Loe raamatut: «СИЁСАТШУНОСЛИК»
АНДИЖОН ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ
МУҚИМЖОН ҚИРҒИЗБОЕВ
СИЁСАТШУНОСЛИК
Олий ўқув юртлари талабалари учун
ўқув қўлланма
Тошкент
“Янги аср авлоди”
2013
УЎК: 32(075)
КБК: 66.0
Қ-46
Қирғизбоев, Муқимжон
Сиёсатшунослик: олий ўқув юртлари талабалари учун ўқув қўлланма / М.Қирғизбоев; Андижон давлат университети. –Тошкент: Янги аср авлоди, 2013. -524 б.
ISBN 978-9943-27-052-7
ўқув қўлланмада мамлакат олий ўқув юртларида ўқитиладиган сиёсатшунослик фанига доир билимлар ва масалалар мужассамлашган. Шунингдек, унда ривожланган мамлакатлардаги турли йўналишдаги сиёсий назариялар, жараёнлар ва муносабатлар таҳлил этилади, улар миллий тажрибалар билан қиёсланади, қўлланмада ифодаланган назарий қарашлар мамлакатда тобора чуқурлашиб бораётган фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш ислоҳотлари билан боғланади.
Қўлланма олий ўқув юртлари талабалари учун мўлжалланган.
УЎК: 32(075)
КБК: 66.0
Тақризчилар:
З.Давронов, фалсафа фанлари доктори, профессор
Р.Жумаев, сиёсий фанлар доктори, профессор
Мазкур ўқув қўлланма Андижон давлат университети Илмий кенгашининг қарорига (2013 йил 28 март, 8-йиғилиш баённомаси) биноан нашрга тавсия қилинди.
Мундарижа
Сўз боши 4
I бўлим. СИЁСАТШУНОСЛИК ФАНИНИНГ
МЕТОДОЛОГИК ЖИҲАТЛАРИ 7
1-мавзу. Сиёсатшунослик фан сифатида 7
2-мавзу. Сиёсий қарашларнинг пайдо бўлиши ва
ривожланиши 27
II бўлим. СИЁСАТ ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ ВА
ТАДҚИҚОТ ОБЪЕКТИ СИФАТИДА 58
3-мавзу. Сиёсат – ижтимоий ҳодиса сифатида 58
4-мавзу. Сиёсий ҳокимият 82
III бўлим.СИЁСИЙ ТИЗИМ ВА СИЁСИЙ
ИНСТИТУТЛАР 106
5-мавзу. Сиёсий тизим 106
6-мавзу. Давлат – асосий сиёсий институт 145
7-мавзу. Фуқаролик жамияти 183
8-мавзу. Сиёсий партиялар 213
9-мавзу. Сайловлар 254
IV бўлим.СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАР 279
10-мавзу. Сиёсий элита ва сиёсий етакчилик 279
11-мавзу. Сиёсий жараён ва сиёсий иштирок 316
12-мавзу. Сиёсий ихтилофлар 359
13-мавзу. Сиёсий ривожланиш ва сиёсий
модернизация 387
V бўлим. СИЁСИЙ КОММУНИКАЦИЯ,
СИЁСИЙ МАДАНИЯТ ВА МАФКУРА 416
14-мавзу. Сиёсий коммуникация 416
15-мавзу. Сиёсий мафкуралар ва сиёсий маданият 451
VI бўлим. ЖАҲОН СИЁСАТИ 485
16-мавзу. Халқаро сиёсат 485
Глоссарий 511
Фойдаланилган адабиётлар 518
Сўз боши
Мазкур қўлланманинг асосий мақсади талабаларни замонавий сиёсатшунослик фанининг муҳим масалаларини ўрганишлари учун имконият яратишдан иборатдир. Талабаларнинг ҳозирги замонга хос бўлган дунёқарашга эга бўлиши, ўз атрофидаги ижтимоий-сиёсий воқеликларни мустақил равишда баҳолай олиши ва ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок эта олиш қобилиятини эгаллаш жараёнида уларнинг сиёсий фанларга нисбатан эҳтиёж сезиши табиий бир ҳолдир. Қолаверса, мамлакатда тобора чуқурлашиб бораётган ислоҳотлар жаҳондаги сиёсий воқеликлар ва ҳодисаларни чуқур англайдиган, ислоҳотлар жараёнида шахсан иштирок этадиган ёш авлодни шакллантиришни талаб қилмоқда.
Қўлланмани ёзишда талабаларнинг мамлакатимизда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш жараёнлари, бозор иқтисодиёти муносабатларини шакллантириш ислоҳотларига оид билимларни эгаллашларида билиш кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек уларнинг сиёсий фанлар назариялари ва тушунчаларини ўзлаштириш фаолияти учун қулай имкониятлар яратишга муҳим эътибор берилди. Мамлакатда сиёсатшунослик мустақил фан сифатида мустақиллик давригача ҳукм сурган яккаҳоким мафкура ақидалари билан суғорилган ижтимоий-сиёсий фанларни ўқитишга барҳам берилганидан кейин – мустақилликнинг илк даврида янги миллий демократик давлат ва жамият руҳига монанд равишда шаклланди. У Шимолий Америка, Европа, Япония, Жанубий Корея мамлакатлари каби ривожланган мамлакатлар қаторида бизнинг Ватанимиз олий ўқув юртларида ҳам ўқитила бошланди. Ўтган 20 йилдан ортиқроқ давр ичида мазкур фанни ўқитишга доир ўзига хос миллий тажрибалар ва ўқитиш салоҳияти шаклланди. Сиёсат ва сиёсий муносабатлар бир жойда қотиб турмаганидек, сиёсатшунослик ҳам доимий равишда ривожланишга мойил фандир. Шунинг учун ҳам бу соҳага доир барча дарслик ва қўлланмаларни муттасил равишда янгилаб бориш – ҳозирги давр талабига айланди.
Ҳозирги пайтда мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий фанларга доир ўқув қўлланмаларни яратишда Президент И.А.Каримовнинг қуйидаги фикрларини эътиборга олиш мақсадга мувофиқдир: “Бинобарин, биз давлатимиз келажагини ўз қобиғимизга ўралиб қолган ҳолда эмас, балки умумбашарий ва демократик қадриятларни чуқур ўзлаштирган ҳолда тасаввур этамиз. Биз истиқболимизни тараққий топган мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиб, давлат ва жамият бошқарувини эркинлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, фикрлар ранг-баранглигини ўз ҳаётимизга янада кенгроқ жорий қилишда кўрамиз”1 . Зеро, мамлакатда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуришнинг асосий стратегик пировард мақсад сифатида эълон қилиниши талабалар дунёқарашига замонавий гуманитар фанларга оид билимларни кенгроқ ва чуқурроқ сингдиришни тақозо этмоқда.
Қадимги даврда сиёсий фанлар асосчиси номини олишга эришган Аристотель қуйидаги сўзни бежиз айтмаган эди:“…Чамаси, тан олиш керакки, олий фаровонлик, асосан бошқарадиган муҳим фанлар ихтиёрига тегишлидир. Шундай фанни давлат тўғрисидаги (ёки сиёсий) фан ифодалайди. …Бу, чамаси, бошда айтилган фикрга мувофиқ келади: биз давлат ҳақидаги фаннинг мақсади энг олий фаровонлик яратиш, деб фараз қилган эдик. Шунинг учун ҳам бу фан бошқаларидан кўра кўпроқ ўз диққат-эътиборини муайян сифатларга эга бўлган, яъни юксак маънавиятли, гўзал хатти-ҳаракатларни бажара оладиган фуқароларни яратишга қаратади”2 .
Албатта, қўлланма бутунлай янги назарий ишланмалардан иборат эмас. Унда ижтимоий-сиёсий фанларни шакллантиришга ҳисса қўшган классик олимларнинг асарларига нисбатан ҳозирги давр нуқтаи назаридан мурожаат қилинди. Сиёсат тушунчаларини талқин этишга фуқаролик жамияти қуриш талабларидан ёндашилди. Қўлланмага янги мавзулар киритилди. Ишнинг сезиларли қисмини ташкил этган масалалар муаллиф томонидан таҳлил этилди. Муҳими, қўлланмаларга нисбатан давлат стандартлари асосида қўйилган талаблар, ҳозирги давр талабаси эҳтиёжлари ва унинг фанни ўзлаштириш қобилияти даражаси доимо муаллифнинг диққати марказида турди. Мамлакатимиз олимлари томонидан мустақиллик даврида нашр этилган, ривожланган мамлакатлар сиёсатшунослари томонидан яратилган “Сиёсатшунослик” ўқув қўлланмалари ва дарсликлари синчиклаб ўрганилди, улардан тегишли хулосалар чиқарилди.
Умуман, қўлланмани ёзишда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2011 йил 17 сентябрдаги 392-сонли буйруқ билан тасдиқланган “Сиёсатшунослик” фанидан намунавий дастур асос қилиб олинди.
Мазкур қўлланманинг кейинги нашрларини янада мукаммал ва самарали бўлишини таъминлаш мақсадида ижтимоий-сиёсий фанлар соҳасида фаолият юритаётган олимлар, профессор-ўқитувчилар, талабалар, шунингдек қўлланмани ўқиган барча китобхонлардан қўлланмага доир ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришларини сўраймиз.
I бўлим. СИЁСАТШУНОСЛИК ФАНИНИНГ
МЕТОДОЛОГИК ЖИҲАТЛАРИ
1-мавзу. Сиёсатшунослик фан сифатида
1. Сиёсатшунослик фани предмети, объекти ва вазифалари.
2. Ижтимоий фанлар тизимида сиёсатшунослик фанининг ўрни.
3. Сиёсатшунослик фанининг бошқа фанлар билан ўзаро алоқадорлиги.
4. Сиёсатшунослик ўқув фани сифатида.
Ўзбекистонда мустақиллик даврида жамият сиёсий тизими ва сиёсий муносабатларининг бутунлай янги шакли – демократик қадриятлар асосидаги институтлари шаклланди. Собиқ социализм давридаги давлатчилик ва жамият тизимига барҳам берилди, ягона яккаҳоким мафкурага амал қилиш тўхтатилди. Мустақилликнинг илк давридан бошлаб мамлакатда миллий демократик давлат ва жамият қуриш ислоҳотлари бошланди. Бу туб ўзгаришлар асосан ривожланган мамлакатлар ва миллий анъаналар асосида амалга оширила бошланди.
XXI асрнинг бошларига келиб Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуришни асосий стратегик пировард мақсад сифатида эълон қилиниши муносабати билан сиёсатшунослик фанини ўрганишга бўлган зарурият янада кучайди. Президент И.А.Каримов томонидан “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”ни илгари сурилиши, унда дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaрувини дeмoкрaтлaштириш, аxбoрoт сoҳaсини ислoҳ қилиш, axбoрoт вa сўз эркинлигини тaъминлaш, мамлакатда сaйлoв ҳуқуқи эркинлигини тaъминлaш вa сaйлoв қoнунчилигини ривoжлaнтириш, фуқaрoлик жaмияти институтлaрини шaкллaнтириш вa ривoжлaнтиришга доир ҳуқуқий асосларни ривожлантириш масалалари3 сиёсий фанларга улкан вазифаларни юклайди. Шу билан бирга, истиқболда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга доир ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнлари сиёсий фанларни жаҳондаги ривожланган мамлакатлар тажрибаси ва миллий мерос асосида янада такомиллаштиришни долзарб вазифа сифатида ҳаёт кун тартибига қўймоқда. Шу муносабат билан сиёсий фанларни ҳам мамлакатдаги воқелик, ҳам замонавий сиёсий назарий қарашлардан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш мамлакатда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш мақсадларининг таркибий қисмларидан бири сифатида намоён бўла бошлади. Сиёсатшунослик фанини аҳамиятини чуқур англаш, унинг амалий жиҳатларини эътироф этиш учун бу фанни бошқа фанлар билан ўзаро алоқадорлиги, гуманитар фанлар ўртасидаги ўрнини билишга зарурият туғилиши табиий бир ҳолдир.
Маълумки, жамият ҳаёти ўзаро бир-бири билан боғлиқ бўлган кўплаб соҳалардан иборатдир. Уларнинг ичида энг йириклари – бу иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маънавий соҳалардир. Бу соҳаларнинг ҳар бири ўзининг ривожланиш қонуниятлари ва анъаналари асосида такомиллашиб боради, улар ўзларига хос бўлган бетакрор ташкил этиш ва бошқариш усулларига эга бўлган алоҳида-алоҳида тизимларга эгадир. Шунингдек, бу соҳаларнинг ҳар бири ўзига тегишли бўлган фанлар томонидан ўрганилади ва тадқиқ этилади.
Жамиятнинг сиёсий соҳаси иқтисодий, ижтимоий, маънавий ва бошқа соҳалардан фарқ қилади. У жамиятни бутун бир давлат миқёсидан то унинг энг кичик тузилмаларигача бўлган йўналишларини ташкил этади ва у давлат бошқарувини амалга оширишга доир турли даражалардан иборатдир. Агар жамиятнинг сиёсий тизими кашф этилмаганида эди, унда жамият тартибсиз ҳаракатлар гирдобида ўзининг яшаш фаолиятини тўхтатган бўлар эди.
Сиёсий тизим жуда ҳам йирик ва энг мураккаб бўлган фаолият ва тузилмалардан иборатдир. Унинг доирасида жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган сиёсий жараёнлар пайдо бўлади, кечади ва ривожланади, жамиятнинг яшовчанлигини таъминлайдиган муҳим қарорлар қабул қилинади. Шунинг учун ҳам сиёсий фанлар турли ижтимоий ва бошқа жамиятга доир фанлар билан мустаҳкам ўзаро алоқалар асосида ривожланиб боради. Лекин жамиятнинг сиёсий тизимини фан сифатида фақат сиёсий фанлар ўрганади.
Сиёсатшунослик ёки политология (юнонча “politika” – “давлат ва жамият (ижтимоий) ишлари” ва “logos” – “таълимот” сўзларини ифодалайди) – кенг маънода давлат бошқарувига доир фан, яъни жамият сиёсий тизимига оид фан сифатида эътироф этилади.
Ўз даврида Аристотель сиёсат олами ҳақида фикр юритар экан, уни мазмуни ҳақида қуйидаги аниқликни киритган эди: “1.Уй хўжалиги ҳақидаги фан ҳокимиятнинг уч унсури бўлишини шарт қилиб қўяди: биринчидан, қулларга нисбатан хўжайин ҳокимияти (биз бу ҳақда юқорида гапирган эдик) ; иккинчидан, отанинг болаларга муносабати; учинчидан, эрнинг хотинга муносабати. Дарҳақиқат, хотин устидан, болалар устидан ҳокимият эркин мавжудотлар сифатида юритилиб, бу ҳокимият бир хил тарзда амалга оширилмайди. 2.Хотин устидан эр ҳокимиятини сиёсий арбоб ҳокимияти билан, отанинг болалар устидан ҳокимиятини эса подшоҳ ҳокимияти билан тенглаш мумкин. Эркак ўз табиатига кўра, унинг фақат у ёки бу расо бўлмаган четга чиқишларини мустасно қилганда, хотинларга нисбатан кўпроқ раҳбарлик қилишга мойилдир. Ахир, катта ва етук инсон ёш ва етук бўлмаган одамга нисбатан яхши раҳбарлик қила олади-ку”4 . Мазкур таърифда Аристотель сиёсий муносабатларни фақат тенг ва эркин одамлар ўртасида бўлиши мумкинлигини қайд этар экан, давлатнинг моҳияти тўғрисида қуйидаги фикрни илгари суради: “…давлат эркин одамларнинг муносабатидир”5 . Шу билан бирга, мутафаккир “…инсон ўз табиатига биноан сиёсий мавжудот эканлигини” очиб беради. Албатта, Аристотелнинг бу фикрларидан хулоса чиқарадиган бўлсак, кўз олдимизда сиёсатшунослик фанининг аҳамияти янада кенгроқ ва чуқурроқ намоён бўлади.
Аристотель сиёсат мавзусини ниҳоятда чуқур таҳлил этиш асносида қуйидаги фикрни илгари суради: “Агар барча фанлар ва санъатларнинг охирги мақсади фаровонлик бўлса, барча фанлар ва санъатларнинг, айниқса, сиёсатнинг энг бош ва устувор мақсади олий фаровонликдир”6 . Мутафаккир бу фикри билан сиёсатни жамият фаровонлигини оширишдаги аҳамиятини очиб бериш баробарида, унинг бошқа фанлар ва санъат билан ўзаро уйғун ҳолдаги мақсадини ҳам аниқлаштириб берди. Шу билан бирга, Аристотель сиёсатни фан сифатида барча фанлар қаторида қайд этиш баробарида унинг асосий бош мақсадига алоҳида урғу беради. Бу ҳолат сиёсатга оид фанларни қадимги даврда ҳам юқори мақомга эга эканлигини англатади.
Сиёсатшунослик энг қадимги даврда шаклланган фан бўлиши билан бирга ёш фандир. Чунки бу фанга бир бутун ҳолда, тизимли таълимот сифатида қарашлар фақат бундан юз йилдан олдинроқ давр ичида пайдо бўлди. Кейинги 1-1,5 аср ичида жамиятда сиёсатшуносликни ўрганишга зарурат жуда ҳам кучайди. Илгариги пайтларда “бу фан билан фақат юқори элита қатламлари шуғулланишлари лозим” деган қарашлар ҳукмрон бўлса, кейинги даврга келиб инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳокимиятни учга бўлиниш принципини амалга ошириш, кўппартиявийликни ривожлантириш, муқобил сайловларни ташкил этиш, фуқароларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокларини таъминлаш каби заруриятлар ҳар бир фуқарони сиёсатшунослик фани асосларини чуқур билишини тақозо эта бошлади.
Шу билан бирга, ўтиш даврини ўз бошидан кечираётган мамлакатларда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш ислоҳотларини бошланиши ҳам бу фанни ўрганишни долзарб вазифа сифатидаги аҳамиятини ошира бошлади. Зеро, сиёсатшунослик фани асосан демократик сиёсий тизимлар, давлат ва жамиятни ривожлантириш қонуниятларини ўрганадиган ва бу соҳада таълим берадиган бирдан-бир фан ҳисобланади. Шу сабабли ҳам сиёсатшунослик яхлит ва мустақил академик фан сифатида ривожланди.
1. Сиёсатшунослик фани предмети, объекти
ва вазифалари
Юқоридаги таҳлиллардан кўриниб турибдики, сиёсатшунослик асосан жамиятнинг сиёсий тизими ҳақидаги фандир. Аммо бу этимологик талқин мазкур фаннинг тўлиқ мазмун-моҳиятини очиб бера олмайди, балки у фақат бу фанни тадқиқот объектини ва унинг ўзига хос хусусиятларини ифодалаб бериши мумкин, холос. Шу сабабли ҳам сиёсатшунослик фанининг объекти ва предметини билишга зарурият туғилади. Маълумки, ҳар бир фаннинг объекти сифатида доимо аниқ воқеликнинг маълум бир соҳасини мавжуд бўлиши шарт қилиб қўйилган. Шу билан бирга, ҳар қандай фан предмети маълум тадқиқот натижаларига асосланади, бу жараёнда олимлар маълум бир фан учун тегишли бўлган ўзига хос хусусиятларни ифода этувчи қирраларни ажратиб кўрсатиши, ўрганилаётган объектнинг ривожланиш ва амал қилиш қонуниятларини белгилаб бериши талаб этилади. Аксарият сиёсатшунос олимларнинг бир тўхтамга келган фикрича, сиёсатшунослик фанининг объекти (сиёсий деб номланадиган) ижтимоий ҳаётнинг хусусиятлари, алоқалари ва муносабатларининг бир бутун жамулжамидан иборатдир. Бошқача айтганда, сиёсатшунослик фанининг объекти ижтимоий ҳаётнинг сиёсий соҳаси ҳисобланади. Бу соҳа асосан қуйидагилардан иборатдир:
–жамият ҳаётининг сиёсий соҳаси – бу асосан давлатга оид ўзаро ташкилий алоқалар, хатти-ҳаракатлар ва муносабатлар соҳасидир. Аксарият олимлар сиёсат – инсоннинг давлат ишларида бевосита фаол иштирок этиши, деб қарайди. Албатта, қадимги давлатлар ташкил топганидан буён давлатга “ижтимоий уюшиш шакли”, деб қараш анъанавий русумга кириб, бу соҳага сиёсий ҳаётнинг асоси деб қарала бошланди. Шунинг учун ҳам дастлабки сиёсий фан предмети – бу давлатни ўрганишдир, деган тасаввурлар ривожланди. Қадимги даврда “сиёсат” (“politika”) сўзи юнонча “полис” – шаҳар-давлат маъносини англатганлиги ҳам бежиз эмас эди. Шунинг учун ҳам сиёсий фан отаси – Аристотелнинг “La politika» номли трактатининг номи “давлатга нима тегишли бўлса, шу ҳақда”, деган тушунча маъносини англатиши ҳам табиий бир ҳолдир. Шу билан бирга, Аристотель полисга фақат жуғрофий ва миллий-давлат тузилмаси сифатида эмас, балки фуқаролар фаоллигининг кенг майдони сифатида қараганлиги ҳам бу фикрнинг тўғрилигини исботлайди;
–қадимдан бошлаб давлатни ўрганишдаги асосий йўналишлар – бу давлат тузумини энг яхши шаклини (деспотия, демократия, олигархия ва бошқа) яратиш масаласини ҳал этишга қаратилган эди. Демак, қадимги даврлардаёқ сиёсий ҳаётнинг муҳим соҳаси сиёсат оламининг ўзагини ташкил этувчи ва алоҳида таснифларга эга бўлган ҳокимият ҳақидаги масала эканлиги аниқланиб бўлган эди. Шунинг учун ҳам сиёсатшуносларнинг асосий вазифаси – нафақат ҳуқуқий фанлар предмети бўлган давлатнинг ҳуқуқий жиҳатларини таҳлил этиш, балки умумий манфаатларни амалга оширишни бош мақсад қилиб олган давлат ва ҳокимиятга оид муносабатларни жамият сиёсий институтлари сифатида тадқиқ этишдан иборатдир. Шу муносабат билан сиёсатшунослик фанининг ўрганиш предмети – бу сиёсий ҳокимият, унинг моҳияти ва тузилмалари, бу ҳокимиятни амалга ошириш ва унинг тақсимланиш механизмлари, ҳокимиятнинг ўзини жамият аъзоларининг кўпчилик қисми томонидан қўллаб-қувватлашига эришишини таъминлаш қобилияти, сиёсий ҳокимиятнинг жамият фаолиятини назорат қила олиш қобилияти кабилардир;
–XIX асрга келиб узоқ даврлар мобайнида шаклланган сиёсий қарашлар тубдан ўзгарди: сиёсий ҳаётга нисбатан ўз шахсий ёки тор гуруҳий манфаатлари йўлида сиёсий муносабатлар ва жараёнларда иштирок этаётган алоҳида индивиднинг эмас, балки ижтимоий бирликларга (ижтимоий гуруҳлар, табақалар, синфлар, миллатлар ва ҳ.к.) уюшган индивидларнинг ўзаро хатти-ҳаракати сифатида қарала бошланди. Ҳар бир ижтимоий бирлик ўзининг ижтимоий манфаатларига эгадир, деган қарашлар русумга кирди. Ижтимоий манфаатлар – бу инсонларнинг ва ижтимоий бирликларнинг англанган ёки англанмаган ҳолатдаги ўз хатти-ҳаракатларида амал қиладиган, шу билан бирга, аниқ рўй берадиган ҳаётий интилишлари бўлиб, улар бу билан жамиятдаги ўз объектив ўрнини аниқлаштириб олади. Мазкур жараёнларда манфаатларнинг ўзаро келишуви рўй беради, шу асосда жамиятда ҳокимиятларнинг бўлинишини амалга ошириш учун шарт-шароитлар етилади;
–жамиятдаги ижтимоий гуруҳлар ва қатламлар ўз ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ўзларининг сиёсий ва ижтимоий ташкилотлари – партиялар, касаба уюшмалари, ҳаракатлар, нодавлат ташкилотлар кабиларни тузади. Бу ташкилотлар ва бирлашмалар ўзларининг мафкуравий тизимларини ишлаб чиқади, уларни тарғибот воситасида ўзига тегишли бўлган ижтимоий қатламлар ва гуруҳларга тегишли бўлган кишилар ижтимоий фикрларини шакллантиради. Мафкура ўз ўрнида институционал муносабатларда (турли жамият институтлари вакиллари ўзаро муносабатларида) аҳамият касб эта бошлайди, муайян ижтимоий-тарихий шарт-шароитларда яшаётган одамлар ўртасида сиёсий воқеликни далиллайди, асослайди, оқлайди ёки рад этади. Амалда сиёсат турли мафкуралар ва ғоявий-сиёсий оқимлар илгари сураётган кучлар ўзаро тўқнашувлари майдонига айланади. Шунинг учун ҳам сиёсий ташкилотлар, манфаатлар гуруҳлари, мафкуравий таълимотлар фаолиятини ўрганиш сиёсатшуносликнинг асосий вазифалари сирасига киради.
Умуман, хулоса қилиб айтганда, сиёсатшунослик фанининг предметини қуйидагича таърифлаш мумкин: сиёсатшунослик – бу сиёсий субъектлар, сиёсий институтлар ва сиёсий онг кабилар таркибини ташкил этган сиёсий тизимда амал қилаётган ва ривожланаётган давлат билан ҳамжиҳатликдаги уюшган жамият ҳақидаги фандир.
Сиёсатшунослик фанининг жамият сиёсий тизими тузилмалари ва уларнинг амал қилишини ўрганиш мақсадидан келиб чиқиб қуйидаги асосий вазифалари шаклланди:
–жамият сиёсий тизимини шаклланиш ва ривожланишининг умумий ва ўзига хос хусусиятларини яхлит ҳолда, шунингдек, унинг таркибини ташкил этувчи сиёсий институтлар (сиёсий ҳокимият, сиёсий партиялар, сиёсий етакчилик, сиёсий элита, сайлов тизимлари ва ҳ.к), сиёсий муносабатлар ва жараёнларни тадқиқ этиш;
–сиёсий тизимни яхлит ҳолда ва унинг асосий унсурларини ўзгартириб ва тўғрилаб боришга имкониятлар яратувчи механизмларни яратиш ва уларни такомиллаштириш;
–сиёсий тизимни ривожлантиришда пайдо бўлиши мумкин бўлган инқироз вазиятлари сабабларини аниқлаш ва уларни мувофиқлаштириш тавсияларини ишлаб чиқиш;
–ҳаётда рўй бераётган сиёсий жараёнлар, уларнинг пайдо бўлиш сабаблари, жамиятни ривожлантиришдаги ролини турли далиллар воситасида тушунтириш;
–жамият сиёсий тизимини барқарор ривожлантириш учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратишга доир назарий ва амалий тавсиялар ишлаб чиқиш.
Сиёсатшунослик фанининг функциялари:
-дискриптив функция (сиёсий ҳодисалар ва уларнинг характерли белгиларини ички ва ташқи алоқаларини тўлиқ тасвирлаш учун мўлжалланган функцияси) асосан сиёсий ҳодисаларни ташқи ва ички алоқаларини ва уларнинг характерли белгиларини ҳар томонлама ва тўлиқ равишда тасвирлаш мақсадидаги заруриятдир. Бу функцияни бажариш объектнинг ҳолати билан белгиланувчи, шунингдек сиёсий ўзгаришлар ҳақида аниқ ва ҳақиқий билимлар олишга бўлган жамият эҳтиёжларига, профессионал ижрочилар ва бошқа шароитлар мавжудлигига боғлиқ равишдаги талаблар асосида воқеликларни қабул қилишни англаш жараёнини бойитиш ва ўзгартиришни назарда тутади;
–сиёсатшунослик фани баҳолаш функциясини ҳам бажариб, унда у ёки бу ижтимоий субъектнинг сиёсий объектлар тўғрисидаги нуқтаи назаридан ҳукмлар чиқаришини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисидаги қарор қабул қилиш жараёни амалга оширилади. Бошқача айтганда, сиёсий ҳодисалар олимлар томонидан амал қилиш шарт бўлган ва илмий таҳлилнинг таркибини ташкил этадиган қадриятли баҳолашларга учрайди. Албатта, бунда “тарафкашлик”ка йўл қўйилмайди, балки бу жараён англашнинг ўзига хос йўли сифатида намоён бўлиб, ҳодисаларни сиёсий фактларга айлантирувчи субъектив аҳамиятга молик воқеликларга нисбатлар беришдан иборат ҳолда амалга оширилади;
–сиёсатшунослик қиёслаш функциясини бажаради. Унда турли тенденциялар ва уларни ривожланиши, таснифлашлар, қонуниятлар кабиларга оид хулосалар ва баҳолашларни шакллантиришдан олдин турли сиёсий ҳодисалар (ҳокимиятлар тизимлари, идора этиш режимлари, сиёсий маданият турлари ва бошқалар) ўзаро қиёсланади;
–сиёсатшуносликнинг қайта ўзгартириш функцияси ҳам муҳим аҳамиятга молик жараёндир. У жамият эҳтиёжлари асосида ҳокимият соҳасининг амалий фаолиятига киритиладиган, давлат бошқарувидаги “чиқим ва харажатларни” камайтирадиган, эришадиган натижаларни мақсадларга мувофиқ келишини таъминлайдиган билимларни шакллантиришни назарда тутади. Шу тариқа, сиёсий фан у ёки бу даражада ҳокимият соҳасида амалий ўзгаришлар қилиш билан боғлиқ бўлиб, у турли сиёсий кучларни мақсадлар сари хатти-ҳаракатларига таъсир этиб туради;
–сиёсий фан башорат қилиш функциясини ҳам бажаради. Унга мувофиқ, мақсадларни амалга оширишни қўллаб-қувватлайдиган, гипотетик тарзда бўлажак ўзгаришларни аниқлашга уринувчи, амалга оширилган хатти-ҳаракатларни эътироф этувчи билимларни ишлаб чиқиш зарурияти асосида истиқболда рўй бериши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисида тахминий тасаввурлар шаклланади. Мазкур функцияни амалга ошириш натижасида ҳокимият учун интилаётган кучларнинг долзарб хатти-ҳаракатларини тўғрилаб туриш имконини берувчи сиёсатнинг келажакдаги дастлабки қиёфаси шаклланади;
–сиёсатшунослик фанининг ижтимоийлаштириш функцияси ҳокимият муносабатларида иштирок этадиган кишиларнинг сиёсий онгини шакллантиришга қаратилган. Бу функцияда сиёсий фан у ёки бу даражада сиёсий жараёнларга тортилган индивидларнинг ҳаётий фаолиятларини кузата бориб, уларнинг ҳокимият соҳасида турли ролларни бажаришида, ўз манфаатларини ҳимоялаш учун сиёсий ҳокимиятдан фойдаланиш имкониятларини аниқлашда уларнинг тасаввурларини рационал тарзда шаклланиши учун шарт-шароитлар яратиб беради.7 Бу функция индивидлар сиёсий маданиятини шакллантириш омили сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Сиёсатшунослик фанининг юқорида қайд этилган мақсад ва вазифаларидан кўриниб турибдики, унинг жамият сиёсий тизимини ўрганишдаги тадқиқ этиш, башорат қилиш ва амалий роли бениҳоя каттадир.
2. Ижтимоий фанлар тизимида сиёсатшунослик
фанининг ўрни
Сиёсатшунослик фани ўзининг мақсад ва вазифаларини бошқа ижтимоий фанлар билан ўзаро алоқадорликда ва ўзаро ҳамкорликда, шунингдек бошқа фанлар ютуқларидан фойдаланган ва унга таянган ҳолда амалга оширади. Бошқа ижтимоий фанлар билан ўзаро алоқадорлик асосида жамият ҳаётини ижтимоий тараққиёт жараёни билан чамбарчаслиги ва умумий чатишиб кетиши (иқтисодий, сиёсий, психологик, маданий ва бошқа жиҳатлардан) ётади. Шунинг учун ҳам ҳар қандай сиёсий, ижтимоий ёки иқтисодий назария бу каби ўзаро алоқадорликларга асосланмай иложи йўқ. Жамиятда доимий тарзда муҳим ижтимоий қадриятлар билан боғлиқ бўлган муаммолар пайдо бўлиб турадики, уларни фақат барча ижтимоий фанлар ўзаро бирлигида ўрганиш ва ечимини топиш мумкин. Бу каби қадриятларнинг энг асосийлари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин: жамиятнинг моддий фаровонлиги ва унинг барқарорлиги; миллий хавфсизлик; фуқаролар эркинлиги, конституциявий тартибот ва бошқалар.
Ижтимоий фанларнинг ўзаро алоқадорлиги ва ҳамкорлиги яна шунинг учун ҳам зарурки, жамиятдаги ижтимоий ривожланиш муаммолари сабабларини ўзига хос томонларини ўрганиш ва уларнинг ечимларини топиш учун уларнинг турли муҳим (иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий, этикавий, психологик) жиҳатларини ҳар бир фан ўзига тегишли бўлган объектлар ва усуллар воситасида тадқиқ этиб, сўнгра барча ижтимоий фанларнинг тадқиқот натижалари умумлаштирилганида жамиятда пайдо бўлган муаммоларни бартараф этишга имконият туғилади. Шунингдек, аксарият ҳолатларда жамиятдаги муаммоларни тадқиқ этиш сиёсий характер касб этади. Масалан, иқтисодий назария нафақат бозор муносабатлари қонунлари, қонуниятлари, бозорни ўзини ўзи ташкил этиши, ўзини ўзи мувофиқлаштириши, ўзини ўзи тўғрилаб туриши, балки давлат сиёсатининг бутун бир жамият иқтисодий тизими амал қилиши учун қўллайдиган усулларини ҳам ўрганади. Яна иқтисодиёт иқтисодий назарияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш принциплари ва иқтисодий жараёнларни, иқтисодий стратегия ва тактикани давлат томонидан мувофиқлаштириб туриш масалаларини ҳам ўрганади. Бу ҳолат иқтисодий назариялар хулосаларини сиёсий фанлар учун ҳам муҳим аҳамият касб этадиган жиҳатларини юзага чиқаради, иқтисодий масалаларни ҳал этиш учун сиёсий муаммоларни ўрганишга зарурият пайдо бўлади. Масалан, улардан бири – иқтисодий жараёнлардаги муҳим йўналишлардан бири – жамиятнинг маълум ижтимоий қатламлари сиёсий манфаатларини мувофиқлаштириш масалаларини таҳлил этишдан иборатдир. Ёки мамлакатлар президентлигига ва ҳукуматига бўлган сайловлар кампаниясида номзодларнинг пухта ишлаб чиққан ва фуқаролар учун истиқболга эга бўлган иқтисодий дастурлари уларни сиёсий ҳокимиятни эгаллашлари учун шарт-шароитлар яратади. Шу билан бирга, сиёсатшунослик фани иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, иқтисодий жараёнларни давлат томонидан мувофиқлаштириш принципларини илмий асослаб беришда муҳим рол ўйнайди.
3. Сиёсатшунослик фанининг бошқа фанлар билан ўзаро алоқадорлиги
Жамият сиёсий тизимини ривожлантириш масалаларини нафақат сиёсий фанлар, балки сиёсий тарих, социология, ҳуқуқ каби бошқа ижтимоий фанлар томонидан ҳам тадқиқ этиш тақозо этилади. Лекин, шуни эсда тутиш лозимки, мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлган жамият сиёсий тизимини ўрганишдаги бош рол сиёсатшунослик фанига тегишлидир. Яна шуни қайд этиш зарурки, барча ижтимоий фанлар ҳам ўз соҳалари бўйича асосий ролни бажаради.
Таниқли АҚШ сиёсатшуноси Ч.Мерриам сиёсатшунослик фанининг бошқа ижтимоий ва табиий фанлар билан ўзаро алоқадорлигини қуйидагича ифодалаган эди: “Сиёсат тадқиқотчиси учун ижтимоий фанларни табиий фанлар ютуқлари билан интеграциялаш (табиий ва “нотабиий” фанларни бирлаштириш) янада муҳимроқ аҳамият касб этиб бормоқда. Шу нарса янада аниқлашиб бормоқдаки, инсон хулқида рўй берадиган ҳодисаларнинг ижтимоий ва сиёсий оқибатлари тўғрисида сўнгги сўзни айтишда табиий билимларни қўллаш ниҳоятда муҳимдир. Вақтлар ўтиб, инсон хулқини илмий ижтимоий назорат қилиш эҳтимоли жуда ҳам кам эканлигини жамиятшуносларга нисбатан табиий фанлар олимлари яхшироқ ўзлаштиргани маълум бўлмоқда. Биология, психология, антропология, психопатология, тиббиёт, ер ҳақидаги фанлар ўз тадқиқотлари натижаларини ижтимоий вазиятларда фойдаланиш йўлида илгарилаб бормоқда. Уларнинг вакилларини ҳамма ёқда – Конгрессда, марказларда, судларда, бошқарув таркибида учратиш мумкин. Бу янги йўналишларга ўзининг барча даъволари билан сиёсатшунослик фани қандай муносабатда бўлиши мумкин?.. Бошқарув тизимлари ва психологик ҳамда биологик фарқлар ўртасида қандайдир алоқалар мавжудлиги тўғрисидаги масалалардан ҳам қочиб бўлмайди. Табиат ва инсонлар тенглигининг тақсимланиши ҳозирги даврда психологлар томонидан тадқиқ этилмоқда ва шу нарса аниқки, сиёсатшунослик психологиянинг бу каби ривожланиш имкониятларини ўрганишдан ўзини четга торта олмайди”8 .
Шу тариқа, сиёсий фанларни бошқа фанлар билан ўзаро алоқалари шунда намоён бўладики, аксарият сиёсий жараёнларни нафақат сиёсий фанлар, балки бошқа фанлар томонидан ҳам ўрганишга зарурият сезилади. Сиёсатшунослик фанининг бошқа ижтимоий фанлар билан туташуви унинг илмий ишланмалар ишлаб чиқишда фаол таянч вазифасини бажаришидир. Масалан, сиёсатшунослик фани назариялари ва қонуниятлари ҳуқуқий фанларнинг қуйидаги соҳаларидан фойдаланади: сиёсий институтлар, сиёсий жараёнлар, сиёсий муносабатларни ҳуқуқий асослаш, расмийлаштириш ва баҳолаш, уларни бир меъёрда ривожланиши ва амал қилиш кафолатини таъминлаш ва ҳоказо. Сиёсатшуносликнинг объекти ва тадқиқот усулларига давлат-ҳуқуқ фани жуда ҳам яқин келиб, бу соҳада сиёсатшунослик фани сиёсий қарорларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларини ҳам ўрганади. Шунингдек, сиёсий ва ҳуқуқий фанларнинг бир-бирлари билан ўзаро чамбарчас алоқалари сиёсий ҳокимиятнинг жамиятда ижтимоий меъёрларни амалий жиҳатдан қўллаш роли билан боғлиқлигидадир. Шу билан бирга, сиёсий ҳокимият ҳуқуқий рассмийлаштиришсиз фаолият юрита олмайди.
Сиёсатшунослик фанининг сиёсатнинг ижтимоий муҳит билан ўзаро хатти-ҳаракатини ўрганадиган сиёсий социология фани билан ҳам алоқалари мустаҳкамдир. Олимлар – Р.Бендикс ва С.М.Липсетларнинг фикрича, “давлатдан келиб чиқадиган ва уни жамиятга таъсирини ўрганадиган сиёсатшуносликдан фарқ қилиб, сиёсий социология жамиятдан келиб чиқади ва унинг давлатга таъсирини, яъни ҳокимиятни бўлиниш ва амалга ошириш хизматчилари бўлган расмий институтларни ўрганади”. Сиёсий социология жамият ижтимоий тузилмаларини таҳлил этади, онг ва ижтимоий манфаатларни, индивидлар ва турли ижтимоий гуруҳлар хулқи мотивларини, ижтимоий фикрларни, уларни сиёсий муносабатларга таъсирини, сиёсий ҳокимиятни ижтимоий табиати кабиларни ўрганади, Шунинг учун ҳам тадқиқот объекти нуқтаи назаридан сиёсатшунослик ва сиёсий социология фанлари бир-бирларига жуда ҳам яқин туради. Лекин англаш предмети бўйича улар ўртасида жиддий фарқланишлар ҳам мавжуддир.