Танланган асарлар

Tekst
Loe katkendit
Märgi loetuks
Kuidas lugeda raamatut pärast ostmist
  • Lugemine ainult LitRes “Loe!”
Šrift:Väiksem АаSuurem Aa

– Вой айланай, овсин… – деб гап бошлади одатдагидек Хадича хола. Тўра уни кўпам ёқтиравермасди. «Бўлди, гапнинг халтаси очилди!» деб тескари ўгирилиб олди. Хола гапида давом этди: – Уруши бор бўлсин, овсин, Ғиёс акага ҳам повиска келибди-я! Кўзининг сувини оқизиб шу кишини ҳам олгандан кейин…

«Ғиёс акага повиска келибди!» Бу гапни эшитиб, Тўранинг юраги шиғ этиб кетди. «Демак, Ғиёс ака кетар экан-да? Пода нима бўлади?» Тўра, «пода нима бўлади?» деганида, Ғиёс ака ўйлаган маънода эмас, бу иш менинг бўйнимга тушиб қолмаса эди, деган маънода ўйлади. Чунки у сентябрда шаҳарга ўқишга кетгунича шу ишдан бир амаллаб бўшаб, бошқа бирор жиддийроқ юмушнинг бошини тутишни кўнглига тугиб юрар эди. Унинг назарида, бу ишда ўсиш қийин. Ундан кейин бу иш билан ном чиқариб ҳам, донг таратиб ҳам бўлмайди!

Катталарнинг бир мажлисида: «Тўра билан Камола Ғиёс акага ёрдам беришсин. Ишнинг катта-кичиги бўлмайди. Бу ҳам халққа хизмат қилишнинг бир йўли», деб қўйишмаганидан кейин ноилож юрган эдида. Нима, иш қуриб қоптими? Колхозда мингта иш: пахта чопиғи, ўт ўриш, акушник ҳайдаш, аравакашлик, тракторчиларга ёрдам… Ҳадемай буғдой ўроғи бошланади. Хирмон, комбайн, дегандек…

Бу фикр уни анчадан бери қитиқлаб юрган эди-ю, лекин уни шу бугун амалга оширмоқчи бўлганида мана бу гап чиқиб қолди. Ғиёс ака кетиб қолса, бу фикрни раисга айтиб бўладими? «Олиб кетишса керак. Бу иккинчи чақириши. Аввалги чақиришганида: «Керак бўлиб қолсангиз ўзимиз чақирамиз», – деб жўнатишган экан.

Тўра бундай хаёлини жамлаб қараса, Хадича хола ҳалиям гапираётган экан:

– Битта ўзи эмас шекилли, айланай овсинжон, Абдусамат тракторчи, иннайкейин ану Нусрат перма, иннайкейин Карим жувозкашнинг ўғли…

– Вой ўлмасам, Фотиманинг ўғли-я?!

– Ҳа, айланай овсинжон…

– У ҳали ёш эмасми? – Салима холанинг қаеридир жиз этиб кетгандай бўлди, бўшашиб ер тандир устига ўтириб қолди. Чунки ўша Карим жувозкашнинг ўғли Тўрадан ё бир, ё икки ёш катта эди. Эридан айрилгани етмагандек, ўғлига ҳам навбат келиб қолганини ўйлаган она бечора ич-ичидан зил кетди. «Тезроқ куз келиб, отам айтган ўша мактабга бора қолса, балки ўқийдиган болани олмасмиди?..» Унинг бу ҳолатини сезмаган «Информбюро хола» ҳамон жаврар эди:

– Вой айланай, овсин, эшитдингмизми? Ану полак бола бор-ку, Прантишка деган. Ўша Прантишкаси тушмагур Зулайҳонинг осиғлиқ турган сузмасини ўғирлаган экан, бирам бобиллаб кўчани бошига кўтардики, асти қўяверасиз. Нима қилсин, шўрлик. Эридан қорахат келганидан бери ўзини қўярга жой тополмай юрибди. Буни қаранг-а, Прантишкани урмоқчи экан, ўғлингиз билан Камола йўлини тўсибди. Вой, шўрим, кейин нима дебди денг? Айланай, овсин, сизга ёлғон менга чин: «Ҳа, юзсиз, битта боланинг онаси бўлай деб қолганингда Тўраминан мол боқиб юргани уялмайсанми!..» дебди-я! Айланай, овсинжон, ўғлингиз ҳам, ёмон кўздан асрасин, туф-туф, сухсурдек йигит бўлиб қолди-да! – деб маъноли қилиб кулди «Информбюро хола».

Тўранинг боши айланиб кетгандай бўлди: «Дарров бутун қишлоқ эшитибди-я! «Информбюро хола» омон бўлса, бутун қишлоқ эшитгани рост!» Кейинги гаплар унинг қулоғига кирмади. Аста ўрнидан туриб, кўчага чиқди. Атрофга қоронғилик тушиб қолибди. Ҳали болаларнинг кўчага чиқадиган маҳали бўлмабди. Салдан кейин болалар кўчага чиқишиб «Оқ теракми, кўк терак», «Ботмон-ботмон» ўйнашар, уларнинг ўйини то оналари кўчага чиқиб ҳовлиларига ҳайдаб кирмагунча давом этаверар эди.

Тўра боши ғовлаб, қаёққа бораётганини ҳам билмас, хаёлида бугунги воқеалар пала-партиш айланар, «Ғиёс бува аскарликка кетса, буёғи нима бўлади?» деган гап унга тинчлик бермас эди.

Бир маҳал, у ўзининг Камолалар эшиги олдида турганини пайқаб қолди, худди ўғирлик устида қўлга тушиб қоладигандай, шоша-пиша орқасига қайтди…

Тўртинчи боб

Ҳамма уй-уйига кириб кетгани учунми, чигирткаларнинг чириллаши-ю, аҳён-аҳёнда итларнинг вовиллашини ҳисобга олмаганда, теварак-атроф жимжит. Тўра ўз хаёллари билан бўлиб уйларига яқинлашиб қолганида кўча эшиги ғийт этиб очилиб, ичкаридан кимдир чиқиб кела бошлади. Тўра уни юришидан таниди: ҳарбийдан яқиндагина ярадор бўлиб қайтган Бойғози чўлоқ. «Бизникида нима қилиб юрибди?»

– Э, бўтам, қайда журсин? – деди у Тўрага яқинлашиб. – Жур, бастиқ шақириб жатир.

– Нимага?!

– Борғанда билесин, марш!

Тўра елкасини қисиб, унинг кетидан эргашди: «Нега чақиради? Нима иши бор экан? Ё… менга ҳам повиска келдимикан? Қанийди келса!»

У шундай хаёллар билан идора олдига етганини ҳам сезмай қолди. Идора деразасидан беш-олти кишининг қораси кўриниб турар эди. «Нимага чақиртирди экан-а?!»

– Киравер, – деб Бойғози чўлоқ оқсоқланганича ичкарига кириб кетди. Тўра унинг кетидан ийманибгина эргашди-ю, эшик олдида қулоқчинини буклаб ушлаганча тик туриб қолди. Худди мактаб директорининг олдида тургандай туюлиб кетди унга.

Ўтирганлар бир муҳим масала устида гаплашаётган бўлишса керак, кирувчиларга аҳамият беришмай, гапларида давом этаверишди.

Ҳали ташқаридан ичкаридаги одамлар озгинадай кўринган эди. Анчагина экан, ҳаммаси раиснинг оғзига тикилиб ўтирибди. Шишасининг синган жойига қоғоз ёпиштириб қўйилган ўртадаги ўнинчи чироқнинг хира нури одамларнинг юзларинигина ёритиб турар, кетма-кет чекилаётган махорка тутуни буралиб-буралиб шифтга ўрлар, сал нарироқдаги одамни дафъатан таниб олиш анча мушкул эди. Бироз кўзи ўргангач, Тўра девор ёнига тақаб қўйилган узун ўриндиқда қатор ўтирган кишиларни таниди: Ғиёс ака, Нусрат ферма, Абдусамат тракторчи, Карим жувозкашнинг ўғли Розиқ… Ҳамма ўйчан, индамай ўтирибди, Розиқнинг кўзлари чақнайди. Қарашларида ўзининг аскарликка чақирилганидан фахрланганнамо бир кайфият бор.

«Демак, Информбюро холанинг гапи тўғри экан, – деди Тўра ичида.– Наҳотки, Ғиёс акани ҳам олишса?! Наҳотки, Розиқни чақиришса-ю, менга индашмаса? Ахир у кечагина кўча чангитиб мен билан бирга ўйнаб юрган бола эди-ку?»

Тўранинг хўрлиги келиб кетди. Розиқни чақиришса-ю, бунга индашмаса! Ораларида ё бир, ё икки ёш фарқ бор, холос. Ё… эҳтимол, буни ҳам чақиришгандир… «Кошки эди шундай бўлса! Борди-ю, унақа бўлмаса-чи? Тағин шу поданинг кетидан чопқиллаб, чанг ютиб юравераманми? Бошқа иш қуриб қолибдими менга? Мана шу гапларимни ҳозир кўпчиликнинг олдида раисга айтсам-чи? Барибир айтаман!..»

Шу гапларни кўнглига тугиб турганда, раиснинг кўзи унга тушиб қолди.

– Ҳа, Абдитўра, келдингми, ўғлим? Бирпас кутиб туратур, – деди-да, энгашиб бош бухгалтерга гап уқтира бошлади. Раиснинг нима ҳақда гапираётгани Тўранинг қулоғига кирмас, мияси турли-туман ўйлар оғушида зирқираб оғрир эди. Бир маҳал у раиснинг ишораси билан Розиқнинг ёнига бориб ўтирди. Хаёлини бир жойга тўплаб, бўлаётган гапларга бундоқ қулоқ солган эди: «Чеканка, сув, беда, ўроқ, чопиқ…» деган узуқ-юлуқ гапларни илғади.

– Омборчига наряд бер: ҳарбийга жўнайдиганларга дон-дундан ёрдам қилсин, – деди раис товушини бир баҳя кўтариб. – Қанчадан берамиз?

– Ўн килодан бўлса, етар…

– Беш килодан! – деди раис қатъий. – Етади. Ҳали далада ишлаётганларнинг иссиқ овқатлари бор. Уруш бўлаётган жойлардан кўчиб келаётган оилалар бор… Нима дединглар?

Ҳеч ким чурқ этмади.

– Бўлмаса гап шу. Ҳа, айтгандай, Бойғози, кўчиб келаётганларга жой нима бўлди?

– Бўлди, оқсоқол.

– Қаердан?

– Биреви Ғиёс оғанинг уйине ўрнасатин бўлди. Экиншиси Маҳкамбой устанинг кўрасина… Босқасина тағин бир жой табармиз.

– Топармиз эмас, топиш керак. Индинга олиб келамиз, – раис гапни тугатиб Тўрага бурилди. – Энди гап бундай, ўғлим. Ғиёс акангни ҳарбийга чақиришибди. Подани ўзларинг эплаб турасизлар. – Тўра, «ана, айтмадимми», дегандай бир қимтиниб олди. «Бояги ўйлаб қўйган гапларимни айтсаммикан», деган ўйда бир оғиз жуфтлаб ҳам кўрди, лекин бўлмади, индаёлмади. Раис ҳамон унинг оғзига қараб, жим турарди. Тўрадан садо чиқмагач, гапида давом этди: – Иккалангга қийин бўлар, тағин ёнларингга битта-яримта бола топиб берармиз…

– Энди бундан буёғига қийин бўлади, – деди Ғиёс ака. У бу гапни қийналиб, бўлиб-бўлиб айтди. Тўра буни сезди, қаеридир жиз этиб кетди. – Шундай қилмасангиз бўлмас…

– Кимни ажратсак экан? – деб раис ўтирганларга савол назари билан қаради.

Ғиёс ака ўйлаб қўйган гапини айтишнинг мавриди энди келганини пайқаб, «энди…» деб гап бошлади-ю, буёғини айтолмай чайналиб, мўйловини силади.

– Айтавер, – деди раис далда бериб.

– Шу… Ҳалиги Прантишка бор-у, ўша болани отаси билан бир гаплашиб кўрсангиз қандоқ бўларкан?

У боя подадан келаётганида анави Афанасенко бобонинг Сергей деган ўғлини мўлжаллаб қўйган, бу фикридан ўзи ҳам хурсанд бўлиб кетиб, уни қачон раисга айтгунча шошилган, орада Франтишек можароси чиқиб қолиб, бу гапини айта олмаган эди. Сергейнинг ўрнига Франтишекни айтаётганининг сабаби ҳам бор. Буни ҳамма тушунмаса ҳам раис тушунди.

Одамларнинг эсларига Франтишек билан Зулайҳо хола ўртасидаги можаро тушдими, жим бўлиб қолишди. Бир маҳал Бойғози чўлоқ луқма ташлаб:

– Замешателний пикр, – деди хурсанд бўлиб. Аммо гапининг охирини ҳазилга айлантириб юборди: – Ўзингиз бўлганда ўрисшалаб жўлға солатин эдингиз-а, Мужиганский оға.

Гур этиб кулги кўтарилди.

– Бу бор бўлгурга бир гап айтсанг ҳазилга олади, – деб гина қилди Ғиёс ака. – Мен ўрисчада сендан ўтолмайман.

Раис кулгидан ўзини аранг тўхтатиб, жиддий гап бошлади:

– Абдиғиёснинг гапида жон бор, – деди у салмоқ билан. Одамлар жим бўлиб қолишди. – Полаклар битта хонадон, ўрислар учта, украинлар битта. Ҳаммасида ҳам жўжабирдек жон. Битта товуққа ҳам сув керак, ҳам дон деганларидак… кўчиб келаётганларни-ку, билмаймиз, ўрисларми, украинларми, полакларми?.. Йўлини қилиб, уларни ҳам енгил-елпи ишларга тортишимиз керак. Бўлмаса зерикиб қолишади. Шундай қилсак, бугунгидақа хижолатпазликлар ҳам бўлмайди. – Раис бир янгилик айтаётгандай, идорада ўтирганлар унинг оғзига тикилишиб турар, афтидан, унинг гапи ҳаммага маъқул бўлаётган эди. Раис буни одамларнинг юзларидан уқиб, гапида давом этди: – Кўчиб кел-ганлар бошқа колхозларга ҳам тақсимланган. Билишимиз керак, улар нима иш билан шуғулланишяпти экан? Ҳарҳолда, қараб ўтирмагандир-ов!

 

– Жуда тўғри! – деди Ғиёс ака ўзининг таклифи маъқулланганидан хурсанд бўлиб. – Прантишка ё ўн учда, ё ўн тўртда. Камол билан Тўрага озгина бўлса ҳам ёрдам қилади-ку, эш бўлади-ку. Отаси қоровуллик қилса ҳам…

– Ҳунармандмиш, – гапга аралашди Розиқ.

– Қанақа ҳунар?

– Ҳунардақа ҳунар-да… Лампа шиша қиладиган…

– Қаёқдан билдинг?

– Билганим йўқ, кўрдим, – деди Розиқ бўйнини чўзиб. – Шишадан қиларкан. Биттасини ярим кило жўхорига… Ойим ҳам биттасини олибди. Туппа-тузук…

– Ие, қизиғу?

– Апанас чол патинка тикар экан…

– Ана, – деди раис қувониб. – Ишдан чиққан нўхта, айил, бўйинчаларимизни тикиб берса ҳам ҳарна-да. Ҳам ўзи овунади, ҳам меҳнат ҳақи олади. Иннайкейин, буларни бир амаллаб пишиқчиликка илинтиришимиз керак, уларни бизга ҳукумат ишониб юборган. Бундан кейин озиқ-овқатини ҳам, тирикчилигини ҳам ўйлашимиз лозим.

Гап шу ерга келиб тақалганда одамларнинг унлари ичларига тушиб кетди… Йўғон чўзилиб, ингичка узилай деб турган пайт. Колхоз омборидаги бор дон-дун фронтга жўнатилган.

Ҳеч кимдан садо чиқмагач, раис аста ўрнидан туриб, суҳбатга якун ясаб қўя қолди:

– Ҳа, майли, ўйлашиб кўрармиз, бир иложини қилармиз. Абдитўра, бўлмаса эртага Прантишкани ёнларингга олинглар. – Тўра ҳайрон бўлгандай ерга қаради. Раис уни тушунди. – Қандай қилиб кўндираман, демоқчисан-да, а? Ундай бўлса… – У мўйловини силаб ўйлаб турди-да, товушини бир баҳя кўтарди, – бошқаларга жавоб. Бойғози, Тўра, иккаланг қол.

Ҳамма гур этиб ўрнидан турди.

– Энди гап бундай, – деди раис бошқалар чиқиб кетгач, Тўра билан Бойғозига. – Агар хўп десаларинг, ўша кўчиб келганларнинг уйларига бориб хабар оламиз, гаплашамиз. Сен ўрисчага устасан, Бойғози, гаплашасан. Бир йўла Абдитўранинг ишини ҳам битирамиз. Бўптими?

– Бўпти?

– Қани, кетдик бўлмаса. Чироқни ўчир.

Уччалови олдинма-кейин ташқарига чиқишди. Кўзлари чироққа ўрганиб қолганиданми ё ҳали ой чиқмаганиданми, кун анча қоронғи эди. Олдинда раис, ўртада Тўра, орқада Бойғози – таёғини тақ-тақ босиб келарди. У аскарликдан яқинда, чап оёғидан яраланиб келган. Унинг отаси колхозда машҳур чўпон, донгдор овчи. Ирскелди овчи деса шу атрофдагиларнинг ҳаммаси танийди. Илгари у отасига ёрдамчи чўпон эди. Қайтиб келгач, бошқармага секретар қилиб тайинланди. Ўзи хушчақчақ, ҳазил-мутойибага суяги йўқ. Аскарликка бориб унча-мунча русча гапиришни ўрганиб, ўзининг кундалик оддий гапларига ҳам беихтиёр русча қўшиб гапирадиган бўлиб келди. Баъзан русчани бузиб, ўзининг тилига мослаб, «ч»ни «ш» деб талаффуз қилишлари ярашиб туради. Шаҳардан узоқ, чекка қишлоқ учун шу ҳам катта гап. Ҳозир раис уни бу ёққа бошлаб келаётгани ҳам шу русчани билиши туфайли эди.

Эски ҳаммомга яқинлашиб қолишганида раис орқасига ўгирилди:

– Полакникидан бошлаймизми?

– Серовна, – деди Бойғози.

– Қизиталоқнинг боласи, яқинлашганингданоқ ўрисчалай бошладингми? – деди раис кулиб. Тўра билан Бойғози мириқиб кулишди. – Қайси эшик? Қани, бошла!

Бойғози олдинга ўтиб, қоронғироқ бурчакдаги эшикни таёғи билан тақ-тақ урди. «Ҳарқалай, ўрисларнинг элини кўрганда, бу қизиталоқ, тақиллатди. Биз бўлсак тўғри кириб бораверамиз», дея кўнглидан ўтказди раис. Бойғози иккинчи бор тақиллатганда қўрқув аралаш бир хастароқ товуш чиқди:

– Кто?

– Пан Дворжек, биз… – деди Бойғози овозини кўтариброқ.

Ичкарида кимдир ғудранди, унга қандайдир аёл товуши қўшилди. Уларнинг нима деяётганини тушуниб бўлмас эди. Бироздан сўнг эшик қия очилиб, кимдир мўралади.

– Пан Дворжек, очинг, бу бизмиз…

Эшик сал очилиб, пан Дворжекнинг тепакал боши кўринди. У эшик олдида турганларни таниди шекилли, ташқарига чиқди. Эгнида ранги билинмай кетган кўйлак, ўмизи кенг ўйилган ихчамгина нимча. Орқаси қора селондан экан, ичкаридан тушиб турган чироқ шуъласидан йилтиллаб кетди. Шу маҳалда буларнинг келишини кутмаганиданми ё ўғлим Франтишекнинг бугунги ғалваси туфайли келишди», деб ўйладими, негадир ҳаяжонда, қайта-қайта эгилиб ёлворгандай: «Пане, пане», дер, уларнинг юзларига шубҳа билан жавдираб қарар эди.

Пан Дворжек эшик олдида турганларнинг юз ифодаларидан, қарашларидан шубҳаланишга арзийдиган бирорта аломат тополмади, кўнгли сал ўрнига тушгандай бўлди.

– Как поживаем? – деди Бойғози жилмайиб.

Пан Дворжекнинг рангсиз, серсоқол юзига ҳам табассум қўнди.

– Пасибо… – деди чўзиб. Сўнг таъзим билан ичкарига таклиф қилди, – прошен, пане…

Бойғозилар ичкарига киришлари билан димоғларига қандайдир бир ёқимсиз ҳид гуп этиб урилди. Дарҳол раиснинг кўнглидан: «Шундай иссиқ ҳавода уйга тиқилиб ўтиришгани нимаси? Ҳавоси бузилиб кетибди– ку!» – деган гап ўтди.

Ўртада еттинчи чироқ порлаб ёниб турар, хона ичи анча ёруғ, бир чеккада қора декча вақиллаб қайнар, ундан кўтарилган қандайдир шўртанг ҳид ва буғ хона ичини тутиб кетган эди. Раис зимдан хо-надаги одамларга разм солди: тўрда, похол устида қоқсуяк бўлиб қолган, афтидан етмишларни уриб қўйган кампир бужмайиб ўтирар, унинг ўнг биқинида чамаси ўн етти-ўн саккизлардаги оқи оқига, қизили қизилига ажраб, балоғатга етиб қолган бир қиз: қошлари камондай… сочлари калта қирқилган, орқаси билан бир бўлиб ёйилиб ётибди. Қоши, кўзи, сочи қоп-қора… Ҳайт десанг, учиб кетай деб турган оҳудай ҳуркак назар билан тикилиб турибди. Ўртада ранги заҳил, аммо ҳали анча чайир (афтидан пан Дворжекнинг хотини), ўрта яшар аёл қайсарона боқиб, тик турибди. Франтишек, қўрқиб кетганидан бўлса керак, онасининг пинжига тиқилиб олган, кўзлари олазарак.

«Тагларига битта шолча керак экан. Ер зах, похолда ётиш қийин, – деди раис ичида. – Уй анжомлари ҳам ҳаминқадар экан…»

Эшикдан кираверишда, декча қайнаётган бурчакда турган оппоққина, сирти гулдор тоғорачани, анави ёниб турган еттинчи чироқни, хўш, токчада турган иккита чамадонни демаса, бу уйда нима бор арзигулик? Ҳеч нарса олиб келолмабди, шўрликлар. Нимани ҳам олиб келсин. Дунё кўринганми кўзларига, жонларини асраб, шундоқ келаверишган-да! Ҳеч кимнинг бошига тушмасин бу савдо!

Раис хаёлидан фориғ бўлиб бундай қараса, Бойғозининг кўзлари худди ўлжа кўрган бургутнинг кўзларидай ёниб, ҳалиги кампирнинг ёнида ўтирган қизга тикилиб турибди. Қўйиб берса еб қўйгудай. У Тўрага айёрона кўз қисиб: «Нармално!» деб қўйди. Раис буни сезиб, аста томоғини қирди. Бойғози ўзига келиб, раисга қараган эди, раис кўзларини шундай олайтирдики, Бойғози нигоҳини яширолмай қолди.

Пан Дворжек тахтадан ясалган узун курсини кираверишдаги дераза тагига қўйиб, меҳмонларни ўтиришга таклиф қилди:

– Прошен, пане…

Улар олдинма-кетин курсига қатор ўтиришди.

Пан Дворжек тўрда ўтирган қоқсуяк кампирга ишора қилиб:

– Матка, – деди. Сўнг унинг ёнидаги ҳуркак назар ташлаб турган қизни кўрсатди. – Дочурка… Кристина…

Пан Дворжек меҳмонларга оила аъзоларини таништираётган эди.

– Пани Колосовская, Раила. Малижаж… Супруга, – деди ўртада ҳамон қайсар боқиб турган аёлга қараб. Аёл сал жилмайиб, ярим таъзим қилди.

Пан Дворжек лозим кўрмадими ё бугунги хижолатпазликни эслатмаслик учунми, Франтишек ҳақида лом-мим демади, таништирмади.

Ҳалиги ўзининг беадаблигини раиснинг кўнглидан чиқариш учун бўлса керак. Бойғози бурчакда қатор турган шишаларга имо қилиб:

– Пан Дворжек… – «Сиз ичасизми?» дегандай томоғига чертди. Пан Дворжек дарҳол тушуниб илжайди, сўнг шишалардан бирини қўлига олди. Шиша бўм-бўш эди, уни айлантириб кўрсатиб, тушунтира бошлади:

– Штекло… – Кейин чироққа ишора қилди. – Лампа…

Раис билан Тўра ҳайрон бўлиб турардилар.

Пан Дворжек, буларга тушунтиролмадим шекилли, деб ўйлаб чўнтагидан бир қатим каноп олиб, шишанинг тагини бир текисда тортиб боғлади, сўнг даҳлизга чиқиб бир шиша керосин олиб кирди. Чўпга озгина пахта ўраб керосинли шишага ботирди-да, ҳалиги шиша сиртидан боғланган канопга айлантириб текказди. Каноп керосинни сўриб олди.

Бойғозилар нима бўлар экан, деб диққат билан тикилиб туришар эди.

– Шпишки? – деди пан Дворжек атрофга аланглаб.

Бойғози чўнтагини кавлаб чақмоқтош ва пилик олди.

– Не, – деди пан Дворжек бошини чайқаб. Сўнг бир парча қуруқ қоғоз топиб, қайнаб турган декча тагига тиқиб ёндирди-да, шиша атрофидаги керосин сингдирилган канопга яқинлаштирди. Каноп лоп этиб, айланиб ёна бошлади. Пан Дворжек шишани учидан ушлаб авайлаб айлантириб турарди. Бир маҳал шиша чирс этди-ю, таги синиб ерга тушди, Пан Дворжек шишани олиб келиб ҳалигиларга кўрсатди. Олмос ҳам бунақа силлиқ, текис қилиб кесолмас. Кейин пан Дворжек токчадан алланарса олди. Ҳалиги шиша кенглигига мослаштириб кесилган тунука кампарак экан. Ёниб турган чироғини олди-ю, махсус мослама кампаракни чироқ кампараги сиртидан жойлаб, устидан ҳалиги шишани қўйди. Чироқ бинойидек ёнар эди. «Розиқнинг гапида жон бор экан, – деб ўйлади раис. – Нима қилсин бечора, сабаби тирикчилик-да!»

– Вот, лампа… – деди пан Дворжек юзига табассум югуриб. Чироқ ёруғида сийрак тишлари орасидан қип-қизил тили кўриниб кетди.

– Дуруст, – деди раис ажабланиб. – Илгари ўз элида нима иш қилар экан? Сўрагин-чи, Бойғози?

Бойғози бу саволни бир амаллаб тушунтирган бўлди. Пан Дворжекнинг юзидаги табассум сўнди. У оғир тин олиб:

– Тоже.. штекло… – деди. – Кракове, город Кракове. Хороший болшой город… Жнайте?

Бойғози елкасини қисди. Пан Дворжек лабларини тишлаб, ачинганнамо бошини чайқади. Раис ўртада порлаб турган еттинчи чироқнинг сал қийшиқроқ, аммо йилтиллаб турган тиниқ шишасига ишора қилиб, Бойғозидан сўради:

– Ўзи қилганмикан?

Пан Дворжек бу саволни ўзича тахмин билан тушунди.

– А, да, шам, шам… – деб кўрсаткич бармоғи билан кўксига нуқиди.

– Бўлмаса, – деди раис юзларида қувонч порлаб. – Мана шундай шишалар қилиб бериб турсин одамларимизга…

Бойғози бир амаллаб имо-ишоралар билан раиснинг фикрини унга тушунтирган эди, пан Дворжек афсус билан бошини чайқади.

– Удоволштвием, но… нет кварс… Ну, ну пешки, пешок… – деб энгашиб ердан бир сиқим тупроқ олиб кўрсатди. Улар пан Дворжекнинг «қилардиму, бироқ қум йўқ-да», деган фикрини тахминан тушунишди.

– Песок много, вон туда… – деб Кўктепа томонга ишора қилди Бойғози.

– Не, – деб бошини чайқади пан Дворжек. – Не такой… Шпетшалний пешок… Кварс…

Бойғози ўртада порлаб турган чироқнинг шишасини кўрсатди:

– Это из чево делал?

– Пробирка…

– Какой?

– Штеклянний…

Бойғози ҳамма гапни раисга тушунтирди: пан Дворжекнинг айтишича, бир хил шишаларни эритиб, ҳар хил шаклдаги буюмларни ясаса бўлар экан. Масалан, лабораториялардаги колбалар, пробиркалар, найчалар ясалган шишалардан. Улар озгина олов яллиғида ҳам эрир, кейин хамирга ўхшаб ийланар, қолипга солиб, мис найчада пуфлаб, истаган шаклга келтирса бўлар экан.

– Мактабнинг кимё кабинетида синган, ярамай қолган шишалар кўп-ку, – деди Тўрага жон кириб. – Шуларни йиғиб келсак-чи?

Бойғози Тўранинг гапини пан Дворжекка тушунтирган эди, унинг чиройи очилиб кетди.

– Добре, жделаю…

Суҳбат тобора қизиб бораётганини, бу одамларнинг ёмон ниятда келишмаганини ҳис этган кампир, унинг ёнида ўтирган дўмбоққина қиз, ўртада индамай турган аёл ва Франтишекнинг чеҳралари анча очилган, ўзларини боягидан эркинроқ тута бошлаган эдилар. Бойғози ўқтин-ўқтин гап орасида ҳалиги оппоққина қизга ўғринча назар ташлаб қўяр, қиз эса буни сезиб қимтинар, тор ва калта юбкасини тез-тез пастга тортиб, очилиб турган оппоққина бўлиқ болдирларини, сонларини яширишга ҳаракат қилар эди. Қизнинг бу аҳволига Тўранинг ҳам кўзи тушиб қолди-ю, аллақаери жиз этиб кетгандай бўлди. Гўё бир айб иш қилиб қўйгандай, дарров нигоҳини ундан олди. У қизларни ҳеч ҳам бунақа аҳволда кўрмаган эди-да! Қишлоқдаги қизлар бунақа ўтиришмайди. Шу сабаб бўлдими, нега эканини ўзи ҳам билмайди, унинг кўз олдидан Камоланинг сув бўйидаги бугунги қиёфаси лип этиб ўтди…

– Завтра, он принесёт, – деди Бойғози пан Дворжекка.

– Добре…

– Прантишкани гаплаш энди, – деди раис муддаога келиб. – Тўрага эш бўлармикан?

Бойғози тағин турли-туман ҳаракатлар билан раиснинг гапини пан Дворжекка тушунтира бошлади. Пан Дворжек бу гапга тушундими ё тушунишни истамадими, ҳаяжон ва шубҳа тўла кўзлари билан оила аъзоларига бир-бир қараб чиқди. Улардан садо бўлмади. Кейин у Бойғозига қараб елкасини қисди. Индамади.

– Майли, рози бўлмаса қистама, – деди раис.

Пан Дворжек уларнинг гапини, ниятларини яхши тушунмади чоғи, бир раиснинг, бир Бойғозининг оғзига тикилар эди.

– Ладно. Хайр, – деди Бойғози.

Раис бошини эгиб, унга миннатдорчилик билдирган бўлди.

Улар чиқиб кетишди. Пан Дворжек ҳайрон бўлганича қолаверди.

Ташқарига чиқиб, бироз юришгач, раис Бойғозига ўшқирди:

– Қизиталоқнинг боласи, аҳволи мушкул демайсан.

Бойғози шошиб қолди. Гапни бошқа томонга буришга ҳаракат қилди:

– Ўй-бой, оқсоқол-ов, қизини эмас, мен анав буришта турған тағарасин унатиб қолдим. Қурттова қуювға дурис экен, сотса олар эдим.

 

Раиснинг баттар жаҳли чиқди.

– Мендан сенларга насиҳат шу! – деди товушини кўтариб. – Бўлинган элдан буюм олманглар. Ўзларинг ҳам бўлинасанлар! Тушунарлими?

– Тусиникти, оқсоқол.

– Тушунган бўлсанг гап шу! – деди у олдинга тушиб. – Қани, Апанасникига бошла! Прантишкани кўндиролмадик чоғи, Сергийни гаплашамиз…

Афанасенко бобо билан гаплашиш пан Дворжекка қараганда анча осон ва енгил кўчди. Хуллас, Сергей эртага Тўра билан бирга подага чиқишга рози бўлгач, улар кеч хуфтонда уй-уйларига тарқалишди…