Loe raamatut: «Иқтисодиёт қандай тузилган»
Ота-онамга бағишлайман
ПРОЛОГ
Безовталик нега керак?
ИҚТИСОДИЁТНИ ТУШУНИШ НИМA УЧУН КЕРAК?
Нима учун одамлар иқтисодиёт назариясига унчали қизиқишмайди?
Мазкур китоб қўлингизда экан, демак, ушбу мавзу бир оз бўлса-да, сизга қизиқарлидир. Эҳтимол, сизда у билан танишиб чиқиш учун кучли истак пайдо бўлган бўлиши ҳам мумкин. Aхир, ҳамманинг тасаввуридаги иқтисод бу мураккаб соҳадир. Айтайлик, физика каби бошни қотирадиган даражада эмасдир, лекин барибир, уни тушуниш учун инсондан яхшигина куч ва ҳаракат талаб қилинади. Баъзиларингиз радио орқали чиқиш қилган иқтисодчиларни эсларсиз, балки, уларнинг мулоҳазалари ишончли бўлмаса-да, сиз уларга ишонгансиз. Чунки нима бўлганда ҳам улар мутахассислар, сиз эса бу мавзуга оид биронта ҳам китоб ўқимагансиз.
Иқтисодиёт назарияси чиндан ҳам шунчалик мураккабми? Aгар у содда ва енгил тушунтирилса, йўқ, албатта. Ўзимнинг аввалги “Капитализм ҳақида сизга айтилмайдиган 23 сир”1 китобимда иқтисодиёт назариясининг 95
фоизи бор-йўғи математика ва махсус атамалардан фойдаланилган ҳолда мураккаб тус берилган соғлом фикр, холос, деган қарашимни ҳам айтиб ўтганман.
Иқтисодиёт – мутахассис бўлмаганлар учун, чиндан ҳам, тушунарсиз кўринадиган ягона соҳа эмас. Иқтисодиётми, сантехника ёки тиббиёт бўладими, махсус билимни талаб қиладиган ҳар қандай касбда, мутахассислар ўзаро мулоқотга киришадиган касбий тил бошқа одамлар учун мураккаблик қилади. Тўғрисини айтганда, аниқ ва техник фанни талаб қиладиган барча соҳалар аслидан кўра анча мураккаброқ кўринишга эга бўлади, бу эса, бундай мутахассислар ўз хизматлари эвазига оладиган юқори тўловларни оқлайди.
Буларнинг барчасига қарамай, иқтисодиёт кенг жамоатчиликни ўзидан четлаб ўтишда катта муваффақиятларга эришди. Етарлича билимлари бўлмаса ҳам, одамлар иқлим ўзгариши, бир жинсли никоҳ, Ироқдаги уруш ва атом электростанциялари каби турлича саволларга ўз фикрларини билдиришга мойилдирлар. Лекин иқтисод ҳақида гап кетганда, кўпчилик ўз нуқтаи назарига эга бўлиш у ёқда турсин, ҳатто қизиқиш билдирмайди. Бир эслаб кўрингчи, охирги марта қачон евронинг келажаги, Хитойда бойликнинг табақаланиши ёки AҚШда ишлаб чиқариш саноати истиқболларини муҳокама қилгансиз? Ваҳолангки, бу муаммолар сиз қаерда яшашингиздан қатъи назар ҳаёт тарзингизга таъсир кўрсатиши мумкин. Эҳтимол, улар иш истиқболига, маошингизга ва ҳатто нафақангизга ижобий ёки салбий таъсир кўрсатиши мумкин, лекин сиз бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрмагансиз.
Бу тушунарсиз ҳолат севги, яшаш жой, ўлим ва уруш мавзуларидан фарқли ўлароқ иқтисодий мавзулар унчалик даражада ҳис-туйғуларимизга таъсир қилмаслиги билан боғлиқ. Одамлар, айниқса, сўнгги бир неча ўн йилликларда иқтисод ҳам физика ёки кимё каби фан эканли гига ва ҳар бир саволга фақат битта тўғри жавоб борлигига ишонишганлиги учун хам бу фан ривожланди. Шунинг учун мутахассис бўлмаганлар мутахассисларнинг фикрини фақат ишонч билан қабул қилишлари ва ўзларини жуда мураккаб саволлар билан безовта қилишни тўхтатишлари керак. Гарвард университетининг иқтисод профессори ва ушбу фан бўйича энг машҳур дарсликлардан бирининг муаллифи Грегори Манкив шундай дейди: “Иқтисодчилар ўзларини олим сифатида кўрсатишни яхши кўрадилар”. Буни менинг ўзим ҳам тез-тез қўллаб тураман. Бакалавриат талабаларига маъруза ўқиётганда, мен онгли равишда иқтисодни фан сифатида тушунтираман, шунинг учун ҳеч бир талаба бу курсни вақтинчалик қоидаларга амал қиламан деган фикр билан ўрганишни бошламайди".
Китобни ўқиб чиққач, иқтисод ҳеч қачон физика ёки кимё ҳақида гапирилгандаги фанга айланиб қолмаслигини тушунасиз. Иқтисодиётда жуда кўп турли мактаблар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири мураккаб воқеликнинг турли томонларини таъкидлаб, турли ахлоқий ва сиёсий қадрият мулоҳазаларини ифодалайди ва улардан маълум хулосалар чиқаради.
Бундан ташқари, ҳеч бир иқтисод мактаби ўзи йўналтирилган соҳаларда ҳам ҳодисаларнинг ҳақиқий ривожланишини олдиндан айтиб бера олмайди, чунки одамлар молекулалардан ёки жисмоний объектлардан фарқли ўлароқ ўзларининг хоҳиш-истакларига эга.
Иқтисодиётда ягона тўғри жавоб йўқлиги сабабли, буни фақат мутахассисларнинг эътиборига ҳавола қилиб бўлмайди. Шундай экан, ҳар бир масъулиятли фуқаро ҳеч бўлмаганда иқтисодиёт ҳақида бирор нарса билиши керак. Бу билан мен, қалин дарслик олиб, бу фан бўйича бирон бир нуқтаи назарни ўрганиш керак, демоқчи эмасман. Мен ҳар хил турдаги иқтисодий мулоҳазаларни ўрганиш ва танқидий фикрлашни ривожлантириш зарурати ва маълум бир маънавий қадриятлар ва сиёсий мақсадлар нуқтаи назаридан берилган қайси ёндашув иқтисодий шароитда энг оқилона эканлигини тушуниш ҳақида гапиряпман (эътибор қилинг, мен ҳеч қандай қарорларнинг тўғрилигини тасдиқламаяпман). Бундай вазифани бажариш учун иқтисодга ўзгача нигоҳ билан қарайдиган қўлланма керак ва умид қиламанки, сизнинг қўлингизда шундай китоб турибди.
Бу китобнинг ўзига хос хусусияти нимада?
Бу китоб бошқа китоблардан нимаси билан фарқ қилади? Бир фарқи шундаки, мен ўқувчиларимга жиддий ёндашаман. Ва бу ҳазил эмас. Бу китоб мураккаб абадий ҳақиқатларнинг қисқача баёни эмас. Мен сизни иқтисодиётни таҳлил қилишнинг турли усуллари билан таништираман ва сиз турли ёндашувлар билан имкониятларни баҳолай оласиз. Иқтисодиёт назариясининг фундаментал услубий масалаларини, масалан, ушбу фанни фан деб ҳисоблаш мумкинми ёки унда ахлоқий қадриятлар қандай рол ўйнаши керак, каби масалаларни муҳокама қилишдан бош тортмайман. Мен турли хил иқтисодий тушунчалар асосидаги фаразларни тақдим этишга ҳаракат қиламан, шунда ўқувчилар уларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги ҳақида ўз фикрларини шакллантирадилар. Мен, шунингдек, иқтисодда миқдорлар қандай аниқланиши ва боғланишини тасвирлаб, ўқувчиларни уларни филнинг оғирлиги ёки қозондаги сув ҳарорати* (бироқ олимлар сизга бу рақамларни ҳам бутунлай объектив деб ҳисоблаш мумкин эмаслигини айтишади) каби ўзгартириб бўлмайдиган нарса сифатида қабул қилмаслик кераклигини эслашга чақираман.2 Мухтасар қилиб айтганда, мен нимани ўйлашни эмас, балки қандай ўйлашни тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Китоб ўқувчиларни жуда чуқур таҳлил қилишга жалб қилса-да, бу уни тушуниш қийин дегани эмас. Унда ўрта маълумотли одам тушунолмайдиган нарса йўқ. Сиздан шуни сўрайманки, аслида атрофда нима бўлаётганини билиш учун қизиқувчан бўлинг, шунингдек, бироз сабр қилинг. Менинг китобимнинг бошқа иқтисод дарсликларидан яна бир муҳим фарқи шундаки, унда реал дунё ҳақида жуда кўп маълумотлар мавжуд. Ва мен "тинчлик" ҳақида мутлақо жиддий гапираман.
Китобда турли мамлакатлар ҳақида жуда кўп маълумотлар мавжуд. Бу мен дунёнинг барча давлатларига бир хил эътибор қарата олганимни англатмайди. Аммо, иқтисод бўйича бошқа китоблардан фарқли ўлароқ, менинг китобим бир ёки икки мамлакат ёки бир тоифа (айтайлик, фақат бой ёки камбағал мамлакатлар ҳақидаги маълумотлар) билан чегараланиб қолмайди.
Маълумотларнинг аксарияти рақамли шаклда тақдим этилади: жаҳон иқтисодиёти қанчалик катта; АҚШ ёки Бразилия томонидан дунё иқтисодиётига қандай ҳисса қўшилади; Хитой ёки Конго Демократик Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг улуши қанча; Греция ёки Германияда қанча одам ишлайди. Аммо бу рақамларнинг барчаси институционал тузилмалар, тарихий асослар, одатий стратегиялар ва бошқалар ҳақида сифатли маълумотлар билан тўлдирилади. Умид қиламизки, китоб ўқиб чиқилгандан сўнг, ўқувчи энди қтисодиётнинг реал дунёда қандай ишлаши ҳақида бир оз тушунчага эга эканлигини айтиши мумкин.
Албатта, ҳар ким ҳам, бу китобни ўқиш учун кўп вақт сарфлашга тайёр эмас, ҳеч бўлмаганда, бошланишида. Шунинг учун мен сизга қанча вақт ажрата олишингизга қараб, маълумотларни ўзлаштиришнинг бир неча усулларини таклиф қиламан. Агар сизни ўн дақиқа вақтингиз бўлса, боб ва сарлавҳаларнинг ҳар бирини биринчи саҳифасини ўқиб чиқинг. Уддалай олсангиз, мана шу ўтган ўн дақиқа ичида бир-икки соат қўшимча вақтингиз борлигини тушуниб етасиз. Агар сизда бир неча соат қўшимча вақт бўлса, 1 – ва 2-бобларни, сўнгра эпилогни ўқиб чиқинг. Қолган саҳифаларни шунчаки варақланг. Агар сизда ярим кун вақт бўлса, фақат ҳар икки параграфда учрайдиган бўлим сарлавҳалари ва хулосаларига эътибор қаратинг. Агар сиз сатрларни тезлик билан ўқисангиз, барча бобларнинг кириш ва якуний қисмлари билан танишиб чиқишга етарлича вақтингиз бўлади.
Агар китобни тўлиқ ўқиш учун вақтингиз ва сабрингиз бўлса, илтимос, шундай қилинг. Бу энг яхши йўл. Мен жуда хурсанд бўламан. Аммо шундай бўлган тақдирда ҳам, фақат сарлавҳаларини ўқиб, сизни унчалик қизиқтирмайдиган бўлимларни ўтказиб юборишингиз мумкин.
1-ҚИСМ
ТАНИШУВ
1. ҲАЁТ, КОИНОТ ВА БОШҚА ҲАММА НАРСА: ИҚТИСОДИЁТ НИМА?
Иқтисодиёт нима?
Мавзуни тушунмаган ўқувчи буни иқтисодий фаолият фани деб ўйлаши мумкин. Зеро, кимё кимёвий моддаларни, биология тирик организмларни, социология эса жамиятни ўрганади, шунинг учун ҳам, иқтисод иқтисодий фаолиятни ўрганиши керак.
Бироқ энг машҳур замонавий китоблардан баъзилари, иқтисод бундан ҳам кўпроқ тушунча эканлигини таъкидлайди. Уларнинг таъкидлашича, иқтисод – энг муҳим масала – "ҳаёт, коинот ва бошқа ҳамма нарса" (бу Дуглас Адамснинг "Автостопда галактика бўйлаб саёҳат"3 номли илмий-фантастик романидан, 2005-йилда Мартин Фриман бош ролда суратга олинган фильм )дир.
Financial Times журналисти ва муваффақиятли "Яширин иқтисодчи" китобининг муаллифи Тим Харфорд фикрича, иқтисод ҳаётни ўрганишдир; у ўзининг иккинчи асарини «Ҳаёт мантиғи”4 (2011) деб атаган.
Ҳали ҳеч бир иқтисодчи "Иқтисод коинотни тушунтира олади", – деб даъво қилмаган. Айни пайтда, унинг тузилиши физикларнинг қизиқиш доираси билан чекланмоқда ва айнан шу oлимлар мисолида иқтисодчилар ўз соҳасини ҳақиқий фанга айлантириш истагида ўрнак кўрган.5 Баъзилар, Ҳатто унга яқинлашганлар: улар ўзларининг фанлари "дунё" ҳақида эканлигини даъво қиладилар. Масалан, Роберт Франкнинг машҳур “Иқтисодий натуралист” туркум асари иккинчи жилдининг сарлавҳаси: “Иқтисодиёт дунёни тушунишга қандай ёрдам беради” – деб номланади.
Бу китобларнинг барчасида "ҳамма нарса" ҳақида эслатма бор. "Ҳаёт мантиғи" сарлавҳаси бу – “Ҳамма нарса ҳақида иқтисод”га ишора қилади. Стивен Левитт ва Стивен Дубнернинг "Фрикономика"6 номли китоби – бизнинг давримизнинг иқтисодга оид энг машҳур китоби бўлса ажаб эмас – бу китоб "ҳамма нарсанинг яширин томон"7 лари тадқиқотидир. Роберт Франк, гарчи ўз баёнотларида анча камтарроқ бўлса-да, бу фикрга қўшилади. “Иқтисодий натуралист” туркум китобининг биринчи сарлавҳасида у фақат "Нега иқтисодиёт деярли ҳамма нарсани тушунтиради" деб ёзади.
Бор-йўғи шу! Иқтисодиёт (деярли ҳар доим) ҳаёт, коинот ва бошқа ҳамма нарсага тегишлидир.8
Ўйлаб кўрсангиз, иқтисоднинг бир талаби борлигини тушунасиз, гарчи у иқтисодчи бўлмаган кўпчиликнинг фикрича, иқтисодий фаолиятни асослаш айнан бу унинг асосий ишидир.
2008-йилги молиявий инқироз арафасида аксарият иқтисодчилар жамоатчиликни бозорлар камдан-кам хатога йўл қўйишига ва замонавий иқтисодиёт юзага келиши мумкин бўлган бир нечта муаммоларга ечим топишга муваффақ бўлганига ишонтиришди. Иқтисодиёт бўйича 1995-йилги9 Нобел мукофоти лауреати Роберт Лукас 2003-йилда "депрессиянинг олдини олиш муаммоси ҳал қилинган" деб таъкидлайди. Шундай қилиб, 2008-йилги глобал молиявий инқироз кўпчилик иқтисодчиларни ҳайратда қолдирди.
Қолаверса, инқирознинг узоқ давом этган оқибатларидан қутулиш учун муносиб ечим топа олмадилар. Буларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодиёт назарияси улуғворлик хаёлларидан азият чекади, деб ўйлаш мумкин. Ҳатто ўз соҳасини тушуна олмайдиган фан қандай қилиб ҳамма нарсани ёки, деярли, ҳамма нарсани тушунтиради, деб даъво қилиши мумкин?
Иқтисодиёт назарияси бу – инсоннинг оқилона танлови ҳақидаги фан…
Сиз мени адолатсиз деб ўйлашингиз мумкин. Бу китобларнинг барчаси китобхонлар ўртасида кескин рақобат ҳукм сураётган оммавий бозор учун яратилган эмасми, демак, нашриётлар ва муаллифлар маълум бир муболағага мойил эмасми? Ва, албатта, сиз жиддий илмий мунозараларда ушбу қоида "ҳамма нарса" ҳақида баланд овозда айтилмаслиги керак деб ўйлашингиз мумкин. Бу номлар маълум чегаралар ичида бўлса ҳам, ҳақиқий вазиятни бироз бўрттириб кўрсатади. Аслида, муболаға "қандай қилиб иқтисодиёт назарияси иқтисод ҳақида ҳамма нарсани тушунтиради" ҳақида бўлиши мумкин, аммо "иқтисод ҳамма нарсани қандай тушунтира олади" эмас.
Бундай муболағалар ҳозирги пайтда ҳукмрон бўлган неоклассик мактаб деб аталадиган иқтисод мактабининг ўрганилаётган фанни белгилаш усулидан келиб чиққан.
Иқтисодиётнинг стандарт неоклассик таърифи, унинг ўзгаришлари бугунги кунда ҳам қўлланилиб, 1932-йилда Лионел Роббинснинг10 "Иқтисодиётнинг табиати ва аҳамияти ҳақида эссе"11 асарида берилган. Роббинс ўз асарида иқтисодни “инсон хулқ-атворини унинг мақсадлари ва муқобил фойдаланишга имкон берувчи чекланган воситалар ўртасидаги муносабат нуқтаи назаридан ўрганувчи фан” деб таърифлайди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, иқтисод ўрганиш предмети эмас, балки кўпроқ назарий ёндашуви билан ажралиб туради. Бу оқилона танлаш, яъни муқаррар равишда арзимас воситалардан фойдаланиш шарти билан максимал мумкин бўлган натижаларни мақсадли тизимли ҳисоблаш асосида амалга ошириладиган танлов фанидир.
Ҳамма нарса ҳисоб-китоб предмети бўлиши мумкин: никоҳ, фарзанд кўриш, жиноят ёки гиёҳвандлик (таниқли Чикаго иқтисодчиси ва иқтисод бўйича 1992-йилги Нобел мукофоти совриндори Гари Беккер бир вақтлар ёзганидек), нафақат "иқтисодий" масалалар, балки иқтисодчи бўлмаганлар ҳам – иш, пул ёки халқаро савдони кўриб чиқиши мумкин. 1976-йилда нашр этилган "Инсон хулқ-атворига иқтисодий ёндашув" китобини номлаш орқали Беккер иқтисод ҳақиқатда ҳамма нарсага тегишли эканлигини ҳеч қандай шов-шувсиз эълон қилди.
Танқидчилар томонидан "иқтисодий империализм" деб аталадиган ҳамма нарсага иқтисодий ёндашиш тенденцияси яқинда “Фрикономика” каби китобларда ўзининг энг юқори чўққисига чиқди. Ушбу ишнинг, аслида, кичик бир қисмигина иқтисодий масалаларга бағишланган, чунки кўпчилик шулар ҳақида ўйлайди. Унда япон сумо курашчилари, америкалик мактаб ўқитувчилари, Чикагодаги наркотик тўдалари, “Заиф боғла” ўйин шоуси иштирокчилари, риелторлар иштирок этади. Кўпчилик ишонадики (ва муаллифлар буни тан оладилар), риелторлар ва гиёҳванд модда сотувчилардан бошқа одамларнинг ҳеч бирини иқтисодиётга алоқаси йўқ.
Аммо бугунги кунда, аксарият иқтисодчилар нуқтаи назаридан, япон сумо курашчиларининг бир-бирларига ёрдам бериш учун тил бириктириши ёки америкалик ўқитувчиларнинг ўзларини яхшироқ кўрсатиш учун ўз ўқувчиларининг баҳоларини тўғирлаш ҳолатлари, эҳтимол, Грециянинг евро ҳудудда қолиши керакми, Sumsung ва Аpplе ўртасидаги смартфонлар бозорида кураш қандай кетаётгани ёки Испанияда ёшлар ишсизлиги (бу мақола ёзилаётган пайтда 55 фоиздан ортиқ эди) қандай қисқартирилиши мумкин каби иқтисодий муаммоларга тенгдир. Бундай турдаги иқтисодчилар учун "иқтисодий" саволлар мазкур соҳада имтиёзли мақомга эга эмас, булар иқтисод тушунтира оладиган кўп нарсаларнинг фақат бир қисмидир), чунки неоклассик мактаб тарафдорлари ўз предметини унинг моҳиятини эмас, балки ўрганишга назарий ёндашиш нуқтаи назаридан белгилайдилар.
…ёки ҳақиқатан ҳам иқтисодиёт назарияси – бу иқтисодий фаолият ҳақидаги фанми?
Мен юқорида айтиб ўтган иқтисодиётнинг аниқ муқобил таърифи шундаки, у иқтисодий фаолият фанидир. Аммо иқтисодий фаолият нима?
Иқтисодий фаолият пул билан боғлиқ.
Лекин чиндан-да шундайми?
Аксарият ўқувчилар учун интуитив жавоб шуни кўрсатадики, иқтисодий фаолият ҳар қандай ҳолатда ҳам пул билан боғлиқ – пулга эга бўлмаслик, уни ишлаб топиш, ишлатиш, сарфлаш, тежаш, қарз олиш ва қайтариш кабилардир. Гарчи у иқтисодий фаолият ва иқтисодиёт ҳақида ўйлаш учун яхши бошланиш нуқтаси бўлиб хизмат қилса-да, бу фикр мутлақо тўғри эмас.
Энди биз иқтисодий фаолият пул билан боғлиқ десак, аслида реал пулни назарда тутмаймиз. Пул, хоҳ бу банкноталар, хоҳ олтин тангалар бўладими ёки Тинч океанидаги баъзи оролларда жуда қадимда ишлатилган улкан ва ўрнидан силжимайдиган тошлар бўладими, шунчаки рамздир. Пул жамиятнинг бошқа вакиллари сизга бирор нарса беришлари кераклигининг рамзи ёки жамият ресурсларининг маълум миқдорига бўлган даъволарингизнинг рамзидир.
Пул ва бошқа молиявий даъволар (масалан, компания акциялари, молиявий деривативлар ва кўплаб мураккаб молиявий маҳсулотлар, мен уларни кейинги бобларда батафсилроқ кўриб чиқаман) қандай яратилади, сотилади ва сотиб олинади деган савол иқтисоднинг молиявий иқтисодиёт деб аталадиган улкан соҳасидир. Замонавий дунёда, кўпгина мамлакатлар молия саноатининг устунлигини ҳисобга олган ҳолда, одамлар кўпинча молиявий иқтисодиётни ва умуман иқтисодиётни эквивалент нарса сифатида қабул қилишади, лекин аслида биринчиси иккинчисининг кичик бир қисмидир. Пул – ёки сиз манбалар учун қилган даъволарингиз – турли йўллар билан ишлаб чиқарилади. Иқтисодиётнинг кўплаб соҳалари бу билан боғлиқ (ёки боғлиқ бўлиши керак) дир.
Иш энг кенг тарқалган пул олиш усулидир
Агар сиз бой туғилмаган бўлсангиз, пул олишнинг энг кенг тарқалган усули – бу ишлаш (шу жумладан ўзингиз учун ишлаш). Иқтисодиётнинг кўплаб соҳалари меҳнат билан боғлиқ. Бу масала бўйича турли нуқтаи назарлар мавжуд. Ишга индивидуал ишчи нуқтаи назаридан қараш мумкин. Сиз уни топасизми ва бунинг учун қанча пул оласиз, бу сизнинг қандай қобилиятларга эга эканлигингизга ва уларга талаб бор-йўқлигига боғлиқ. Футболчи Криштиану Роналду каби жуда камёб маҳоратга эга бўлсангиз, сизга жуда юқори маош тўлаш мумкин. Агар кимдир худди шу нарсани юз баравар тезроқ қила оладиган машинани ихтиро қилса, худди, Роналд Даҳлнинг "Чарли ва шоколад фабрикаси"12 фильмида Чарлининг отаси жаноб Бакет билан содир бўлганидек, сиз ўз ишингиздан (ва ҳатто абадий) маҳрум бўлишингиз мумкин13.
Агар компаниянгиз, айтайлик, Хитойдаги арзон импорт туфайли пул йўқотишни бошласа, эҳтимол сиз пастроқ иш ҳақи ёки ёмонроқ иш шароитларини қабул қилишингиз керак бўлади. Ва шу зайлда давом этаверади. Шундай қилиб, бир киши нуқтаи назаридан иш нима эканлигини тушуниш учун биз кўникмалар, технологик инновациялар ва халқаро савдо ҳақида маълумотга эга бўлишимиз керак. Иш ҳақи ва иш шароитлари, меҳнат бозорининг чегаралари ва хусусиятларини ўзгартириш бўйича "сиёсий" қарорларга жуда ҳам боғлиқдир. Шарқий Европа давлатларининг Европа Иттифоқига қўшилиши Ғарбий Европа мамлакатлари ишчиларининг иш ҳақи ва хатти-ҳаракатларига катта тъсир кўрсатди, чунки тўсатдан меҳнат бозорига кўплаб янги ишчилар кириб келди. 19-аср охири ва 20-аср бошларида болалар меҳнатидан фойдаланишга қўйилган чекловлар тескари таъсир кўрсатди: меҳнат бозорида қисқариш юз берди, чунки бирданига потенциал ишчиларнинг аксарияти бозордан олиб қўйилди. Иш вақти, меҳнат шароитлари ва энг кам иш ҳақи тўғрисидаги низомлар кескин оқибатларга камроқ олиб келадиган "сиёсий" қарорларга мисолдир.
Иқтисодиётда кўплаб трансферлар (пул ўтказмалари) мавжуд 14
Ишлаб топишдан ташқари сиз пулни шунчаки кимдандир олишингиз ҳам мумкин, яъни трансферлар ёрдамида. Бундай ўтказмалар маблағлар ёки "натура шаклида", яъни пул ўрнига мол-маҳсулот билан тўлаш, маҳсулот (масалан, озиқ-овқат) ёки хизматлар (масалан, бошланғич таълим) билан бевосита таъминлаш шаклида амалга оширилади. Нақд пул ёки нақд пул ўтказмалари турли усуллар билан амалга оширилиши мумкин. Буларга қуйидагилар киради: ота-оналарнинг болаларни қўллаб-қувватлаши, кекса қариндошларига ғамхўрлик қилиш ва маҳалла аъзоларининг, айтайлик, қизингизнинг тўйи учун совғалари.
Баъзи трансферларни "сиз таниган инсонлар" амалга оширади. Шунингдек, ёрдам хайриялари – бегоналарга ихтиёрий равишда пул ўтказмалари мавжуд.
Одамлар баъзан алоҳида, баъзан жамоавий (масалан, корпорациялар ёки жамоат ташкилотлари орқали) бошқаларга ёрдам бериш учун маблағларни хайрия қиладилар.
Миқдорий нуқтаи назардан, хайрия бадаллари кўпинча баъзи одамларни бошқаларни субсидиялаш учун солиққа тортадиган ҳукумат ўтказмалари билан қопланади. Шу сабабли, иқтисодиётнинг кўплаб соҳалари табиий равишда ушбу масалаларга бағишланган – ёки давлат сектори иқтисодиёти деб аталадиган соҳалардир. Ҳатто жуда камбағал мамлакатларда ҳам қийин молиявий аҳволга тушиб қолган одамларни: қариялар, ногиронлар, уйсизлар, очлар учун пул ёки озиқ-овқат (масалан, текин дон) билан таъминлашга қаратилган давлат дастурлари мавжуд. Бироқ ривожланган жамиятлар, айниқса, Европада, бағрикенг бўлган тизимлар ва ўтказиш схемалари ишлаб чиқилган. Бундай тизимлар ижтимоий давлатлар деб аталади; улар прогрессив солиққа тортиш (кўпроқ маош оладиганлар ўз даромадларига мутаносиб равишда кўпроқ солиқ тўлайди) ва универсал нафақа тизимига асосланади (бунга кўра нафақат ногиронлар ёки энг камбағал фуқаролар, балки мамлакатнинг барча фуқаролари яшаш, иш ҳақи, бепул соғлиқни сақлаш ва таълим каби асосий хизматлар ҳуқуқига эга).
Ишлаб топилган ёки рўйхатга олинган ресурслар истеъмолга сарфланади
Иш ёки пул ўтказмалари орқали ресурсларга кириш имконига эга бўлгач, биз уларни сарфлашни бошлаймиз. Биз жисмоний организм бўлганимиз сабабли, асосий эҳтиёжларимизни қондириш учун бизга маълум миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак, иссиқлик, бошпана ва бошқа товарлар керак. Кейинчалик, биз "юқори" маънавий истакларимизга мос келадиган бошқа маҳсулотларни истеъмол қиламиз: китоблар, мусиқа асбоблари, жисмоний машқ жиҳозлари, телевизорлар, компьютерлар ва бошқаларни сотиб оламиз. Биз, шунингдек, автобусда саёҳат қилиш, соч турмаклаш, ресторанда кечки овқат ёки ҳатто чет элда дам олиш каби хизматларни сотиб оламиз ва истеъмол қиламиз.
Иқтисодиётнинг кўп қисми истеъмолни ўрганишга бағишланган: одамлар турли хил маҳсулот ва хизматлар ўртасида пулни қандай тақсимлайдилар, бир хил маҳсулотнинг рақобатдош навлари ўртасида қандай танлов қиладилар, реклама орқали улар қандай бошқарилади ёки хабардор қилинади, компаниялар пулни қандай сарфлашлари, "ўз брендининг имиджи" ва бошқаларни яратиш кабилар.
Ва ниҳоят, маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқарилиши керак
Маҳсулотлар ва хизматлардан фойдаланиш учун улар биринчи навбатда ишлаб чиқарилиши керак: фермер хўжаликлари ва фабрикаларда маҳсулотлар, идора ва устахоналарда хизматлар. Бу ишлаб чиқариш соҳаси, 1960-йилларда айирбошлаш ва истеъмолга урғу берган неоклассик мактабдан бери эътибордан четда қолган иқтисодиёт соҳасидир.
Анъанавий иқтисодиёт дарсликларида ишлаб чиқариш “қора қути” бўлиб, унда қандайдир тарзда меҳнат (инсон меҳнати) ва капитал (машиналар ва асбоблар) маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқариш учун бирлашади. Ишлаб чиқариш меҳнат ва капитал деб аталадиган баъзи мавҳум қисмларнинг бирикмасидан кўпроқ эканлигини ва кўп миқдордаги мунтазам фаолиятни тўғри бошқаришни талаб қилишини кам одам тушунади. Заводнинг тузилиши, ишчилар ёки касаба уюшмаларини бошқариш усуллари, илмий тадқиқотлар орқали қўлланиладиган технологияларни мунтазам такомиллаштириш – буларнинг барчаси иқтисодий фаолият учун катта аҳамиятга эга эканлигига қарамай, одатда, кўпчилик ўқувчилар томонидан иқтисодиёт билан боғланмайди.
Аксарият иқтисодчилар ушбу масалаларни ўрганишни "бошқалар" – муҳандислар ва бошқарув компанияларига топширишдан мамнун. Аммо, агар ўйлаб кўрсангиз, ишлаб чиқариш ҳар қандай иқтисодий фаолиятнинг сўзсиз асосидир. Дарҳақиқат, ишлаб чиқариш соҳасидаги ўзгаришлар ижтимоий ўзгаришларнинг энг кучли манбалари бўлиб қолади. Замонавий дунё саноат инқилобидан кейин содир бўлган ишлаб чиқариш билан боғлиқ технологиялар ва тизимларнинг бир қатор ўзгаришлари натижасида яратилган. Иқтисодчилар ва иқтисодга қарашлари неоклассик мактаб таъсири остида бўлган барча одамлар ишлаб чиқаришга ҳозиргидан кўра кўпроқ эътибор беришлари керак.
Хулоса: иқтисодиёт – иқтисодий фаолият ҳақидаги фан сифатида
Менимча, иқтисодга унинг методологияси ёки назарий ёндашувига кўра эмас, балки моҳиятига кўра таъриф бериш керак. Унинг предмети пул, меҳнат, технология, халқаро савдо, солиқларни ўз ичига олган иқтисодий фаолият бўлиши керак ва "ҳаёт, коинот ва бошқа ҳамма нарса" (ёки "деярли ҳамма нарса") эмас, балки маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқариш, олинган даромадни тақсимлаш ва шу тарзда олинган моддий неъматларни истеъмол қилиш усуллари билан амалга ошириладиган бошқа жиҳатлар эканига иқтисодчилар ишонадилар. Иқтисодиётнинг ушбу таърифи ушбу китобни бошқа дарсликлардан ажратиб туради.
Иқтисодиётга методология нуқтаи назаридан таъриф беришда кўпчилик ёзувчилар "иқтисод билан шуғулланиш" учун фақат битта тўғри йўл бор деб ҳисоблайдилар – бу неоклассик ёндашув. Энг ёмони, юқорида айтиб ўтилган мактаблардан ташқари бошқа мактаблар ҳам борлигини сизга билдирмайдилар. Бу китоб иқтисодиётни ўз моҳиятига кўра фан сифатида таърифлаш орқали иқтисодга турлича ёндашувлар мавжудлиги, уларнинг ҳар бири ўзига хос урғу, кўр-кўрона нуқталари, кучли ва заиф томонлари борлигини таъкидлайди. Ахир, биз иқтисоддан нимани хоҳлаймиз, бу маълум бир иқтисодий концепция нафақат иқтисодиётни, балки бошқа ҳамма нарсани тушунтириши мумкин бўлган доимий "далил" эмас, балки турли хил иқтисодий ҳодисалар учун мумкин бўлган энг яхши тушунтиришдир.
Қўшимча ўқиш
Р. БЕКҲAУС. Замонавий иқтисодиётнинг бошқотирмаси: фан ёки мафкура? (Кембриж:
Кембриж университети нашриёти, 2012).
Б. ФИНЕ ва Д. МИЛОНAКИС. Иқтисодий империализмдан Фрекономикага ўтиш: иқтисодиёт ва бошқа ижтимоий фанлар ўртасидаги чегаралар
(Лондон: Роутлеж, 2009).