Loe raamatut: «ҲАЁТ ҚОИДАЛАРИ»

Font:

ҲАЁТ ҚОИДАЛАРИ

КИРИШ

Нима қилиш керак?

Мен катта ҳаётга қадам қўяётган кўплаб ҳозирги ёшларни барча авлодларнинг “Нима қилиш керак?” деган оддий ва абадий саволи қийнаб келаётганини биламан.

Ўзингни топиш учун нима қилиш керак, ўзингда қандай сифатларни ривожлантиришинг лозим, нимага алоҳида эътибор қаратиш зарур, нимани мутолаа қилиш керак, умуман олганда, бу ҳаётда муваффақиятли ва бахтли инсон бўлиш учун нима қилиш керак?

Ҳойнаҳой, атрофдагиларнинг меҳнатсевар бўл, ҳалол бўл, камтар бўл, фалон-пистон бўл ва ўшанда ҳаётингда муваффақият бўлади қабилидаги бу барча жўн маслаҳатлари жонингга теккан бўлса керак. Аммо, афсуски, атрофимиздаги ҳақиқат бутунлай бошқа нарсадан далолат беряпти. Биз кўпинча атрофимизда ҳар куни тонгдан шомгача тер тўкиб ишлаётган, ҳалол ва камтар одамларни кўрамиз, аммо уларни тушунчамиздаги каби омадли деб аташга тилимиз бормайди. Хўш, гап нимада? Улар нимани нотўғри қилишяпти, муваффақият сирлари ўзи нимада?

Сен учун яхши янгилик бор! Мен жавобни, тўғрироғи, жавобларнинг бутун-бир мажмуини биламан. Мен бу саволга бўлғуси ҳаётий муваффақиятинг йўлида сен дастури амал қилишинг лозим бўлган асосий қоидаларни навбатма-навбат таърифлаш йўли билан жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Китобдан мақсад

Гарчи мазкур китобда баён қилинган тавсияларнинг самараси одатда жуда тез бўлса ҳам, бу китоб барча муаммоларнинг давоси деган даъводан йироқ. Бу китобда баён қилинган нарсалар сенинг барча муаммоларингни яшин тезлигида бартараф қиладиган патентли восита эмас. Унинг мақсади -нарсаларга нисбатан янгича нигоҳ, янгича ёндашувга эга бўлишинг учун сенга кўмаклашиш, бунинг шарофати билан сенда янги эътиқодлар юзага келиши, эҳтимолдаги ҳаётий муаммоларни ҳал этишда сенга мадад ва таянч бўлади. Бу янги билим қуроли, унинг воситасида сен ўзинг муносиб бўлган ҳаётга эришасан, ўзлигингни сақлаб қолиш ва ўз “мен”ингни йўқотмаслик имконига эга бўласан.

Нима учун менга олдин бу ҳақда ҳеч ким айтмаган?

Мазкур китобда баён этилган фикрлар, ўйлайманки, том маънода барчага ва ҳар кимга фойдали бўлади. Мен одамлардан эшитадиган ягона шикоят эса “Нима учун менга олдин бу ҳақда ҳеч ким айтмаган?” деган савол бўляпти.

Келажакда соатларни асраб қолиш учун ҳозир дақиқаларни сарфла

Вақтни кейинроқ иқтисод қилиш учун ҳозир бир оз фурсатни сарфлаш мумкин. Агар сен ҳозиргидан кўра самаралироқ бўлсанг, беҳисоб соатларни сақлаб қола биласан. Яъни ўз рақибларингдан бир қадам олдинда бўласан.

Кўп ва жадал эмас, ақлли ишлаш лозим.

Учоқ парвоз қилганидан сўнг ёнилғи захирасини текширишга кеч бўлади

Сендан фақат ҳаракат кутилаётган лаҳзаларда ўз усулларингни таҳлил қилиб ўтиришдан маъно йўқ. Маҳорат сабоқларига бир марта вақт сарфлаб, кейинчалик ўз автоматизмингга ишонишинг ва ҳаракатларни тез ва самарали бажаришинг лозим бўлади.

Демак:

Муваффақият нима дегани

?

Муваффақият – бу натижа эмас, балки ҳаёт тарзи

Биз ҳаммамиз муваффақиятга эришишни истаймиз, аммо эсда тутиш лозимки, муваффақият – бу бир марталик ютуқ эмас. Бу охирги куч билан қандайдир шартли финиш чизиғини кесиб ўтиш эмас.

Бу ҳаёт бизга бугун, эрта ва умуман кун сайин тақдим этадиган барча қийинчиликлар билан кураша олиш қобилияти.

Муваффақият – бу куч, ҳаётимизни мазмун билан бойитадиган ва уни ўзимиз истаган шартларда яшашимизга имкон берадиган куч.

Муваффақият – бу якуний натижа эмас. Бу руҳий ҳолат.

Сен муваффақиятга “эришмайсан”. Сен муваффақиятли бўлиб борасан.

Муваффақият – бу сен ортидан қувиб юрадиган нарса эмас, аксинча, сен уни ўз ҳаётингга жалб этасан.

Аммо буни жуда кам кишилар тушунади.

Муваффақият ўсиб боришдан келади

У сен атрофингни ўраб олган муаммолар ва тўсиқлардан каттароқ бўла бошласанг келади.

Муваффақиятни излама, унга қараб ўс

Қилишинг лозим бўлган нарсани ўз зиммангга ол ва муваффақиятинг муқаррар.

Муваффақиятнинг энг асосий сири

Сир – фикрлаш тарзида

Ҳар бир инсон бахт учун туғилган. Мутлақо ҳар бир инсон бахтга муносиб. Фақат ҳаётга бўлган ўз муносабатимиз, фикрларимиз ўзимизни бахтли ҳис этишимизга ва муваффақият қозонишга бўлган ишончимизга таъсир қилади. Айнан тафаккур биз қаерга ва қандай ҳаракат қилишимизни белгилаб беради. Айнан шу нарса миямизга, яъни қарорлар қабул қилувчи марказга ўрнатилган навигатордир.

Кўпчилик кишилар муваффақиятли одамларга омад ҳар доим ҳамроҳлик қилади, уларни тақдир бошиданоқ сийлаган – бойлик, бадавлат ота-она, бир сўз билан айтганда, уларда яхшигина бошланғич сармоя бўлган деб ҳисоблашади. Шаксиз, шундайлар ҳам бор. Аммо ҳаётда сезиларли муваффақиятга эришган ҳамма одамлар ҳам каттагина пул маблағи билан иш бошлаган эмас. Муваффақиятли одамлар орасида омадсизликлар ва ҳатто банкротликни ҳам бошидан ўтказиб, муваффақият чўққисига кўтарилганлар ҳам анчагина. Бу шунчаки гап бошланғич сармояда эмаслигини яна бир бор тасдиқлайди.

Ҳар бир муваффақиятли инсоннинг энг катта сири – омадсиз одамларнинг фикрлашидан тубдан фарқ қилувчи фикрлашидир.

Ўз ҳаётингни ўзинг қандай кўришни истасанг, шундай ярата олиш қобилиятинг муваффақиятли фикрлаш натижаси бўлади.

Ҳаётингдаги ягона чеклов эса – бу ўзинг ўз олдингга қўядиган тўсиқлардир.

Кўп билгандан кўра тўғри фикрлай олиш яна ҳам аҳамиятлидир.

Эришган нарсаларингиз бўйича ўзингизни баҳоламанг, сиздаги қобилият билан нималарга эришишингиз лозимлиги бўйича баҳоланг. Жон Вуден

Агар сиз инсонга у ҳозир қандай бўлса шундай муносабатда бўлсангиз, у қандай бўлса шундай қолади. У қандай бўлиши мумкинлиги бўйича уни қабул қилинг ва у бўлиши лозим бўлган одамга айланади. Жимми Жонсон

Ҳозир турган жойингга сенинг вақтинг етиб келишини кутиб ўтирма. Сенинг вақтинг аллақачон келиб бўлган. Фақат у бошқа жойда сени кутиб турибди. Демак, сенинг вақтинг турган жойга бор.

Ўзингни қайтадан ярат

Сенга туғилганингдан ҳамроҳдек туюлган хулқ-атворинг аслида ким эканлигингга ҳар доим ҳам мос келавермайди. Ирсий узатилган наслий хусусиятлардан ташқари, сенинг ўзингга хослигингга ота-онанг, дўстларинг ва танишларинг таъсир кўрсатишган.

Сенинг вазифанг – характерингни белгилаш ва шакллантириш ҳуқуқини атрофдагиларга бермасдан, бу жараён бошқарувини ўз қўлингга олиш. Ўзингни кучли шахс сифатида қайта ярат. Ўзингни лойдан ясагандай яса – бу энг кўламли ва ёқимли ҳаётий вазифалардан бири бўлиб қолиши мумкин. Бу, аслини олганда, сендан рассомни – ўзини-ўзи яратаётган рассомни яратади.

Жамият сенинг бўйнингга илаётган ролларни қабул қилма.

Ҳаёт фалсафаси

Ўзингни англанган Ҳаёт Фалсафангни ярат

Ҳеч бир одам ҳаёт фалсафаси бўлмаса, меъёрдагидек яшай олмайди. Ҳар бир кишида қадриятлар, маслаклар, қоидалар тўпламига эҳтиёжи борки, у ўшалар асосида қарорлар қабул қила олади.

Ўқиб ва таҳлил қилиб, ўрганиб ва мулоҳаза қилиб, олам қонунларини пайқаб ва тажриба тўплаб, сени олдинга етакловчи, англаб етилган ўз Ҳаёт фалсафангни, ўз дунёқарашингни, қадриятлар, маслаклар ва ҳаётий қоидалар тўпламингни яратишинг лозим. Бу сенга ҳаётнинг барча асосий соҳалари бўйича мустаҳкам ва онгли фикрга эга бўлишингга имкон беради.

Дунёқараш жуда муҳим

Тўғри дунёқараш жиддий муваффақиятга эришиш учун жиддий омил ҳисобланади. Бу ҳатто “Буни қандай қилиш керак?” деган саволнинг техник жиҳатларига қараганда кўпроқ муҳим.

Ўз ахлоқий кодексингни ярат

Дарҳақиқат, муваффақиятли одамлар ҳаётда қоидаларга риоя қилишади. Бу қоидалар ҳаммага ҳам тўғри келмаслиги мумкин, аммо ҳокимиятни ва барқарорликни сақлаш учун тизимлилик ҳаётий муҳим. Дунё тузилишига ўз кўзи билан қараш – бу уларнинг одамлар ҳаётда қандай йўл тутишлари лозимлиги бўйича тушунчалари бўлиб, бу қоидаларга ўз умрларининг охиригача амал қилишади.

Ўз ҳаётий қоидаларингни, ўз ахлоқий қарашларингни белгила, атрофдагилар сенинг нуқтаи назарингни билишлари учун уни баралла ва аниқ билдир. Улардан келиб чиқиб ҳаракат қил.

Ўз қадриятларингни ўрган. Қадриятлар сендан ҳақиқий Ўзлигингни яратади.

Ўзингни ўзгартир, аммо ўз қадриятларингга хиёнат қилма.

Мулоқот учун тайёр бўл, аммо қадриятларингни қўлдан чиқарма.

Сенинг Етакчилик Кодексинг – бу қарорларни самарали қабул қилиш учун асос

Йўл-йўриқ кўрсатувчи қоидалар сенга келажак томон узоқ назар солиш учун имкон беради. Агар уларга эга бўлмасанг, у ҳолда камроқ қаршиликка ёки қисқа муддатли натижага йўналишни танлашинг шубҳасиз.

Ўз қарашларинг хўжайини бўл

Ўз ҳаётингни ўзинг бошқаришинг – бу ўз қарашларинг хўжайини бўлишингни англатади. Бу ўша нарса ростдан ҳам ҳақиқат эканлигини ўзинг учун мулоҳаза қилиб кўрмасдан ёки ҳал қилмасдан ҳеч нарсага ҳеч қачон рози бўлмаслигингни англатади. Ҳаётда ҳамма нарса ҳақида танқидий мулоҳаза қил. Атрофингда шунчалик кўп ўйланмаган фикрлар борки, уларни сенинг миянгга тўғридан-тўғри тиқишга интилишади ва кўпинча бунга муваффақ ҳам бўлишади. Ҳеч қачон ўз фикрингни бошқа кишилар фикрига боғлиқ равишда ўзгартирма. Онгли яша.

Қаерда турганингни ва нима учун турганингни бил. Бу – сенинг пойдеворинг.

Сиз одамларга таомларини бўлиб беришингиз мумкин, аммо ҳар ким уни ўзи ҳазм қилиши лозим. Говард Роарк “Илк манба” фильмида.

Ташқи куч ва гўзалликка суянишни бас қилинг, улар шунчаки бир неча дақиқа мафтун қила олади. Ички кучга суянинг. У бир умрга ўзига ром этади.

Эътиқодлар

Эътиқодлар – бу ўтмиш тажрибасига асосланган ва келажакни барпо қиладиган акс-таъсирларга асосланган умумлашмалар, бу ҳаракатларимиз асосида ётадиган қоидалар. Эътиқодлар ёрдамида ҳаёт бўйлаб ҳаракат қиламиз.

Сен ўз эътиқодларинг аслида тўғри ёки нотўғри эканлигини билмайсан, аммо уларни гўёки тўғри дея ҳаракат қиласан ва ўзинг эга бўлаётган натижаларга қарайсан. Натижа тўғри йўналишга (тўғри эътиқодларга) бевосита боғлиқ экан, у ҳолда яхши (ижобий) натижа учун яхши (ижобий) эътиқодлар бўлиши лозим.

Бошқача қилиб айтганда, ҳамма нарса расво бўлади деб ўйласанг – айнан шундай бўлади, ҳамма нарса яхши бўлади деб ўйласанг – яхши бўлади.

Инсон даҳолигига ишонмагунича даҳо бўла олмайди.

Эътиқодлар қаердан пайдо бўлади?

Умуман ҳамма жойдан: сен ҳурмат қиладиган одамлар, газеталар, журналлар, китоблар, интернет ва телевизордан. Шубҳасиз, мулоқот ва мутолаа ҳам қилиш керак, бу жуда ривожлантиради. Аммо олинаётган эътиқодларни алоҳида эътибор билан шакллантирилиш лозим, яхши бўлмаганларидан (чеклайдиганларидан) халос бўлиш ва фойдалиларини эгаллаш лозим.

Ҳаётимизнинг ёрқин, қизиқарли ва мазмунли ёки зерикарли, туссиз, ўртамиёна бўлишини нима белгилайди? Айнан бизнинг эътиқодларимиз.

Хуллас, эътиқодлар биз учун жуда кўп нарсалар қилади. Улар яшашимизга аъло даражада ёрдам беради, аммо фақат битта ҳолатда, яъни агар улар фойдали бўлса (яъни ҳаётий вазият моҳиятига мос келувчи, уни ҳал этишга кўмаклашувчи) ва ҳаракатланишга, яхши томонга ўзгаришга рағбатлантирса.

Сенинг барча эътиқодларинг ҳам тўғри бўлавермайди

Олам тўғрисидаги сенинг баъзи бир тасаввурларинг нотўғри эканлигини тан ол. Уларга суянишни бас қил. Ҳаёт ҳақидаги билимларинг орасидан нима аслида сароб эканлигини аниқла.

Бугун – бу сен кеча қилган ва ўйлаган нарсаларинг. Сен бугун қилаётган ва ўйлаётган нарсаларинг эса – эрта бўлади

Бу иборани, ота-онанг сенинг балоғат ёшиндаги муаммоларингга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини тушуниб етгунингча, такрорлашинг лозим. Ҳарҳолда, болаликдан каллангга ўрнашиб қолган беъмани фикрлашни ҳеч ким ўзгартирмаганлиги учун улар айбдор эмас.

Ҳаёт қоидалари ҳақида

Энди эса айнан Ҳаёт Қоидаларининг ўзига ўтамиз.

Қоидалар тўплами

Мазкур китобда асосий, базавий қоидалар тўпланган. Бу қоидалар, албатта, мен томонимдан кашф қилинмаган ёки биринчи марта таърифланаётгани йўқ. Мен шунчаки уларни битта қилиб тўплашга ва сенга ҳаётда ёрдам берадиган бир бутун қоидалар тўпламини яратишга ҳаракат қилдим.

Навигатор

Буни сен ҳам юришинг керак бўладиган йўлдан ўтиб бўлган одам яратган харита бўйича навигатор сифатида қабул қил. Бу сенга ўз Йўлингдан узоқроққа боришинга ва иложи борича юқорироққа кўтарилишинга ёрдам берадиган навигатор. Унда сени келажакда пойлаб турадиган эҳтимолий хавфли жойлар, шунингдек таянч нуқталари ва олдинга муваффаққиятли силжишинг учун ишончли, минг йиллар томонидан текширилган сўқмоқлар кўрсатилган.

Қоидаларни синовдан ўтказ

Бу қоидаларнинг ҳақиқат эканлиги ўз-ўзидан кўриниб турибди. Мазкур китобда таърифланган ҳамма қоидалар кўплаб авлодларнинг тажрибаси томонидан текширилган ва синовдан ўтказилган. Сен уларни ўз тажрибанг нуқтаи назаридан ҳам, соғлом ақл нуқтаи назаридан ҳам баҳолашинг мумкин. Кўп сонли мисоллар сен ҳар доим ички ҳис билан билиб келган нарсаларни аниқ ифодалайди.

Шунингдек, ҳар бир мавзуни сен билган буюк ёки муваффақиятли одамлар, масалан мамлакатлар президентлари, буюк тадбиркорлар, маданият арбобларининг ҳаётлари ва таржимаи ҳоллари орқали текшириш ва синаб кўришни маслаҳат бераман. Айтиш мумкинки, барча соҳаларнинг ўз юлдузлари бор. Сен барча ўша одамлар, кўпинча ўзлари билмаган ҳолда, айнан қуйида келтириладиган ушбу қоидаларга амал қилганига гувоҳ бўласан.

Бу қоидалар билан қуролланиб ол

Бу китоб муваффақиятли кишилар қайси қоидалар ёки феъл-атвор хусусиятлари ҳисобига ўз эришган нарсаларига эга бўлишган деган саволга жавоб беради. Агар улар айнан шу қоидаларга амал қилгани туфайли муваффақиятга эришган бўлса, у ҳолда сен ҳам ушбу барча қоидалар билан қуролланишинг керак эмасмикан?

Наҳотки биров бунга халақит бера олади?

Ҳар бир мавзу бу янги қоида

Ҳар бир қоидага мен бир неча далилларни тақдим этишга, турлича томондан ёритишга ҳаракат қилдим. Бу ўрганилаётган масаланинг гўёки турлича туслари ёки қирраларига ўхшайди.

Бошқа сўзлар билан айтганда, мен айнан битта саволни ҳар сафар бошқача беришга ҳаракат қилдим. Савол қанча кўп бошқача тарзда қўйилса, муаммони тушуниш шунчалик теранроқ бўлиб боришига имконият кўпаяверади. Эйнштейн бирор-бир масалани ечганида, у бу масалани иложи борича кўпроқ усуллар билан қайта ифодалашни зарур деб ҳисоблаган.

Эҳтимол, қоидаларни таърифлашга бундай ёндошиш сенга ўта узун туюлиши мумкин. Ҳарҳолда мен ахборотни беришнинг бундай шакли сен учун кўпроқ фойдали деб ўйладим.

Ҳар бир мавзули фикр ниҳоясида машҳур кишиларнинг ушбу масалага мос келувчи иқтибослари келтирилган. Кўплаб иқтибосларнинг муаллифлари кўрсатилмаган, чунки айнан битта иқтибос турли манбаларда турли кишиларга нисбатан берилган ва, гарчи ғоянинг ўзи тузук бўлса ҳам, кўплаб иқтибослар муаллифлиги менга шубҳали туюлди. Шу сабабли мен таваккал қилиб ўтиришни ва сени чалғитишни истамадим.

Демак, бошлаймизми?

1-ҚОИДА. ЎЗ САБАБЛАРИНИ АНИҚЛАБ ОЛИШ

Авваламбор сенда сабаб бўлиши керак. Ҳаракат учун сабаб. Мана нима учун…

Сабаб – бу важ, барча кейинги қадамларинг боиси

Агар сабаб бўлмаса, у ҳолда ҳеч нарса бўлмайди. Агар менда сенга ёрдамлашиш учун сабаб бўлмаганда эди, бу китоб ҳам дунёга келмасди. Агар сенда муваффақиятли бўлиш учун сабаб бўлмаганда эди, сен бу китобни ўқимаган бўлар эдинг. Бинобарин, сабаб – бу биринчи қадам. У сенда бўлиши лозим.

Сабаб – бу яширин сир

У кўринмайди, уни ушлаб кўролмайсан, уни ўлчай олмайсан. У автомобилнинг ички ёнув двигателидаги учқун каби заифгина. Кичкина учқунни ва автомобиль қувватини солиштириб кўр. Фарқи катта, тўғрими? Аммо ўша учқунсиз машина жилмайди. На йўл боса оласан, на манзилингга ета оласан…

Сабаб – бу сени ичдан чулғаб олувчи нарса

Сабабият ичдан чиқиб келиши керак. Сен ўзинг нимадир қилишни исташинг муҳим. Сабаб – бу биз важ, мақсад, манфаат остида кўзда тутадиган нарса…

Агар у бўлмаса, у ҳолда бунга фақат иккита жавоб бор: ёки қувват йўқ, ёки ўзинг истамаган иш билан билан шуғулланяпсан.

Агар мақсадга етишни истасанг, у ҳолда сен мақсадни туғдирган барча сабабларни аниқлашинг лозим. Бу барча сабабларни қоғозга ёзиб қўйиш жуда муҳим: агар мақсадга эришиш учун жиддий важлар бўлмаса, унга узоқ вақт боғланиб қолишингга шубҳа бор.

Бу мавзунинг иккинчи қисми ҳам мавжуд, бу ўз-ўзини рағбатлантириш. У ҳақида “Ўз-ўзингни рағбатлантириш санъатини” бобида кейинроқ гаплашамиз.

2-ҚОИДА. ЎЗ ШАВҚИ ТОМОН ЮРИШ

Сенга истак олови етишмаяпти

Ҳоҳиш ва мақсадларнинг ўзи етарли эмас. Сенда ментал ва руҳий қувватнинг етарли миқдори бўлиши лозим. Нима учун кўплаб кишилар ҳаётда омадсиз эканликларининг сабаби шуки, улар ўз амбицияларига эришиш учун етарлича ИСТАК ОЛОВИГА эга эмаслар.

Ёндирувчи истак – орзуйинг парвози учун старт майдончаси. Орзу ҳеч қачон лоқайдлик, эринчоқлик ва ланжликдан дунёга келмайди. Наполеон Хилл.

Муваффақият қозониш учун истагинг қанчалар кучли? Сен ҳар кеча у билан ухлаб, ҳар тонг у билан руҳланган ҳолда бирга уйғонасанми?

Ишқивозлик кучи

Ишқивозлик бу қувват. Сени тўлқинлантирадиган нарсага диққат қаратишдан ўзингга келадиган кучни ҳис эт. Ишқивозлик ўзинг севган нарсани қилаётганда келади. Ишқивозликни ҳис этсанг, тунни тун демай ишлай оласан. Ишқивозлик – бу сенга муваффақият учун зарур бўлган ёнилғи.

Ҳар бир инсон юрагида ўз истагидаги нарсани олишга ёрдам берадиган куч яширин. У сен интилган ўша нуқтага етиб бормагунингча тинчлик бермайди. Ҳамма нарсанинг битта шарт билан иложи бор: интилаётган нарсани рости билан исташ.

Заиф истаклар заиф натижалар олиб келади. Кичкина олов камроқ иссиқлик бергани сингари.

Бутун қалбинг билан қил

Ҳаётда нима билан шуғулланмагин, уни бутун қалбинг билан қилишинг зарур. Нимаики қилсанг, унга ўзингни бутунлай бахш эт ёки умуман қилмай қўя қол. Ҳаётда муваффақият қозониш учун сендан ўзинг қодир бўлган энг яхши нарсаларни беришинг талаб этилади, ўшанда сен афсусларсиз яшайсан.

Муваффақият тез ва самарали келади деб ўзингни ахмоқ қилма. Сен қаттиқ янглишасан. Сен қандай соҳада бўлмасин муваффақият қозонишинг учун ишга ошиқишинг лозим. Дўстларинг базмларда яйраётган пайтда сен ишлашинг лозим. Ҳа, бу оғир. Аммо бу каби мақсадга йўналтирилганлик пировардида ўзини оқлайди. Бизнесда бўлиш осон эмас. Бу оғир, харажатларни талаб этадиган йўл. Аммо сен энг яхшилардан бири бўлишга қодирсан.

Йўлларни телбалар очиб беришади, улар бўйлаб эса ақллилар ўтишади. Ф.М.Достоевский

Ғайрат бахш этувчи ва бир пайтнинг ўзида сени эҳтиросга тўлдирадиган нарсани топ

Ўша нарсанинг устида ишласанг ҳаётингда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган нарсалар юз беради. Ғайратга эга бўлиш учун аниқ бир вазифага бор ишқивозлик ва қунт-матонат билан эътиборингни қарат.

Ўз ишқивозлигингни топ ва уни рўёбга чиқариш учун ҳаётингни бахшида эт, бунга қанча вақт кетиши муҳим эмас.

Дунёда ялқовлик – мавжуд эмас!

Инсонда ёқтирмайдиган иш бўлиши мумкин, қувват етишмаслиги мумкин, юз очаётган истиқболлардан юракни ҳапқиратадиган кенг кўламли тасаввур йўқлиги бўлиши мумкин. Аммо ялқовлик бўлмайди!

Зўр нарсалар яхши нарсалардан уни қилаётган одамнинг ўзини унутиш қобилияти билан ажралиб туради

Ижодкор бирор нарсани ўртамиёна қилаётган одамдан жараёнга бутун борлиғини бахш этиши, ишни ўзидан устун қўйиши билан фарқ қилади. У бу ишни танлов йўқлиги ёки бурч ҳисси билан эмас, балки онгли ва муҳаббат билан бажаради.

Масалан, қайсидир маркетолог ўз соҳасида ҳақиқий мусиқачи бўлиши мумкин, бошқа бир мусиқачи эса шунчаки мусиқа билан шуғулланувчи одам бўлиб қолади.

Ўз эҳтиросларингга амал қил

Муваффақиятли кишилар ҳар бир ишга ўзларини бахш этишади – улар ўз компанияларини шунчаки бошқаришмайди, балки ишидан ҳузурланиб шуғулланишади. Улар ўз вақтларини бағишлаётган нарсадан қувват олишади. Бу каби кишиларнинг жўшқин истаги ва муваффақиятга бўлган чанқоқлигини енгиб бўлмайди: мақсадлар белгиланган, ўйланган нарсага эга бўлиш истаги – мустаҳкам.

Сен орзуйингдаги нарса билан нафас олишинг, ҳар сония унга интилишинг, мақсадга ҳам, бу йўлдаги саёҳатга ҳам эҳтирос билан берилишинг лозим.

Сен омадга бир лаҳза ҳам шубҳаланмаслигинг зарур.

Инсон шундай яралганки, бирор нарса унинг қалбини ром этган заҳоти, ҳамма нарсага илож топади. Ж. Лафонтен

Бу дунёдаги энг катта банкротлик – ўз ҳаётий иштиёқини йўқотган одам. Метью Арнолд

Бутун ҳаёти мазмунига айланган ишга ўзни бахш этишга тайёрлик ва ғалаба томон интилиш ҳақида гапирганда иккита вариантдан бирини танлаш мумкин, холос: ёки сен бунга тайёрсан, ёки йўқ. Сен қўлингдан келган барча ишни қиласан ёки кетасан. “Яримта” деган тушунча йўқ. Пэт Райли

Баъзи бировлар учун футбол – бу ҳаёт ва мамот масаласи. Мен бундай муносабатдан жуда хафаман. Сизни ишонтириб айтаманки, у бундан ҳам жуда-жуда муҳимроқ. Билл Шенкли

3-

ҚОИДА.

ЎЗИГА ИШОНИШ

Қўрқув

Қўрқув – муваффақият қозонишга йўл бермайдиган биринчи нарса. У ҳар қандай (номаълумликдан, мағлубиятдан ёки қийинчиликлардан қўрқув) бўлиши мумкин, аммо унинг роли аниқ ва равшан – у халақит бериш учун хизмат қилади. Қўрқув мақсад томон илгарилашда тормоз ролини ўйнаши, шунингдек бешигида бўғиладиган ташаббуслар бузувчиси ҳам бўлиб келиши мумкин. Қўрқув инсонни иштиёқсиз ва ўзига ишончи йўқ, заиф ва иродасиз мавжудотга айлантириб қўяди.

Нима қилиш керак? Курашиш! Ўз фикрлаш тарзингни ўзгартиришга ҳаракат қилиб кўр. Ҳаракатларинг сен қандай ўйлаётганингга боғлиқ. Фикрларингни ўзгартириб, сен ўз қарашларингни ўзгартирасан ва бошқача ҳаракат қила бошлайсан. Ўз муваффақиятингга ишон, кучингга ишонч кўзи билан қара ва мақсадингга албатта эришасан.

Ўзингга ишон!

Ҳар сафар нима истаётганингни ёки нимага ишонишингни белгилаётганингда, сен буни эшитадиган биринчи одамсан. Бу сенга ва бошқаларга ҳақиқатан ҳам нималарга эришишинг мумкинлиги тўғрисида мурожаат. Ўзингга ўзинг чекловлар яратма.

Одамлар ўз имкониятларига муносиб баҳо бермасдан, ўзларини доиралар ичига тиқиб қўйишади. Таваккал қилишдан қўрқма, ўз қулайлигинг чегарасидан чиқ, шунда имкониятларинг чексиз эканлигини кўрасан.

Уддалайман деб ҳисоблаган уддалайди

Уддалай олмаймай деб ҳисоблаган эса уддалай олмайди. Бу ўзгармас, рад қилиб бўлмайдиган қонун. Ҳаракатлар натижасини эътиқодлар белгилайди.

Агар уддалай олмайман деб ҳисобласанг, сен асабийлашишинг ёки ҳатто ғайришуурий хато қилишинг эҳтимоли катта.

Бошқа томондан олиб қараганда, агар ниманидир қилишга қодирман деб ҳисобласанг, миянг нолиш ва ҳаётдан шикоят қилиш ўрнига, бошқа йўналишда ишлай бошлайди ва ечимлар йўлини қидиради. Натижада ечимлар ва имкониятлар ёмғирдан кейинги қўзиқоринлар каби ҳамма томондан чиқиб кела бошлайди.

Ўзингга бўлган сўзсиз ишончни ривожлантир

Сен бирор нарса юз беришидан олдин ўз қобилиятларингга ишонишинг лозим. Агар сен президент бўлишга лойиқ эмасман деб ҳисобласанг, президентлик сайловларида муваффақиятли иштирок эта олмайсан. Бу ҳар қандай ютуққа тегишли. Муваффақият сени йўқлаб келиши учун ўз қобилиятларингга ишонишинг ва мақсадингга содиқ бўлишинг лозим. Сен ўз фан-клубингнинг биринчи аъзоси бўлишинг керак.

Ўзига ишонч – бу ҳамма сени йўлдан урмоқчи бўлганда ҳам олдинга ҳаракат қилишда давом этишдир. Сен ўз орзуйингга етишинг учун у томон ҳар сония интилишинг ва омадингга бир лаҳза шубҳаланмаслигинг зарур.

Капалакдек рақс туш, аридек чақиб ол. Ҳеч ким Муҳаммад Алидан устун чиқа олмайди!

Машқ залларида чемпион бўлишмайди. Инсон ботинидаги истаклар, орзулар, мақсадлар, яъни ўзига ишонч чемпионни дунёга келтиради.

Амбицияли бўл

Улкан орзулар қил ва нималардир қила олмаслигинг борасида ҳаттоки шубҳага ҳам ўрин қолдирма.

Мен миямни тозаладим. Мен дунёни идрокини тозаладим. Мен унга фалон ва фалон нарсалар юз беради деб айтдим. Йигирма ёшида буюк боксчи бўлиб етишаман деб айтган Муҳаммад Али каби.Ўша пайтда у буни билиши мумкин эмас эди, у авлиё эмас эди, аммо келажакни иродаси билан ўзгартира олди. Жим Керри

Энг катта тўсиқ – ички мулоқот

Инсон уни тўхтата олишни ўрганса, ҳамма нарсанинг иложи пайдо бўлади. Энг фавқулодда лойиҳалар ҳам бажариладиган бўлиб қолади.

Ўзингни пастга урма

Миянгдаги ёқимсиз овоз сени танқид қиляптими ва ерга уряптими? Унинг ноҳақлигини кўрсатиб қўядиган ишларинг билан бу овозни жим бўлишга мажбур қил. Огоҳлантириш: бунга йиллаб вақт кетиши мумкин.

“Атрофдагилар фикри” деб аталган қамоқхонадан чиқ

Нимагадир эришишни ният қилган заҳотинг, дарҳол “Бунинг иложи йўқ, ҳеч нарса чиқмайди” деб айтувчи одам пайдо бўлади. Аммо кимдир эришмагунча қанчалар мақсадлар иложсиз туюлган эди. “Йўқ” деб айтадиган кўплаб одамлар буни ўз манфаатларидан келиб чиқиб қилишади. Шу сабабли шубҳа уруғини сочувчи ва ўзимизга бўлган ишончимиз пойдеворига болта урувчилардан узоқроқ юрган яхшироқ. Уларга эътибор қилма. Агар танишларинг орасида бундай одамлар кўпчиликни ташкил этса, у ҳолда атрофингдаги кишиларни алмаштириш ягона тўғри йўл.

Кимнингдир хархашали ёки золимона салбий баҳоси сени тўхтатишига имкон берма. Ўз фикрингни ҳимоя қилиш, инкорни тасдиққа айлантириш усулини топ ёки “йўқ”ни айланиб ўтишнинг айёрона усулини қидир.

Нима учун сен эмас?

Ҳар биримиз билимнинг фақат маълум соҳаларида хабарсиз одамлармиз. Кўпчилик бошқаларнинг қобилиятларига ортиқча баҳо бериб юборади ва ўз қобилиятларига етарлича баҳо бермайди.

Бошқа одамларни ҳурмат шоҳсупасига чиқариб қўйма, ўша пайтда сен ўзингга аҳамиятсиз одам сифатида қараётган бўласан. Сен “Нима учун менмас, нима учун ҳозир эмас?” дея ўзингдан сўрашинг лозим. Ахир бошқа биров сендан ҳам зўр бўлиши мумкинми, ахир кимдир сендан ҳам кўра муносиб бўлиши мумкинми?

Ҳаётимизнинг турли соҳаларида биз барчамиз билимсиз, оми ҳисобланамиз, аммо биз даҳо бўла оладиган ҳаёт соҳалари, чегара билмас ижодимиз соҳалари мавжуд.

Буни кимдир олдин уддалаганми? Агар кимдир қила олган бўлса, ҳатто дунёда бор-йўғи битта одам сен истаган нарсага эриша олган бўлса, у ҳолда сен ҳам бунга қодирсан.

Бу сенга ҳеч қачон таслим бўлмаслик учун етарлича сабаб бўлиши лозим.

Сенга етишмаётган ҳамма нарсани ўрганса бўлади

Бу ҳаётда сен нимагадир қодир эмаслигинг тўғрисида ҳеч қачон ўйлама. Одамлар арзийдиган нарса қилишинг учун сенда ақл, ирода кучи, жисмоний куч ёки мафтункорлик етмайди деб кўп марта айтишганми? Уларга эътибор қилма.

Сен ўз-ўзингга истеъдодим йўқ деб айтганмисан? Ўзингга ҳам эътибор қилма.

Бунинг иложи борлигига ишон

Агар сен ҳаётинг орзусини яратишда муваффақият қозонишни истасанг, у ҳолда буни қилишга қодирлигингга ишонишинг керак. Буни ўз қадрини билиш, ўзига бўлган ишонч ёки ўзига ишониш деб аташингдан қатъий назар, сен ўзингда истакдаги натижаларни яратиш учун зарур бўлган барча нарса – қобилият, ички захиралар, истеъдод ва кўникмалар мавжудлигига қаттиқ ишончга эга бўлишинг зарур.

Сен кўп нарсага қодирсан, фақат бунга ишониш учун ўзингга изн бер

Ўз вақтида Токио чеккасидаги миттигана автоустахонага Токио университетидан етарлича билим савиясига эга бўлмагани учун (!) бўшатилган доктор Тадзуки ўз ходимлари билан кўчиб киради.

У саккизта ходими билан иш бошлайди. Доктор ходимларнинг ҳар бирини ўз-ўзига ишонтиришга ҳаракат қилади, улардан бири даврага чиққанида “Мен – дунёдаги энг яхши электрикман!” – деб айтарди. Ҳамма унга кўрсаткич бармоғини кўрсатиб, “Сен дунёдаги энг яхши электриксан!” дейишарди. Ўз навбатида, “Мен дунёдаги энг яхши кузов устасиман!” – “Сен дунёдаги энг яхши кузов устасисан!” ва ҳ.к.

Барча 8 та ходимнинг йўқламаси ана шундай ўтган. Устахона Тойота деган ғалати ва кулгули ном билан аталарди. Доктор Тадзуки нима иш қилди? У одамларни ўзларига ишонишга мажбур қилди.

Ҳеч қачон кеч эмас

Рингда анчадан буён чиқиб келаётган рақибингни енга олмайман деб ўйлайсанми? Ечими аён: тиришқоқлик билан ишла ва бошқа бировларга нисбатан вақтингни кўпроқ бағишла. Агар сен бошқаларга қараганда тиришиб ишлаш истаги билан ёнсанг, бошлаш учун ҳеч қачон кеч эмас.

Ҳар доим ўзингнинг аввалги тажрибангни эсда тут – сен ҳеч нарсани мутлақо “ғўр” ҳолатингда ҳеч қачон бошламагансан. Ҳаётингнинг мазкур пайтига қадар нимаики қилган бўлсанг, у сени эртага ният қилган нарсаларингга тайёрлайди.

Ҳаётдан завқланиш учун ҳали кеч эмас

Ёшликнинг ёши йўқ. Жамият фикри фақат ёшинг туфайли нима қилишинг мумкин ва нима қилишинг мумкин эмаслигини амр қилишига изн берма. Кўплаб ҳолатларда, ёш – бу миянгдаги шунчаки бир белги.

Агар сен ҳаётингга тўғри чизиқли, вақт кесмаси сифатида қарайдиган бўлсанг, у ҳолда ниманидир ўзгартириш учун ҳақиқатан ҳам кеч.

Агар кўпроқ “ҳозир”да иштирок этишга ўргансанг, бу каби фикрларнинг кўпчилиги ўз қадрини йўқотади. Сен ўзинг истаган нарсани онгли равишда танлашга ва қилишга қодирлигингни англайсан.

Ҳозир!

Ўзингга ишон.

Ҳаммаси ўз қўлингда. Сен ўзинг ўз бахтингнинг меъморисан

Сен ҳаммаси ўз изига тушиб кетишини кутишинг керак эмас. Ҳаммасини ўзгартириш мумкин.

Келажак – сен бораётган манзил эмас, яратаётган нарсанг.

Йўлларни излаш эмас – қуриш керак.

Яратиш жараёни ўзи – сени ҳам, тақдирингни ҳам ўзгартиради.

Ўзингдан қўрқма

Бу ғалати, аммо кўпчилик ўзидан қўрқади ва ўз ички сезгиларига ишонмайди. Агар сен ўзингга ишонмасанг, у ҳолда умуман кимга ишона оласан?

Ўз қарорларингга ишонишни ва ўз ҳаёт йўлингдан шубҳаланмасликни ўрган. Айнан шу “уйғунлик” деб аталади.

“Иложи йўқ – бу шунчаки қуруқ сўз бўлиб, унинг ортида кичкина одамлар писиб ўтиришади. Улар учун ўзида куч топиб бирор нарсани ўзгартиргандан кўра, одатланиб қолган дунёларида яшаш осонроқ.

Иложи йўқ – бу факт эмас. Бу фақат фикр.

Иложи йўқ – бу ҳукм эмас. Бу чақириқ.

Иложи йўқ – бу ўзингни намоён қилишга имконият.

Иложи йўқ – бу мангу дегани эмас.

Иложи йўқ нарсаларнинг иложи бор”

Бу нарсанинг қўлингиздан келиши ёки келмаслигини ўйлаётганингиз муҳим эмас – барибир сиз ҳақсиз. Генри Форд

“Менга ҳаётимдаги энг яхши совғани отам берган – у менга ишонган эди” - Жим Вальвано

“Сиз ғалабага мутлақ ишонч билан ўйнашингиз лозим, акс ҳолда яна ютқазасиз, сўнгра эса мағлубият сизга одат бўлиб қолади – Жо Патерно

Сиз муваффақият қозонаётганингизда барча сўзларингиз ҳақиқатга айлана бошлайди.

Сен бахтга муносибсан

Ҳеч ким ҳеч қачон сенга аксини айтишига йўл қўйма. Сен бахтга муносибсан ва муваффақиятга муносибсан. Ўзингга ишон. Бу кайфиятни сақлаб қол ва манзилингга етиб бормагунинга қадар ҳеч қачон таслим бўлма!

Vanusepiirang:
18+
Ilmumiskuupäev Litres'is:
07 juuli 2020
Kirjutamise kuupäev:
2020
Objętość:
311 lk 3 illustratsiooni
Õiguste omanik:
Автор
Allalaadimise formaat: