинлардан тозалайдиган ҳам Сув! Ердаги ҳаётнинг тириклигини таъминлаб турадиган Сув қандай қилиб яратилган экан? Сувнинг нафақат пайдо бўлиши, балки борлиги, ҳаёт учун муҳим эканлигининг ўзи мўъжиза эмасми? Битта сувнинг яратилиши ва у миллион-миллион йиллар давомида тириклик манбаи бўлиб келаётганлигининг ўзи мўъжиза эмасми? Бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб кўринг… Бутун Ер юзини тўртдан уч қисмини ташкил этган денгиз, океанларни, уларни бир-бири билан туташганини кўринг: океаннинг чексизлигига ҳайратингиз келади. Буларнинг “муаллифи” ким? Қандай қудрат билан яратилган экан? Денгиз, океан тубидаги ҳаёт-чи? Ер устидаги каби у ерда ҳам турли хил жонзотлар, ўсимликлар мавжуд. Ҳатто вулқонлар, зилзилаларнинг денгиз тубида бўлиши ҳам ҳайратланарли. Ердаги ҳаёт-чи? Осмондан қор, ёмғирларнинг ёғиши, чақмоқ чақиши, момақалдироқлар бўлиши ва булар фаслларга қараб юзага келиши ҳам ажабланарли ҳол эмасми? Турли хил дарахт, ўсимликлар, уларнинг ўсиш жараёни-чи? Уларнинг тупроқдан униб чиқишининг ўзи мўъжиза эмасми? Барг ёзиши, гуллаши, мева ҳосил қилиши ва бу жараён ҳар йили такрорланавериши мўъжиза эмасми? Турли хил ҳайвонотлар, жонзотлар, уларнинг яшаш тарзи, ва ниҳоят Инсоннинг яралиши ҳақида ҳам бир ўйлаб кўринг: Биз ҳаммамиз бу дунёга чақалоқ ҳолимизда келамиз. Вақт ўтиши мобайнида секин-аста катта бўла бошлаймиз, аввал эмаклаймиз, кейин юришни бошлаймиз, секин-аста гапиришни ўрганамиз. Бари-бари мўъжиза!
Вақт ўтиши мобайнида инсон бу дунёга келиб, то бу дунёни тарк қилгунича маълум бир яшаш жарёнини бошидан ўтказади. Ўйлаб кўринг: бу дунёда Инсоннинг яралиши ва яшашининг ўзи фавқулодда мўъжиза. Кўз қандай яралгангки, биз ана шу кўзларимиз билан атрофимизни кўра оламиз?! Бош чаноғимиз ичидаги мия қандай яралганки, кўзимиз билан кўрган нарсани мия орқали идрок қила оламиз? Ахир инсон идроксиз қуруқ жасаднинг ўзи бўлиб қолади-ку?! Қулоқ қандай қилиб бизга товушларни етказиб беради? Агар қулоғимиз бўлмаганида биз товуш нима эканлигини билмаган бўлар эдик. Битта қулоқнинг ўзи мўъжиза эмасми? Кўзимиз кўрмаганида ёруғлик нима эканлигини билмас эдик, атроф-оламни кўрмас эдик. Кўз яратилишининг ўзи мўъжиза эмасми? Кўзсиз ўзингизни бир тасаввур қилинг; Тилсиз ҳам ўзингизни бир тасаввур қилиб кўринг. Бизнинг кўз билан кўриб, қулоқ билан эшитиб, тил орқали гапириб, бир-биримиз билан мулоқотда бўлишимизнинг ўзи мўъжиза эмасми? Бу мулоқот эса миямиз, ақлимиз орқали ўтиб содир бўлади. Агар таъм билмасак, овқатни қандай еймиз? Фақат биргина қўлингизнинг елкага уланган жойидан бошлаб, то бармоққача бўлган тузилишини бир бошдан кўздан кечириб кўринг: Бармоқларингизнинг ўлчами нима учун бир хил эмас, катта-кичик? Агар бир хил ўлчамда бўлганида нима бўлар эди? Ўйлаб кўрганмисиз? Ҳаттоки илк саноқ ҳам бармоқларимиз сонидан бошланади. Оёқларингиз бармоқлари эса, сизнинг гавдангизнинг мувозанатини ушлаб туришини биласизми? Қолган аъзоларингизнинг сиз учун қилаётган хизматини қўя туринг, битта бармоғингизнинг ўзи сиз учун қанчалик хизматлар қилишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Менимча, бунинг адоси бўлмаса керак. Битта бармоқларнинг ўзининг хизмати! Қолганлари-чи? Ахир бу мўъжиза эмасми? Одамнинг кўзидан чиқадиган ёш шўртанг бўлади, оғзидаги суюқлик эса шўр бўлмайди. Нимага? Бу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз? Бўлмаса кўз билан оғиз ораси жуда яқин-ку! Худди шўр сувли денгиз билан, чучук сувли денгиз бир-бирига қўшилиб кетмаганидек. Бунинг сабаби – бошқа ҳамма аъзолар тери билан қопланиб, ҳимоя қилинган экан. Кўз эса ҳеч қандай терилар билан ҳимояланмагани учун, уни ташқи таъсирдан сақланиши, кичкинагина “гўшт” бузилмаслиги учун унинг атрофи шўр сув билан қопланган экан ва шу билан бирга қаттиқ совуқларда кўз музлаб қолмаслиги учун ҳимоя сифатида атрофи шўр сув билан ўралган экан. Ҳайратланарлими?! Инсон тузилишининг ўзи ҳайратланарли! Инсоннинг ташқи тузилиши, ички қурилмалари, танамиздаги ҳар бир аъзо, ҳар бир майда-майда тўқима, миллионлаб, триллионлаб хужайраларнинг биз учун қилаётган хизмати… Бу мўъжиза эмасми? Бу битмас-туганмас мўъжизалар қандай Оқиллик, қандай Донолик, қандай Ҳикмат билан яратилганлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бу Оқиллик, Донолик, Ҳикмат замирида нималар бор эканлиги хаёлингизга келганми? Нима деб ўйлайсиз, бу каби сон-саноқсиз мўъжизалар қандай қилиб ўз-ўзидан, ўз ҳолича пайдо бўлиши мумкин? Ўз-ўзидан яралиб қолиши мумкинми?! Йўқ! Мутлақо мумкин эмас!
Биз буларни Аллоҳ яратган деб айтамиз. Лекин шу жавобнинг ўзи етарлимикан? Йўқ, етарли эмас. Аллоҳни биз қандай ва қай даражада англаймиз? Яратиш, яралишнинг ўзи нима? Аллоҳ буларни қандай режа билан ва қандай Ҳикмат билан яратган экан?
Илоҳий “Бошқарув жараёни”
Қудратли Аллоҳ 18.000 оламни яратган. Биз эса фақат ўзимиз яшаётган маконни қайсидир бир даражада англаймиз, холос. Қолган оламлар биз билан ёнма-ён қўшни бўлиб яшайди, биз улар ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Аллоҳ буларнинг барчасини нима учун яратган, қандай қилиб яратган? Қайси “қўллари” билан, қандай Донолик билан бутун олам, коинотнинг тарҳини олган экан? Аллоҳ олган бу тариҳнинг ичида 18.000 оламнинг тўхтовсиз ҳаракатланиши – ўзаро бир-бирига боғлиқ ҳолда қилиб битилган. Ҳаттоки танамизнинг ҳар бир нуқтаси бир-бирига боғлиқ, Ер юзидаги табиат ҳодисалари бир-бирига боғлиқ, инсонлар бир-бирига боғлиқ – азваж ҳолда битилган. Бу битилган тарҳнинг ичида ўсиш, униш, ривожланиш, тараққий қилиш – эволюция, тириклик Концепцияси ётади! “Мавжудотларни бир-бирига муҳтож (азваж) қилиб яратган ва Ўзи ҳеч кимга ва ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган Зот нақадар пок ва мукаммалдир” (Ёсин сураси, 36-оят). Субҳоналлоҳ! Қандай Куч, қандай Қудрат, қандай Қуввват бутун оламнинг тўхтовсиз айланиб туришини – “бор бўлиш концепциясини” бошқарар экан? Шу билан бирга қандай қилиб Аллоҳ, бир вақтнинг ўзида миллиардлаб одамлар аҳволидан хабардор бўла олади? Бир вақтнинг ўзида, бизнинг ҳар биримизнинг – Ер юзидаги миллиардлаб одамларнинг бу дунёда қилаётган ҳар бир ишларидан У қандай хабардор бўлиши мумкин? Ҳаттоки, биз ичимизда ўйлайдиган фикр, қалбимизда кечадиган ҳис-туйғуларни, муаммоларни қандай қилиб, қайси “Кўзлари” билан кўриб, қайси “Қулоқлари” билан эшитиб туриши, билиши мумкин? Бу ҳам бизни болалигимиздан ўйлантириб келаётган саволлар.Чунки катталар доимо “ Аллоҳ қилаётган ҳар бир ишингни кўриб турибди”, деб бизни огоҳлантиришар эди.
Яна ҳам ҳайратланарлиси шундаки, Аллоҳ инсонни фақат қуруқ тана, жисмини яратиш билан чекланиб қолгани йўқ. Унинг вужудига жон билан бирга Ўзининг Даргоҳидан руҳ ато этди, қалб берди, қалб ичида иймон берди, атрофимиздаги оламни, Аллоҳни севишимиз ва бир-биримизни севишимиз учун муҳаббат берди, ҳис-туйғу берди – буларни бизга неъмат қилиб берди. Шу билан бирга бизга хизмат қилиш учун берган неъматларидан ташқари, биз энди ўзимиз ҳаракатга келтиришимиз, ишлатишимиз, жонлантиришимиз керак бўлган инсон учун хос бўлган неъмат – онг, тафаккур, ақл, идрок берди ва ҳайвонларга берган нафсдан фарқли ўлароқ, инсон ўз-ўзини назорат қила олиши, тергай олиши учун Қиёмат Кунида сўроққа тутиладиган онгли Нафсни ҳам берди.
Бу дунёдаги ҳаёт бизнинг онгимиз орқали ўтади. Инсон онги тўхтовсиз равишда ўсиши, эволюция тараққиётидан ўтиши орқалигина инсоннинг даражасини белгилайди. Биз кўзимиз билан кўриб, ақлимиз билан идрок қилиб, онгимиз орқали борлиқни тафаккур қила оламиз. Қай даражада тафаккур қилишимиз онгимизга боғлиқ. Лекин Аллоҳ борлиқдаги олам билан бирга, кўринмайдиган оламнинг ҳам Муаллифи! Аллоҳ бизга фақат кўзимизга кўринадиган нарсаларнигина эмас, балки кўринмас оламни ҳам онгимиз орқали тафаккур қила олишимизга имкон берган. Буни эса биз қалбимиз билан идрок қиламиз. Масалан, жуда ҳам содда мисол келтирадиган бўлсак, миямизда кечаётган фикрларни биз кўрмаймиз, лекин бу фикрлар қандай, нимадан иборат эканлигини, яхши-ёмонлигини, тўғринотўғри эканлигини биз ўзимиз идрок қилиб англаймиз. Чунки идрок қилиш, тафаккур қилиш, ўз-ўзини назорат қилиш – Инсон олдидаги Аллоҳ талаб этган энг биринчи вазифа. Биз тириклигимиз манбаи бўлган кислород – ҳавони кўзимиз билан кўрмаймиз, ёруғлик тезлигини кўрмаймиз. Лекин унинг борлигини онгимиз билан идрок қиламиз. Худди шундай, биз ҳеч қандай шакл-шамойили бўлмаган Аллоҳни ҳам кўрмаймиз, лекин Унга ҳавога муҳтож бўлгандек муҳтожлигимизни, худди ёруғлик тезлигидек У биз билан бирга эканлигини қалбимиз билан ҳис қилиб, англашимиз зарур. “Аллоҳ ҳар ерда ҳозиру нозир!”
Сиз ана шундай Доноликдан иборат “Бошқарув жараёнининг” Куч, Қудрат, Қувват Эгасини идрок қилиб кўз олдингизга келтира оласизми? Сиз қандай тасаввур қила оласиз? Ахир биз Аллоҳ деб билаётган бу Куч, Қувват, Қудратнинг шакл-шамойили йўқ-ку?! Аллоҳни қандай тасаввур қилиш мумкин?! Аллоҳ шу даражада мукаммалки, Унинг тенги ҳам йўқ, ўхшаши ҳам йўқ. Шунинг учун ҳам биз Аллоҳни тасаввурмизга сиғдира олмаймиз. Аллоҳни тасаввур қилиб бўлмайди, мумкин эмас. У бизнинг тасаввуримиздан ташқарида. Лекин, шу билан бирга биз инсонлар Аллоҳни Зоти билан танишимиз, Унинг чексиз мўъжизаларини кузатишимиз, хабардор бўлишимиз ва англашимиз зарур. Аллоҳ биздан Уни севишимизни, шу билан бирга Унинг қаҳридан қўрқишимизни ҳам истайди.
Инсон – бу Илоҳий Ҳақиқат томонидан яратилган илоҳий мавжудот. Биз инсонлар кўринмас ғайб оламидан бу дунёга – борлиқ оламига бир муддатга келганмиз. Инсоннинг руҳи жисмига киргандан сўнг, ўзининг илоҳийлиги ҳақидаги хотираси тундлашиб қолар экан. Ана шундай, ҳурматли ўқувчим! Биз ҳаммамиз “илоҳий – кўринмас оламдан, кўринадиган моддий оламга вақтинчалик меҳмон бўлиб келганмиз. Биз ўзимиз ҳақимизда фақат туғилганимиздан кейин нима бўлганини биламиз. Туғилгунимизга қадар биз қаерда бўлганлигимизни, қаердан, қайси оламдан келганлигимизни, нима учун бу оламга келганимизни билмаймиз. Аслида бизнинг руҳимизни Аллоҳ танамиздан аввал яратган экан. Танамизга киргунича бизнинг руҳимиз 50 000 йил аввал яратилган! Бу дунёга келишдан олдин биз ҳар биримиз Аллоҳ олдида туриб : “ Сен менинг Роббимсан! Фақат сенга иймон келтираман, фақат сенгагина сиғинаман”, деб ваъда берган эканмиз. Бу оламга келиб руҳимиз жисмимизга кирганидан сўнг, биз Аллоҳга берган ваъдамизни унутиб қўяр эканмиз.
“Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир. Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр қиладилар: “Эй Роббимиз! Бу Коинотни беҳуда яратмагансан!”… (Оли Имрон сураси, 190,191-оятлар).
Ҳа, Улуғ Аллоҳ субҳоналлоҳу таоло бу сирли Коинотни беҳудага яратмаган!
Эътибор қилинг: Коинотдаги ўзаро тортишиш кучи, сайёраларнинг ўзаро ҳаракати ҳаммаси инсон учун ишлайди; Ердаги табиат ҳодисалари ҳаммаси инсон учун ишлайди; Тупроқдан тортиб, Ердан униб чиққан, биз учун озиқ бўладиган экинлар, кўзларимизни қувонтирадиган ўсимлик, дарахт, гуллар ҳам инсон учун хизмат қилади; ҳаттоки ҳайвонот олами ҳам инсон учун хизмат қилади; бошимиздан тортиб, то оёғимизгача бўлган аъзоларимиз биз учун хизмат қилади; Танамиз ичидаги ҳар бир организм, система, триллионлаб тўқима ва ҳужайралар биз учун хизмат қилади. Булар ўз-ўзидан, ўз ҳолича ишламайди, ҳар нафасда уриб турган юрагимиз ўз-ўзидан ишламайди. Буларни яратган Аллоҳ уларнинг ишлашини ҳам таъминлаб туради! Улар Аллоҳнинг амри билан ишлайди. Ҳақиқатан ҳам Аллоҳ одамни барча мавжудотлар ичида буюк қилиб яратди. Қаранг, Коинотдан бошлаб то Ердаги барча нарса биз учун хизмат қилар экан! Субҳоналлоҳ! Аллоҳ бизга имкон берди. Ана шу нарсалар ҳақида тафаккур қилиш имконини берди, биз яшаётган Сомон йўли галактикасида бизнинг ўрнимиз қаерда ва нимада эканлигини англаш, тафаккур қилиш қобилиятини берди. Ахир Аллоҳнинг амри билан ҳар сонияда олган ҳар бир нафасимиз қаердан келиб, қаерга кетаётганини биз билишимиз керак-ку! Чиқарган нафасимиз йўқ бўлиб кетади, деб ўйлайсизми? Йўқ. Ичимиздан чиққан ҳар бир нафасимиз Коинотга боради. Ер ўз ўқи атрофида айланишига, унинг тортишиш кучи борлигига эътибор беринг: ана шу жойда сиз турибсиз. Чиқарган нафасингиз яна ўзингизга қайтиб келади. Яхши ўй, хаёллар билан чиқарган бўлсангиз, яхши ниятларингиз моддийлашиб ўзингизга қайтади, ёмон хаёллар билан чиқарсангиз, бу ҳам моддийлашиб ўзингизга ёмон бўлиб қайтади. Субҳоналлоҳ! Биргина нафас ҳақида тафаккур қилсангиз қанча нарсадан огоҳ бўлар экансиз! Биз танамизда айланиб доимо ҳаракат қиладиган қон ҳақида нима биламиз? Медицинада инсон қонини биохимик таҳлил қилиб, бемор одамга ташхис қўйишади, қон орқали одамдаги касалликларни аниқлашади. Қон одам организмидаги барча тўқималарга кислородни етказиб бериб туради. Ана шу ҳаракатни бизнинг танамизда у соатига 40 км тезлик билан амалга оширар экан. Қондаги яна бир хусусият у одамга тааллуқли барча информацияларни ўзида сақлар экан. Информациялар инсоннинг чап ва ўнг томонидан келадиган томирлар орқали келиб, ҳужайра “диск”ига ёзилар экан. Агар инсон меҳрибон бўлса, яхши ишлар қилса, Ҳолиқни кўп эсласа, бундай ҳолда унинг қонига информация ўнг томондан келиб, дискка яхши ёзувлар битилади. Бундай одамларга жин ва шайтонларнинг таъсири чегараланади, мия яхши қабул қилади, у ёлғонни ёлғон, ҳақиқатни ҳақиқат, деб билади. Энди ҳамма вақт ёмон ишлар қиладиган, Аллоҳ ман этган ишлардан, ҳаромдан қўрқмайдиган одамларнинг амаллари чап томонидаги ҳужайра дискига ёзилади, унинг ҳужайра дискида ёмон информация бўлади. Бундай одамлар қалбига жин ва шайтон осон киради ва улар ман этилган йўлнинг, ёлғоннинг, ҳаромнинг афзаллигини яхши қилиб кўрсатиб туришади. Агар инсон “астағфириллаҳ”ни кўп айтса, қондаги ёмон информациялар эриб кетар экан. Субҳоналлоҳ! Бу ҳолат худди ўнг ва чап елкадаги фаришталар фаолиятига ўхшайди. Ўнг томондаги фаришта сизнинг яхши, савобли амалларингизни шу заҳотиёқ ёзади. Чап томондаги фаришта эса тавба қилармикан, деб уч кунгача ёзмай туради, қилган ишингиздан пушаймон бўлишингизни,“астағфириллаҳ”ни айтишингизни кутиб туради. Субҳоналлоҳ! Шунинг учун ҳам бизнинг вазифамиз – тафаккур қилиш. Тафаккур қилиш орқали ўз-ўзимизни англаймиз, теварак-атрофни англаймиз ва ниҳоят Аллоҳни таниймиз. Хусусан, танамиздаги организмлар, триллионлаб ҳужайралар, Еру осмонлар биз учун хизмат қилар экан, буларнинг барчаси одамзод Аллоҳга хизмат қилиши учун, ботинимиздаги руҳимизнинг камоли учун бизга Аллоҳдан берилган вақтинчалик имконият эканлигини англаб етамиз.