Танланган асарлар

Tekst
Loe katkendit
Märgi loetuks
Kuidas lugeda raamatut pärast ostmist
  • Lugemine ainult LitRes “Loe!”
Šrift:Väiksem АаSuurem Aa

Қорхат

Эрталаб туриб ҳовлига чиқсак, лайлакқор ёғаётган экан. Худди оққушнинг патига ўхшаб тўзғиб тушяпти. Ер-у кўк оппоқ қор. Боссанг, оёғинг тиззаларинггача ботиб кетади. Худди момиқ пахтадай! Мен бўсағадан авайлаб ташқарига қадам қўйдим. Асет бўлса мендан илгари чиқиб кетган. Бостирманинг устунига осиб қўйилган умивальникдан сув оқизиб юзини ювяпти. Сув, албатта, муздай бўлса керак. Бирдан танам жунжикиб кетди. На илож? Ўзимизнинг уйда эркалик қилсам, ярашади. Бу ерда меҳмонман. Авайлаб Асетнинг изидан бир-бир босиб унинг олдига бордим. У ювиниб бўлиб, артина бошлади.

– Ювин. Ҳозир сочиқ олиб чиқиб бераман.

Асет уйга кириб кетди. Мен аввал қўлларимнинг учини, кейин юзимни тез-тез ювиб, уйга кириб кетаётганимда олдимдан Асет сочиқ олиб чиқиб қолди. Бўсағада туриб дийдираб артина бошладим.

– Ҳа, совуқми?

– Ҳовва.

– Бўлмаса кийиниб чиқ. Ҳозир исинамиз.

– Қандай қилиб?

– Кийиниб чиқ, кўрасан.

Уйга кириб пальтони, қулоқчинимни кийиб чиқсам, Асет ҳовлининг ўртасида катта фанер тахтадан қилинган ёғоч куракни ушлаб тиржайиб турибди. Чиқишим билан қўлимга тутқазди.

– Ма, ушла. Мен ҳозир Бойтемирларникини олиб келаман. Икковлашиб чой қайнагунча кураймиз.

Олдим. Бирпасда Асет Бойтемирларникидан катта курак олиб келди. Аввалига мен қор кураш қийин бўлади, деб юргандим. Уйда бундай ишларни қилмасдим-да. Йўқ янги ёққан замони куралса, унча оғир бўлмас экан. Бирпасда ҳовлининг қорини хирмондаги оппоқ пахтага ўхшатиб бир четга уйиб ташладик. Совуқ қаёққа кетганини билмай қолдик ўзимиз ҳам. Терлаб кетдик. Ҳаммадан ҳам Асетнинг бувиси ишимиздан хурсанд.

– Бўталоқларимдан айланай. Қани, чойга кира қолинглар.

Бугун чой жуда ҳам ширин бўлиб кетибди. Ичган сайин ичгинг келади. Билмадим, сут қўшилгани учунми ё аввал иш қилиб, кейин овқат ейилса ширин бўлади, дерди дадам, шунгами, билмадим, ишқилиб, жуда ширин.

– Буви, дадам қанилар? – сўраб қолди чой ҳўплаётиб Асет.

– Даданг шўрлик эрталаб туриб, чой ҳам ичмасдан кетди, – деди кампир ўғлига ачиниб. – Анави Қалли отанг келиб олиб кетди.

Мен ялт этиб Асетга қарадим.

– Қалли ота дедингизми? – деб сўради Асет ҳайрон бўлиб.

– Ова. Денгизда бир балиқчи қаттиқ шикастланган кўринади.

Буни қаранг энди. Қидириб юрган одамим ўз оёғи билан келса-ю, бизлар донг қотиб ухлаб ётсак. Гаплаша олмаганимда ҳам, кўриб олардим-ку, ахир, ҳеч бўлмаганда. Э…

Нариги уйдан Асетнинг синглиси бувисини чақириб қолди. Кампир ўша ёққа кириб кетганда Асет менга қараб:

– Мажлисда гапирадиган гапингни ёзиб олдингми? – деди.

– Ҳовва. Ўқиб берайми?

– Ишонаман. Шоирсан-ку, қотирган бўлсанг керак, – деди у жилмайиб. – Қани, ич чойингни. Вақт бўлиб қолди. Кетамиз.

Чойимни наридан бери ичиб бўлиб, кийиндим. Негадир юрагим ҳаприқиб, дук-дук ура бошлади. Кўпчилик олдида гапириш осон эмасда, ахир. Менинг ўрнимда ўзингиз бўлганингизда ҳам худди шундай аҳволга тушардингиз.

Ҳовлига чиқдик. Қор боягидан сал тўхтай дегандек, учқунлаб турибди. Шарфимни бўйнимга яхшилаб ўраб, қулоқчинимни бостириб кийиб олдим. Аста қўйин чўнтагимга қўл солиб, ёзган нарсамни ушлаб кўрдим. Чўғ ушлаб олгандай, юрагим дукиллаб уриб кетди. Нима бўлса бўлар, деб Асетнинг орқасидан эргашдим… Мактабга ҳали йўл очилмаган. Фақат уч-тўрт из тушибди. Катталарникими, болаларникими – ажратиб бўлмасди. Олдинма-кетин келяпмиз. Қор учқунлаб турибди. Болалар сирғанадиган тепалик ёнидан ўтиб келаётганимизда аллаким орқамга пақ этказиб урса бўладими! Қайрилиб қарайман дегунча бўлмай, Асет иккаламиз қорбўрон остида қолдик. Нарироқда, ариқ ичида бир-иккита бола қор юмалоқлаб бизларни кўз очдирмай кетма-кет урар, ўзлари эса қотиб-қотиб кулишарди. Дарров танидик. Улар Бойтемир, Сейт, Сафаргуллар эди. Бизлар ҳам ишга тушиб кетдик. То мактабга етгунча бир-биримизни роса қорбўрон қилдик.

Мактабга яқинлашганда уст-бошларимизни қоқиб, ҳаммамиз бир жойга тўпландик. Сафаргул негадир кўзлари ёниб қиқир-қиқир куларди. Икки кундан бери разм соламан. Тавба, худди Маҳфузанинг ўзгинаси. Иши ҳам, шўхлиги ҳам, тегажаклиги ҳам. Бу ҳам Маҳфузага ўхшаб айтганини қилдирмай қўймас экан. Вой маҳмадона-ей! Анави Сейт-чи, у ҳам худди бизнинг Самад қувнинг ўзгинаси. Буларнинг башаралари ўхшамайди-ку, бироқ қилган ишлари, қилиқлари, вазифаларида жуда ўхшашлик бор. Қизиқ, одам одамга ўхшайверар экан!

Сафаргул билан Сейт аста олдимга келди, Сейт негадир нуқул жилмаярди.

– Сиздан бир нарса сўрасак майлими? – деди Сафаргул қиқир-қиқир кулиб.

– Майли, – дедим. Нимани сўрар экан, деб ҳайрон бўлиб турибман. Ёнимга Асет ҳам яқинлашди.

– Қорхатни қўлга бериш керакми ё чўнтакка солиб кетса ҳам бўлаверадими?

– Қўлга бериш керак. Нимайди?

– Йўқ, ўзим… – деб тағин кулди Сафаргул.

– Нима гап ўзи? – деб сўради Асет.

– Нима бўларди, – деди Сейт жиддий. – Биттаси Сафаргулнинг чўнтагига хат солиб кетибди.

– Қанақа хат?!

– Қанақа хат бўларди, қорхат-да!

– Ким? – деди Асет.

– Олтинчининг болалари.

– Улар қаёқдан билибди?

– Кеча ўзимиз ўргатгандик, – деди Сейт.

– Қани, нима деб ёзибди? – деди Асет қизиқиб.

– Бу сир.

– Нимаси сир? Қани, кўрайлик-чи? – деб ялина бошлади Асет.

– Бер, ўқисин, – деди Сейт.

– Йўқ, хат менга ёзилган. Бермайман, – деб туриб олди Сафаргул.

У Асетни роса ялинтирди. Мен ҳам хатни кўргим келарди. Бироқ Асетга бермаган хатни менга берармиди?

Бирдан қўнғироқ чалиниб қолди. Ҳаммамиз ичкарига кирдик. Пальтоларимизни ечиб, залга ўтдик. Зал тўла бола. Қий-чув. Бирини бири қувлашган, қийқиришган… Асет ҳали ҳам Сафаргулга ялиниб хатни ололмай юрибди. Бир маҳал залда бир овоз дўриллаб эшитилди:

– Ҳамма клубга!

Ўқитувчи бўлса керак. У шундай деди-ю, ўқитувчилар хонасига кириб кетди. Болалар залга қараб ёпирилишди. Бизлар сал кейинроқ кирдик. Эшик олдида Сафаргул Асетни туртиб, қўлига хатни берди.

– Ма. Бермасам хафа бўласан шекилли. Чўнтагингга солиб қўй, кейин ўқийсан.

– Раҳмат.

Асет хатни чўнтагига солди. Сейт менга қараб кўзини қисиб қўйди. Мен уни, ҳали Қалли отанинг олдига чиқиб гапирганда дадил бўл, шошилмасдан гапир, деяпти деб тушундим.

– Юр, Сафаргул, бирга ўтирамиз, – деди Асет.

– Раҳмат, менга қизлар жой олиб қўйишибди, – деди Сафаргул кулиб. Сейт билан Бойтемир ҳам негадир чопиб орқага ўтиб кетишди. Асет иккаламиз ўнг томондаги бўш жойга бориб ўтиришимиз билан болалар ўринларидан гурр этиб туришди. Эшикдан уч-тўртта киши кириб, тўрга чиқа бошлади. Менинг икки кўзим уларда. Уларнинг орасида чол кўринмасди. Ҳайрон бўлиб Асетдан сўрадим:

– Қалли ота қани?

– Шошма, келиб қолар.

Сочларига оқ оралаб қолган, гавдали бир қора киши ўрнидан турди. Асет мен томонга энгашиб аста шивирлади:

– Илмий мудиримиз.

Илмий мудир томоғини қириб гап бошлади:

– Болалар! Бугун сизлар машҳур балиқчи, Қаҳрамон Қалли ота Шомуродов билан учрашишингиз керак эди. Афсуски, Қалли ота сизларнинг бу йиғинингизга келолмади.

Бирдан залда шивир-шивир бошланди. Орқадан бир-иккита бола савол ҳам берди:

– Нега?

– Нима учун келмапти?

– Сабр, сабр қилинглар, – илмий мудир қўлини кўтарди. – Болалар, кеча кечаси Қалли отанинг бригадасидаги балиқчилардан бирининг оёғига денгизда ов қилиб юрган маҳалда муз тушиб кетиб, қаттиқ шикастланибди. Қалли ота ўша яраланган балиқчини докторга олиб кетибди. Тушундиларингми?

– Тушундик.

– Тушунган бўлсаларинг гап шу. Энди, мана бу етакчи акаларинг сизлар билан навбатдаги бошқа машғулотни ўтказиб туради. Қалли ота билан кейинроқ учрашасизлар. Хўпми?

– Хўп! – чувиллашди болалар.

Шу гапдан кейин илмий мудир ҳалиги етакчи йигитга энгашиб нималардир деди-да, аста оёғининг учида юриб ташқарига чиқиб кетди. Энди менинг қулоғимга сира ҳам гап кирмас эди. Чунки кечаси билан тайёрлаган гапларим бекор бўлган эди. Энди қачон ўрни келади-ю, Қалли ота билан қачон танишаман? Мана, ҳаш-паш дегунча каникулимнинг уч куни ўтиб кетди. Бу аҳволда ишим пачава бўладиганга ўхшайди. Қалли отанинг номзодини ўзим таклиф қилиб, буёқларга ўзим келган бўлсам-у, Тўрткўлга сўппайиб қуруқ борсам! Нима деган одам бўламан? Айниқса, Самад қув нима дейди? Йўқ, бу ишингиз бўлмайди, Соғиндиқвой!

Бундай бошимни кўтарсам, етакчи гапираётган экан. Қулоғимга ҳеч нарса кирмади. Жаҳлим чиқиб Асетга қарасам, пешонасини ушлаб қиқир-қиқир кулади. Тавба! Мен нима аҳволда-ю, бу кулади.

– Нега куласан? – дедим хафа бўлиб.

– Қўлга тушдик, – деди Асет тиржайиб.

– Нега қўлга тушар эканмиз?

У индамай бояги Сафаргул берган қорхатни менга чўзди. Хатни олиб аста ичимда ўқий бошладим:

 
«Меҳмонимиз Соғиндиқ,
Синфдошимиз Асетга!
Сизларга жон қоқиндиқ,
Номингиз тушди хатга.
 
 
«Хатга тушдинг, ўтга тушдинг»,
Деган халқнинг мақоли.
Топасиз қуён гўштин,
Бўлсин қимматбаҳолик.
 
 
Қиласизлар қовурдоқ,
Қирғовулдан шилпилдоқ.
Бўлсин балиқ шўрва ҳам,
Кўп солмайсиз тузини.
 
 
Бизлар олти кишимиз
Сўрасангиз сиз бизни.
Отангиз отиб келган
Қирғовулга тегиш йўқ.
 
 
Ўзингиз ов қиласиз,
Тегизасиз қуёнга ўқ.
Шарти шудир, бўлмаса
Зиёфатни емаймиз.
 
 
Хоҳ ширин, хоҳ бемаза
Ўзингиз тайёрлайсиз.
Ўтин ёриб пешона
Ғурра бўлса ҳам майли.
 
 
Хафа бўлманг буни ёздик.
Дўстлигимиз туфайли.
Ўринлатолмадик шеърни,
Аммо-лекин зиёфат
 
 
Бўлаверсин қиёмат,
Қонамасин ҳеч кимнинг бурни.
Раисамиз Сафаргул,
Ҳамда бошқа аъзолар:
 
 
Сейт, Мурод, Бойтемир…
Жимжима қилиб мана,
Қўйиб қўйдик имзолар.
 

Хатдан бошимни кўтариб, орқага қарадим. Сейт билан Бойтемир бир жойда кулиб ўтирипти. Кўзлари бизда. Сафаргул ҳам бизларга қараб бопладикми, дегандай кулиб ўтирипти. Бу қандай бўлди? Буларга қорхат ўргатмай ўлай мен. Энди қандай қилиб баҳона топиш керак? Йўқ деб бўлмайди, ўзим ўргатганман. Борди-ю, мен бу ерда меҳмонман, уйимизда бўлганда албатта қилиб берардим, десам-чи? Йўқ, унга ҳам гап топади булар. Ахир ёзишибди-ку, фақат ўзларинг топган нарсалардан қиласизлар деб! Ақлим етмай қолди.

 

Бундай Асетга қарасам, уям шуни ўйлаб ўтирган экан.

– Энди нима қиламиз? – деди кулиб.

Елкамни қисдим. Ўйлай-ўйлай ўйимнинг тагига етолмадим. Шу кенг зал ҳам назаримда жуда торайиб, ичи жуда дим бўлиб кетгандай туюлди. Иссиқлаб кетдим. Яна қанча ўтирганимиз эсимда йўқ. Бир маҳал сал салқин теккандай бўлди. Қарасам, кўчага чиққан эканмиз. Буни қарангки, ўз хаёлим билан бўлиб, мажлис тугаганини ҳам, болаларнинг қий-чувини ҳам эшитмабман.

Ҳали қор ёғиб турган экан. Сал хаёлимни йиғиштириб олдим. Атрофимизни болалар ўраб олишди. Бизларга қорхат беришганини дарров қаёқдан била қолишибди? Сир бой бермайман. Асет ҳам болаларга қараб жилмаяди. Ўртадан секин сирғалиб чиқиб, уйга қараб кетдик. Кимдир орқамиздан қичқирди:

– Зиёфат эсларингдан чиқмасин!

Йўлда Асетдан сўрадим:

– Энди бизнинг иш нима бўлади?

– Қайси иш?

– Қалли ота билан учрашув…

– Ова, – деди у чўзиб. – Уми, у-ку бир гап бўлар, қорхатни нима қиламиз?

Унинг бу сўзи менга сал тегиб кетди. Гўё у бу сўзи билан: «Сен айтмаганингда бу гаплар йўқ эди», дегандай бўлиб эшитилди. Индамадим. Асет мени хафа бўлди деб ўйлади чоғи, тасалли бера бошлади:

– Хафа бўлма, милтиғимиз бор. Эрталаб тўқайга борсак, қуён, қирғовул деганинг тўлиб ётибди. Отамиз, келамиз.

Бу гапни эшитиб танимга қон югурди.

– Балиқни-чи?

– Балиқни ё дарёдан, ё Думалоқ кўлдан овлаймиз, – деди Асет, – зиёфатни қилиб бермасак бўлмайди. Ўғил болалар ёзганда унинг йўли бўлак эди. Энди келиб-келиб қиз болага кулги бўламизми?

Шу гапдан сўнг иккаламизга ҳам сал жон битгандай бўлди. Орқамиздан Сафаргуллар етиб келиб қолди.

– Ҳа, жуда орқа-олдиларингга қарамай жўнаб қолибсизлар? – деди Сафаргул кела солиб.

– Ўзимиз шундо-оқ, – деди Асет. – Қорхатни маслаҳатлашиб келаётувдик.

– Нима қарорга келдинглар?

– Қиламиз!..

Асет иккаламиз уйга қараб бурилиб кетдик.

Ов режалари

Қор бир меъёрда майдалаб ёғиб турибди.

Эрталаб мактабга кетиш олдидан Асет иккаламиз ҳовлини топ-тоза қилиб кураб кетган эдик. Қайтиб келгунимизча яна бир қаричча қор тушибди.

Кун туман босгандай хира, сал нарироқдаги нарса худди сояга ўхшаб, қорайиб кўринади. Уй ичини-ку чироқ ёқиб ёритиш мумкин. Аммо кўнгил қоронғи бўлса қандай қилиб ёритасан?..

Ташқарида қор ёғиб турибди. Мен ичкарида, дераза ёнидаги каравотда чўзилиб ётибман. Асет нима биландир овора, кириб-чиқиб юрибди. Нариги уйда бувиси билан синглиси ғўнғир-ғўнғир гаплашишар, уларнинг товуши худди тушдагидек қулоғимга узуқ-юлуқ кирарди. Деразага қараб хаёл суриб ётибман. Кўз олдимга ўртоқларим, синфдошларим келади… Самад, Розиқ, Ўринбой… Айниқса, Маҳфуза хаёлимдан кетмайди. Кўз ўнгимда кўзлари кулиб турибди… Қизиқ, бирга бўлсак, бирга юрсак ҳеч ҳам у билан келишолмайман-у, сал узоқлашсам нуқул кўргим келаверади. Нега ундай экан-а?..

– Ова, шоир, хаёл суриб қолдинг? Шеър ўйлаяпсанми? – деди Асет каравотга ўтириб.

– Ўзим, шундай… – дедим.

– Хафа бўлма, ҳамма иш жойида бўлади, – деди мени юпатиб. – Ҳозир чой ичиб бўлиб, овга тайёргарлик кўрамиз, хўпми?

Асет менинг хаёл суриб ётганимни қорхатнинг ташвиши деб ўйлабди. Қизиқ, менинг бу ерга нима учун келганим эсидан чиқиб кетди шекилли? Менга овдан ҳам зарури Қалли ота-ку, ахир. Уни учратолмасам, топшириқни бажаролмасам, синфдошларим олдига нима деб бораман. Маҳфузанинг кўзига қайси юз билан кўринаман ахир, каллаварам. Сен буни ўйлайсанми, йўқми?

Мен бу гапларни Асетга бақириб айтдимми, деб ўйлаб хижолат бўлиб турган эдим, хайрият ичимдаги гаплар экан. У менинг бу кайфиятимдан ҳайрон бўлиб сўради:

– Ҳа, юрагинг дов бермаяптими?

– Нега?

– Овга-да?

– Э-э… Нега энди? Чиқаверамиз. Бироқ…

– Бироқ-мироғи йўқ. Эртага ҳаво яхши бўлади. Доим қордан сўнг ҳаво очиқ келади. Эртага нақ сўнар бўлади-да!

– Сўнар?

– Ова.

– Бу нима деганинг?

– Шуни ҳам билмайсанми? Тиззадан қор ёғиб, ҳали устига из тушмаган пайтини сўнар дейишади овчилар. Бундай пайтда ов қилиш осон бўлади. Овнинг изи дарров топилади-да.

– Эртага сен айтган сўнар бўлармикан? – деб мен деразага қарадим. – Қор ҳали майдалаб ёғиб турибди.

– Бўлади, – деди Асет ишонарли қилиб.

Кампир самовар кўтариб кириб келди.

– Қоринларинг ҳам очгандир, бўталоқларим.

– Тур, чой ичамиз, – деди Асет. Кейин кўзини қисиб шивирлади. – Эртага овга чиқишимизни уйдагилар билмасин.

– Нега?

– Чиқаришмайди.

Чой ичиб бўлиб, эртанги ов режалари ҳақида маслаҳатлашаётганимизда Жапақ амаким келиб қолди. Гаплашиб ўтириб билмабмиз, кеч кириб қолибди. У устидаги пальтосини ечиб чўткалади, қулоқчинини қоқди. Шундай бўлса ҳам уйга киргандан кейин кийимига ёпишган қорлар эриб, силкиган сайин атрофга сув сачрар, қизиб турган тунука печкага тегиб жиз-жиз қилар эди. Жапақ амаким бир йўла этигини ҳам ечиб, ичкари уйга кирди. Қовоғи солиқ. Нима бўлдийкин? Беморнинг мазаси қочиб қолдимикан?

Асет билан мен унга термилиб турибмиз. Уйга кириб, юзига иссиқ теккач, сал очилди.

– Ҳа, ўғлим, зерикмадингми? – деди менга.

– Йўқ.

– Сен билан гаплашишга вақт ҳам бўлмаяпти.

Жапақ амаким чарчаган бир қиёфада стулга оғир чўкди. У стол устидаги чойнакни олдига тортиб, аввал бир пиёлага қуйиб қайтарди-да, сочиқ билан бостириб яна менга қаради.

– Дадангнинг ҳам ишлари шундай кўпми? – деб жилмайди.

– Йўқ… – дедим. – Фақат баъзан кечалари одамлар келиб чақириб кетгани бўлмаса… Кундузлари идорада ишлайди.

– Дадангники осон, – деди Жапақ амаким иссиқ чой ҳўплаб. – Мана кўрмайсанми, кечаси денгизда бир балиқчи оёғидан ажраб қолипти.

– Қандай қилиб?

– Ҳозир балиқчилар учун жуда қийин пайт, ўғлим. Мана икки ойдирки, дарёда абиржи.

– Абиржи дегани нима дегани?

– Дарё музласа, балиқчилар абиржи турди, дейишади. Мана энди ўша абиржилар эриб, уч-тўрт кун бўлди, дарёда санг юриб қолди. Балиқчиларнинг ишини оғирлаштиради.

Жапақ амакининг айтишига қараганда, дарёдаги музлар эриб, парча-парча бўлиб синиб оқиб келаркан-да, Орол денгизига тушаркан. Бу катта-катта муз парчалари денгизда балиқчи кемаларнинг эркин сузишига халақит бераркан. Баъзан муз парчалари қайиққа келиб урилиб, шикаст ҳам етказаркан. Кеча кечаси ҳам денгизда шундай бўлибди. Қалли отанинг бригадасига қарашли балиқчилардан учтаси овдан кеч қайтиб келаётганида катта муз парчасининг бир бўлаги қайиқ устига тушиб, бир балиқчининг оёғини синдирибди, кесибди. Сал бўлмаса, қайиқни синдираёзибди. Шунда қайиққа шикаст етса борми, учала балиқчининг ҳам ҳаёти хавф остида қоларкан. Ҳайтовур, улар қирғоққа омон-эсон чиқишибди. Кейин балиқчиларнинг қирғоқдаги жойига келиб, радио орқали идорага маълум қилишибди. Бугун эрталаб, Қалли ота Жапақ амакимни шунга олиб кетган экан. Бориб синган жойини гипслаб, касалхонага ётқизиб келибди.

– Майли, оз қолди, – деди Жапақ амаким олдидаги чойнакни суриб. – Қийини апрелгача. Ҳадемай баҳор бошланади… Хўш, ўқишларинг қалай, ўғлим?

– Тузук, – дедим.

– Асет ўртоғингнинг кундалиги билан танишдингми?

Мен ялт этиб Асетга қарадим. Асетнинг қовоғи тушиб кетди.

– Алгебрадан иккимни йўқотганман, – деди у ерга қараб.

– Сал дайдироқсан, ўғлим, санқиганинг санқиган, онанг кетиб, тергайдиган одам бўлмай қолди шекилли, а? – деди Жапақ амаким. Кейин менга кўзини қисиб гапида давом этди. – Қани, олиб ўтир. Соғиндиқ ўғлим, бунга қарасанг, оч қоласан. Ўртоғинг жуда чимхўр.

Асет ерга қараб индамай ўтирарди.

– Ҳозирги болаларга бир гап гапирсанг, қовоғини солади, – деди Жапақ амаким. – Биз сенинг даданг билан ТошМИда ўқиган кезларимизда…

Қизиқ, катталарнинг ҳаммаси ҳам бир бўладими, дейман. Жапақ амаким ҳам худди дадамнинг ўзи. «Нега чимхўрсан?», «Биз сендай пайтимизда ундай қилардик, бундай қилардик!», «Яхши ўқиш керак…» Ҳозир ҳам Жапақ амаким: «Биз сенинг даданг билан ТошМИда ўқиган кезларимизда…» деб бошлаб, қандай ўқигани, қийинчиликларга қандай бардош берганлари, макарон шўрвани қандай пиширгани борми, стипендия олган кунлари роса мириққанлари-ю, бир ҳафтадан сўнг тумбочкалардан моғор босган нонларни қидириб қолганларигача сўзлай кетди. Мен бу гапларни дадамдан ҳам икки-уч марта эшитганман. Шундай бўлса ҳам чидадим. Илож қанча?

Жапақ амакимнинг эсдалиги тугади шекилли, ҳарқалай гапни менга бурди:

– Хўш, бу ерлар ёқдими сенга, Соғиндиқ?

– Ёқди, – дедим чўзиб.

– Бугун нима иш қилдинглар?

Асет стол остидан оёғимни босди. Бу унинг: овга чиқишимиз ҳақидаги гапни адамга айтиб қўйма, дегани бўлса керак, мен уни дарров тушундим.

– Мажлисга бордик, – дедим.

– Ҳа, айтгандай, Қалли ота билан учрашмоқчи эдинглар-а? У келолмади-ку. Нима бўлди?

– Ўрнига бошқа мажлис қилдик, – деди Асет шошилиб. Чамаси мени қўлга тушиб қолади, деб ўйлади шекилли, гапни бошқа ёққа буриб юборди. – Ада, қачон Қалли отанинг қўли тегади?

– Нимайди?

– Соғиндиқ учрашиши керак экан.

Жапақ амаким ҳайрон бўлиб менга қаради. Асет менинг бу ерга нима мақсадда келганимни айтиб берди. У бирпас индамай ўтирди-да, бошини чайқаб кулди.

– Об-бо тиниб-тинчимаган-эй, – деди қўлини елкамга қўйиб. – Ҳа, майли, Қалли оға касалхонага келади, касал кўргани. Ўзим айтиб қўяман. Учрашсин сен билан. Келишдикми?

– Майли.

– Хўп бўлмаса, Асет, дам олинглар. Мен ҳам овқат маҳалигача бир чўзилиб олай.

Асет иккаламиз нариги уйга чиқиб, эртанги кун режасини туза бошладик.

– Энди бундай, – деди Асет у ёқ-бу ёққа қараб. – Эшик ёпиқми? Ова, ёпиқ экан. Эрталаб дадам ишга жўнагандан кейин секин ҳеч кимга билдирмай Думалоқ кўлга борамиз. Кўл ёнида қалин қамишзор тўқай бор, қирғовул, қуён тўлиб ётибди. Қуён билан қирғовулни ўша ердан овлаймиз.

– Балиқни-чи?

– Балиқни дарёдан. Аввал тушгача қуён билан қирғовулни овлай олсак, уйга келиб бувимларга бир кўриниш бериб, кейин дарёга тушамиз.

– Қандай қилиб? Дарё муз-ку?

– Э, шуни ҳам билмайсанми? Темир сумба билан бир жойини ўямиз-да, қармоқ ташлаймиз.

– Топдим, – деб қичқириб юбордим. Асет секинроқ дегандай кўрсаткич бармоғини оғзига қилиб, эшик томонга қаради. Мен ўрнимдан учиб туриб деворда осиғлик турган рюкзагимни очдим. Асет ҳайрон бўлиб қараб турарди. Мен ундан оппоқ никелланган фонаримни олиб кўрсатдим. – Мана!

Асет ҳеч нарса тушунмади.

– Биласанми, мен яқинда бир мақола ўқидим. Балиқ нурга, ёруғликка интилар экан. Ҳали ҳам тушунмаяпсанми? Мана, қараб тур. Мана бу фонарни қармоқнинг сопига боғлаймиз.

– Хўш?

– Кейин ингичка сим билан лампочкасини қармоқ боғланган жойга илиб қўямиз. Кейин балиқлар…

– Қойил! Қани, ёқиб кўрай-чи? – у фонарни олиб айлантириб кўра бошлади. – Қойил!

– Сенга ёқадими?

– Ова.

– Олақол. Сенга совға. Атайлаб олиб келгандим. Ёдимдан кўтарилибди-да.

– Ростданми?

– Рост!

– Раҳмат.

– Тағин нималар керак бўлади?

– Тағинми? – деди Асет бошини қашиб. – Биласанми, Соғиндиқ, яхшиси, бир рўйхат тузайлик. Керакли нарсалар рўйхатини. Бўлмаса эртага эсдан чиқиб қолади.

Қоғоз, қалам олиб ёза бошладик: гугурт, қаламтарош, Жапақ амакимнинг кигиз этиги, темир сумба, қармоқ, чена, фотоаппарат…

Ёзиш билан овора бўлиб, уй ичига ғира-шира қоронғи тушиб қолганини ҳам билмабмиз. Агар Асетнинг синглиси кириб чироқни ёқмаса қоронғида гаплашиб ўтираверар эканмиз.

– Овқат тайёр бўлди, чиқа қолинглар, – деди у бизларга чироқ ёқиб бериб.

– Ҳозир, – деди Асет. – Хўш, бошқа нарсалар-ку, бор. Милтиқни қаёқдан топамиз?

– Анави уйда осиғлик турган милтиқ-чи?

– Унга тегиб бўлмайди.

– Нега?

– Уни олсак билиб қолишади. Ҳамма ишимиз барбод бўлади. Яхшиси, Бойтемирнинг милтиғини оламиз.

– Бермаса нима қиламиз?

– Беради. У дойимнинг ўғли. Менга ҳам кўп иши тушади. Бизнинг милтиғимизни ҳам бир неча марта олган, – деди у. – Қорхатни ҳам ўзлари ёзган, милтиғини сўраб олсак, овни ўзимиз қилганимизга ишонишади, билдингми? Ўзимизнинг милтиғимизни нима учун ололмаслигимизни унга тушунтирамиз… Юр, овқатга!

Мен унинг ақлига қойил қолиб ўрнимдан секин турдим. Иккаламиз олдинма-кетин катта уйга кирдик. Стол устида бир лаган шилпилдоқ буғи чиқиб турибди, атрофида кампиру Асетнинг синглиси.

– Адам қанилар? – деб сўради Асет.

– Ҳозир киради. Ювингани чиқиб кетди.

Кампир гапини айтиб бўлмасидан эшикдан елкасига сочиқ ташлаб Жапақ амаким кириб келди. Эшик очилиши билан гуп этиб ичкарига совуқ урди. Бизлар ҳам ювингани ҳовлига чиқдик. Ҳаво бирам очиқки, юлдузлар чарақлаб турибди. Лекин қорасовуқ. Асет аста биқинимга туртди:

 

– Айтмабмидим, сўнар бўлади, деб!..