Танланган асарлар

Tekst
Loe katkendit
Märgi loetuks
Kuidas lugeda raamatut pärast ostmist
  • Lugemine ainult LitRes “Loe!”
Šrift:Väiksem АаSuurem Aa

– Нега чуқурчадан сув чиқиб кетди? – деб сўрадим.

– Қайдам…

Қирғоқ томондан биров қичқиргандай бўлди. Қарасам, биров қалпоғини ҳавода айлантириб, зўр бериб қичқирар эди. Асет қўлини силтади.

– Биласанми бу ким?

– Ким?

– Бу Сейт! Ҳа, ўша. Орқамиздан эргашиб келибди. – Асет унга бурнининг учини кўрсатиб, масхара қилди. У ҳамон қирғоқ бўйлаб қичқириб югурар эди.

– Алам қиляпти алдаб кетганимизга, – деди Асет тағин. – Ҳали Думалоқ кўлга борамиз, деб кетмаганмидик?

Бу маҳалда менинг тилим гапга келмай қотиб қолган эди. Гапига гап қайтармаганимдан кейин, Асет менга қараб, ҳайрон бўлди-қолди.

– Ҳа, нима бўлди?

– Оқиб кетяпмиз…

– А? – деб орқасига қарайман деган эди, бизни оқизиб кетаётган катта муз парчаси лапанглагандек бўлди. Бир-биримизни ушлаб қолмаганимизда йиқилган бўлардик. Муз аста оқиб соҳилга туташ музга яқинлашганда, Асет менга буйруқ берди: – Сакра, Соғиндиқ!

Сакраш қаёқда? Ўзим мактабда бадантарбия дарсида бир метр келадиган жойдан зўрға сакрайману. Ҳозирги оралиқ икки метрча келади. Тағин таги дарё! Индамай туравердим. Ўзи мени ташлаб сакраб кетолмади. Бўлмаса сакрай оларди. У ҳар ҳолда мендан анча новча.

Асет индамай бориб, ченани олди-да, нариги томонга отиб юборди. Кейин сумбани…

– Нима қиляпсан?!

– Ҳеч бўлмаса оқиб кетганимизни билишсин.

Дарҳол эсимга ҳалиги қирғоқдаги одам тушиб, қараган эдим, ҳеч ким кўринмади. Кетиб қолибди.

Иккаламиз ҳам чурқ этмай, бир-биримизга қараб қолдик…

Муз қайиқ

Оқиб кетяпмиз. «Муз қайиғимиз» гоҳ бир текисда сузар, гоҳ муз парчаларига урилиб лапанглаб, юракларимизга ғулғула соларди. Асет иккаламиз бир-биримизга хўмрайишиб индамай ўтирибмиз. Атрофда фақат муз, муз, муз! Тагимизда ўзи ҳам, кўриниши ҳам совуқ кўмкўк асов сув. Бир-биримизга ёпишиб ўтирибмиз. Бизларни шунчалик яқинлаштириб қўйган меҳрми ё қўрқувми, буни ҳозир ажратиш қийин. Оқиб кетяпмиз. Бутун умидимиз дарё соҳилидан. Аммо соҳилдан анча пастдамиз, бунинг устига-устак ўтирган одамга ҳеч нарса кўринмайди. Ўрнимиздан турайлик десак, қўрқамиз, муз ағдарилиб кетиши мумкин. Ўрмалаган жон кўринмайди. Муз билан сув тилсиз, асов!.. Соҳилга термилиб қараймиз. Фақат муз, қор, япроқларини оппоқ қиров босган қамиш, қўға, буталар. Осмон йироқ, муз қаттиқ!

Ваҳимада пайқамабмиз, кеч кириб қолибди. Назаримда, қоронғилик ҳаммадан илгари дарё устига тушгандай. Атроф нимқоронғи, қирғоқ худди ойдин кечадай оқариб кўринади. Энди кеч киргани аниқ билинди. Соҳил ҳам баъзан кўринмай қолади. Дарёнинг оқаётган жойи қирғоққа яқинлашгандагина соҳил элас-элас кўринади. Атрофга термилиб қараймиз. Биронта йилт этган чироқ кўринса-чи! Асет нимани ўйлаб ўтирипти, билмадим-у, аммо менинг учун ҳеч қандай нажот йўли қолмагандай эди. Илгарироқ «муз қайиғимиз» соҳилга яқинлашса, бу гал албатта сакрайман, деб ўйлагандим. Бу умидим ҳам пучга чиқди. Нега деганингизда борган сайин дарёнинг ўртаси кенгайиб борар, бизларни оқизиб кетаётган муз парчаси лопиллаб ўртада келарди. Ҳеч ҳам соҳилга яқинлашмас эди.

Булут қуюқлаша бошлади. Бунинг устига, аксига олгандай дарё устини туман қоплади. Бахтимизга шамол йўқ. Агар шамол бўлганда борми, унда биз бундай бир-биримизга суянишиб ўтирмаган, аллақачон ҳаёт билан хайрлашиб, сув тагига муккамиздан кетган бўлардик. Лекин кун қорасовуқ, башараларимиз, тумоқ ва қулоқчинларимизнинг боғичлари оппоқ қиров эди. Бир жойда қимирламай ўтирганимиз учун бўлса керак, баданларимиздан совуқ ўта бошлади. Илгарилар сал нарсага йиғлардим. Бу гал йиғламай ўтирганимга ўзим ҳам ҳайронман. Одам қўрқса, кўзига ёш келмас экан.

Бир маҳал соҳил томонда милт-милт қилиб чироқ кўрингандай бўлди. Кўзимга бирам иссиқ ташланди бу чироқ! Гўё кўпдан бери кўрмай юрган нарсамни кўргандай тўлқинланиб кетдим. Асет чироққа тескари қараб, хаёл суриб ўтирган экан. Бирдан уни туртдим:

– Асет, қара, чироқ!

Асет жонҳолатда мен томонга ўгирилиб қарай деганда муз чайқалиб кетди. Бир-биримизни маҳкам қучоқлаб қолдик.

– Қичқирайлик, – деди Асет дадилланиб. – Балки битта-яримта эшитиб ёрдам берар, қичқир!

– Нима деб?

– Ҳо-о-о, ёрдам беринглар! Оқиб кетяпмиз, ёрдам беринглар. Ёрда-ам!..

Мен ҳам унга жўр бўлиб қичқира бошладим. Бироқ ҳеч ким қулоқ солмас, эшитмас эди. Ўзи қўрқиб зўрға қичқиряпмиз. Назаримда, бизларнинг бу заиф товушимизни қор, сув, қиров қоплаган қамиш билан қўғалар ютиб юбораётган эди. Қичқира-қичқира олдинга ўтиб кетдик, милт-милт қилиб чироқ орқада қолди. Асет менга, бўлмади-ку, дегандай қараб қўйди. Бироз ўтгандан сўнг гап қотди:

– Нарсаларни йиғиштириб қўяйлик. Сарамжон тургани маъқул, қулай жой тўғри келиб қолса, сакрашимизга осон бўлади.

Асетнинг ҳали ҳам сакрашдан умиди бор экан. Ҳалиги гапида, «боя сакрар эдим, сени деб сакрай олмадим», деган гинаси ҳам йўқ эмасди. Секин ўтирган жойимизда чўзилиб сочилиб ётган нарсаларимизни йиғиштириб ола бошладик. Яхшигина қоронғи тушган, ёнгинамизда ётган нарсани ҳам зўрға кўрар эдик. Мен аввало пайпаслаб фотоаппаратни топиб, рюкзакка жойладим. Асет электрлаштирилган қармоқни олиб, ундан боғлаб қўйилган фонарни ажратарди. Нарироқда қорайиб ётган нарсага энгашиб қўлимни чўзсам, бакира экан. Думи қўлимга тушиб қолди. Тортиб олдим. Ажабтовур катта экан. Ярим метрча келади. Шуни деб… Сакрамаганимизда муз ёрилмасмиди? Битта-битталаб чавоқларни ҳам териб олиб халтага жойладик. Мана, бу ишларни ҳам қилиб бўлдик. Энди нима қиламиз? Қачон сувга чўкишимизни пойлаб ўтирамизми? Секин Асетни гапга солдим.

– Асет.

– Ова.

– Сенингча ҳозир қаерга келдик?

У аввалига индамади. Кейин бу гапга ўзи ҳам қизиққан шекилли, ўтирган жойида атрофга бўйнини чўзиб қарай бошлади.

– Қабасин овулига келган бўлсак керак, – деди у тусмоллаб. – Ўзи оққанимизга қанча бўлди?

– Ярим соатча бўлиб қолгандир-ов.

– Унда, Ашамайли овулига келиб қолган бўлишимиз ҳам мумкин.

– Овул-овул дейсан. Боядан бери қараб келяпман, овулдан нишон ҳам йўқ-ку?

– Сенга овул мана-мен деб кўриниб турармиди? – деди у сал жаҳли чиқиб. – Ўзинг қаерда кетяпсан? Пастда! Овул бўлса дарёдан бир-икки километр нарида…

– Наҳотки, шунча балиқчи овули бўлиб, бирортаси кўринмаса!

– Бу пайтда балиқчилар дарёда бўлмайди. Кўрмайсанми, абиржи. Денгизда бўлади.

– Денгиз узоқми?

– Бизнинг овулимиздан ўн беш-йигирма километрча бор.

Шу гапдан кейин мен чурқ этмай қолдим. Дарё оқиб қаёққа боради? Албатта, денгизга! Денгизга оқиб тушишимиз мумкинми? Мумкин! Мана шу ташвиш мени кемириб ташлади. Ахир, бу даҳшат-ку! Дарёдаку, соҳил бор. Денгизнинг ўртасига тушиб олгандан кейин на соҳил кўринади, на бирорта гиёҳ! Дом-дараксиз кетди, дегани мана шу бўлади-да! Қорхат ўргатмай ўл, дейдиган киши йўқ. Ажал ҳайдаб келган экан сени, Соғиндиқ!

Бирдан кўзимга ўлимим кўриниб кетди: ана, оқиб денгизга тушдик. Тагимиздаги муз китобларда ўқиганимиз катта айсберга бориб урилиб парча-парча бўлиб кетди. Сув тагига муккамдан кетдим… Бирдан рўпарамдан оғзини катта очиб акула чиқиб қолди!.. Хайр, меҳрибон синфдошларим. Хайр, Маҳфуза. Мени кечиринглар, менга ишониб топширган ишларингни қилолмадим… Алвидо!

Бирдан ўз хаёлимдан ўзим чўчиб кетдим. Бундоқ ўзимга келсам, ҳали оқиб кетаётган эканмиз.

– Асет, – дедим орқамга қараб.

– Ова.

– Нимани ўйлаб ўтирибсан?

– Ҳеч нимани.

– Асет, Орол денгизида айсберглар бўладими?

– Йўқ. Нима, бу Шимолий муз океанимидики, айсберг бўлади?

– Акула-чи?

– Булмайди.

Сал нафасимни ростлаб олдим. Боягига ўхшаш бемаъни хаёл сурмаслик учун тағин Асетни гапга солдим.

– Асет.

– Ова.

– Гапириб ўтир.

– Нимани?

– Кўрган-билган нарсаларингдан.

– Бир куни бояги Ашамайли овулида бир балиқчи касал бўлиб қолган экан, дадам билан бирга келдик, – деб бошлади гапини Асет. – Ёз эди. Дадам касал билан овора бўлганда мен шу ерлик болалар билан дарё бўйига тушдим. Бу овулнинг рўпарасида дарё сал ёйилиб оқади. Соҳили қум. Кун сал шамол эди. Қумда югуриб келаётсам, дарёдан икки-уч метр берироқда қум устида машина баллони пайдо бўлиб, бир силкиниб, сувга юмалаб тушиб кетса бўладими?

– Қўй-э.

– Буёғини эшит. Кейин болалар билан сув бўйига борсак, ҳалиги баллон деганимиз, лаққа балиқ! Секин-секин думини биланглатиб, қирғоқдан узоқлашиб кетди. Кейин билсак, тўлқин билан ўйнаб қирғоққа чиқибди-ю, бироз қирғоқда ётиб бор кучини тўплаб думини оғзига олиб, думалаб кетибди…

– Мюнхаузен бўлиб кет-э!

– Мюнхаузен деганинг нима?

Мен Мюнхаузеннинг ким эканини тушунтириб бердим. Бу китобни Асет ўқимаган экан. Астойдил хафа бўлди.

– Ана шунақа-да, ўзинг гапир, дейсан. Гапирсам, ишонмайсан! – деди у пўнғиллаб. – Ўз кўзим билан кўрдим, ахир. Кейин дадамга ҳам айтиб бердим. Дадам ишонди-ю… Сен бўлсанг… Дадам айтдики, ўша лаққа яшаш учун курашибди. Шундай қилмаганда қирғоқда ё ўлиб қолиши мумкин экан, ё биров келиб ўлжа қиларкан.

Бу воқеа бўлганми ё бўлмаганми менга қоронғи, аммо лаққанинг ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун қилган ҳаракати менга маъқул бўлди. Демак, ҳаракат қилса, ўз ҳаёти учун курашса бўлар экан-да!

Ҳамон оқиб кетяпмиз. Назаримда кун боягидан сал илигандай. Қулоқчинимнинг боғичини аста ушлаб кўрдим, қиров қолмабди, аммо жиққа ҳўл. Қаёқдандир илиқ шабада юзларимизга урилади. Қирғоқ борган сари узоқлашиб, аҳён-аҳёнда милт-милт чироқлар сийрак туманда кўзга хира ташланади. Ҳаёт учун курашиш керак, қандай қилиб? Бунинг сира иложи йўқ эди. Қичқирсанг қичқириғинг бурнинг тагидан нари бормаса, сув ютиб юборса. Бунинг устига қаттиқ қичқирай десанг, муз чайқалиб кетса! Энди бутун умидимиз шу муз парчасида. Бирор муз парчасига бориб урилиб, синиб кетмаса бўлди. Синиб кетиши ҳам мумкин. Нега деганингизда музимизнинг ўртаси ўйилган…

Ҳаммадан даҳшатлиси энди бошланди: тагимиздаги муз тез-тез чайқала бошлади. Чайқалган сайин музнинг ўйилган жойидан виқир-виқир сув чиқади. Муз устидаги қор аллақачон сув билан эриб, кўк тайғоқ бўлиб қолган. Уст-бошимиз тиззамизгача ҳўл. Ўзимиз қил устида ўтирганимиз учун бунга парво ҳам қилмаймиз. Асет сирпаниб тушиб кетмаслик учун муз тешигига қўлини тиқиб, маҳкам ушлаб ўтирибди. Мен бўлсам Асетни… Қимир этишга мажолимиз йўқ. Яхшиям, халта билан рюкзакнинг боғичини бўйнимизга илиб олган эканмиз. Бўлмаса аллақачон сирпаниб тушиб қолар экан. Ўн-ўн беш минутлар чамасида тагимиздаги музнинг чайқалиши тинди. Шундагина эсимизни йиғиб олиб, атрофга қарадик. Тун шундай зим-зиё қоронғики, на қирғоқ, на муз парчалари кўринади. Энди чироқлар ҳам негадир боягидан кўпайиб кетгандай… Ё кўзимизга шундай кўриняптими? Жуда хира нур сочади. Атрофимиз туманми, буғми – буни билиб бўлмасди. Туман десак, илиқ. Буғ десак, шундай совуқда дарё устида буғ нимаэ қилади, деб ўйлаймиз. Менинг хаёлимда фақат бир нарса: «Лаққачалик бўлолмадикми?»

 

Қаердадир бир нарса чўзиб гудок чалгандай бўлди. Ишонмай тағин қулоқ солдим. Тағин чалингандай бўлди.

– Асет, эшитяпсанми? – дедим жонҳолатда.

– Нимани?

– Гудок!

Асет қулоқларини динг қилиб бироз турди.

– Ова, – деди жонланиб. – Пароход! Қичқир! Ёрдам бе-ри-инг-лар!

– Ёр-дам бе-ри-инг-лар!!

Бироқ бизларнинг бақирганимизни ҳеч ким эшитмади. Ҳалиги гудок овози аста-секин узоқлашиб кетди. Пароход эканлиги аниқ эди. Ҳатто моторининг гуриллаган товушини ҳам аниқ эшитдик. Бироқ ўзини туманда аниқ кўролмадик.

Музимиз бир жойга келганда тўхтаб, жойида секин айлана бошлади. Гирдобга тўғри келиб қолдикми, деб қўрққан эдик, ҳайтовур, аста силжигандай бўлди. Боягидай чайқалишлар йўқ. Осмон булут, атроф жуда қоронғи. Туман бўлса совуқ бўларди, буғ бўлса керак.

– Энди нима қилдик? – дедим. Бу гапни ўзимга айтдимми ё Асетгами, билмайман.

– Попловскийлар нима қилган эди?

– Вой қорақалпоқдан чиққан Зиганшин-эй! – дедим жағлим чиқиб. – Ҳали қорнинг очса, этигимни ҳам ерсан?

– Аввал халтадаги балиқларни, сўнг сенинг этигинг чарми…

Худди ҳозир Асет этигимни еб қўядигандай оёқларимни бағримга тортдим.

Иккаламиз ҳам индамай ўтирибмиз. Аҳён-аҳёнда ғир этиб илиқ ел юзларимизни силаб ўтади. Майда тўлқинчалар чилп-чилп қилиб тагимиздаги музга келиб беозор урилади. Баъзан-баъзан атрофдан бизнинг музимизга ўхшаган ё ундан кичкина музлар шақир-шуқур қилиб сурканиб ўтади. Каттароқ муз тўғри келиб қолса, бир амаллаб ўтиб олиш ниятимиз ҳам йўқ эмас. Музимиз келиб бошқа музга текканида иккаламиз ҳам энгашиб қараймиз. Аммо ё у кичкина бўлиб чиқади, ё эса ҳатлашга қулай бўлмай қолади. Бизнинг музимиз оқиб юрибдими ё қалқиб юрибдими, буни аниқ билиб бўлмас эди. Бироқ шунисига хурсанд эдикки, боягидан тинч эдик, совуқ қотмас эдик…

Хаёл устида ўтирган эканман, музимиз бир нарсага келиб юмшоққина урилди. Асет ҳам, мен ҳам сирпаниб ўша урилган нарсага бориб тақалдик. Бундоқ қарасак – ер! Музимизнинг бир чеккаси бизларнинг оғирлигимиздан қийшайиб, сувга ботиб турибди. Оёқларимиз ҳам, чолворларимиз ҳам, халталаримиз ҳам сувда турибди. Ер, қамиш, буталар! Дарров ўрнимиздан турдик. Сув тиззамиздан кечиб турар эди. Чилп-чилп кечиб қуруқ ерга чиқиб олдик. Орқамизга қарасак, ҳалиги муз гўё бизларни бир ҳокандоз хас ағдаргандай қирғоққа ағдариб ташлаб, аста-секин оқиб боряпти.

Бизларни шу ергача ардоқлаб елкасида кўтариб келган қадрдон музни кўзимиз қиёлмай бирпас қараб турдик-да, орқамизга қайтдик.

«Соғасе» оролида

Ерга оёғимиз текканида ўзимизда йўқ хурсанд эдик. Аммо бу хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Тағин навбатдаги ташвишларга дуч келдик.

«Муз қайиғимиз» билан хайрлашганимиздан сўнг халта ва рюкзагимизни орқалаб, йўлга тушдик. Қайси томонимиз кун чиқиш-у, қайси томонимиз кун ботиш – буни аниқ билмасак ҳам, ниятимиз одамларга бориб қўшилиш, ўзимизга бирор илиқроқ пана жой топиб олиш эди. Ерда қор йўқ, майда қамиш ва қўғаларни, синиқ буталарни шатир-шутур босиб кетма-кет келяпмиз. Асет олдинда, мен орқада. Нимасини яширай, юрагимда қувонч билан баравар озгина қўрқув ҳам бор.

Шу хаёл билан келаётиб бирдан Асетга урилдим.

– Нега тўхтадинг? – деб сўрадим. Юрагим қинидан чиқиб кетаёзди. Бирор нарсани кўриб тўхтаган бўлса ажаб эмас. Йўлбарс бўлса-я!

– Сув! – деди Асет.

– Қанақа сув?

– Қанақа сув бўларди? Сувдақа сув-да, – деди Асет энсаси қотиб. – Чап томонга юришимиз керак экан.

Индамай орқасидан эргашдим. Жим келяпман. Асет тағин эллик метрча юриб тўхтади. Тағин сув! Орқага қайтдик. Ўнг томонимиз ҳам сув.

– Бўлди, орқага қайт, – деди Асет. Эрталабгача шу ерда ўтирамиз энди.

– Нега?

– Кичкина оролга тушиб қолибмиз.

Бўшашиб орқамизга қайтдик. Иккаламизда ҳам ун йўқ. Судралишиб келиб ўртароққа чўкдик. Тагимиздаги ер нам, бунинг устига кийим-бошларимиз ҳам ҳўл бўлиб кетган. Атроф зим-зиё. Фақат сув шовиллайди. Қаёқдадир бир қуш аҳён-аҳёнда «қийқ» деб қичқириб қўяди. Ҳаво дим ва нам. Атрофдан ботқоқникига ўхшаган қўланса ҳид анқийди. Бунга лой тагида қолиб чириган қамиш, буталар ва илдиз ҳиди қўшилиб димоғимизга ёқимсиз урилади.

Шундай бўлса ҳам кўнгилларимиз анча тинчиган эди. Албатта, муз усти бундан тозароқ бўлгани билан хавфли эди. Унда қўрқувдан юрагингни чангаллаб ўтирардинг. Бирор ўзидан бақувватроқ музга келиб урилиб парчаланиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас эди-да! Ҳар ҳолда, бу ерда ана шу хавфдан холи эдик. Бунинг устига йўлбарс хавфидан ҳам қутулдик. Кичкинагина бу оролда йўлбарс нима қилсин!

Ҳар ҳолда, бу ер муз устига қараганда анча иссиқ эди. Уст-бошимиз нам бўлишига қарамай анча илиқ ўтирибмиз. Илиқ ўтирганимиз таъсир қилдими, назаримда сал қорним очгандай бўлди. Буни билдирмаслик учун Асетни гапга солдим.

– Асет.

– Ова.

– …

– Ҳм, гапир.

Гапни нимадан бошлашни билмасдим. Бирпас жим ўтиргандан сўнг, тағин сўрадим:

– Мана шу орол Робинзон оролидан каттами ёки кичикми?

– Мен қаёқдан билай?

– Кел, Асет, шу оролга ном қўямиз.

– Нима деб?

– Асет ороли деймиз.

– Йўқ, тўғри келмайди.

– Нега?

– Ҳар ҳолда, сен меҳмонсан. Сенинг номингга қўйилиши керак.

– Иккаламизнинг номимизга қўямиз. Бўптими?

– Қандай қилиб?

– Асет ва Соғиндиқ ороли…

– Бўлмайди. Қисқароқ бўлиши керак, билдингми? Чиройлироқ бўлиши керак.

Иккаламиз ҳам бош қотириб ўйлаб ўтирибмиз. Бир маҳал Асет таклиф киритди:

– Иккаламизнинг исмимизни қисқартириб қўшсак-чи?

– Қандай қилиб?

– Масалан, сенинг исмингдан «Соғ» деган сўзни оламиз. Бу ёғига «Асе» сўзини… Иккаласини қўшамиз, «Соғасе» бўлади.

– «Соғасе» ороли! Жуда соз. Қойил!

– Французчага ҳам ўхшаб кетади, а?

– «Соғасе» оролининг балиқчилари… Қара, қандай чиройли чиқади, – деди Асет хурсандчилигини яширолмай. – Балиқчилар, балиқ… Тўхта, миямга бир гап келиб қолди.

– Нима гап?

– Балиқ пиширмаймизми?

– Рост-а. Балиғимиз бўлса… – Мен дарҳол чўнтагимга қўл солдим. – Гугуртимиз ҳам бор.

– Қаламтарошни ол. Мен ўтин териб келаман, – деди Асет.

Бирпасда ишга тушиб кетдик. Қорнимиз очгани энди айниқса билиниб қолди. Асет қоронғида тимирскиланиб ўтин териб юрибди. Мен рюкзакнинг оғзини ечиб, фонарни олдим. Симларини узиб ташлаб, орқасидаги запас лампочкасини солдим. Хайрият, ёнди. Мен ҳўл бўлиб қолганмикан, деб қўрққан эдим, ишларимиз сал юришиб кетди. Мен ҳам фонар билан тимирскиланиб анча ўтин тердим. Асет ҳам бир қучоқ қамиш, буталарни йиғиб келди. Бироқ ўтинлар жуда ҳўл эди. Асет ўтинларни авайлаб устма-уст тахлай бошлади. Аввал қамиш, унинг устига шох ва буталарни. Энди буни бир амаллаб ёндириш керак эди. Асет бунинг ҳам иложини топди.

– Қармоқнинг дастаси қани?

– Нима қиласан?

– Ўша қуруқроқ. Тутантириқ қиламиз, – деди Асет. – Қуруқ қоғоз бўлса яна яхши бўларди.

Чўнтагимни ковлаб ён дафтарчамдан ёзилмаган бир-икки варағини олиб бердим. Қармоқнинг дастасини майдалаб, ҳалиги қамиш бута уюмининг тагига тиқди. Унинг тагига қоғозни… Гугурт чақди. Қоғоз ёниб, қармоқ дастасининг синиқларини ўт ола бошлади. «Соғасе» оролида тутун! Биринчи тутун. Ур-ре! Қоғоз ёниб, ёғоч тутантириқ қип-қизил чўғ бўлиб тутай бошлади. Тағин бир-икки варақ қоғоз ташладик. Энди қамиш билан буталар ҳам сасиб, чирсиллаб ўт ола бошлади. Ўчиб қолишидан қўрқиб ковламай ўтирибмиз. Хуллас, ёндирдик. Қалови топилса қор ҳам ёнади, деган гап тўғри экан.

Асет қаламтарошини олиб, олов ёруғида балиқларни тозалай бошлади.

– Оловга кўмасанми? – деб сўрадим. Қорним очиб турибди. Балиқни кўриб оғзим сув очиб кетди. Қулт этиб тупугимни ютдим.

Асет икки балиқни тозалаб, ичак-чавоқларини олиб ташлади, ўрнидан туриб сувда чайиб келди. Индамай қараб турибман. У ҳам индамайди. Индамаса ҳам олов яллиғида ўзининг қилаётган ишидан мамнун эканлиги башарасидан билиниб турарди. У балиқларни эҳтиётлаб хашак устига қўйди-да, қаламтарошини олиб яна нарига кетди. Бир маҳал иккита чўп топиб келди. Олов ёнида ўтириб, яхшилаб тозалади. Кейин унга балиқларни илиб, биттасини менга тутқазди.

– Ма, оловга тутиб айлантир.

Мен ҳам Асетнинг қилганига қараб айлантира бошладим. Балиқни оловга тутиб айлантиряпман-у, хаёлим бошқа ёқда: меҳрибон ойим эсимга тушиб кетди. Нима қилиб ўтирганикин, а? «Болам ўртоқлари билан ўйнаб юрибди», деб ўйласа керак-да. Ўғлининг бошига бундай савдо тушганини қаёқдан билсин! Маза қилиб овқат еяётганмикан? Ҳар куни зўрлаб овқат едирарди ойижоним. Эркалик қилиб емасдим. Мана энди… Ўртоқларимни ҳам соғиндим. Розиқ, Ўринбой, Самад қув, йўқ, энди ҳеч ҳам Самад қув демайман. Самаджон дейман. Маҳфуза…

Хўрлигим келиб кетди. Кўзларимга ёш тўлди. Асетга билдирмай тескари қараб артдим.

– Айлантир.

– А?

– Айлантирмайсанми, куйиб кетди-ку, –деди Асет менга қараб. – Нима бало, ухлаб ўтирибсанми?

Хаёл билан бўлиб балиқни айлантиришни ҳам унутиб қўйибман, бундай қарасам, сели чиқиб жизиллаяпти. Секин айлантира бошладим.

– Бўлди, еявер. Қолгани ичингда пишади, – деди Асет. Ўзи худди кабоб егандай қилиб чўпда турган жойида ея бошлади.

Мен ҳам оғзимга олиб бордим. Қани энди унда маза-матра деган нарса бўлса? Тузсиз, бунинг устига бир балонинг таъми келади. Ё чўпнинг аччиғи уриб қолдимикан? Ишқилиб, ҳеч мазаси йўқ эди. Асет олов яллиғида башарамнинг буришиб кетганини кўриб қолди шекилли, тиржайиб кулди.

– Еявер, дори бўлади.

Нима қилай, шундан бошқа ейдиган нарса бўлмаганидан кейин едим. Ичимга оз бўлса ҳам овқат кирганиданми, ё олов атрофида ўтириб баданим исиб қолганиданми, ҳар қалай мени уйқу элита бошлади. Бошимга рюкзакни қўйиб, оёқларимни чўзиб ёнбошладим. Кўнглим ҳам бир хил бўлиб, оғзим бемаза тортди. Асет индамай олов ёнида чўғ ўйнаб ўтирарди.

– Майли, бироз ётиб дам ол, – деди у олов устига шох-шабба ташлаб. – Мен ўтира тураман. Мен ҳам ётсам олов ўчиб қолади.

Бир маҳал бошим айлангандай бўлди. Ўрнимдан учиб туриб, ўқчий бошладим.

– Ҳа, нима бўлди? Балиқ ёқмадими?

– Йўқ… – деб қўлим билан ишора қилиб ерни кўрсатдим. – Қимирлаяпти… ў-ҳа…

– Нима?

– Ер қимирлаяпти!

Бизлар турган орол чайқалиб кетди. Асет энди ишонди. Иккаламиз бир-биримизга яқинроқ ўтирдик.

– Наҳотки… Наҳотки, кўчма оролга тушиб қолган бўлсак?! – деди Асет. Унинг товуши титраб кетди. Менинг ҳам юрагим гуп-гуп урар эди. Кўчма орол ҳақида ёзувчи Асқад Мухторнинг «Қорақалпоқ қиссаси» китобидан ўқиган эдим. Бироқ унда кўчма орол денгизда бўлар эди-ку? Биз дарёдамиз.

– Кўчма орол дарёда нима қилади?

– Денгизда юрган бўлсак-чи? – деди Асет атрофга аланглаб.

– ЙЎғ-э!

– Қани, юр, ҳозир биламиз.

– Қандай қилиб?

– Юр.

Асет иккаламиз олдинма-кетин сув бўйига бордик.

– Қани, сувдан ичиб кўр-чи?

Мен энгашиб бир ҳовуч сув олиб ҳўпладим. Бир балога ўхшайди. Дарҳол туфлаб ташладим. Асет ҳам оғзига олган экан, кетма-кет у ҳам туфлади.

– Жуда шўр-ку?

– Ана, айтмадимми, денгизда юрибмиз деб!

Орол денгизининг суви шўр бўлиши, шу денгиздан туз олиниши энди эсимга келибди. Индамай олов атрофига қайтдик. Бироз ўтирганимиздан сўнг ўтинимиз тамом бўлиб қолди. Яна айланиб шох-шабба териб келдик. Бир-бир ташлаб ёқиб ўтирибмиз. Ўтинларимиз нам бўлса ҳам боягидек бизни қийнамай чирс-чирс қилиб ёнарди. Нарироқдан туриб қараган кишига чинакам гулханга ўхшаб кўриниши ҳам мумкин. Қоп-қора тутун осмонга ўрлар, унинг остидан олов қип-қизил тилларини чиқариб, гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга оғар эди. Оловнинг баланд ўрлаб ёниши бизнинг қўрқинчимизни сал бўлса-да чекинтиргандай бўлди. Бир-биримизга қараб унсиз жилмаямиз. Олов бўлса ҳамон чирс-чирс қилиб ёнар, сояларимизни гоҳ узун, гоҳ қисқа қилиб кўрсатар эди. Асетни билмадим-у, мен бугун бошимиздан кечган даҳшатларни ўйламасликка ҳаракат қилардим. Қандай қилиб бўлса ҳам, ҳатто бемақсад Асетни гапга солардим. Асет жуда камгап, гап ташламасанг ўзи оғиз очиб гапирмас эди. Уни тағин гапга алаҳситдим:

– Асет.

– Ова.

– «Борса келмас» оролига бориб қолсак-а?

– Ўҳў, – деди у ялт этиб қараб. Кейин жилмайди. – У Орол денгизининг ўртасида-ку. Узоқ.

 

– Сайғоқларни кўрардик.

– Сен буни қаёқдан биласан?

– Телевизорда кўрганман.

– Бойтемирнинг дадаси ветврач. Ўша сайғоқларга бориб келиб туради. Вертолётда.

– Ростданми? Телевизорда роса томоша қилганман. Овчилар вертолётдан сайғоқларга теккан бўриларни роса қийратишган.

– Ўша менинг дойим-да. Ўзи ҳам овчи!

– Дойим? Э, тоғангми? – дедим мен. – Ҳали Бойтемир сенларга қариндош бўладими?

– Ова. Юр, тағин ўтин йиғамиз.

Гапимиз шу ерда узилиб қолди. Ўтин териш учун туриб кетдик. Энди бир-иккита шох-шабба териб келаётсам, оёғим бир шохга илиниб, муккамдан йиқилиб тушдим. Йиқилган жойим лой экан, усти бошим ҳам лой бўлгандир-ов. Бир амаллаб туриб, сочилган ўтинларимни йиғиштираётган эдим, нимадир гуриллагандай бўлди. Аҳамият бермадим. Шу маҳал нарироқдан Асет қичқириб қолди.

– Соғиндиқ, самолёт!

– Нима?

– Самолёт келяпти!

Иккаламиз ҳам қоқина-сурина олов атрофига югуриб келдик. Ростдан ҳам самолёт! Тепамизга яқинлашиб қолди. Товушидан билиб турибмиз. Ана, қизил чироғи лип-лип қилиб ўчиб-ёниб келяпти… Бирдан иккаламиз осмонга сакраб бақира бошладик. Мен бояги таёқчамнинг учини оловга тиқиб, ёндириб олиб ҳавода зўр бериб айлантира бошладим.

Самолёт нақ тепамизга келиб қолди. Йўқ, вертолётга ўхшайди. Вертолёт, ҳа, вертолёт!

– Оловни кўпроқ ёқ, Асет! Кўришади… – дейман овозимнинг борича.

Вертолёт тепамиздан ўтиб, тағин қайтиб келди. Тағин овозимиз борича бақирдик. Тағин қизил чироқларини ўчириб-ёндириб тўғрига қараб учиб кетди.

– Кўрмади, – дедим ҳафсалам пир бўлиб.

– Йўқ, кўрди.

– Кўрган бўлса пастлаб арқон нарвонини ташламасмиди?

Яна ҳафсаламиз пир бўлиб, жим олов атрофига чўкдик. Бир-бир буталарни синдириб ташлаб ўтирибмиз. Гапирадиган гап ҳам қолмади назаримда. Жуда чарчадик. Шу аҳволда бир соатлар чамаси ўтирдик. Ҳамма умидларимиз пучга чиққан эди. Қачонгача бу аҳволда ўтирамиз? Хайр, тонг отар. Тонг отганда бизларни битта-яримтаси кўрса-ку, яхши. Кўрмаса нима бўлади? Борди-ю, денгизда тўлқин турса-чи? Унда ҳолимиз нима кечади? Бу кичкина орол бардош берармикин тўлқинга?

Ўйлайвериб бошим шишиб кетди. Эҳтимол, Асет ҳам шуларни ўйлаб ўтирган бўлса керак. Миқ этмайди. Буни қаранг энди. Уни ҳам шу алфозга солган мен-да! Агар мен буёққа келмаганимда, агар мен буларга қорхатни ўргатмаганимда, Асет дарёда нима қиларди? Денгизда нима қиларди? Уйларида тинч ўтирмасмиди? Менинг ойим билан дадам ҳеч нарсадан хабари йўқ-ку, Асетнинг дадаси билан ойисининг ҳоли нима кечаётган экан. Ойиси келгандир. Қараса, Асет билан мен йўқ. Ана ташвиш! Ҳаммасига мен айбдорман. Ҳа, ҳаммасига айбдорман!

Асет индамай ўтирибди. Биламан, унинг нимага индамай ўтирганини. Агар мендан бошқа бола бўлганидами, пишириб еб қўярди. Мени меҳмон деб сийлаб ўтирипти. Ҳа, шундай!

Ўзим ўзимга ёмон кўриниб кетдим. Зимдан Асетга қарадим. Сўниб қолган чўғларга қараб хаёл суриб ўтирарди. Шу маҳал оловимиз сўниб қолган бўлса ҳам Асетнинг юзи ёришиб кетаётгандай бўлди. Ҳайрон бўлиб, тағин унинг юзига тикилиброқ қарадим.

– Нега қараяпсан?

Қулоғимга бир нарсанинг тариллаган овози келди. Дарров бояги вертолётми деб осмонга қарадим. Бу пайтда Асет тўғрига қараб қотиб қолган эди.

– Соғиндиқ, катер… катер келяпти… – деди шивирлаб. Ялт этиб орқамга қарадим. Қоп-қора сув юзини, қалқиб юрган музларни жимир-жимир ёритиб, биз томонга бир катер жон-жаҳди билан келар эди. Чироғи шунақа ўткир эдики, кўзларингни қамаштириб юборарди. Асет иккаламиз секин ўрнимиздан турдик. Катер тариллаганича оролчамизни бир айланиб, рўпарамизда тўхтади. Оролимиз лопиллаб чайқалиб кетди. Аллакимларнинг товушлари қулоғимизга элас-элас кирди. Тамоман бўшашиб кетган эдим… Кейин, катердан бир-иккита одам тушгандай, қулоғимга гангир-гунгур гапиришган товушлар эшитилгандай бўлди. Буёғи… Буёғи нима бўлганини эслай олмайман. Бир маҳал кўзимни очсам, ўзимни катер ичида кўрдим. Жапақ амаким бошимни суяб ўтирибди. Рўпарамда Қалли ота, унинг ёнида Асет. Бошини эгган. Катерда тағин Бойтемир, Сейт… Сафаргул. Сафаргул кўзимга Маҳфуза бўлиб кўриниб кетди. Ўзимни тутолмадим. Шунча қийинчиликларни кўрганда кўзимга ёш келмаган эди. Бошимни Жапақ амакимнинг бағрига қўйиб, ўксиб йиғлаб юбордим.

Биз тушган катер барча даҳшат ва ташвишларни орқада қолдириб, олдинга интиларди. Ўзим йиғлаётган бўлсам ҳам кўнглимда қадрдон оролимиз билан хайрлашдим:

– Хайр, «Соғасе!»