Loe raamatut: «Ибройим Юсупов»
МЕҲРИ ИССИҚ ТУҒИШГАНЛИК
Сўзбоши ўрнида
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб, атоқли жамоат арбоби Шарап Уснатдинов 1942 йили Кегейли туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. Шарап оға журналистика факультети талабаси бўлган пайтда бу олий ўқув даргоҳи илм ва ижод ўчоғи эди.
Шарап оға ана шу илғор адабий муҳитда адабиёт, бадиий ижод ва журналистика сирларини ўрганган. Илк ижодий фаолиятини Ёшлар газетасидан бошлаган.
Шарап оға авваламбор, журналист бўлиб ижтимоий ҳаётга кириб келди. Марказий газеталарда мухбирликдан бош муҳаррирликкача бўлган лавозимларда ишлади. Журналист ҳаёти, газеталардаги иш жараёнини Шарап оға ипидан игнасигача яхши билади. Чунки бу ҳаётни ўз бошидан ўтказган.
Тиниб-тинчимас адиб давлат ва жамоат арбоби сифатида масъул лавозимларда хизмат қилди. Вазир бўлди, ҳоким бўлди. Ҳукумат идораларида ҳалол ва қизғин фаолият олиб борди.
Шарап Уснатдинов Президентимиз ҳурматига сазовор бўлган ва унинг Қорақалпоғистондаги ишончли вакилларидан бирига айланган шахс эди. Президент билан гоҳ Нукусда, гоҳ Мўйноқда, гоҳ Шуманайда бўлиб ўтган учрашувларда Шарап оғанинг минбарга чиқиб сўзлаганларини кўп эшитганмиз. У кишининг нотиқлик санъатига, дадил, дангал, теран мазмунли ва ҳикматли сўзларига ҳамиша ҳавасимиз келган.
Оға жамоат арбоби, эл оқсоқолларидан бири эди. Лекин у, энг аввало, ижодкор эди, маҳоратли ва тажрибали адиб эди. “Кимга кеч, кимга тонг саҳар”, “Сўнгги овчи”, “Кўрганларим, кўнгилдагиларим”, “Биринчи қорақалпоқ балетмейстери” каби насрий асарлар тўпламлари, айниқса кейинги “Шоирнинг ёшлиги”, “Ибройим Юсупов” номли роман-дилогияси билан Шарап Устнатдинов бетакрор ёзувчи эканлигини адабиёт майдонида исботлади. “Шоирнинг ёшлиги” романи моҳир шоир ва таржимон Музаффар Аҳмад томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, дастлаб “Жаҳон адабиёти” журналида, сўнг эса китоб ҳолида нашр этилди. Асар ҳақида жуда кўп таниқли адиблар ва олимлар ижобий фикр билдиришди.Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Абдулла Орипов “Шоирнинг ёшлиги” романини “Улуғ шоир хотирасига муносиб асар” дея юксак баҳолаган эди:
“Жаҳон адабиёти” журналида Шарап Уснатдиновнинг улуғ шоир Ибройим Юсупов ҳаётига бағишланган романини ўқий бошларканман, кутилмаган бир фикр хаёлимни чулғаб олди, – деб ёзади устоз Абдулла Орипов. – Ажабо, мен китобнинг муаллифини яхши биламанми ёхуд унинг қаҳрамониними?! … Шарап Уснатдинов менга қанчалик яқин биродар ва дўст бўлгани билан унинг қўлидан нималар келишини билмай юрган эканман… Шу ўринда Шарап Уснатдиновнинг ёзувчилик маҳорати мени қойил қолдирди. Романнинг баъзи саҳифаларини ўқиганимда кўз олдимда жаҳон классикларининг қиёфалари ҳам ўтиб қолди. Гап шундаки, бу асар наинки, Ибройим, балки қорақалпоқ халқининг тарихи, маданияти, маънавияти, урф-одати, хуллас, ҳаммаси ҳақида ахборот беради”.
Шарап Уснатдинов адабиётимиз ва маънавиятимиз ривожи йўлидаги хизматлари учун давлатимиз томонидан муносиб мукофотланиб, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси фахрий унвонлари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган. Вафотидан кейин 2021 йилда адиб Президентимиз томонидан юксак қадрланиб, “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланди. Бу сийлиқнинг аҳамияти ниҳоятда теран бўлиб, Шарап Уснатдинов халқ ва мамлакат раҳбари ҳурматига сазовор бўлган машҳур сиймолардан бири эканини англатади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгеси раиси, олийжаноб инсон Муса Тажетдинович Ерниязов ҳам Шарап Уснатдиновни жуда қадрлар, маънавият, адабиёт борасидаги баъзи масалаларни у билан маслаҳатлашиб ҳал қилар эди. Кечагидай кўз ўнгимда турибди. 2018 йилнинг 27 август куни. Нукус шаҳрининг қоқ марказида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон байроқлари чексиз кенгликлардан эсиб келган шамолларида ҳилпираб турган “флагшток”нинг очилиши тадбирида Муса Тажетдинович ҳамда Шарап Уснатдинов билан бирга иштирок этган эдик. Икки туғишган халқ байроқлари мусаффо осмон узра икки эгиз ботирлардай ёнма-ён бўйлашиб, ҳилпираб турган майдонда менга сўз берилганда кўнглимдаги туйғуларни шеърий мисралар орқали изҳор этгандим:
Бу дунёда мард зотлар мардларни бирлаштиргай,
Эзгу орзу-ниятлар қалбларни бирлаштиргай,
Мардлар йўлбошчи бўлса халқларни бирлаштиргай,
Эл дардини англаган ўғлонларга тасанно,
Юрт тинчлигин ўйлаган инсонларга тасанно.
– Сазладинг, раҳмет! – деган эди юзлари табассумдан қуёшдай ёришиб кетган Муса оға.
Ўша куни Шарап Уснатдинов бизни Нукус шаҳрида янги бунёд этилган бинолар, жумладан, “Нуроний” жамғармасининг Нукусда қурилган замонавий иморати билан таништирган эди. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, адабиёт ва шеърият ҳақидаги мароқли суҳбатимиз кун бўйи давом этган эди. Ана шу суҳбатларда адабиёт ва ижод Шарап оғанинг тақдири эканини ҳис этган эдим.
Шарап Уснатдиновнинг ибратли ҳаёти ва ижодини ўрганиш давом этмоқда. Яқинда Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон адибнинг янги нашр этилган “Ибройим Юсупов” номли йирик роман-эссесини ўзбек тилига таржима қилди. Китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашрга тайёрланди.
Ушбу асарда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири, жўшқин ва тошқин шеърияти, “меҳри иссиқ туғишганлик” туйғуси билан икки элга беминнат хизмат қилган Ибройим Юсуповнинг порлоқ сиймоси тасвирланган. Ибройим оға нафақат қорақалпоқ ва ё ўзбек элининг, балки туркий тилли халқлар адабиётининг йирик намояндалари Чингиз Айтматов, Мустай Карим, Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Ўлжас Сулаймонов, Давид Қўғилтинов сингари улуғ адибларнинг ҳам эътирофи ва ҳурматига сазовор бўлган оламшумул сўз дарғасидир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган Адиблар хиёбонида Ибройим оғанинг муҳташам ҳайкали ўз салобати ва садоқати билан бугунги ёш авлодга Ватан дарсини ўтаётгандай қўр тўкиб турибди.
Янги китоб мутолааси ва завқу шавқи азиз ўқувчиларга муборак бўлсин.
Сирожиддин САЙЙИД,Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!
БЎЗ ЎРДАДА
I БЎЛИМ
Интиламан жон-таним билан,
Ҳаёт, сени гўзал яшашга:
Кемтик ерларингни тўлдириб,
Ортиқ новдаларни буташга.
Осмон баланд, юлдузлар сирли,
Сенинг сиринг бепоён, фалак,
Жамолинг кўп жилоли, нурли,
Товланасан мисли камалак.
Ибройим Юсупов
1949 йилнинг сўнгги ҳафтаси эди. Кунлар ниҳоятда совиб кетди. Қорсиз қора изғириндан ёмони йўқ. Ернинг юзи қавариб, шимоли-ғарбдан эсган шамол юзингни аччиқ чимчилаб ўтади. Унга қарама-қарши юрсанг, совуқ ҳаводан бўғилиб, нафас ололмай қоласан. Икки юзингни тўсиб, оғзи-бурнингни қўлинг билан беркитаман десанг, бармоқларинг ловуллаб ачишиб кетади. Бошингда қулоқларини тушириб киядиган телпагинг бўлмаса, қўлларинг икки бетингдан аввал қулоғингга борганини билмай қоласан.
У бошига қора қалпоғини кийиб, ташқарига чиқди. Дунёда эркак кишига бош кийим топишдан кўра мушкул иш бўлмаса керак, деб ўйлади. Одамлар тополмагандан сўнг, бир нарсаларни амаллаб кийиб олишади. Аскарликдан келганларнинг кулранг қулоқчини кўпчиликнинг жонига оро кирди. Ундан бошқа тузукроқ нарса билан бошни совуқдан асраш мушкул.
– Бундай юргандан кўра, менинг бўркимни кия қолсанг-чи, – дейди Маден. – Ўқишни битказиб, ўша институтда ишга қолган адабиёт муаллими деган номинг бор. Унча-мунча телпакни кийиш сенга ярашмайди.
Институтнинг битта-яримта раҳбарлари қамар теридан телпак, бўрк тиктириб кийиб юришибди. Ундай қилишга қўли калталик қилади. Қўли етганида бундай бош кийим бинойидек ярашган бўларди. Ярашмаганида ҳам бунинг ёшидаги йигитларга бўрк кийишга ҳали эрта.
Қиш куни бир тутам. Қош қорая бошлаган эди. Нукуснинг янги шаҳар деб аталган қисмига одамлар қўниб ўтиришганига чамаси беш-олти йиллар бўлган. Буларнинг ўтирган жойи нақд кунчиқиш томондаги энг охирги кўчанинг пешанасидан эсган шамолни биринчи бўлиб кутиб оладиган чеккасида. Товуш етадиган ерда ўркач-ўркач бўлиб ётган қумдан шамол юмалатиб ҳайдаган туяқорин билан янтоқни териб олиб, тандирга солаверасан. Шимол тарафда баҳору куз ёққан ёғин сувлари тўпланиб турадиган кичкинагина кўлнинг атрофидаги қамишлар билан оқбошларнинг пардай пўпаклари аллақачонлар учиб кетиб ғойиб бўлган, энди фақат япроқларнинг шамолда изиллаб, ҳуштак чалишига қўшилиб, қум аралаш чанг сочилмоқда эди.
Тунов куни Маденнинг Чимбойдаги кўҳна юртдан излаб келган Жиянбой деган қуролдош дўсти:
– Шаҳарлик бўлдим дейсан, мана бундай кўчма қум бизнинг овулда йўқ, – дебди.
– Юр, сенга шаҳарлик бўлганимни кўрсатайин, – деб уни эргаштириб, шаҳар ўртасидаги “Нукус” кафесига олиб борган. Бўкиб ичган пиводан эртаси куни боши ёрилиб кетгудай оғриётган Жиянбой: “Юр, шаҳарингга яна бир бориб келайлик”, деган экан саҳарда.
“Ҳозирги совуқларинг совуқми? Бизларнинг ёшлик пайтимизда тарашадек қотириб ташлайдиган совуқ бўлар эди…” Овулдаги Эшбой чатоқ деган оғасининг шу сўзлари эсига тушиб, Худойим унинг шу сўзларини эшитиб қолганмикин, деб ўйлади ичида. Қалпоқ дегани бундай қиш-қировли кунларда киядиган бош кийим эмас экан. Бошининг тепасини қалпоқ ёпган, очиқ қолган қулоқ, бўйин, томоқларни эса аёз муз тиллари билан кучукдек ялаб, жонингни суғуриб олгудек қаҳратон қиш бўлди бу қиш. Ҳартугул бу бош кийимни ҳам эл оралаб юриб, зўрға топган эди. Шифохонада боласини олиб ётган хотинидан хабар олгани борган Маден икки қулоғини совуққа урдириб келди. Энди қулоғини совуққа қурбон қилиш навбати буники шекилли…
Сен бошқалардан аввалроқ бор, деб Айтжон оғаси тайинлаган эди. Кечикаётганини сезди. Ким чақирса ҳам, унча шошилавермайдиган бамайлихотирлигини тарк этолмаса керак. Бу одатини ўзгартиришга ҳам унчалик ҳуши йўқ. Тўрт йил институтда ўқиганида уни роса қистовга олишиб, насиҳат қилишган, бироқ бу одатини шоирлигига йўйиб: “Тонг отгунча шеър ёзар экан, индамай қўя қолинг”, – деган гап билан одамлар кўникиб кетишган. Бироқ бугунги тадбир бошқача. Қорақалпоғистоннинг автоном ҳукумат бўлиб тузилганининг 25 йиллиги, “буюк даҳо” туғилганига 70 йил тўлиши муносабати билан кўп одамлар мукофотланган эди. Республиканинг катта раҳбарларидан иккиси – Матеке Жуманазаров билан Наврўз Жапақов энг олий Ленин орденини олишди. Меҳнат Қизил Байроқ ордени билан мукофотланганлар орасида Москвада Фанлар академиясининг докторантурасида ўқиётган Нажим Давқораев ҳам бор эди. Ибройим ўқишга кирган йилларида институт директори лавозимида ишлаган Жумек Ўринбоев ҳам ҳозир аспирантурада. Улар юбилейга чақирилган. Бугун Жумак оғаси ўзининг ораларидан қил ўтмас дўсти, узангидоши Нажим Давқораевни шу муносабат билан меҳмонга чақирган.
Ота-бободан келаётган дастур бўйича обрўли меҳмонлар чақирилганда уларнинг димоғини чоғ қилиб, ҳурмат кўрсатиб кўнгилга яқин жонажон дўстларингни танлаб, даврага қўшасан. Бу ерга элнинг олим, раҳбар йигитларининг чақирилаётганини билганидан сўнг овулдош оғаси Айтжон Есемуратовнинг “Сен вақтлироқ бор”, деганининг маъниси шу эди.
У етиб келганида хоналарнинг ичи қоронғилашган, чироқ ёқилган экан. Бу уйга икки йил аввал икки-уч йигитни олиб келиб, бир машина саксовулни ҳовлига тушириб, ғарамлаб кетишганида сиртқи темир дарвозадан киришган эди. Ҳозир унинг ўрнига ихчамгина ёғоч эшик қўйилибди. “Таёқнинг бир учи Ўринбоевга ҳам теккан экан-ку”, – деб ўйлади Ибройим.
Бир-икки йил аввалроқ “Қизил Қорақалпоғистон” республика газетасида “Сатемир хоннинг дарвозалари” деган таҳририят мақоласи эълон қилиниб: “Ҳозирги айрим раҳбарлар капитализмни ҳавас қилиб, бойишнинг ҳаракатига тушмоқчига ўхшайди. Улар уйларига қалин пўлатдан “Сатемир хонникига” ўхшатиб, икки табақаси очиладиган катта дарвозалар қурмоқдалар”, деган айблов сўзларнинг орасига бир қатор раҳбарларнинг фамилияларини ҳам қистирган эди. Шундан сўнг металлни қаердан олдинг, деган текширув бошланиб, оқибати катта жанжалга айланди. Кимларгадир баҳона топилиб, ҳар тарафлама текширилди, қамалганлар ҳам бўлди. Ибройим ёғоч эшик остонасидан ҳатлаб ўтаётиб, ўша мақолани эслади.
Даҳлизда пойабзалини ечишга шайланиб турганида ичкаридан Хўжабек югуриб чиқди. Саломлашиб ўтирмасдан:
– Сенинг Бабош деган довдир жўранг бор-ку, – деди шартта гапириб, – шуни икки куви шиша ароқ олиб кел, деб жўнатган эдим. Адашиб кетдими, ё бир бало бўлдими, ҳали йўқ. Тез изидан бориб, ўлик-тиригини билиб кел.
Бабош жўраси танбаллиги туфайли турли гап-сўзга қолиб, лақаб орттириб юрганини яхши билади. Бироқ унга “саўселим” деб янги сифат қўйишганини ҳали эшитмаган эди.
“Эрталаб чап елкам билан турмагандим-ку, келиб-келиб рўпарамдан биринчи бўлиб шу одам чиқадими? “Ўртоғингдан бориб хабар ол”, деган бир оғиз гапнинг ўрнига шунча ёмон сўзларни айтди-я… Дўкон унчалик узоқ эмас-ку, гапига қараганда, шунча вақтдан буён икки марта бориб келса бўлар эди. Ишқилиб, тинчликмикин?” деган ўй ўтди Иброҳимнинг кўнглидан.
Қош қорайиб, қоронғи тушган. Дўконга яқинлашганида эгнидаги юпқа плашининг этаги оёғига чувалашиб, тўмпайган алланарсани икки қўлтиғига қаттиқ қисиб келаётган кўланка кўринди. Бу Бабош эди.
– Тинчликми, нега ҳаяллаб қолдинг?
– Айтсам, куласан.
– Бугун биринчи марта кулаётганимиз йўқ-ку, айтаверсанг-чи!
– Ма, ундан кўра манавининг бировини олиб, қўлтиғингга тиқ. Синдириб қўйма.
Ибройим дўстини, айтсанг-чи, деб қистайверса айтмай қўйишини, индамай юраверса, барибир ичига сиғдира олмаслигини пайқаб, сўзсиз одимлайверди. Тўғри ўйлаган экан, Бабош узоқ чидамади.
– Эртага бутун институтга гап тарқатиб юбормайсанми?
– Ундай ваъда бермайман.
Ибройим мутлақо бефарқдай тутди ўзини.
– Мана бу кўчага қайси аҳмоқ тош тўшатган экан-а?
Ибройим ажабланиб қаради:
– Ўзи шаҳар бўйича фақат шу кўчага тош тўшалган бўлса, буниям кўп кўраяпсанми?
– Ҳамма бало шу туфайли бўлди, худди бошқа кўча қуриб қолгандай…
Бабош билан Ибройим юриб келаётган, Бабошнинг қўлтиғидаги икки шишани чилпарчин қилган тош кўча Министрлар Кенгаши бошлиғининг уйига олиб боради. Бу икки йигит шундай яккаю ягона кўчада оёқларига гард юқтирмай келишмоқда.
“Энди айтмай туролмайсан, айтасан”, деб ўйлади Ибройим. Бабош бироз жим юрди-да, гап бошлади. Дўконда ярим соатлар навбатда туриб, икки шиша ароқни олгандан кейин, қўлтиғига тиқиб кўчага чиққан. Озгина юргандан кейин совуқда ачиша бошлаган қулоқларини бармоқлари билан уқаламоқчи бўлган, қўлтиғидаги шишалар тошкўчага тушиб, чил-чил синган. Шундан сўнг изига қайтиб, яна навбатга туриб қараса, хайриятки, чўнтагидаги пулини санаса, зўрға етибди. Иккинчи марта навбатга туриб сотиб олган шишаларни қўлтиғига қистириб келаётган экан.
– Ҳаммаси манави тош тўшалган кўчадан бўлди, –деб яна тўнғиллади у. –Шу тош бўлмаганда юмшоқ ерга тушган шиша синмас эди…
1
Зиёфат аллақачон қизиган экан. Дастурхонда катта шаҳарлардан келтирилган ичимликлар бор. Булар олиб келган оддий шишалар уларнинг ёнига қўйилса, унча ярашиб тушмагандай бўлади-ёв. Афтидан, бўйни узун олифта ичимликларни Хўжабекнинг ўзи олдирганга ўхшайди.
Даҳлизда дастёр аёлга алланималарни тушунтириб турган ўрта яшар келинчак буларга тикилиб қаради. Чиройли турмакланган сочлари, лампамой чироқдан анча юқори электр чироқнинг ёп-ёруғ нурларида жилоланиб, қоп-қора бўлиб кўринар эди. Руссиянинг амалдор аёлларидай очиқ кийинган. Сарвдай расо оёқларининг болдирлари тўлиқ. Булар берган саломга алик олишнинг ўрнига: “Сизлар ҳам чақирилганмисиз?” – дегандай ўқрайиб қаради-да, рўпарасидаги аёлга дастрўмолларни санаб беришда давом этди.
Ибройим бу аёл уй бекаси эканини англади. Бойбича буларни кўнглига қараб кутиб олиб, ичкарига таклиф этмаса ҳам, пойабзалини ечиб, Хўжабекнинг орқасидан эргашаверишди.
Ҳамма билан саломлашиб, сўрашиб бўлгунча сал эгилиб турди. Салом-алик тугагандан сўнг чиқиб кетиш учун остонага қараб дадил юраётган эди, меҳмонлар ичидан овоз келди:
– Ибройим, жўранг иккаланг ҳам ўтир, сизларни мен чақиртирганман.
Давқораевнинг бу сўзидан кейин улар пойгак томонда омонатгина тиз чўкиб ўтиришди. Даврадагилар уларга эътибор бермай, гурунгни узилган жойидан давом эттиришди.
– Шундай қилиб, кейин нима бўлди? –деди Ўринбоев тўрда ўтирган кишига.
– Кейин чатоқ бўлди. Катта раҳбарларнинг айтганини қилмасам, партия бюросида ҳайфсан берадиган, сўнгра лавозимдан бўшатадиган бўлишди. Ниҳоят аёлни ўшаларнинг ихтиёрига беришга мажбур бўлдик…
У гапини қисқа қилди-да, тўғрига қараб ўтираверди. Бу гапга баъзилар кулган бўлишди, баъзилар индамай ерга қарашди. Бу гапни айтаётган киши пединститутда Жумак Ўринбоевдан кейин сайланган директор Турдимурат Бекимбетов эди. Бу унинг иккинчи марта сайланиши, биринчи марта 1940 йили директор бўлган эди. Уруш бошланганда фронтга отланган, қайтиб келганидан кейин бироз вақт тарих кафедрасини бошқариб, кейин яна директор бўлди.
– Янаям Бибижонни сенинг ўрнингга қўйиб юборишмаганини айт…
Айимбетовнинг гапига даврадагилар гурра кулиб юборишди.
– Тўғриси, бундай хавф-хатарнинг борлиги ёдимга тушмабди. Шундай бўлиши ҳам мумкин экан-эй…
Хўжабек гапга аралашди:
– Янгамизнинг ўзи манов Ибройимлар билан бу йил битиргани йўқми?
– Битирган бўлганида ҳам, аввал ўзингдан бошланди-ку, сен ҳам битира-сола бошлиқ бўлиб кетдинг.
Айтжон Есемуратовнинг бу гапига Хўжабек унчалик рўйхушлик билдирмади.
– Хўжабек битказмасдан илгарироқ обкомда бизларни турткиловчи раҳбаримиз эди. Бу амални қойиллатадиган йигит, – деди Ўринбоев.
– Ана, кўрдингми, Турдимурат, сен бир эмас, икки ерда “ўлимдан қолибсан”.
Давқораевнинг бу сўзидан кейин даврада яна кулги кўтарилди.
Гурунгнинг давоми бошқача тус ола бошлади. Бир қатор дўстлари Бекимбетовни ҳазил-мазах билан анча бопламоқчи эди, ораларида мана бу ёши кичикларнинг ўтиргани унинг жонига оро кириб қолди.
– Ҳалиги ўттизинчи йилларнинг охирларида оммавий умумхалқ сайлов бошланганда, – деб сўз бошлади Бекимбетов, –бир ёши улуғ оғамиз Хўжаэлидаги жанозадан уч кундан сўнг уйига қайтиб келса, эшигининг олдида тўрт-бешта от бойловли турганини кўради. Икки жойда ёнма-ён қазилган ерўчоқларда икки қозон қайнаб турибди. Уй олдида ичкарига кириб-чиқиб юрган одамлар кўринади. Бу нима, тинчлик бўлсин-да ишқилиб, деб ичкарига кирса, райондан келган тўрт-беш ходим ёстиққа ёнбошлаб, қизариб-бўзариб ўтиришибди. Улар оғамизни кўрибоқ:
– Хуш келибсан, иним, келиннинг мартабаси қутлуғ бўлсин, уни депутат қилиб сайлаяпмиз. Шунга кўз ойдинга келдик, –деб суюнчи сўрашибди.
Оғамиз оғир-босиқ, сабрли йигит эди. Дамини чиқармай, тишини тишига босиб ўтираверибди. Меҳмонлар тарқалишгандан кейин кўрпа-тўшагини йиғиштириб: “Қани, хотин, биз билан бирга бўладиган бўлсанг, кўчга эргашасан, бўлмаса, қолаверасан”, –деб элдан кўчиб кетган экан, –деди Бекимбетов зўрма-зўраки кулгандек бўлиб. –Биз ундай қила олмадик…
Бу Бекимбетовнинг таржимаи ҳоли жуда қизиқ. Ўша ўттизинчи йиллари Иттифоқ Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтидан келган илмий ходим Николай Баскаковга тилмоч бўлиб, қорақалпоқ тили, халқ оғзаки ижодиёти ва адабиёти бўйича манбалар йиғишда қатнашган. Қўнғирот томонларда халққа кенг танилган Аяпберган шоир Мусаевнинг уйида ўша илмий ходимлар билан тўртбеш ойлаб ётган. Ўзи ҳам қорақалпоқчиликда маҳкам, сўзга ҳозиржавоб, мард, оддий халқ орасидан пишиб чиққан йигит. Бир сўз айтадиган бўлса, бироз сабр қилиб туради-да, айтмоқчи бўлган фикрини обдан тоблаб, бир мисол, бўлмаса нақл-мақол билан маҳкамлаб ташлайди.
Пединститутда Тўбаназар деган муаллим бор эди. Иккинчи жаҳон урушидан ярадор бўлиб қайтган, анча қизиққон. Йиғилишларда қайта-қайта ўрнидан туриб, сўзлайверар экан. Ҳамма ундан безор бўлган. Бир сафар Бекимбетовнинг олдида ҳам тап тортмай гапираверганида уни тўхтатиб:
– Аяпберган Мусаевни биласанми? –дебди.
– Ҳа, биламан.
– Шу шоир ёш йигит вақтида жуда қайқы1 бўлган экан. Араванинг олдига миниб, қизларга шеър ўқиб, ҳар куни тўй-маъракага кетаверган. Отаси Муса бояқиш қариган ҳолида мол-ҳолга қараб, кечаю кундуз тиним билмайди. Ўшаларнинг овулидаги одамлар: “Муса эр етгандан буён Аяпберган роҳатини кўраяпти, тиниб-тинчиб қолди”, – дейишган экан. Шулар айтганидай сен эр етгандан буён бизлар ҳам сўздан қолдикми дейман, иним, –деб уни уялтиргандан кейин, қайтиб гапирмайдиган бўлибди.
Бекимбетовнинг хотини ҳам ўз даврида билимли, жуда чиройли, ўзига қараб кийиниб юрадиган, ташкилотчилик қобилияти бор, абжир бўлган. Ҳукумат хизматида аста-секин амал зиналаридан кўтарилиб, ўртамиёна раҳбар даражасига чиққан. Бу ёғига республика миқёсидаги лавозимга тавсия этилганида розилик берай деса: “Бир оиладан икки раҳбар чиқса, хўжалик қаровсиз қолади, ё мен қўяй, ё сен қўй!” деб туриб олган экан Бекимбетов. Буни эшитган юқори партия ташкилоти уни феодализм иллатидан қутила олмаган коммунистга айлантириб, қораламоқчи бўлган. “Ўчакишаверсам, аёл кўтарилиб кетиб, мен уйда бола боқиб қоладиган бўлдим”, – деган экан дўстларига. Ибройимлар даврага қўшилганида ҳалиги бўлиниб қолган гурунгнинг мазмуни шу эди.
Бу воқеани илм излаб четда юрган манави икки дўсти сўраётганди. Кўпчиликка яқиндан маълум. Обкомда шу масалага бағишланган йиғилишда ҳам Бекимбетов унамагандай бўлиб гапирган. Ўша йилларда бу соҳада ишлайдиганлар қоронғи тушганида катта раҳбар ўтирган кабинетнинг деразасини пойлаш билан овора бўлади. Бошлиқ то уйига қайтиб, деразасининг чироғи ўчмагунча, бошқалар жойидан қимирламай ўтириши керак. “Шусиз ҳам аёлимиз билан кам учрашадиган эдик, энди биратўла хат ёзишар эканмиз-да” деган гапи эл орасига тарқалиб кетган.
Ибройим Юсупов, Бабош Исмоилов деган икки талаба 1946 йилнинг сентябридан бошлаб “Адабиёт гули” номли газета чиқаришмоқда экан деган хабарни эшитиб, уларни кўришга Бекимбетовнинг ўзи излаб келган экан. Тарих кафедрасининг мудири Бекимбетов бир вақтнинг ўзида институт директори эканини булар ўшанда билишди. Ўзи ёшлигидан халқ оғзаки ижодиёти намуналарини йиғишга қатнашгани учун фольклорни, халқ қўшиқларини яхши биладиган одам. “Бизнинг тарихимиз оғзаки адабиётда сақланиб қолган, фольклордан тарихимиз топилади”, – деб уқтирар эди.
Баъзи бир дўстлари “Умрбек лаққи” деб айтадиган Қалли Айимбетов Турдимурат жўрасини ҳазил-мазах билан чўқиб ўтирар экан. Улар ўттизинчи йилларнинг бошида Тўрткўлдаги педтехникумни битказиб, маданият ва маориф соҳаларида ишлай бошлаган. Ўша йиллари Москвадан келган Қозоғистонни ўрганиш жамиятининг Қорақалпоғистон бўйича экспедиция бошлиғи Александр Мелковнинг ёнида йўлбошловчи бўлиб Айимбетов, Москва университети студентлари Николай Баскаков ва унинг ёш хотини Нина Торчинскаяларга Турдимурат Бекимбетов тайинланиб, уларни отга, эшакка миниб юришга ўргатгани, қаҳратон совуқда қайиқда, суви музлаган кўллардан, тошқин Амударёдан олиб ўтаман деб, бир талай хавф-хатарга дуч келишгани, ҳатто ўлимдан қолганларини, Тўрткўлдан чиқиб, Қўнғиротнинг Қиёт овулидаги Аяпберган Мусаевнинг уйига етиб бораман дегунча чўлларда гулхан ёқиб, ботқоқларга ботиб, совуқда тарашадай музлаб қолган оёқ кийимларини оловга тоблаб, зўрға ечганларини, миниб юрган эшакларини маҳкам боғлашни билмай, бир неча марта қочириб қўйганлари, шунча қийинчиликларда сир бермай, қорақалпоқнинг қорувли, самимий, доимо хушвақт юрадиган хушовоз йигити Турдимурат уларни чалғитиш учун тунлари қўшиқ айтиб, билган достонларини жирлаб берганларини, гоҳ кулдириб, гоҳ йиғлатиб дегандай, ҳикоя қилиб ўтирар экан. Бугун ҳам ана ўшандай воқеалар эсланди.
Ибройим бу киши билан ўша иккинчи курсда ўқиётган вақтидан буён кўп учрашган бўлса-да, бугунгидай очиқ-ойдин, ҳаммани оғзига қаратиб, керак бўлса қўшиқ айтиб юборадиган эканини биринчи кўриши. Уни ҳайрон қолдирган яна бир нарса, Нажим Давқораев, Жумек Ўринбоевлар билан учаласининг бир-бирига ўхшашлиги эди. Зиёфат қизиган вақтда Нажим оға Қози Мавлукнинг “Чимбой баёзи”ни халқ куйига солиб айтди. Қўшиқнинг Чимбой йигитларини олқишлаб айтилган жойига келганда Жумак Ўринбоевнинг “Бу бизлар, Айтжон икковимиз ҳақида-ку”, деганида юрагининг бир ерлари жимирлаб, роҳатланган эди.
Пойгак томондаги стулнинг ярмига омонатгина қўниб, биров “ҳа” деса учиб кетадиган қушдайгина бўлиб ўтирган манави икки ёш йигит катта давраларнинг бундай тўкин-сочин дастурхонларини ҳали кўрмаган эди. Столга дастурхон ёзиб, меҳмон кутишни шу пайтгача умуман кўргани йўқ.
Тўкис деганимиз стол устига овқат келгунича кавшаниб тургудай писта-бодом, қирмичи бараклар, Москваданми, ҳайтовур, бошқа шаҳарлардан келган қандолат маҳсулотлари, булар кўрмаган конфет, шоколадлар тўлиб-тошган. Даҳлиздан чой ташиб турган келинчак келган вақтда: “Ҳой, ўзим олиб келар эдим-ку” – дегандай Бабош бир ўрнидан туриб, яна ўтиради. Ибройим кейинроқ буни пайқаб қолади. Аввалроқ кўрганида ҳам у ана-мана қўзғалгунича иш битган бўлар эди. Дўстининг шундай “ўт ёқувчилик уқувини” билган Бабош аста-секин хизматга ўзи аралашиб, зиёфатнинг ўрталарига борганида, бари унинг бўйнига тушди. Ёши катталарнинг ичи қизийверганидан кейин товушлари ҳам қаттиқроқ чиқа бошлади. Энди бу ерга аёл кишининг кириб-чиқиши мушкул эди… Жумак оғасининг аёли ўрис деб эшитган эди. Боягина Бабошнинг шивирлаб айтишига қараганда, татар миллатининг қизига ўхшайди. У меҳмонлар билан даҳлизда туриб саломлашганидан буён қайта кўринмади. Шунга қарамай, манави уйнинг тозалиги, буюмларнинг ўзгачалиги, айниқса, кираверишда меҳмонлар пойабзалининг бир чеккага қатор териб қўйилиши, уйнинг даҳлизидан бошлаб тахта пол қилингани, уни қизартириб бўяб қўйилгани, ерга тор йўлакдай тўшалган шолчанинг озодалигини айтасанми, нақшини айтасанми, бари жуда кўримли.
Меҳмонлар ўтирган стол-стуллар шу уйнинг мулки экани кўриниб турибди. Ўтирғичлар юмшоқ, гулли газмол ғилофлар билан қопланган. Бир-иккита ёши улуғ ҳамкасблариникига тўй-маъракага борганида, пединститутнинг столи билан парталарига ўтириб қайтган эди. Бу уйдагилар энли, жуда чиройли. Тўрда оқ чойшаб билан ёпилган кичкина стол устида радио турибди. Унинг икки ёнига икки шамсия суяб қўйилган. Дастаси узуни янганики бўлса керак, деб ўйлади Ибройим.
Ибройим яна бир нарсага ҳайрон қолди. У ҳам бўлса ўтирганларнинг Айтжон оғага бўлган муносабати эди. Уларнинг бари оға билан ҳисоблашар экан. Сўзи ўктам, салобатли одам эканини яхши билади. Институтга киришида ҳам уруғдош яқин одами воситасида кўмаги тегди. Биринчи, иккинчи курслигида ўша кишининг уйида ётиб ўқиди. Қорақалпоқ тилининг билимдони сифатида ҳамма тан оладиган олим одам. Тўрткўл шаҳрини сув босганида, 1942 йил муаллимлар институтини Чимбойга кўчириш, 1944 йилда эса Совнаркомнинг қарори билан муаллимлар ва педагогика институтига айлантирилиб, Нукусга кўчирилганда ҳам мана шу Айтжон Есемуратов бир неча машина, трактор, от-арава, ҳўкиз аравалардан иборат карвонга сарбонлик қилган. Унга ўша пайтда эшелон бошлиғи деган амал берилган.
Икки ёш йигит хизмат қилиб, навбат билан кириб-чиқиб юрса ҳам, қулоқларини динг қилиб дегандай жон-жон деб улуғларнинг ҳангомаларини тинглайди. Улар ўзаро, ўзлари биладиган сўзларни секингина айтишиб, қаттиқ кулишади. Галма-гал бирининг сўзини бири бўлмай сўзласа ҳам, кўп гапни дўндириб ташласа бўлар экан. Шунинг учун ҳам буларни олим, билимли одамлар дейишади-да. Бировини бирови йўл-йўлакай тузатиб бораётир, бунга эътироз билдириб ўтиришгани йўқ. Даврада ўтирганлардан мезбондан бошқа Нажим Давқораев, Турдимурат Бекимбетов, Айтжон Есемуратов, Қалли Айимбетовларнинг маърузаларини тинглаб юргани билан мана бундай қилиб тўкилиб, яйраб ўтиришганини биринчи бор кўриши эди. Ўринбек Кожуров деган кишининг ўтган йилга қадар “Қизил Қорақалпоғистон” газетасининг масъул муҳаррири бўлганини, рус тилидан қорақалпоқчага кучли таржимон ҳисобланишини билгани билан, унинг ўзини эндигина яқиндан кўриб туришибди.
Мана бу ўтирганлар, чамаси, аллақачон бу элнинг чамбаридан чиқиб, жаҳон илми муаммоларига аралашиб кетган, ўз элининг устидан учиб, унинг ҳозирги ҳолатига назар ташлаб, бироз шарҳлаб, янги дунё бўйлаб кезиб кетадиганга ўхшар эди. Улар илм билан билимнинг тубига қараб шўнғий бошлаганларида Қалли Айимбетов бир учирма гапни ёки халқ оғзаки афсоналаридан бировини қистириб юборади, гурра кулги кўтарилади, ўтирганлар дарҳол “ерга тушиб, дастурхон атрофига келади”.
Бабошнинг қорақалпоқ тили ва адабиёти факультетини битказганига бу йил бир йил бўлди. У дўсти Ибройимдан бир курс олдин ўқирди. Ўтган йилдан бошлаб Нажим Давқораев Москвада докторантурада эди. Талабалар унинг “Алпомиш” бўлиб айқириб сўзлаганларини, халқ қўшиғи “Бўзатов”ни хиргойи қилиб айтганларини, ҳар бир маърузага бир қучоқ папкани кўтариб келиб, бироқ уни очмасдан, тўлиб-тошиб, аудиторияни кезиб, гоҳ халқ қўшиқларини бўғиз товуши билан ўқиб, гоҳ образга кириб актёр бўлиб кетишини, дарс тугагунча талабалар бу оламни унутиб, Давқораев билан бадиий адабиёт ичида “яшайдиган” кунларни соғиниб юришганди. Энди улар Қалли Айимбетовнинг дарсларини интизор кутадиган бўлишди. Янги давр қорақалпоқ адабиётининг бошланиши тарихи, асосан, халқ оғзаки адабиётининг намуналарини йиғиб, бир тартибга солиб, кетма-кет бадиий адабиёт тарихини тузиб берганлар асосан, шу икки олим эди.
Педтехникумда ўқиб юриб, “Тонг нури” драма тўгарагининг суфлёри, ёшлар комитетининг етакчиси, “Қизил муаллим” қўлёзма журналининг котиби, бошланғич синфлар учун тузила бошлаган дарсликларнинг бобларини бўлиб олиб, ёзишга киришган Қалли Айимбетов ўша йиллари ҳар қандай маданий тадбирларнинг пешқадами бўлди.
У Нажим Давқораев оламдан ўтгандан кейин бир хотирада, мен шундай қилиб ҳар соҳанинг бошига бир бориб, кўпчилигига улгурмай қийналиб, 1934 йили Тўрткўл шаҳрида илмий-тадқиқот институтида ишлар эдим. Кабинетимга эгнига сариқ кўйлак кийган, белига ўша пайтда ёшлар орасида урф бўлган пўпакли белбоғ таққан, юпқа юзли, ориқ, оқ-сариқдан келган йигит кириб келиб: “Мен Давқораев бўламан. Қозоғистондан келдим”, деди. Шундан бошлаб, адабиёт майдонида менга “қопни кўтаришга қўллашадиган” содиқ дўст келди. Адабиётимиз, адабий тилимизни тадқиқ этишда Нажим билан бирга ҳамкорлик қилдик, деб эслаган эди.
Зиёфатнинг ўрталарида Давқораев ҳамманинг назарини Бабошга қаратди.
– Булар Сирожиддин Аҳмедов иккалови “Навоий ва қорақалпоқ адабиёти” номли мақола ёзган экан. Мен уни ўзбекчага таржима қилдириб, “Ўқитувчилар газетаси”га юборинг деган эдим. Айтганимни қилибди, май ойидаги сонида чиқди…
Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги уруш йилларига тўғри келиб, урушдан сўнг уни нишонлаш 1948 йилга кўчирилган эди. Давқораев юбилейга маъруза ёзиб, ҳаммани ҳайрон қолдирганди. Ўша воқеадан руҳланган икки ёш адабиётшуноснинг мақоласи эди бу. Шундан кейин буларга ўрта мактаб учун қорақалпоқ адабиётидан дастур тузишни топширган эди. Энди шу дастур асосида дарслик тузиш ҳақида гап кетди.
– Дарслик ёзиш буларга оғирлик қилмасмикин? – деб луқма ташлади биров.
– Нима бўлганда ҳам адабиётимиз тарихининг йўналиши белгиланди. Бугунги адабий жараённи қолдирмасдан ўқиб, баҳо берадиган бошқаларни кўрганим йўқ.
– Қалли, Жўлмирзага ўхшаган ёши катталарни қўшиш керак.