Loe raamatut: «Ўзлик сари етти қадам – 5. Шахс ва давлат»

Font:

– Ақл, бир оз сергак бўл! Сен билан суҳбатлашгани давлат келди.

– Қайси давлат? Жазоловчи давлатми ёки бой қилувчи давлатми?

– Нима фарқи бор? Иккиси ҳам бир эмасми?

– Бунисини энди давлат билади…


© Жавлон Жўраев, 2020

ISBN 978-5-4493-7277-2 (т. 5)

ISBN 978-5-4493-7267-3

Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero

Диққат

Китобда давлат ҳақида билдирилган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари бўлиб, улар ҳеч бир сиёсий гуруҳ номидан айтилмаган. Муаллиф конституцион дунёвий давлат тузилмаси ва фуқаролик жамиятини ёқлайди ва давлат ҳамда шахс ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик бўлиши керак деб ҳисоблайди. Ушбу огоҳлантириш китобда келтирилган фикрларни нотўғри талқин қилиб, муаллифни сиёсий ташвиқотда айблаши мумкин бўлган шахсларга қаратилган.

Муаллифдан

Азиз Китобхон,

Мана, бир оз дам олиб, яна суҳбатга чоғландик. Охирги суҳбатимиздан бери ҳаётингизда фақат яхши ўзгаришлар юз берди деган умиддаман.

Бу галги суҳбатимиз шахс ва давлат ўртасидаги муносабатлар – кучли шахс бу муносабатларда ўзини қандай тутиши ҳақида бўлади. Унда сиз билан яна сирлашамиз – яна эски қадриятларга янгича қарашга уриниб кўрамиз.

Китоб сизга шахсий ўсишда давлатнинг тутган ўрни ҳақида баён қилади. Жамият биздан нималар кутиши, бу умидларни оқлаш учун нималарга эътибор бериш кераклиги, шахсий бахт ва жамият ўртасида зиддият пайдо бўлмаслиги учун нималар қилиш лозимлигини муҳокама қиламиз.

Ушбу – бешинчи китоб – туркумнинг энг сиёсий китоби. Унда давлат тушунчаси муҳокама қилингани учун ҳам у жуда сиёсий. Сиёсий мавзуларда гаплашиш яхши эмас деган ишонч билан яшаётган бўлсангиз, китобни ўқиш сизга ёқимсиз бўлиши мумкин. Лекин кучли шахс ҳар қандай мавзуда ўз қарашига ва қадриятларига эга бўлиши керак. Шундай экан, сиёсий мавзуларни четлаб юриб, биз ўзимизни ўсишда чекламаслигимиз даркор.

Китоб анъанавий тарзда ҳафта кунларига атаб бобларга ажратилган. Уни ўқишда сиздан шошилмасликни, айтилган фикрларни тўлиқ ўйлаб кўрибгина хулосалар чиқаришни сўрайман. Чунки сизни чуқур мавзулар кутмоқда – чуқур мавзуларда эса тезкор хулосалар чиқариш тўғри эмас.

Даврамизга энди келиб қўшилганларга бу китобни ўқишдан олдин туркумдаги аввалги китоблар билан танишиб чиқишни тавсия қиламан. Шундагина сиз китобдаги фикрларнинг тўлиқ мазмуни ва гўзаллигидан баҳраманд бўласиз.

Хўш, кучли шахсият сари навбатдаги қадамга тайёрмисиз?

Бошладик

«Ҳамма айб ўзингда. Ҳукумат ишига аралашма демаганмидим…»

(«Шум бола» кинофильмидан)


Биз давлатлар дунёсида яшаймиз. Ер юзидан одамзод яшайдиган ҳар қандай ҳудуд борки, у ерда албатта давлат бор. У турли хил кўринишда, турли куч ва шаклга эга. Лекин ҳар бир жамият бошида бу қозонни назорат қиладиган бош ошпаз туради.

Бош ошпаз қозон бир маромда қайнаши, таомнинг тузи кам ёки кўп бўлиб кетмаслиги, масаллиқлар керакли миқдорда ишлатилиши, овқат ланж ёки чала пишиб қолмаслигини назорат қилади. Қозондаги масаллиқлар бир-бирининг таъмини бузмаслиги, бир-бирини бойитиши ва уйғунликда пишиши ҳам ошпазнинг маҳоратига боғлиқ.

Аммо таом мазаси фақат ошпаз санъатига боғлиқ эмас. Бунда ҳал қилувчи омиллардан бири – масаллиқларнинг сифати ҳамдир. Ошпаз ҳар қанча моҳир бўлмасин, қозонга тушадиган масаллиқлар талабга жавоб бермайдиган бўлса, таом таомга ўхшамайди.

Жамият қозонида қайнаётган масаллиқлар сифати – бу жамиятни ташкил қилган шахсларнинг кучлилик даражасидир. Агар жамиятнинг асосий қисмини муҳимликка берилган, ўз шубҳа ва қўрқувларидан нарига ўта олмайдиган, ўз ҳаёти учун жавобгарликни ўз қўлига ола билмайдиган ожиз шахслар ташкил қилса – бу қозон шўр таомлар пиширишга маҳкум.

Сиз билан суҳбатларимиз масаллиқлар сифатини оширишга қаратилган – биз кучли шахслар бўлишга интиляпмиз. Токи ўзимизга ҳам, жамиятга ҳам биздан фақат наф келсин. Шахсий ожизлик сабаб жамият қозонидаги таом сифатини бузиб қўймасликка аҳд қилганмиз.

Бизнинг жамиятда, нимагадир, жуда кўпчилик ҳамма масалаларни давлат ҳал қилиши керак деб ўйлайди. Яъни, ошпаз ҳам масаллиқлар сифатини назорат қилиши, ҳам ўт маромда ёнишини кузатиши, ҳам қозоннинг тозалигини таъминлаши керак.

Лекин ошпаз буларнинг ҳаммасини қилишга киришса, ҳамма иш чала қилинади. Чунки битта одам ҳамма ишни сифатли бажаришга улгурмайди. Демак, масъулиятлар тақсимланиши – ҳар ким жамият фаровонлиги учун меҳнатдан ўз улушини ўзига олиши керак.

Бугунги жамиятимизда шахс ва давлат ўртасида сезиларли бўлиниш бор. Одамлар давлатни алоҳида бир механизм, уларнинг иштироки ва иродасидан ташқарида иш кўрувчи тузилма деб билади. Биз бугун давлатдан бегонамиз – ундан қўрқамиз, ундан нари юришга, унинг ишларига аралашмасликка ҳаракат қиламиз.

Кўп ҳолларда шахс давлатни ўзига рақиб деб билади. Чунки жамият манфаатлари билан шахсий манфаатларимиз кўпинча бир-бирига зид келади. Бу жуда самарасиз ва зарарли ҳолат – чунки бунда жамият ўз-ўзига соғлом ривожланишга тўсқинлик қилади.

Мен сизга ҳар бир китоб сўнгида ушбу билимларни кўпчиликка етказишни таклиф қиламан – атрофимизда кучли шахслар қанча кўп бўлса, шунча яхши эканини эслатаман. Мана бугун бунинг ортида қандай мақсад турганини билиб олдингиз. Англаб турганингиздек, алоҳида одамлардаги шахсий ўсиш охир оқибат ижтимоий ўсишга олиб келади. Жамиятимиз кучайиб, соғломлашиб боради.

Мен ҳар ким бахтли яшашга ҳақли эканига ишонаман. Жамият вакиллари қанча хотиржам яшасалар, уларнинг иш самарадорлиги, бир-бирлари билан муносабатлари шунча яхши бўлади. Одамлар қанча бахтли бўлса – жамият шунча яхши яшайди.

Менинг билишимча, бутун жамиятни кучайтириш учун, унинг алоҳида вакилларини кучайтириш керак. Сиз билан суҳбатларимиз ана шу мақсадга қаратилган. Қанчалик натижага эришганимизни маълум муддат ўтгандан кейин биламиз. Лекин китобхонлардан келаётган мактублардан шуни сездимки, ўзгаришлар бошланди. Сиз билан биз ана шу катта ўзгаришлар иштирокчиларимиз.

Ўзликни англаш – оддий инсон сифатида бахтли ҳаёт кечириш учун биттаю битта шарт. Мана шуни уддаласак – марра бизники.

Душанба – Шахсият

Тирик жон

Шахс ва давлат ўртасидаги мураккаб муносабатларни таҳлил қилишга киришишдан аввал, келинг, давлат ўз моҳиятига кўра қандай тузилма эканини англаб олишга уриниб кўрайлик. Бунинг учун хаёлан давлатнинг яралиш тарихига саёҳат қиламиз.

Қадимги аждодларимиз тўдаларга бирлаша бошлаганларида, улар ўзаро аҳил яшаш ва тараққий этиш учун умумий қоидаларни жорий қилганлар. Тўда ичида меҳнат тақсимоти юзага келган ва жамоа яшаб қолиши учун тегишли қоидалар ўрнатилган.

Ҳамма амал қилиши керак бўлган қоидалар жорий қилиниши билан бирга, ана шу умумий қоидаларга бўйсунишни истамайдиганлар пайдо бўлган. Умумий қоидаларга таяниб, бир маромда кечиб бораётган жамоа ҳаётига халал берадиган ҳаракатлар қиладиган бундай аъзоларни тартибга чақириш эҳтиёжи пайдо бўлган. Шунда жамоа орасидан бақувват аъзолар қоидага бўйсунмаганларни куч ишлатиб бўлса ҳам тарбиялашни, тарбия кор келмаса – қоидабузарни жазолаш ёки жамоадан ҳайдашни ўз зиммаларига олганлар. Вақти келиб, бу кучли аъзолар гуруҳи жамоани бошқа қабилалардан ҳимоя қилишга ҳам жавобгар бўлишган. Ички тартиб ва жамоа хавфсизлигини таъминлаганликлари эвазига бу кучлилар гуруҳини бутун жамоа ўз меҳнати ҳисобидан боққан ва кийинтирган. Энг содда кўринишда давлат ана шундай вужудга келган.

Яшаб қолиш учун ички тартиб ва хавфсизликни таъминлаш учун тузилган аскар гуруҳлар – илк давлат одамларидир. Кейинчалик, уларни озиқ-овқат, кийим-бош ва бошпана билан таъминлашга масъул тузилмалар ҳам юзага келган. Жамоанинг йиллик ҳосилидан ва ов ўлжаларидан аскарларга тегишли улушини ажратиб олиш, бу захираларни сақлаш ва аскарларга етказишга жавобгар аъзолар (илк солиқчилар) ҳам ибтидоий давлат ходимларига айланишган.

Шу тарзда давлат тузилмаси аста-секин кенгайиб, мураккаблашиб борган. Жамиятнинг янги ва янги эҳтиёжларини қоплаш учун давлатнинг шу эҳтиёжларга жавобгар бўлимлари шаклланиб борган. Шу билан бирга, у ёки бу соҳани тартибга солиш учун ҳамма учун мажбурий қоидалар – кейинчалик эса қонунлар таъсис этила бошлаган.

Давлатни кўпинча турғун механизмга ўхшатадилар. Яъни, унинг ишлаш тартиби, алоҳида қисмлари ва бу қисмлар учун ҳаракат қоидалари белгилаб қўйилган. Бу қараш давлатни жамиятдан айри ва мустақил иродага эга, ўз қонуни бўйича ҳаракат қилувчи машина деб билади. Унга кўра, давлат алоҳида шахс истак ва иродасини ўзига бўйсундиради ва уни ўз механизмидаги бир парракка айлантиради.

Аммо давлатнинг келиб чиқиши ва ривожланишига қарасак, давлатни ўзгармас механизм сифатида баҳолаб бўлмайди. Агар давлат механизм бўлса – унинг ҳар бир қисми (ҳар бир паррак) бутун тизим билан мутаносиб ишлаши керак. Агар бир қисм ишдан чиқса ёки бир паррак нотўғри томонга айлана бошласа (масалан, давлатнинг ходими бўлган битта шахс ноқонуний иш қила бошласа) – бу бутун механизм фаолиятини издан чиқаради.

Советлар худди шундай «механик» давлат тузилмаси жорий қилишга уринганлар. Улар кучли мафкура ёрдамида ҳар бир шахсни улкан давлат механизмида ўз ўрнига эга «парракча» бўлишга даъват қилганлар. Бу давлат механизми яратилаётган пайтда (ўтган асрнинг 30 40-йилларида) шу тузилмага мос келмаган «парракчалар» бартараф этилган (қатағон қилинган). Жуда катта қурбонлар эвазига шиддатли назорат остида қурилган бу давлат механизми қанчадир муддат самарали ишлаган. Давлат механизмидаги ўз ўрни ва вазифасидан ташқарига чиқмайдиган шахслар меҳнати билан сезиларли иқтисодий ўсишга ҳам эришилган.

Аммо узоқ йиллар давомида бир текис ишлаб келган механизм тепасига Михаил Горбачёв келади ва битта мурватни кескин буради. У йиллар давомида бир томонга айланиб, қотиб бўлган давлат тузилмаси фаолиятини кескин ўзгартирмоқчи бўлади. Натижада эса бутун тизим издан чиқади ва давлат механизми қулайди.

Бу мисол бизга давлат механизм тарзида ишлай олмаслиги, ишласа ҳам – уни қуриш ва таъминлаш ўта катта куч ва манба талаб этишини кўрсатади.

Боб бошида давлатнинг ривожланишини бежиз эволюция деб атамадим. Менинг фикримча, давлат – бу тирик организм. У ҳам яралади, ўсади, ривожланади ва куни келиб нобуд бўлади. Унинг қанчалик узоқ муддат яшаши ва кучли бўлиши у туғилган муҳит, ривожланиш усули ва бошқа давлатлар билан муносабатларига боғлиқ бўлади. Тарих давомида у ҳам, худди тирик жонлар каби, ўзгариб, янги шароитларга мослашиб, янги билимларни ўрганиб борган. Давлат – жамият билан бирга улғайган.

Давлат организми алоҳида шахслар – ҳужайралардан ташкил топган. Ҳар бир ҳужайра ўз ҳаётини таъминлаш билан биргаликда, умумий организм фаолиятига ўз ҳиссасини қўшишни уддалайди. Давлат организмида уни ташқи хавфлардан ҳимоя қиладиган, касалланган ҳужайраларни даволайдиган, бошқа давлатлар билан мулоқот қиладиган, озиқ-овқатни вужуднинг барча қисмларига етказадиган, жисмоний ёки ақлий меҳнат билан шуғулланадиган миллионлаб ҳужайралар бор. Ҳар бир шахс бу организмда ўз қобилияти ва табиий мойиллигига қараб тегишли вазифани бажаради. Агар алоҳида шахс бошқа шахс ёки бутун давлат организми фаолиятига зарар келтирадиган хатти-ҳаракат қилса, бу шахсни тартибга чақирадиган – кескин ҳолда уни жамиятдан узоқлаштирадиган ҳужайралар ҳам бор. Хуллас, давлат – бу ўзини ўзи таъминлай оладиган мукаммалликка яқин борган бир организм.

Албатта, юқоридаги мисолга мос келадиган давлатни топиш қийин. Аммо узоқни кўзлаган давлат ана шундай тузилмани ўзига асос қилиши ва давлатни механизмлаштиришдан нари туриши даркор. Тарихда механизм тамойили асосида қурилган давлатлар охир оқибат кичик ва оддий сабабларга кўра таназзулга юз тутганлар.

Давлатнинг тирик организмга ўхшашлиги ҳақидаги қарашдан яна бир хулоса келиб чиқади: давлат – статик (турғун) тузилма эмас, у доим ўзгариб, янгиланиб, ислоҳ бўлиб боради. Жамиятнинг талабларига кўра янги кўникмалар орттиради, ўзини оқламаган тартибларни бекор қилади ёки янгиларига алиштиради. Ўз-ўзини тинимсиз ислоҳ қилиш – соғлом давлатнинг хислатидир.

Давлат организми алоҳида ҳужайралардан ташкил топган. Яъни, ҳар қандай давлат жамиятни ташкил қилган алоҳида шахслар йиғиндисидир. Шахс ва давлат ўртасидаги муносабатларда шахс бирламчи ўринни эгаллайди. Чунки шахс бўлмаса – давлат ҳам, унга зарурат ҳам мавжуд бўлмайди. Давлат билан олди-бердиларингиз ҳақида ўйлаганда мана шу тамойил ёдингизда бўлсин.

Давлатимиз қанчалик кучли бўлиши, бизнинг манфаатларимизга қанчалик хизмат қилиши ҳар биримизнинг шахсий кучимизга боғлиқ. Биз умумий организмни ташкил қилган ҳужайралармиз. Бу тузилмада ҳар биримизнинг ҳаётий ўрнимиз, ўз вазифамиз бор. Ҳаммамизнинг кичик-кичик ҳиссаларимиз бир бўлиб, давлат ва жамият ҳаётини таъминлайдиган буюк куч юзага келади.

Давлатнинг кучи қуроллари, армияси ёки бойликларида эмас. Ҳар қандай ҳарбий кучни бошқа ҳарбий куч енгиши мумкин. Ҳар қандай кучли иқтисодни битта инқироз синдириши мумкин. Давлатнинг кучи – уни ташкил қилган шахсларнинг кучига боғлиқ. Кучли шахслардан ташкил топган давлатгина чиндан кучлидир.

Бошқарув усуллари

Ҳар қандай давлат ўз вазифаларини бажариш учун, бошқарув кучига – алоҳида шахсларнинг устидан ҳокимиятга эга бўлиши керак. Одамларни ўз измига сола билмаган давлат ўз ишини қила олмайди ва барҳам топади.

Давлат алоҳида шахс иродасини ўзига бўйсундириш учун турлича усуллардан бири ёки бир нечтасини ишлатиши мумкин. Энг примитив ва тез таъсир қилувчи усул – бу қўрқитишдир.

Аввалги суҳбатларимиздан маълумки, қўрқув – энг қадимги ва табиий кучли туйғулардан бири. У бизга яшаб қолишга ёрдам беради. Агар давлат ана шу туйғуни бошқара олса – шахс деярли тўлиғича унинг измида бўлади.

Тарихдаги ҳар қандай ҳарбий қудратга асосланган давлат халқини қўрқув ёрдамида бошқарган. Аввалига душманни қўрқитиш ва енгиш учун яратилган ҳарбий қудрат барча ғанимлар енгилгандан кейин, халқни назоратда сақлашга қаратилади ва бунда қўрқитиш усулидан кенг фойдаланилади. Рим империясининг қудрати – унинг халқни қўрқувда тутадиган ҳарбий кучи бўлган. Шарқда бу усулдан Хитой императорлари усталик билан фойдаланишган. Мўғил хонларининг ҳам асосий бошқарув усули қўрқув бўлган.

Механик давлат тузилмаси асосида қурилган ҳукуматлар ҳам қўрқувни асосий бошқарув қуроли сифатида ишлатадилар. Ўз даврида фашистлар Италия, Испания ва Германияда қўрқув ёрдамида ҳокимиятни тутиб турган. Совет Иттифоқининг ички қудрати кўп жиҳатдан халқни қўрқитишга асосланган. Сталин бошлаб берган бу сиёсат иккинчи жаҳон уриши сабаб ўта ҳарбийлашган улкан мамлакатда мустаҳкам ўрнашган.

Табиийки, бу усулнинг бир яққол хавфи бор: қўрқув билан бошқарилган халқ кучсиз шахслардан ташкил топади, чунки қўрқув ҳукмрон бўлган жамиятда ожиз шахслар етишиб чиқади. Бундай жамият таназзулга юз тутишга маҳкум.

Халқни кучли миллий ғурур ёрдамида ҳам бошқариш мумкин. Фақат бунда миллий ғурур табиий усулда шаклланиши, уни ҳеч ким мажбурлаб халққа ўтказишга уринмаслиги керак. Бу усулдан қадимги юнон шаҳар-давлатлари фойдаланишган. Уларда ҳар бир шаҳар-давлат ўз маданияти, диний удумлари, яшаш тарзи ва, энг асосийси – ўз миллий ғурурига эга бўлган. Айнан ана шу бошқаларга ўхшамаган бўлишдан фахрланиш туйғуси уларни ўз давлатларига ва ҳокимларига содиқ бўлишга ундаган.

Инглизлар билан асрий урушлар сабаб французларда ҳам ўта кучли миллий ғурур шаклланган ва аввалига қироллар, кейинчалик республика ҳукумати халқни назорат қилишда ана шу ғурурдан усталик билан фойдаланган. Кичик немис давлатлари ягона Германия таркибида бирлашганда, ҳукумат сунъий равишда немис миллий ғурурини шакллантиришга зўр берган. Кейинчалик ана шу сунъий миллий ғурур таъсири остида немислар икки жаҳон урушини бошлаб, иккисида ҳам ютқазганлар.

Англаб турганингиздек, миллий ғурур устига қурилган давлат бошқа халқлар билан доимий душманликка, ўзларидан бошқа ҳаммани ғаним деб яшашга маҳкум. Бундай жамиятни ташкил қилган шахсларда миллий муҳимлик жуда юқори бўлади ва бу уларга ўзлари ва бошқалар билан келишиб яшашга халал беради.

Учинчи тур бошқарув эркинлик ёрдамида амалга оширилади. Бу бошқарув усуллари ичида энг ёши ва жуда ақлли ташкил қилинган усулдир. Бунда ҳукумат халқни эркин ташлаб қўйиб бошқаради – шахс ўзини эркин ҳис қилиши учун етарли шароит яратилади ва шу билан шахснинг сергаклиги ўлдирилади. Бундай жамият вакили ўзининг бошқарув остида эканини кўп ҳолларда сезмайди.

Қўшма Штатлар ўз тарихи бошида мана шу усулда барпо қилинган. Америкага кўчиб бориб ўрнашган одамлар асосан Европада қўним топа билмаган, эски дунёдаги бошқарув тизимидан норози тижоратчи ва тадбиркорлар бўлган. Улар янги қитъада кучли асос қуриб олгандан кейин, Европа тазйиғидан батамом мустақил бўлиш истаги билан чиққанлар ва эркинликка асосланган жамият тузишга киришганлар. АҚШ ҳукумати эркинлик воситасида бошқариш усулидан ҳозиргача кенг фойдаланади: оддий америкаликларни «шахсий эркинлик» ёки «шахсий ҳуқуқлар» каби жумлалар ёрдамида деярли ҳар қандай мафкурани қабул қилишга кўндириш мумкин.

Албатта, кўп давлатлар бир нечта бошқарув усулларини уйғунликда ишлатадилар. АҚШ ҳукумати ҳам эркинлик билан бошқаришни миллий ғурур билан кучайтиради. Фашист Германияси сунъий миллий ғурурга асосланган бошқарувни қўрқув билан мустаҳкамлаган. Бугун шундай ёндашув Россия ҳукумати томонидан ишлатилмоқда. Француз давлати эса бошқарувда миллий ғурурни шахсий эркинлик билан бир қаторда ишлатишга уринади.

Бу усулларнинг ҳар бири алоҳида шахслардаги ожизликдан фойдаланиб, уларни назоратда сақлашга қаратилган. Аммо қўрқув, ғурур ёки ҳақпарастлик кучли шахс белгилари эмас. Кучли шахс иродасини қўрқув ёрдамида синдириб бўлмайди, у миллий ёки диний муҳимликка берилмайди, у шахсий эркинлик нисбий бўлишини яхши билади. Яъни, кучли шахслардан ташкил топган жамиятни бошқаришда юқорида таърифланган уч усулдан ҳеч бири самара бермайди.

Шахс ва давлат ўртасидаги муносабатлар барқарор ва соғлом бўлиши учун, улар қўрқувга, бурч ҳисига ёки кўр-кўрона миннатдорлик ҳисига асосланмаслиги керак. Ўз давлатидан қўрққан шахс самарали иш-фаолият олиб борадиган фуқаро бўла олмайди. Давлати ва миллати олдида ўзини бурчли билган шахс ҳам шу бурч юкидан имкон қадар халос бўлишга интилиб яшайди. Давлатига сергакликсиз миннатдор бўлиб яшаган шахс эса юзаки эркинлигининг этагидан тутиб, давлатнинг нотўғри қарорларига ҳам рози бўладиган хавфли фуқарога айланади.

Шахс ва давлат ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланиши лозим. Ўз халқи ишончини йўқотган давлат асосий қудратидан айрилади. Ўз давлати ҳурматини йўқотган шахс давлатни ва бошқа одамларни ўзига душман деб билади. Хўш, қандай қилиб давлат билан ишончли муносабат ўрнатиш мумкин?

Аввало, давлатни биздан алоҳида, бизга бегона бир тузилма деб қабул қилишни тўхтатиш керак. Давлат – бу биз билан бир жамиятда яшаб келаётган бошқа одамлар. Ана шу одамларга ишонч ва ҳурмат билан ёндашишни, улар билан муҳимликка берилмай мулоқотда бўлишни уддалай олсак – давлат билан олди-бердимиз ҳам маромида бўлади. Унутмангки, давлат – бу барчамизнинг умумий истак ва интилишларимиз. Бир-биримизга танлов бериб яшасак – давлат ҳам мустаҳкам ва барҳаёт бўлади.

Энг самарали бошқарув усули – бу одамларга танлаш эркинлигини беришдир. Ҳаётда қайси касб эгаси бўлишни, одамларга қандай наф келтиришни, қандай эътиқодга эргашишни, қайси маълумотга ишониш-ишонмасликни шахслар ўзи танласин. Шунда ҳар ким энг самарали усулда жамиятга фойда келтирадиган бахтли ҳаёт тарзини танлайди.

Албатта, бу усул таърифлангандай ишлаши учун, жамият кучли шахслардан ташкил топган бўлиши зарур. Бунга эса тўғри тарбия ва таълим орқалигина эришиш мумкин. Ҳар қандай кучли жамият пойдевори оиладаги тарбия ва мактабдаги таълимдан бошланади. Фарзандларимизга кучли шахс бўлишга, жамият ҳаёти ва давлат тузилмасида ўз ўрнини топишга, бошқаларга ҳурмат нима экани англай билишга ёрдам берсак – давлат организмини янада кучайтирадиган ҳужайраларни етиштирган бўламиз.

Ўзаро ишонч ва ҳурматдан бошқа қадриятга асосланган шахс-давлат муносабатларида икки томондан бири ёки иккиси мудом азият чекишга маҳкум. Шахснинг азияти – унинг бахтсизлиги бўлса, давлатнинг мағлубияти – унинг ожизлашишидир. Бунда на шахс ютади, на давлат.

Tasuta katkend on lõppenud.

Žanrid ja sildid

Vanusepiirang:
16+
Ilmumiskuupäev Litres'is:
08 november 2018
Objętość:
110 lk 1 illustratsioon
ISBN:
9785449372772
Allalaadimise formaat:
Tekst, helivorming on saadaval
Keskmine hinnang 4,6, põhineb 650 hinnangul
Tekst, helivorming on saadaval
Keskmine hinnang 4,7, põhineb 791 hinnangul
Tekst, helivorming on saadaval
Keskmine hinnang 4,6, põhineb 1575 hinnangul
Tekst
Keskmine hinnang 4,6, põhineb 663 hinnangul
Tekst
Keskmine hinnang 4,8, põhineb 628 hinnangul
Tekst, helivorming on saadaval
Keskmine hinnang 0, põhineb 0 hinnangul
Tekst, helivorming on saadaval
Keskmine hinnang 4,5, põhineb 728 hinnangul
Tekst
Keskmine hinnang 4, põhineb 2 hinnangul