Lugege ainult LitRes'is

Raamatut ei saa failina alla laadida, kuid seda saab lugeda meie rakenduses või veebis.

Loe raamatut: «Миллиардернинг хотиралари»

Font:

“Онам ва руҳоний болалигимдан менга меҳнат қилиш, камхарж бўлиш кераклигини уқтириб келган”.

“Бизнесдаги муваффақиятнинг биринчи ва асосий шарти – бу сабр”.

“Агар сизнинг мақсадингиз бадавлат бўлиш бўлса, сиз ҳеч қачон унга эриша олмайсиз”.

“Мен ҳамиша ҳар қандай фожиани янги имкониятга айлантиришга ҳаракат қилганман”.

“Мен ёлғиз ўзимнинг 100 фоиз кучим эмас, 100 кишининг 1 фоиз кучи орқали даромад олишни маъқул кўраман”.

“Ҳамиша ғолиблар ва некбинлар билан мулоқотда бўлиш лозим. Айнан шундай, катта ҳарфлар билан – ҒОЛИБЛАР ва НЕКБИНЛАР”.

РОКФЕЛЛЕР ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛИШИМИЗ ЗАРУР?

“Бойликнинг ёвузлиги ва пулга гуноҳкор муҳаббат ҳақида, – дейди Бокл, – борган сари кўпроқ овозлар эшитилиб туради. Ва шунга қарамай, ҳеч қандай эҳтирос инсониятга пул топиш истагичалик яхшилик келтирмаган, билим олишга бўлган интилиш бундан мустасно, албатта. Биз бу истак олдида барча савдо ва жами ҳунармандчилик жабҳалари билан қарздормиз. Улар бизга турли мамлакатларнинг маҳсулотлари билан танишиш имкониятини тақдим этди; шунингдек, улар биздаги билим олишга интилишни янада кучайтирди ва турли миллатларнинг маданияти, тили ва ғоялари билан танишиш, одамларда тадбиркорликка журъат уйғотиш, эҳтиёткорлик ва олдиндан кўра билиш қобилиятини шакллантириш, тажрибамизни бойитиш ҳамда ҳаётимизни қутқариш ва азобларимизни енгиллатиш учун чексиз миқдордаги фавқулодда муҳим воситаларни тақдим этиш орқали дунёқарашимизни кенгайтирди. Буларнинг барчаси учун биз пул топиш истагидек бир куч олдида қарздормиз. Агар ғаюр илоҳиётчилар бутун инсониятни йўқ қилишнинг уддасидан чиққанида эди, дунёда бир тур сифатида пул топишга интилиш йўқ бўлиб кетган, биз эса табиий равишда ибтидоий даврларнинг ёввойи одамлари ҳолатига қайтган бўлар эдик. Бойлик бўлмаса, меҳнат қилишга ундовчи куч ҳам йўқ, бундай куч бўлмаса, билим ҳам, санъат ҳам бўлмайди”.

Дунёнинг энг бадавлат одами бўлган, бугунги кунда “савдо-сотиқ қироли” дея эътироф этилаётган Рокфеллер мемуарларининг ўқувчилари орасида машҳур инглиз тарихчиси томонидан айтилган ушбу сўзларнинг моҳиятини тушунмайдиган бирор ким бормикин, кимлар учун бу ҳақиқат тимсоли бўлолмайди? Шу билан бирга, ким Горацийнинг сўзларидаги залвор ва аччиқ ҳақиқатини тушунмайди: “Ким пул жамғарса, ўша қайғуни таъқиб қилаётган бўлади”.

“Менимча, – дейди Рокфеллер, – катта бойлик охир-оқибат ўз эгасига бахт-саодат беради, деб ўйлаганлар хато қилади. Бойлар ҳам бошқалар каби одам, ва агар бойлик уларга қониқиш ҳиссини бера олса, бу уларнинг қониқиш ҳосил қилиш ва бошқа нарсаларни қўлга киритиш учун ҳаракат қила олиш имкониятининг борлиги билан изоҳланади, холос”.

Бу сўзларни Рокфеллернинг мемуарларига эпиграф қилиб олиш мумкин ва, оддий тилда ҳамда ҳаёт бўёқлари билан безатилмай ёзилган ушбу хотираларни ўқиганда, тан олиш керакки, у бутун умри давомида мана шу сўзларга амал қилиб яшаган.

Инсоният пайдо бўлгандан буён, алоҳида хусусиятларга эга бўлган одамлар юзага чиқиши билан, жамият уларни дарҳол қоралашни бошлайди. Рокфеллер билан ҳам шундай: унинг сафдошлари, энг камида уларнинг аксарияти, Рокфеллернинг даҳо, савдо-сотиқ Наполеони бўлгани, шунингдек, бир сафар нодонлар жамиятидан ўзини йироқ тутишини, уларни ҳеч қачон ҳамкорликка таклиф қилмаслигини ва улар билан алоқа ўрнатишдан қочишини айтгани учун уни кечира олмаган. Қасос олиш учун бундай “эътироф” тўла асос бўла олар эди: уларнинг аксарияти буни ҳеч қачон кечирмаган ва унутмаган эди. “Бахт инъомлари билан тақдирланган” одамнинг манзилига қаратилган туҳматнинг заҳарли ўқлари ва улар қолдирган жароҳатлар олдида ҳаттоки савдо-сотиқ қироли ҳам ожиз қолади.

Шундан кейин Рокфеллердан иғвогарларнинг бирига қонуний чора кўришни сўрашади. Бун-га жавобан у мағрур жавоб қайтаради: “Хўш, мен нима қилишим керак? Иғвогарлар учун қонунда фақат иккита жазо белгиланган: ё иғвогарни қамоққа тиқишади, мен эса, ғайриихтиёрий тарзда, уни ўз дўстларининг кўзи олдида жабрланувчига айлантирган бўламан, у “қудратли одам”га қарши норозилик ғоясининг жабрланувчисига айланади. Ё уни жаримага тортади, айбланувчи мени ҳақорат қилгани учун, айтайлик, 10 минг доллар ҳақ тўлайди, ахир бу жуда кулгили-ку”.

Аммо ақл оломонга таъсир кўрсата олмайди. Агар инсонда унга таъсир ўтказиш истаги бўлса, у ўз ҳиссиётларини кузатиши лозим, керакли пафос ва “самимий ишонч оҳанглари”га эга бўлган ёлғон ишонтиришлар қанчалик мунтазам ва баланд эшитилса, оломоннинг кўзи олдида шунчалик адолатли кўринади ва оломон буни шунчалик чуқур ҳис қилади. Буни Рокфеллер ҳаёти давомида бир неча марта синовдан ўтказди. У ҳақда иғво қилиб юрганларнинг барчаси бу қоидага қаттиқ амал қилар эди. Масалан, диндор оилада тарбия топган Рокфеллер черковга кириш учун навбатда турганида иғвогарлар бақиради: “Анави ярамасга қаранглар! Мана у черковларнинг марҳаматини нима билан сотиб олмоқчи! Хайрия мақсадларига миллионлаб доллар сарфлаётганига сабаб битта – у ўз виждонини ўлдиришни хоҳлайди, холос”. Агар Рокфеллер “оддий ўлимга маҳкум қилинган” йўловчилар билан поезд вагонига чиқиб қолса, иғвогарлар яна ўшқирарди: “Мана бу бадбахтни кўринг, гўё ўзи учун темирйўл вагонларидан махсус салон қурдиришга имконияти йўқдек”. Агар Рокфеллер уларнинг маслаҳатларига амал қилса, янада баттарроқ гап-сўз кўтариларди. Чунки катта бойлик устида келиб чиққан бу каби баҳсларнинг охири йўқ эди. Ўзига ва оиласига дахл қилган барча иғволар заҳрига Рокфеллер умри давомида дастуриламал қилиб олган файласуфона сабр билан чидагани кишини ҳайратлантиради. Мана, яна бир мисол. Бундан икки йил олдин Рокфеллернинг қизларидан бири Францияга қилган ташрифи чоғида қаттиқ касал бўлиб қолади. Ота қийинчиликлар ичида сарсон юрарди. Катта бир газетанинг топшириғи билан унга икки мухбир ҳамроҳлик қилар, ҳар кун, ҳар соатда ушбу саёҳат ҳақида газетага ҳисобот топшириб турар эди. Ўшанда ўз уйидан олисда жон талашаётган қизи сабабли азоб берувчи қўрқув ичида қолган кекса отанинг ҳиссиётлари ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмасди: бу фақат қизиқиш, сезги истаги эди. Охир-оқибат Рокфеллер дўстлари олдида унга жуда оғир бўлганини, кундалик сўроқлар унинг силласини қуритганини тан олди, лекин икки мухбирга ҳам ўз вазифасини бажариш осон кечмаганини ҳам қўшимча қилди. Бундан кўринадики, Рокфеллернинг инсонлардаги фазилатларга ишончи қатъий эди.

Шу ўринда Рокфеллернинг хайрия жамиятларини ташкил этиш учун 20-30 миллион доллардан кўпроқ харажат қилгани учун эмас, балки барчага маълум бўлган камсуқумлик нуқтаи назаридан, ўз мемуарларида улар ҳақида атиги бир неча сўз билан эслаб ўтгани учун, у асос солган жамиятлар ҳақида бир неча оғиз гапириш ўринли бўлар эди. Унинг номи билан аталган ягона институт – “Рокфеллер институти” тиббий тадқиқотлар ташкилоти ҳисобланади. Гап шундаки, Нью-Йоркдаги бу институтда шифокорларнинг атиги учдан бир қисми ишлайди, бошқа бир қисми Американинг турли шаҳарларидаги лабораторияларда фаолият олиб боради, қолган қисми илмий мақсадлар билан чет эл сафарларида бўлади. Яқинда ташкил этилганига қарамай, бор-йўғи саккиз йил олдин, бу институт муҳим амалий натижа кўрсатди: айнан шу ташкилотда фалажга қарши даволовчи сарум топилди.

Рокфеллернинг ҳаётга татбиқ этилган бошқа ғояларидан бири фойдали билимларни омма орасида кенг тарқатиш ва уларнинг олий таълим олиши орқали жамият эҳтиёжларини енгиллатиш ва тўла қондириш ғояси эди. Шу мақсадда у Умумбашарий таълим кенгашига асос солди ва унга бошқа филантропларни ҳам таклиф қилди (масалан, Андрю Карнеги). Ушбу умумбашарий таълим палатаси – муҳташам қилиб “филантроплар трести” дея номланган Рокфеллернинг севимли ғояси – унинг мемуарларида батафсил ёритилган. Бундай таълим дастурининг мақсади, масалан, фермерларга қишлоқ хўжалигини юритиш санъатини ўқитиш, кейин эса уларни Американинг турли фермер хўжаликларига юбориш эди, у ерларда эса улар янги олган билимлари билан қишлоқ хўжалигини юритишдаги янги методларни, жараёнларни кузатиш учун керакли воситаларга ҳам, керакли вақтга ҳам эга бўлмаган маҳаллий фермерларга ёрдам бериш имкониятига эга бўлди. Кейинчалик, Рокфеллер Чикаго университетига ҳомийлик қилиши билан ўз номини абадийлаштирди. Европанинг қайси бадавлат кишиси ўзи ўқиган университетга шундай хайрия қила олиши мумкин! Рокфеллернинг охирги ғояси ҳам бебаҳо аҳамиятга эга эди: ёш қизларга таълим бериш, уларни бола тарбиясига тайёрлаш, кейин эса меҳнат қиладиган камбағал аёлларнинг хизматига юбориш. Бу маданий ислоҳот жамият учун сўзсиз катта аҳамиятга эга бўлди, ва ҳозирги кунда Америка ҳукумати Рокфеллер ғояларининг мақсадга мувофиқлигини тан олган ҳолда унинг изидан бормоқда.

Шу ўринда айтиш мумкинки, буларнинг барчаси ажойиб, барчаси катта аҳамиятга эга, буларда биз Рокфеллер шахсини рад эта олмаймиз. Лекин, шу билан биргаликда Рокфеллер бойлигининг ортишига катта ҳисса қўшган Standard Oil Company катта ножўя шов-шувларга сабаб бўлди. Бу шубҳа-гумонларга тўхталадиган бўлсак, Рокфеллер мемуарларидаги трестнинг асоси ва моҳияти ҳақидаги хотиралар бунга энг яхши жавоб бўла олади. Бундай фикрларнинг ажойиб мантиғига ким эътироз билдира олади, ким буларга қарши нимадир қила олади?

“Рақибнинг муваффақиятсизлигидан, – дейди Рокфеллер, – амалий муваффақият кутиш жуда кулгили. Умуман олганда, ишбилармон киши ташқи таъсирга мослашувчан бўлади, тўғри, у ўз ишида тўсиқларга учраши мумкин, лекин ҳамиша осонлик билан буни енгиб ўтади. Нима бўлганда ҳам, менинг ҳеч қачон бундай ёлғон тактикани қўллашимга тўғри келмаган. Ҳаётимнинг ягона мақсади ҳамкорлик учун қобилиятлиларни жалб қилиш бўлди, уларни менга қарши эмас, мен билан ишлаш учун мослаштиришга уриндим. Шундай одамлар билан кўришганда, уларни ҳамкорликда ишлашнинг тежамкор эканини, бозорнинг кенгайишига туртки бўлишини, савдо-сотиқни алоҳида бирлаштиришнинг мақсадга мувофиқлигини тушунтиришни истардим. Агар “рақобатчиларим”ни бу ғоянинг адолатли эканига ишонтира олмасам, Standard Oil Company ҳозир мавжуд бўлмас эди. Наҳотки кимдир мени деб касод бўлгани ҳақида миш-мишлар тарқалиб, Standard Oil Companyга қўшилишга мажбур бўлган одамлар ҳаттоки, душманларимиз тан олган корпорациямизнинг ўзгармас руҳини намойиш этиши мумкинлигига ишонса? Давом этамиз ва тасаввур қиламиз, ўзининг касод бўлишини олдиндан билган одам ҳақиқатан ҳам унга чиқиш йўлини кўрсатувчи ягона шахс билан бирлашишга мажбур бўлади. Лекин бирор кимсанинг қадр-қимматини жоҳилларча топтаган, бор будини тортиб олган бўлсам, ўша одам менинг компаниям ривожи учун мен билан елкама-елка ишлаши мумкинми?”

Рокфеллер аввало ташкилотчи ва ҳамкорликка тафаккур кучларини жалб қилиш қобилияти билан ажралиб турар эди. У четлаб ўтганларнинг рўйхати жуда узун бўлиб, улар орасида Рокфеллернинг ашаддий рақиблари ҳам бўлган. Трест таълимига тўхталадиган бўлсак, уни инсон кучини тежовчи машина ихтиросининг эффекти деб қабул қилиш ўринли бўлар эди. Машиналар биринчи марта пайдо бўлганида дунё бўйлаб ишчи кучи сезиларли равишда қисқартирилди, кичик тадбиркорлик субъектлари аввалбошда ўз маҳсулотларининг ҳажмини қисқартиришга мажбур бўлди, кейинчалик эса маҳсулотларини арзонроқ нархда сота бошлади, бу эса истеъмолчи учун товар нархида, ишчиларнинг ойлик маошида, капиталистнинг капитал ижараси ошишида кечикмай ўз таъсирини намоён этди, шундай қилиб, трестнинг фаолияти дастлаб кўринган бўлса-да, унинг бунёдкорлик ғоялари кейинчалик юзага чиқа бошлади. Агар кимдир Рокфеллер ғояларининг ёрқин келажагига ишонмаса, Рокфеллернинг айнан ўзига, айнан Рокфеллер бир неча маротаба оммавий равишда талаб қилган адолатли иш юритишига диққатимизни қаратамиз, бу талаблар билан бир қаторда Рокфеллер давлат назорати ва жамият кафолати бўлиши кераклигини таъкидлаган – бундан ортиқ нимадир дейишимиз амримаҳол. Қанчалик ғайритабиий эшитилмасин, трестлар ғояси чуқур социалистик идеологияни намойиш этади ва келажакнинг савдо-сотиқ тамойили ўлароқ Рокфеллер борасида ўзига хос характер ҳосил қилади. Шубҳа йўқки, трестлар яна ва яна саноат ва тижорат бозорларини эгаллайди, савдо уйлари кириб келгани каби ҳаётимизга янада чуқурроқ кириб боради.

Трест ғояси Рокфеллернинг бутун ҳаёти давомида қизил тасмадек кўзга ташланиб турди. Рокфеллер ўзининг ғояларини амалга ошириш учун 18 ёшида, черков етакчиси сифатида ибодатхона қурилиши учун хайрия маблағларини йиға бошлаганида илк қадамларини қўйди. Ушбу хайрия трести нафақат унинг ҳаётида, бутун дунё тарихида муҳим аҳамият касб этди, чунки кўп йиллар давомида Рокфеллер ўз фаолиятини хайрия ишларига бағишлашни давом эттирмоқда.

Лекин айнан Standard Oil Company ни ишонч билан барча замонларнинг доҳиёна тижорат иши деб аташимиз мумкин. Ташқи бозорларни забт этиш учун амалга оширилган савдо сафарларини фақат Наполеоннинг ҳарбий юришлари билан солиштириш мумкин. Бизнинг замонимизда, бутун ер юзида (Россиядан ташқари) Standard Oil Company томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учрамайдиган жойни топиш амримаҳол.

Модомики, компаниянинг маҳсулотлари Осиё ва Африканинг ёввойи ўлкаларида ҳам топилар экан, маданий жиҳатдан ривожланган мамлакатлар ҳақида нима ҳам дейиш мумкин. Юқори Ганг ва Ҳинд дарёлари бўйида керосин етказиб бериш кичкина текис дипли қайиқ, фил ёки буқалар ёрдамида амалга оширилади. Ҳиндистон аҳолисининг ушбу Америка компаниясининг номини эшитмаган бирорта қишлоқ йўқ. Юзлаб шаҳарларда компаниянинг катта ҳажмдаги омборхоналари мавжуд. Ушбу омборхоналарнинг эгалари кўпинча қўлида револвер ёки қурол билан уларни қўриқлашга мажбур бўлади, – барча жигаррангдан тортиб, қора-сариқ танлилар: зиккилар, гурхалар, магометанлар, ҳиндулар. Айтиш лозимки, Кирахида Американинг асл заводларидан бири жойлашган. Бу ердаги механик мосламаларда белужистонликлар ва Ҳинд водийсидан келган одамлар меҳнат қилади. Маҳаллий ишчиларнинг узун сочлари ёки уларнинг кенг шимлари машина тросларига ўралиб қолишидан сақланиш мақсадида барча машиналар кичик сим тўрлар билан қопланган. Афғонистон остонасидаги Хайберга кираверишда, Пешовар шаҳрида улкан омбор жойлашган. У ердаги улкан идишларда сотиладиган керосин қадоқланмайди: у Канзасдаги улкан манбадан, айтиш мумкинки, афғонларнинг омборига бевосита келиб тушади. Қувурлар ёрдамида ёнилғи Канзас нефть базаларидан керосин заводига келтирилади, у ерда эса дистилланиб, қайиқларга юкланади ва Ҳиндистонга юборилади, кейин эса цистерна вагонларга қуйилиб Пешоварга етказилади, ва ниҳоят буқаларга қўшилган, Standard Oil Company ёзуви туширилган кичик вагончаларда керосин ёввойиларга, истеъмолчиларга етиб боради. Араблар ва қора танлилар бошчилигидаги туя ва эшаклардан иборат узун карвон ёрдамида ёввойи Осиё материгининг ҳудудларига кириб боради ва ўрганилмаган мамлакатлар сарҳадларида кенг тарқалади. У Мао-рис вайроналарида, Янги Зеландия тоғларида ишлатилади ва Гренландияда китлар билан тўлиб-тошган қирғоқлардаги кулбаларни ёритади.

Ҳиндистон, Арабистон, Эрон, Суматра, Ява, Борнео, Марокаш ва бошқа давлатларда махсус шакл берилган синк кружкалар ва қалай идишлар кенг фойдаланилади – бу Standard Oil Company нинг кашфиёти ҳисобланади. Маҳаллий аҳоли керосиндан ҳам, шишадан ҳам фойдаланади, лекин иккинчиси кўпинча ғайриоддий мақсадларда ишлатилади. Шундай қилиб, янги бозорлар топувчи, шу туфайли узоқ йиллар давомида бегона юртларда бўладиган жамият агентлари ғайриихтиёрий тарзда турли тилларни ва халқларнинг урф-одатларини ўрганиб олади. Шундай агентлардан бири Маскатда беш галлон керосин идишидан (тахминан 22 литр) ясалган қуш қафасини сотиб олган экан. Қафас жуда мукаммал ясалган бўлиб, унда барча керакли нарсалар бор экан: эшикча, емакдон, устунлар, қушлар учун арғимчоқ – барчаси оддий керосин идишидан яратилган эди. Бу каби худди хушбўй ифор билан тўлдирилган идишларни Ҳиндистон ибодатхоналарида тутатқи сифатида ишлатилаётганини кўриш мумкин; шунингдек, уларни Байрут, Лакнау, Калькутта, Мадраса бозорларининг расталарида гуруч учун ликопчалар, ҳаттоки сув учун флягалар, сут идишлари ва лампалар кўринишида учрайди. Баъзан бу флягалар қимматбаҳо буюмларни оловдан ҳимоя қилувчи қути вазифасини ўтайди.

Бундай узун йўлда енгиб ўтилиши лозим бўлган кўплаб қийинчиликлар учрайди: баъзан бу муаммолар диний ва ирқий хусусиятларга эга бўлади, у ерда компания қўшимчаларнинг шакл топган бетартиблигига дуч келган бўлса, бу ерда шафқатсиз ваҳшийлик гувоҳига айланди. Битта муваффақиятли савдо юришини амалга ошириш, бозорни забт этиш учун неча миллионлар сарфланганини тасаввур қилиш қийин, бу меҳнатнинг барчасини ёритиб бериш бир китобга сиғмаса керак. Биз бу ерда Хитой бозорининг забт этилиши ҳақида қисқача баён қиламиз, бу эса енгиб ўтилган машаққатлар ҳақида қисқагина бўлса ҳам тасаввур бера олади.

Standard Oil Company стастистикасининг ҳисоб-китобларига кўра, агар Америка керосини Хитой бозорларини эгаллашга муваффақ бўлса, узоқ муддат янги бозорларни топиш масаласида ташвишланмаса ҳам бўлар эди. Тижорий юришнинг биринчи қадамлари бошланди. Аввалбошда хитойликларнинг алоҳида жамиятлари керосиндан фойдаланишни жиноят деб эълон қилди. Руҳонийлар керосиндан фойдаланганларга жазо тайинлади, Ўрта давлат бўйлаб тарқалган, доимий ўзаро алоқада бўлган катта савдо гильдиялари эса керосин сотишга уринган ҳар бир савдогарга бойкот эълон қилди. Бунинг жавоби оддий эди: ҳукмрон табақанинг кўпчилик вакиллари ўсимлик ёғининг ишлаб чиқарилишидан манфаатдор эди, шунинг учун улар бозордан минерал мой ёрдамида маҳаллий маҳсулотларга жиддий рақобатчилик қилаётган “бегона шайтон”ни қувиб чиқариш учун бор нуфузини ишга солди. Дастлаб хитойликларнинг керосинга нисбатан қандай муносабатда бўлишни билмагани бунга қўшимча бўлди. Уларнинг ойнасиз чироқ лампалари бизнинг чекиш хоналаримиздаги каби бадбўй ҳид таратар эди – уларнинг ёруғи паст бўлса-да, кишини безовта қилмас, ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмас эди. Албатта, бундай лампаларда керосин ёқиб бўлмасди, шунинг учун Хитой аҳолиси учун биринчи навбатда арзон ва муқобил лампани ихтиро қилиш лозим эди.

Узоқ йиллар давомида компаниянинг техникалари ушбу лойиҳа устида иш олиб борди, лекин ҳали муваффақиятга эришмаган эди. Янги ихтиро қилинган лампанинг кенг тирговичли резервуари ёрқин ранглар билан бўялган ва осиш учун илгак билан безатилган эди. Пахта максимал даражада ёруғлик беришга мўлжалланган, шиша эса кўпроқ тортиш кучига эга қилиб ишланган эди; бир марта тўлдирилган лампа 11 соат нур таратиб тура оларди – бир сўз билан айтганда, бу лампа мукаммал ясалган эди. Компания учун лампанинг таннархи 11 центга тушса, хитойликларга 71/2 центдан пулланди. Масалан, ўтган йили бундай лампалар Хитойда тахминан миллион нусхада сотилди. Компания агентларидан бирининг айтишича, қиш тунлари ўртача 16 соат давом этадиган Хитойнинг қоқ юрагида яшовчи одамлар керосиндан фойдаланишни ўрганди.

Марказий Хитойнинг юзлаб кичик қишлоқларида компания лампасининг сурати туширилган, остига хитойликларнинг содда руҳиятини тушунувчи саводхон томонидан ёзилган қўлланма матни туширилган плакатлар пайдо бўла бошлади. Матннинг тахминий таржимаси қуйидагича эди:

“Бахт, узоқ умр, тасалли ва тинчлик!

Агар бахт, узоқ умр, тасалли, соғлиқ ва тинчликка эга бўлишни истасангиз, сизни ёруғлик ўраб туриши лозим. Ёруғлик ичида яшаш илмий асосда ишлаб чиқарилган, Мей-Фу мойи ёнадиган Мей-Фу-Гонг лампасини ёқишингиз лозим. Агар ушбу лампа ва мойни ёқсангиз, у кундек ёруғлик таратади.

Мой билан тўлдирилган лампа 10 соат давомида ёритиб туради; Мей-Фуга тенглаша оладиган мой ҳеч қаерда йўқ.

Бу лампани столга қўйиш, деворга илиш ёки қўлда олиб юриш мумкин. Ким уни сотиб олса ҳам, барака топади. Standard Oil Company уни илмий асосда тайёрлади, моҳир рассомлар ёрдамида лампани лойиҳалаштирди, унда мой бадбўй ҳид таратмай, сўнгги томчисигача ёнади.

Агар бу маҳаллий чилангарлар ишлаб чиқарган кам ёруғлик тарқатувчи лампадан бироз қимматроқ бўлса, уйингизда бундай лампа бўлиши хонани янада ёритади ва кечаси билан чарчамай ишлаш имконини беради. Мана сизга биринчи фойда. Кейин, фарзандларингиз ҳам кечаси билан ўқиши мумкин, бунинг учун ушбу лампа қулайлик яратади, улар эса бажонидил билим олиш билан банд бўлади.

Ўғлининг ўқимишли бўлишини истамайдиган бирор ота топилмаса керак. Шундай экан, лампа бу йўналишда сизга тадрижий, лекин қатъий ҳамкорлик қилади. Сиз-га ғалати туюлиши мумкин, лекин буларни қуруқ гап деб ўйламанг. Ишонинг, буларнинг барчаси ҳақиқат.

Айримлар айтиши мумкин: “Бу лампани сотиб олгандан кейин шишаси тушиб қолса ёки синса, у ҳеч нарсага ярамайди, чунки унинг ойнасини алмаштириб бўлмайди”. Шундай экан, Standard Oil Company ҳар бир портда шиша ойналарнинг катта захирасига эга бўлиб, уларни исталган жойга юбориши мумкин. Компания улар учун маълум нархни белгилаб қўйган, сотувчиларга эса маҳсулотларни белгиланган нархда сотиш мажбурияти юклатилади: ҳар бир шиша ойнали лампалар ва тасмалари оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас 17 Мексика центига сотилади. Бир вақтнинг ўзида бир нечта сотиб олган харидор чегирмага эга бўлади.

Ҳали ҳам лампани қиммат деб ўйланяпсизми? Ас-лини олганда у ҳеч қанча турмайди, ахир сиз натижада қуйидагиларга эга бўласиз:

Бахт, Соғлиқ ва Узоқ умр”.

Аввал айтганимиздек, ушбу плакат реклама шедеври ҳисобланади. У жойларга ёпиштирилган заҳотиёқ, атрофи қизиқиш билдирган одамлар билан тўлган, саводи борлар эълонни ўқиб эшиттирган, ва шундай қилиб ишлар изига туша бошлаган.

Америка керосинини Европага олиб киришда турли қийинчиликлар юзага келган, уларни бу ерда батафсил ёзишга ҳожат йўқ. Standard Oil Company ёки, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, у орқали Европада ташкил этилган компаниялар ўртача етмишдан ортиқ улкан портларга ва қуруқликда тўрт мингта омборга эга бўлиб, улар айланмасида тўрт мингта вагон цистернасига эга ўн олтита заводга асос солган савдо агентликлари билан алоқадор ҳисобланади. Бу рақамларга шосселарда юрувчи яна икки мингдан ортиқ вагон цистерналар, тахминан юз элликта буксир, пароход, қирғоқ кемалари ва баржалар қўшилади. Европада керосин етказиб бериш эрасини бошлаб берган биринчи цистерна-пароходи биринчи марта 1885 йилда Европага тахминан бир миллион галлон керосин билан кириб келган. Бугунги кунда керосин буксирлар билан ҳам етказилади. Икки йил олдин қурилган “Ирокез” ва унинг баржаси камида бир юзу йигирма минг тонна (7 200 000 пуд) юкни сиғдира оларди. Баржалар ҳалокатининг олдини олиш мақсадида кемалар бир-бири билан симсиз телеграф орқали боғланган.

Айтиш мумкинки, Standard Oil Company ҳар бир чақани ҳисоб-китоб қилади, буни цистерна-пароходларнинг ортга қайтишида бортига юк ортишидан ҳам кўриш мумкин; тинч пайтларда ҳатто Нью-Йоркдан келган танкерлар Антверпенга дон олиб кетган. Танкерлар ортга қайтишда Рангун-дан гуруч, Явадан шакар, Хитойдан чой ва қуруқ мевалар олиб келади. Осиё гаваналаридан бирида керосинини бўшатгач, танкерлар шамоллатилади ва дезинфекция воситалари ёрдамида тозаланади, шундан кейин пароходларнинг ҳар бирига иккинчи пол ва иккинчи девор қўйилади, шундай қилиб, собиқ цистерна-пароход оддий юк ташувчи кемага айланади. Юк ташишнинг бундай усули компанияга сезиларли даражада фойда келтиради.

Ҳар қандай материалнинг исроф бўлиши ва ишчи кучининг бекорга сарфланишидан сақланиш компаниянинг асосий принципларидан бири ҳисобланади. Лекин бу ажойиб иқтисодий тизим ҳеч қанақасига одатий йиғимларни англатмайди. Аксинча, савдо-сотиқ учун қулай шарт-шароитларни яратиш учун компания баъзан исрофгарчиликка ҳам йўл қўяди, лекин, агар фақатгина қатъий тежамкорлик шароитида фойдага эришилса, у иқтисодиётни меъёридан ортиқ чегарагача олиб боради. Мисол учун, компания, кўплаб кафолатларга қарамай, перо ва қаламдан фойдаланишда ходимларининг исрофгарчилигига тўсқинлик қилмайди, лекин пайвандлаш вақтида ерга тушган металнинг барча бўлаклари обдан тўпланади ва йиғиб қўйилади. Ҳовлилардаги гўнглар тўпланади, эҳтиёткорлик билан тозаланиб, қайта ишланади, ҳатто қутилар ҳам пулланади, унинг ёрдамида Англиядан қалай етказиб берилади ёки ёқиш учун ишлатилади. Компания ходимлари эса қисман уларнинг қўллари орқали ўтувчи 50 минг долларлик чекдан кўра, шундай майда-майда даромадлардан фахрланади.

Standard Oil Company, унинг барча доҳиёна тизими, у фаолият кўрсатаётган ва бошқарилаётган принциплари Рокфеллернинг маҳоратидир. У бундай улкан ишларни ўйлаб топган ва йўлга қўйган ягона муҳандис, кўрсатмалари асосида шу каби муваффақиятли тижорий юришлар амалга оширилаётган стратег ҳисобланади.

Ўзига содиқ ёрдамчиларни излаб топа олган, ўз ишида уларнинг ҳар бирига муносиб ўринни бера олганлар бугунги кунда кўплаб ютуқларга эриша олади. Бундай маҳорат Рокфеллерни бошқалардан ажратиб турган, унинг ва Standard Oil Companyнинг муваффақияти сири аслида шундан иборат. Рокфеллернинг таъсир кучи ҳамиша атрофдагиларнинг ҳайратига сабаб бўлган. Унинг мемуарларида бир нечта ажойиб ҳангомалар келтирилган. Ва бу қобилият умуман унинг шахсиятидаги жозибадорлик натижаси эмас, балки ундан ҳам ортиғи – унинг етук тафаккурининг инсонларга таъсири натижаси ҳисобланади.

Наполеон армиясининг аскарлари каби, Standard Oil Company ходимларининг ҳар бири ўз сумкасида маршаллик таёқчасини олиб юради. Уларнинг ҳар бири, ўз самарадорлигига қараб, асосий бошқарувдан ўрин эгаллайдиган ажойиб кунга умид боғлаши мумкин. Уларнинг барчаси ўз фаолиятини қуйи поғонадан бошлайди ва ўз хизматлари билан қобилиятларини ҳамда эркинлигини шакллантириб боради. Уларда бизнинг ўлик тартиб-қоидаларимиз йўқ. Уларнинг ҳар бири маълум миқдорда мустақиллик ва ҳаракат эркинлигига эга, аксариятининг елкасида катта масъулият бўлса, аксарияти алоҳида ваколатларга эга, шунинг учун, бизга қон билан сингган европача одатларимизга зид равишда, компания фаолияти гуллаб-яшнайди. Рокфеллер ҳаётда ҳам бошидан товонигача демократдир.

Директор, бошқарувчи ва камсуқум ҳисобчи, миллионер ва хизматкор – уларнинг барчаси бир стол атрофида нонушта қилади. Яна қаерда бу каби нонуштани учратиш мумкин? Бошқарувчи директордан тортиб, оддий отбоқаргача, ташкилотнинг барча аъзолари учун умумий бўлган корпорациянинг бундай баланд руҳига шундай бирдамлик сабаб бўлса керак.

Рокфеллернинг юзага чиқишидаги илк даврларда қанчадан-қанча босимлар, қанчадан-қанча аёвсиз ҳақоратлар бўлмади! Масалан, унинг одамлари (тўғри, фақат тасвирларда) осилган, кейинроқ трестга тегишли фирмаларнинг цистерналари бурғуланган. Рокфеллернинг атоқли номи қандай маломатларга қолмади! Ажойиб жиҳати шундаки, қандай номаълум душман билан учрашишига тўғри келмасин, қўй терисини ёпинган бу душман бўрига нисбатан қанчалик ғазаб билан шайланган бўлмасин, жаҳл отига минган бу душман Рокфеллернинг ажойиб ва очиқ муносабати туфайли дўст ва мухлисга айланарди. Яқинда газета саҳифаларида бир хонимнинг мактуби пайдо бўлди, аёл хатда “фарзандимни очликдан ўлишдан сақлаб қолиш учун бу қонхўрдан пул олмайман” деб таъкидлаган. Энди эса у қуйидагича иддао қиляпти: “Қўй терисини ёпиниб олган бўридан шубҳаланиш учун асос бўладиган бир ҳаракатни пайқаш учун, кундан-кунга Рокфеллерни кузатиб бордим. Барчаси бекор! Бу кекса, меҳрибон, ҳиссиётлари самимий инсон менга нисбатан ҳамиша хотиржам, адолатли, нима бўлишидан қатъи назар, адолатли, кўк рангдаги икки ёрқин кўзлари билан табассум қилишга тайёр бўлди, мутлақ ошкоралик билан ўзининг ўтмиши, бугунги кунгача босиб ўтган йўли ҳақида гапириб, турли хил саволларга бажонидил жавоб берди”.

Ҳозирги замоннинг мафкуравий оқимида Рокфеллер ҳарактеристикаси биз учун аниқ бўлмаслиги мумкин, у ҳали ҳам ҳаёт бўлса-да, ҳар қандай бўёқдан холи бу каби камсуқум картиналар, мемуарларда – фақат шу ерда унинг ажойиб шахсияти ва буюк ишлари билан танишамиз ва, эҳтимол, унинг бадавлатликкача бўлган йўлини билиб олармиз.

Dr. A. Hn.

Žanrid ja sildid

Vanusepiirang:
0+
Ilmumiskuupäev Litres'is:
22 märts 2023
ISBN:
978-9943-7084-8-8
Õiguste omanik:
BOOKTOPIA

Autori teised raamatud