Танланган асарлар

Tekst
Loe katkendit
Märgi loetuks
Kuidas lugeda raamatut pärast ostmist
  • Lugemine ainult LitRes “Loe!”
Šrift:Väiksem АаSuurem Aa

Ва ниҳоят

Кундуз соат иккилар чамаси. Вертолётда Асетларнинг овулига қараб учиб келяпмиз. Вертолётнинг учишини ерда туриб кўп марта кузатганман, лекин бу биринчи учишим. Жуда маза бўларкан. Ёнимда Асет, Сейт, Бойтемир, Сафаргул… Кўзларини бизлардан олишмайди. Ҳаммамизнинг юзимизда кулги ўйнайди. Бир-биримизга нимадир демоқчи бўламиз-у, лекин индамаймиз, ўша гапнинг нима эканини билмаймиз. Мен аста юзимни болалардан олиб қочаман. Бу ишларнинг ҳаммасига мен айбдорман, назаримда. Ўзи ҳам шундай-да! Қорхатни бошлаган ким – мен!

Вертолёт гуриллаб учиб келяпти. Гапимизни гапга қўшмайди. Учувчилар ҳам ўзлари билан овора. Мен аста вертолёт ойнасидан пастга қарайман. Ҳаммаёқ оппоқ қор бўлса ҳам ердаги нарсаларни ажратса бўлади: ҳув ана, пастда дарё буралиб-буралиб оқиб ётибди. Нариги томонда яна бир дарё. Бу қайсиниси бўлди экан? Қорадарёми ё Қипчоқ дарёмикан? Тағин Қуна дарёси ҳам бор деган эди Асет. Униси қаерда экан?

Беихтиёр кечаги воқеаларни эслаб кетдим: «Соғасе» ороли тепасидан қизил чироқларини лип-лип этказиб икки марта учиб ўтган вертолёт мана шу экан.

Сейтнинг ҳикоя қилишига қараганда, бундай бўлибди. Эсингизда бўлса, бизлар балиққа кетаётиб, Сейтни алдаган эдик. Кейин Сейт уйига кириб қармоқ билан ченасини олиб, бизнинг изимизга тушибди. Думалоқ кўлга келганда изимизнинг дарё томонга қараб кетганини кўриб, ҳайрон бўлиб қолибди. «Менга Думалоқ кўлга борамиз деганди-ку», деб ўйлабди у. Кейин бизлар суратга тушган жойда анча ўйлаб туриб, орқамиздан келаверибди. Қирғоққа тушибди, дарёнинг музлаган жойига тушганда бизнинг муз парчаси устида оқиб бораётганимизни пайқаб қолиб, роса қичқирибди. Буни қарангки, биз балиқ тутиш билан овора бўлиб уни кўрмабмиз ҳам, эшитмабмиз ҳам. Анча вақт ўтиб кетгандан кейин кўрдиг-у, барибир, муздан сакраб тушиб қолишнинг иложи бўлмади-да. Буни ўзингиз ҳам биласиз. Бизлар, аҳмоқ бўлиб, Сейтга алам қиляпти, деб ўйлабмиз. Эҳ!.. Кейин Сейт шўрлик ҳарсиллаб орқасига қайтибди. Бутун болаларни оёққа турғизибди. Сейт, Бойтемир, Сафаргуллар тўпланишиб Мўйноққа хабар қилишибди. Ҳаммаёқда ваҳима бошланиб кетибди. Ўзлари ҳам машинага тушиб Мўйноққа қараб йўл олишибди. Жапақ оға билан Қалли ота ҳам Мўйноқда экан. Бу гапни эшитиб ҳанг-у манг бўлиб қолишибди. Кейин вертолётчилар бутун дарё бўйларини, Оқдарёнинг денгизга қуйилиш жойларини қидиришибди. Хуллас, Орол денгизининг Мўйноққа яқин жойида, – Тўқмоқ ота ярим ороли ёнидан топишибди бизларни. Олов ёқмаганимизда топишолмас экан. Тепадан вертолётда кўришибди-ю, бироқ тушишолмабди. Чунки денгиз усти қалин буғ эди-да. Кейин радио орқали бизлар сузиб юрган жойни айтишибди. Энди буёғи ўзингизга маълум: катерда келиб олиб кетишибди.

Бизларни тўппа-тўғри Мўйноққа, кемалар турадиган пристандаги балиқчилар касалхонасига олиб келишди. Жуда озода, иссиқ хоналар экан. Касалхонага киришимиз билан Жапақ амаким Асет иккаламизга иссиқ чой ичирди, кичкина думалоқ дори ютқизди. Бир оздан сўнг ечинтириб, сувга ўхшаган оппоқ нарса билан баданларимизни ишқалаб, ётқизиб қўйди. Сасиб кетди. Спирт бўлса керак. Шамоллаб қолмасмишмиз. Қўлтиқларимизга термометр ҳам қўйиб кўришди…

Эрталабгача шу ерда ётдик. Болалар ҳам бизлар билан қолишди. Жапақ амаким билан Қалли ота уришмадими деб ўйларсиз, балким. Уришмай бўпти. Тозаям адабимизни беришди. Эрталаб бизларни вертолётга чиқариб қўяётиб, қолганини овулга бориб гаплашамиз, ейишди. Бизларни вертолётга чиқариб, ўзлари қолишди, кечқурун зиёфатга келишармиш.

Мана, шунақа.

Вертолёт овулга яқинлашиб қолди. Тепадан аниқ кўриниб турибди: ҳув ана, яккам-дуккам уйлар… ўтлаб юрган моллар. Анави оппоқ оқариб, фақат тунука томигина кўриниб турган бино Асетларнинг мактаби. Ундан берироқда яна шундай катта оқ бино, бу колхоз идораси бўлса керак. Вертолёт пастлай бошлади. Бундай қарасам, Асетлар кичкина болаларга яхмалак қилиб берган тепача бор-ку, ўшанинг ёнбағрига қўнаётган эканмиз. Вертолёт ғалати қўнар экан. Худди томдан арқонга осилиб пастга тушиб келаётгандай бўлдик. Ерга яқинлашганда шу атрофдаги қорлар вертолёт парракларининг айланишидан худди бўрон тургандай учиб кетди. Вертолёт қўнди. Учувчи, келдинглар, дегандай эшикни очди. Ташқари анча совуқ экан, эшик очилиши билан ичкарига гуп этиб совуқ урилди. Олдин Асет, кейин мен тушдим. Сафаргуллар ҳам тушишди. Бирпасда атрофимизга болалар тўпланишди. Кўзлари мўлтираб бизларга қарашади. Бизлар эса уялиб турибмиз. Аста-секин катталар ҳам тўпланиб қолишди. Уларнинг орасида Асетнинг ойиси Ойгул опа ҳам бор. У югуриб келиб, Асетни бағрига босди. Кейин мени. Уришармикан, деб юрагим пўкиллаб турувди, ҳайтовур уришмади. Бирпас турганимиздан кейин ёнимизга учувчилар келишди. Биттаси елкамизга қўлини қўйиб:

– Хайр бўлмаса, қаҳрамонлар, – деб кулди. Иккинчи учувчи ҳам бизларга қараб жилмайиб турарди.

– Хайр, – деди Асет.

– Раҳмат, – дедим мен.

– Раҳмат, – дейишди болалар ҳам чувиллашиб.

Учувчилар қўлларини силкитишганича вертолётга чиқиб кетишди. Бирпас ўтмай вертолётнинг қудратли мотори гуриллаб, устидаги катта парраклари айлана бошлади. Атроф тўзон бўлиб кетди. Одамлар орқага тисарилишди. Вертолёт турган жойидан секин осмонга кўтарилди. Сал ўтмай думини буриб, келган томонига учиб кетди…

Бизлар уйга қараб келяпмиз. Атрофимиз тўла болалар, катталар. Тинмай савол беришади:

– Қаердан топиб олишди?

– Қандай қилиб оқдиларинг?

– Қўрқмадингларми?

– Совуқ қотмадингларми?

– Кейин, кейин гаплашарсанлар, – деди Асетнинг ойиси уларга, – ўртоқларинг чарчашган. Бироз дам олишсин. Қани, юринглар!

Уйга кетдик. Сейт, Бойтемир, Сафаргуллар ҳам бизлар билан уйга келишди. Уй анча иссиқ экан. Асетнинг бувиси кўзларида ёш, у ёқдан бу ёққа елиб-югуради, нима қилиб юрганини ўзи ҳам билмаса керак. Синглиси бўлса бизларни энди кўргандай девор томонда қисилиб, индамай кулиб турибди.

Ҳаммамиз дастурхон атрофига тўпландик. Ҳаммамизнинг юзларимизда кулги ўйнайди. Пуф-пуф қилиб чой ичиб ўтирибмиз. Асетнинг бувиси бизларни энди кўргандай тикилиб-тикилиб қарайди, ҳали ҳам ташвишда:

– Вой бўталоқларим-эй, – деб қўяди аҳён-аҳёнда.

Назаримда, бизларнинг нима учун бу аҳволга тушиб қолганимизни бутун қишлоқ билибди. Нега деганингизда, ҳеч ким шу вақтгача нима учун оқиб кетдинглар, нима, сизларга уйдаги балиқ етмадими, деб сўрагани йўқ. Борди-ю, уришишса яна оқиб кетадигандай, эҳтиёт қилиб гаплашишади бизлар билан. Шунга қараганда Сейтлар бу гапларни аллақачонлар катталарга етказган кўринади.

Чойни ичиб бўлиб ўрнимиздан турдик. Мен фотоаппаратим сувга чўкиб, ичидаги плёнкаларининг ҳаммаси расво бўлиб қолдими, деган ташвишда эдим. Шунинг учун чой ичиб бўлгач, дарров рюкзакка ёпишдим. Очиб қарасам, аппаратни юза томонга солган эканман. Шундай бўлса ҳам ишонмай, уни ғилофдан олиб кўрдим. Сув тегмаганга ўхшайди. Кейин ичидаги плёнкани орқасига айлантириб, буёққа олдим. Хайрият, яхши экан. Тўрткўлда ўраб келган фотоғалтакларнинг учинчисини аппаратга яхшилаб жойладим.

Аппарат билан овора бўлиб сезмаган эканман. Асет халтасидаги балиқларни олиб ойисига берибди. Бирпасда иш қизишиб кетди. Сафаргул, Сейт, Бойтемирлар ҳам енгларини шимариб ишга тушиб кетишди. Бири сув келтирган, бири қўлига пичоқ олиб балиқ тозалаган, бири кеча «отиб» олиб келинган қирғовулнинг патини юлган. Бойтемир бўлса, худди катта кишилардай енгини шимариб, қуённи ҳовлидаги устунга осиб қўйиб, терисини шиларди. Асет бир чеккада, ҳаммасини қотириб қўйдик, дегандай, белини ушлаб кулиб турар эди. Мен фурсатни қўлдан бермай аппаратни ишга солдим: ҳаммасини иш қилаётган пайтида суратга ола бошладим, Сафаргул билан Сейтни балиқ тозалаётганида, Бойтемирни қуённинг терисини шилаётганида, Асетни белини ушлаб қараб турганида, Асетнинг ойиси билан бувисини қозонга олов ёқаётганида… Ҳаммаси агар яхши чиқса борми, жуда ғалати иш бўлади-да! Бу гапларни айтиб берсам, Тўрткўлдаги болалар ишонишармиди? Айниқса, Самад ўлақолса ишонмайди. Агар сурат кўнгилдагидай чиқса, ишонмай бўпти!

Тайёргарликдан кўриниб турибдики, кечқурун қорхатда айтилган зиёфат бўлади. Бўлмаса, ўзингиз биласиз-ку катталарни, нега ундай, нега бундай, деб суриштиравериб энсаларингни қотиради. Иккинчи бундай қилма, деб танбеҳ беради. Ҳалигача буларнинг бирортаси ҳам бўлгани йўқ. Шунга қараганда бирорта ақлли одам: бўлди, бас, ўзлари ҳам бўладигани бўлгандир, уришманглар, деган бўлса ҳам эҳтимол. Ҳозирча ҳамма иш худди шундай бўлиши керакдай, худди тайинлаб, буюриб қўйилгандай кетяпти. Эндиги ҳадик кечқурундан. Жапақ амаким билан Қалли ота ҳам келишармиш. Ўшанда гап бошланиб қолмаса бўлгани ишқилиб! Ҳарҳолда, орада бир сир бор. Мен безорилик қилиб қўйсам, одатда, дадам анчагача жим юриб, кейин юзимга солади. Шундай бўлмаса деб қўрқаман.

Ошхонада жиз-биз бўляпти. Ҳиди ёқяпти. Буни кўриб, кечаги «Соғасе» оролидаги балиқ ейишимиз, унинг таъми эсимга тушиб кетди.

Бари орқада қолди. Орқада қолган нарсаларнинг ҳаммаси кулгили туюлади менга.

Ҳадемай кеч кирди. Атрофда тўрғайлар чуғурлашиб қолишди. Ҳавода булутлар сийрак. Юмшоқ шабада эсади. Кечагина тушган қор ўзининг оппоқлигини йўқотиб қўйгандай. Бўғотларда битта ҳам сумалак қолмабди, чип-чип қилиб сув томиб турибди. Дарахт ва гиёҳлар устидаги оппоқ қировлар ҳам эриб кетибди. Ғир-ғир эсиб турган шабада худди баҳорни эслатади. Буни қаранг, боя вертолётга чиқаётганимизда қаҳратон қишнинг ўзгинаси эди. Энди бўлса, баҳор ҳиди анқиб турипти далалардан! Кечагина Асет иккаламиз кураган жойларнинг қори эриб, тагидан ер кўриниб қолипти. Боссанг, лойи оёғингга ёпишади.

Болалар билан гаплашиб ҳовлида турганимизда нариги томондан учта одамнинг қораси кўринди. Яқинлашганда иккитасини танидим. Биттасини қаердадир кўргандайман, бироқ таниёлмадим. Олдимизга келганда ҳалиги таниёлмаган одамим:

– Ҳа, қаҳрамонлар! – деди. Пайқаёлмай қолдим: қовоғини солиб айтдими. Майли, қандай айтилган бўлса ҳам мен уни бояги шубҳаларимнинг бошланиши, деб билдим. Жапақ амаким билан Қалли ота жилмайиб турарди. Бу ҳолат менга сал тасалли берди.

– Ова, нима қилиб турибмиз бу ерда? – деди Жапақ амаким турганларга қараб. – Қани, юринглар, уйга кирамиз.

 

Ҳаммамиз уйга кирдик. Яшасин Сафаргул! Уйни супуриб-сидириб, дастурхонларни солиб, ярақлатиб қўйибди. Қиз бола-да! Ҳаммамиз жой-жойимизга ўтирдик. Ҳалиги одамни энди эсладим. Ҳў, ҳалиги Асетлар билан мактабга борганимда, нима учун Қалли отанинг келолмаслиги ҳақида хабар бериб, кейин чиқиб кетувди-ку, ана ўша киши. Қайпназаров! Уни Асет менга илмий мудиримиз, деб таништирган эди.

Шуларни ўйлаб ўтириб, бошимга бир фикр келди. Чопиб нариги уйдан фотоаппаратни олиб чиқдим.

– Ова, бу сари бола суратимизни ҳам оладими? – деб кулди Қалли ота.

– Э, ҳали тўхтаб туринг, – деди Қайпназаров, – бу бола фақат суратингизнигина эмас, ўзингизни ҳам олиб кетгани келган.

– Қўй-э, – деди чол ҳайрон бўлиб. – Мендақа чолни нима қилсин?

– Ҳазили йўқ, ота. Сизни синфларига фахрий аъзо қилгани келибди, – деди Жапақ амаким. – Хўш, нима дейсиз?

– Мени-я?

– Ҳа, сизни.

– Йў-ўқ, бунақанги шўхлик қиладиган болалар сафига аъзо бўлмайман, – деди Қалли ота бошини сарак-сарак қилиб. – Мени уятга қўйишади булар.

Қўлимдан аппаратим тушиб кетаёзди. Ҳамма ишим барбод бўлди, деб ўйладим. Бошим эгилиб кетибди шекилли, кимдир келиб елкамга қўлини қўйди. Бундоқ қарасам, Қалли ота кулиб турибди.

– Мен розиман, бўтам. Шунақанги қаҳрамонлар сафига аъзо бўлмаганда кимга бўламан? – деди кулиб.

– Раҳмат ота, – дедим.

– Раҳмат, ўғлим, – деди Қалли ота ҳам.

– Мана энди қўлга тушдингиз, ота, – деб кулди илмий мудир. – Энди Тўрткўлга ҳам борадиган бўлдингиз.

– Нима қипти, борсам боравераман-да, – деди Қалли ота. – Хўш, ўғлим, мана энди сенларники бўлдим. Энди мен нима қилишим керак?

– Ҳеч нарса. – Шу гапни айтишга айтиб қўйиб, шошиб орқасидан ўзим тўғриладим. – Бизлар сизнинг ҳаётингизни ўрганишимиз, ишда, ўқишда сиздек илғор бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Вақтингиз бўлса, борсангиз, жуда миннатдор бўлардик.

– Албатта, бораман, ўғлим. Шу яқин ойлар ичида бораман. Нукусга ўтганимда, албатта, бораман, – деди Қалли ота. Бу гапларни кулгига олмай жиддий туриб айтди. – Балиқчилар ҳақида ҳозирги ва бурунги балиқчиларнинг ҳаёти ҳақида гапириб бераман. Ўзим ҳақимда ҳам шунда гапириб бераман. Қачон қайтасан овулингга?

– Эртага.

– Мендан ҳамма ўртоқларингга салом айт.

– Яшанг, ота, – деди илмий мудир.

Овқат олиб кириб қолишди. Дастурхон устида пиширилган балиқ, қовурилган қирғовул, қуён гўштининг ҳиди анқиб кетди. Асет иккаламиз ҳаяжондамиз, оғзимизнинг таноби қочган.

– Ова, дарвоқе, бу қорхат деган гапни ким ўйлаб чиқарди? – деб сўраб қолди Қалли ота.

Болалар ялт этиб менга қарашди. Мен ерга қарадим. Билмадим, менга тасалли бериш учунми, Қалли ота:

– Яхши ўйин экан, – деб қолди. – Овулда анча ишлар битиб қолипти. Умри бино бўлиб супурилмаган жойлар супурилибди. Ўн-ўн беш йиллик тўнкалар саржин бўлибди. Ҳаммасидан ҳам молхоналарнинг тоза бўлиб қолганини айтмайсизми? Тузук ўйин экан, ким бошлаган бўлса ҳам.

– Ўғлингиз… – деб менга имо қилди Жапақ амаким.

– Ҳаммадан қизиғи болаларга иш топилиб қолди, – деб кулди илмий мудир. – Ҳамма иш билан банд. Қор ёғса узоқ уйлардан мактабга келинадиган сўқмоқ бекилиб қоларди. Ўша сўқмоқлар тозаланиб қолди.

– Колхоз молхонаси ҳам топ-тоза бўлиб қолипти.

– Вой, болалари тушмагурлар-эй…

Қалли ота бир нимани эслагандай бўлиб, деди:

– Бу ўйин бизнинг қорақалпоқларда йўқ. Бироқ илгари ўзбекларда бўлар эди. Агар эсимдан чиқмаган бўлса, бу биринчи қор тушганда ёзилмасмиди?

– Тўғри, – дедим мен.

– Ундай бўлса бу ким нечанчи қор-ку? – деди ҳайрон бўлиб Қалли ота.

– Шундай бўлса ҳам… Бизлар ўзимизча ҳамма қор ёққанида ҳам ёзаверамиз, – дедим мен.– Янгича қилиб олганмиз.

– Ҳа, тузук, тузук, – деб бошини сарак-сарак қилиб кулди Қалли ота. – Ўнта қала3 боласининг ўртасига битта дала боласи қўшилса кулги бўлади. Ўнта дала боласининг ўртасига битта қала боласи қўшилса – тулки бўлади, деганлари шу экан-да!

Гур этиб кулги кўтарилди. Қалли ота кулгидан ўзини зўрға тийиб, деди:

– Рост-да, битта шаҳар боласи келиб, ҳаммаларингни ишга солиб қўйибди-ку. Тулки бўлмаганими бу?

– Рост.

– Тўғри…

Шу билан гап сал тингандай бўлди.

Бир маҳал ҳамма Асет иккаламизга қараб кулиб ўтирипти. Бундай қарасам, ҳеч кимга қарамасдан иккаламиз овқатни роса тушираётган эканмиз. Уялиб кетдим.

– Зиёфатни ўзларингга қилганмисанлар ё бизларга ҳамми? – деди илмий мудир кулиб.

– Ҳа, емас экансанлар, – деди Жапақ амаким кулиб. – Ҳар овқат маҳалида ол, е, ич, деявериб чарчаб кетардик…

– У сенинг топиб келганинг эди. Бу ўзлари топиб келган овқат, – деди салмоқлаб Қалли ота. Қирғовул гўштидан бир парчасини қўлига олиб, гапида давом этди: – Эсларингда бўлсин, ўзинг меҳнат қилиб топган ноннинг мазаси доим мана шунақа ширин бўлади! Ова. Бу гапнинг мағзини чақинглар.

Шундан кейингина Асет иккимизнинг юзимизга қон югуриб, кўнглимиз тинчигандай бўлди.

Қалли ота қўлидаги гўштдан тишлаган эди, тишига бир нарса тегди шекилли, башарасини бужмайтириб қўлига олди.

– Нима бу, сочмами?

– Қани? Ҳа, сочма, – деди Қалли отанинг ёнида ўтирган илмий мудир.

– Бу кечаги қирғовулми? – деди Қалли ота ҳайрон бўлиб.

Бошқалар бирор гап сездими ё йўқми, билмадим, аммо Асет иккаламизнинг рангимизда ранг қолмаган бўлса керак. Қалли ота сал бўлмаса сиримизни очиб қўяёзган эди. Бу «хатосини» отанинг ўзи фаҳмлади, шекилли, дарров ўзи тўғрилади:

– Қайси биринг отдинг буни?

Мен Асетни кўрсатдим. Қалли ота менга қараб кўз қисди ва Асетга:

– Жуда каттасини отибсан. Тузук, овчи бўласан, – деди жилмайиб.

Ўтиришимиз анча маҳалгача давом этди.

* * *

Ёзганларимни атайлаб шу ерда тўхтатдим.

Жўра амаким айтганларидай, фақат кўрган-билган нарсаларимни ёздим. Энди устидан яхшилаб бир кўриб чиқаман-да, ваъдамиз бўйича Жўра амакимга юбораман. У кишига маъқул бўлиб қолса, ўтириб, қолганини ёзишга киришаман.

* * *

ШУМ БОЛАНИНГ НАБИРАЛАРИ

Анвар билан Фурқат эрталаб Тошкент – Назарбек автобусига чиқиб ўтиришди. Автобус ўрнидан қўзғалди. Анвар теварак-атрофни томоша қилиб борар экан, кечаги бўлиб ўтган воқеаларни хотирида жонлантирди…

Ўзи ишинг бир орқага кетмасин экан. Орқага кетдими, одамларнинг кўзига ёмон кўринаверар экансан. Ҳамма бало физика кабинетидан бошланди. Анвар билан Фурқат мактабда бирданига иккита тўгаракка аъзо: бири–физика, иккинчиси – қизил изтопарлар тўгараги. Физика тўгарагига аъзо бўлганларининг сабаби – темир-терсак иккаласининг ҳам жони: радиоми-ей, эски телевизорми-ей, звоногу дазмолми-ей… хуллас, қўлларига нима тушиб қолгудай бўлса, билса-билмаса ковлашгани-ковлашган. Дарс тайёрлаш ҳам, овқат ейиш ҳам эсларига келмайди. Шунинг учун ҳам, биринчи ва иккинчи чоракдаги баҳолари пасайиб кетди.

Мана бугун Анвар уйига хурсанд қайтиб келяпти. Қўлидаги унниқиб, эски маҳсига ўхшаб қолган қора папкасининг ичига оғирроқ бир нарса солиб олган шекилли, ҳар силтанганида нақ йиртиб чиқиб, отилиб кетай-отилиб кетай дейди. Кайфияти жойида; учинчи чорак якунида икки чиқмайди: ўзлаштириши дуруст бўлади. Қани энди ҳозир рўпарадан бирор ўртоғи чиқиб қолса-ю, кундалигини кўрсатиб бир мақтанса! Аксига олиб унинг олдидан ҳеч қим чиқмади. Бир-иккита майда болалар унинг қорасини кўришлари билан узоқдан қочиб қолишди. Нега деганингизда, уларнинг ҳам қулоғини чўзавериб, папкасини олиб қочавериб зада қилиб қўйган-да!..

Уйига яқинлашиб қолганда, унга хат ташувчи чуваккина чол дуч келиб қолди. Бошида кийилавериб ёғи чиқиб кетган эски кепка, устида астари паралон сур плаш. Бир хонасида хатлар, бандероллар; бир хонасида журналлар, газеталар тиқилиб турадиган оғир сумкасини базўр кўтариб, бедана қадам ташлаб келарди. Уни маҳалладагилар ҳурмат қилиб «Атий» дейишарди.

– Салом, Атий – деди Анвар ҳам одоб билан.

– Ий, синмисан, Анвар. Салом, салом, салом, – деди Атий ҳам тўхтаб. – Қалай малай. Ўқишларинг матурми?

– Яхши, – деди Анвар унинг тўхтаб ҳол сўраганидан хурсанд бўлиб. Мана энди мақтанса бўлади дегандай, дарров кундалигини олиб, хат ташувчига кўрсатди. – Мана, кўринг Атий, биронта ҳам икким йўқ.

Оғир сумка елкасидан босиб, бир томонга қийшайтириб турса ҳам, Атий эринмасдан Анварнинг кўнгли учун кундаликни кўздан кечира бошлади. Чорак якуни нуқул «уч» эди. У ҳайрон бўлиб:

– Ий, «дўрт-беш»ларинг қая?–деди.

– Ўқитувчиларимиз «тўрт-беш»дан ҳам «уч» яхши дейишади…

Атий ҳам ҳайрон бўлиб, ҳам истеҳзо билан Анварга тикилди.

– Ая, шулай, шулай…

У шундай деб елкасидаги оғир сумкасини бир силкиб, ғалати илжайди, сўнг бошини бир чайқаб йўлга тушди. Анвар шошиб сўради:

– Атий, менга хат-пат йўқми?

– Ёза, ёзалор…– деди Атий ва Фурқатларнинг кўк дарвозасидаги почта қутисига бир хат ташлади. Анвар хатга қизиқиб қолди. Қанақа хат экан бу? Фурқатгамикан? Қаёқдан келибди? Атий муюлишдан бошқа хонадонларга бурилиб кетганида, Анвар югуриб бориб, у ёқ-бу ёққа аланг-жаланг қилди-да, почта қутисига жимжилоғини базўр тиқиб, хатни суғуриб олди. Бундай қараса, «Гулхан» журналидан экан. Ҳарфлари ҳам қизил, кўк бўёқлар билан ёзилибди. Фурқатга экан.

У конвертни ҳасад билан томоша қилиб турганда, узоқдан Фурқатнинг қораси кўриниб қолса бўладими? Нима қиларини билмай, довдираб қолди. Хатни олган жойига ташлай деса, ичида нима ёзилганини билмай қоладиган. Очиб ўқий деса, улгуролмайди. Хуллас, қайта ўрнига ташлашга чоғланган эди, Фурқат яқинига келиб қолди. Шоша-пиша хатни курткасининг чўнтагига тиқиб юборди.

– Ҳа, нима қип турибсан? – сўради Фурқат сўрашиш учун қўл чўзиб.

Хатни сезиб қолган гумон қилиб, Анвар каловланди. Кейин гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлди.

– Ҳа, ўзинг нега кечикиб қолдинг?

– Биласанми, ану Ғайратга «Гулхан» журналидан хат келибди. Шуни ўқидик.

Анварнинг ичида бир нима чирс этиб узилиб кетгандай бўлди. Беихтиёр қўли хат турган чўнтагига борди.

Кейин негадир шартта тортиб олди.

– Биласанми, – деди Фурқат гапида давом этиб, – хатда «Гулхан» журналида ташкил этилган «Қизил изтопарлар» клубига қабул қилиндингиз, ўзингиз яшаб турган жойдаги революция ветеранлари, гражданлар урушининг қаҳрамонларини излаб топиб, уларнинг жасоратлари ҳақида бизга ёзиб юборсангиз», деган сўзлар ёзилган экан. Эсингдами, ҳов анов куни пионервожатийимиз мактабимиздаги «Қизил изтопарлар»нинг рўйхатини қилиб юрувди. Ўшани «Гулхан»га жўнатган экан. Ўша рўйхат бўйича ҳамма болаларга хат ёзишган шекилли. Бошқа болаларга ҳам келди. Бизга ҳам келиб қолса ажабмас.

Анвар гўё бу гапларни эшитмагандай миқ этмай тураверди.

– Эҳ, ҳаммадан илгари биз топганимизда эди, – деди Фурқат энтикиб. Сўнг Анварнинг папкасига кўзи тушиб қолди. – Папкангдаги дазмолми?

Анвар бошини лиқиллатди

– Ойингга нима дейсан энди?

– Ҳе, ойим нима дердилар, – деди сал ўзига келиб.–Шунгаям уришармидилар?

Фурқат ойисининг феълини билмаса ҳам майли эди. У ўртоғига ғалати қараш қилди, сирли жилмайди. Сўнг уйлари томон бурилди.

– Тинчлик бўлса кейин чиқарсан,– деди Фурқат ғалати жилмайиб.–Гаплашамиз.

– Нимани?

– Нимани бўларди, гражданлар урушининг қаҳрамонларини қандай топишни-да.

Анвар унинг гапига жавоб ҳам бермай, кўчасига бурилди, ўзларининг кўк дарвозасини тақиллатди. Анча кутди. Ҳеч қандай садо чиқмагач, секин дарвоза тирқишидан қўлини тиқиб, бир амаллаб эшик илгагини чиқарди. Эшик таниш овоз чиқариб очилди. У аста ичкарига кириб, тағин илгагини ўз жойига илиб, энди юра бошлаган ҳам эдики, олдидан синглиси Маҳфуза чиқиб қолди.

– Энди ўласан!

– Нега ўлар эканман?!– деди Анвар ҳангу манг бўлиб.

– Радиони бузибсан-ку…

– Бузганим йўқ. Проигривателини олиб, мактабдаги радиога қўйдик. Ану, мактабда музика тўгарагидаги радио ишламас экан… Шунга қизлар танца тушолмай… Шунга обориб қўйган эдик, ишлаб кетди. Ишонмайсанми, эртага ўзинг кўр…

Маҳфуза, зарил кептими, дегандай лабини буриб, уйга кириб кетди. Анвар бўсағага энди қадам қўйганда, ичкаридан ойиси чиқиб келди. Важоҳати ёмон эди. Анвар ғайриихтиёрий тарзда орқага тисарилиб, талвасада талмовсираган кўйи бидирлай кетди:

– Ассалому алайкум, ойижон. Ишга омон-эсон бориб келдингизми?

– Жуда одобли бўлиб кетибсанми?– деди ойиси.

– Ия, албатта-да, – деди Анвар хавотирланиб. – Бу чоракда биронта ҳам икки чиқмагандан кейин… Мана кўринг…

У шундай деб папкасини ерга қўйган эди, бир нарса ерга тақ этиб теккандай бўлди.

– Икки олмадим дегин…

 

– Шундай ойижон… ишонмасангиз мана кундаликни кўринг.

– Папкангда нима бор?

– Дафтарларим, китобларим…

– Дафтар, китоб шундай оғир бўладими? Қани бу ёққа бер-чи.

– Э-э буми? Эсим қурсин, дазмол, ойижон, дазмол.

– Дазмол?! Кимнинг дазмоли?

– Ўзимизники…

– Уни нима қилиб кўтариб юрибсан тағин?

– Ану… мактабимиздаги тикувчилар тўгарагининг дазмоли куйиб қолган экан. Шунга…

– Мана, шунга!..

Анвар пайқамаган экан. Ойиси орқасига ўқлоғини яшириб турган экан, бошига шартта тушиб қолди. Яхши ҳам бошида қулоқчини бор. Бўлмаса… У бирпас анграйиб ўзини йўқотиб турди-да, ўқлоғи иккинчи бор кўтарилганда, ура қочиб қолди. Қасдига олиб шошганда эшикнинг илгаги очилмай қолди. Қараса, ойиси орқасидан қувлаб келяпти. Бунақа бўлишини билганда боя эшикни очиқ қолдирарди-я! Энди у ҳовлини айланиб қоча бошлади. Маҳфуза чақимчи эса, ажаб бўлди, хўп бўлди, дегандай эшик олдида ишшайиб турибди. Ойиси ҳамон қарғаганча, Анварни тирқиратиб қуварди:

–Сенинг дастингдан на телевизор қолмаса, на радио… Энди дазмолга навбат келдими?!

–Ойижон, дазмол бутун, бузилгани йўқ… Ишонмасангиз ишлатиб кўринг…

Қараса бўлмайдиган. У шартта девордан ошиб тушиб кетди. Ойиси ҳовлида жавраганча қолаверди.

У кўчага сакраб тушишга тушди-ю, қаёққа боришини, нима қилишини билмай туриб қолди. Боя билинмаган эди. Кўча анча совуқ экан. Изғирин бадан-баданидан ўтиб кетди. У турган жойида сакраб ҳам кўрди, бўлмади. Жуда алам қилиб кетди. Ҳаммасига мана шу Маҳфуза чақимчи айбдор. Шу ойисига чақмаганида, ҳамма иш жойида бўларди: ҳозир дазмолни билдирмайгина жойига олиб кириб қўйиб, ечиниб, иссиқ чой ичиб ўтирарди. «Сеними, шошмай тур ҳали, чақимчи! – деб ғижиниб қўйди у ичида. – Шундай таъзирингни берайки…»

Хўш, қандай қилиб таъзирини берса экан? Папкасидан кундалигини олиб, йиртиб ташласинми? Йўқ, бўлмайди. Магазинда нима кўп, кундалик дафтар кўп. Яна биттасини сотиб олиб, тағин ёзади-олади. Бўлмайди. Ё ухлаётганида секин сочини қирқиб қўйсинми? Э, йў-ўқ, бўлмайди. Унда ойиси бу ёқда қолиб, дадасидан ҳам калтак ейди. Нима қилса экан? Қандай қилса ундан ўчини олади? Ўйлай-ўйлай боши қотди. Ҳар балони ўйлаб кўрди. Бўлмади. У шундай боши қотиб турганида, эшикларининг олдидан бир хотин ўтиб қолди. Бозордан келаётган бўлса керак: бир қўлида супурги, тўрхалтада беш-олтита коса. Косаларни кўриб, бирдан фикри ёришиб кетди. «Бўлди, топдим, – деди у ич-ичидан қувониб. – Маҳфуза нимани ёмон кўради? Пиёла, чойнак, коса, тарелкаларни ювишни. Бир-иккита идиш бўлса, уни дарров ювиб қўяди. Кўпайиб кетса, роса адабини ейди. Ювиладиган идиш-товоқ қачон кўпаяди? Меҳмон келганда! Топдим! Ҳозироқ уйма-уй юриб меҳмон айтаман. Нимага деб сўрашса, ойимларнинг туғилган кунлари дейман. Худди шундай қиламан…

У шу қарорга келди-ю, одам айтишни уч-тўрт ҳовли наридаги сайрамлик киши Расулмат акаларникидан бошлади. Туф-туф кўз тегмасин, бирам чиройли, бирам қўғирчоқдек қизи бор-эй. Ўзи пастки синфда ўқийди. Тунов куни кўчада футбол тепиб юриб, бирдан Анварларнинг коптоги ўша ҳовлига тушиб кетса бўладими! Анвар дарвозадаги қўнғироқ тугмасини босган эди, сал ўтмай эшик очилиб, ўша қизи кўринди. Қўлида копток. У дарров коптокни олиб, раҳмат деган эди, ҳаҳ отинг қурмагур нима эди, ҳа бўлди, Зуҳра! Зуҳра бўлса, эрка тилини чиқариб масхара қилди-ю, эшикни шартта ёпди-олди.

Анвар шу таассурот билан дарвозанинг бир чеккасидаги қора тугмачани босди. Узоқдан, ҳовли ичидан қўнғироқнинг бўғиқ «пинг-пўнг» деган товуши, кетидан эса аёл кишининг «ҳозир», дегани эшитилди. Остонада кексароқ аёл кўринди.

– Келинг, айланай.

– Ассалому алайкум. Ану, Расулмат амаким бормила?

– Ҳали ишдан қайтганлари йўқ. Кеп қоладилар. Нимайди? – деб сўради аёл қизиқиб.

– Ану, анақа, кечқурун бизникига борар экансизлар.

– Нимага борар эканмиз?

– Анақа, ойимнинг туғилган кунлари экан. Шунга…

– Вой, шунақами? Борамиз, қоқиндиқ, борамиз.

– Ану, Зуҳрани ҳам олиб бораркансизлар. Маҳфуза билан ўйнаб юрар экан.

– Хўп, хўп, қоқиндиқ.

Шу тариқа у бир неча хонадонга кириб ойисининг «туғилган куни»га одам айтди. «Эр-хотин бўлиб борар экансизлар, ойим қаттиқ тайинлаб юбордилар. Бормасаларинг хафа бўлар эканлар. Болаларини ҳам олиб келаверишсин, ҳовлимиз кенг, ўйнаб кетишади, деб қайта-қайта тайинладилар ойим», деди.

Анвар ўнинчи ҳовлига хабар бериб, навбатдагисига йўл олганда, рўпарасидан Атий чиқиб қолди. У сумкасини бўшатиб қайтаётган эди.

– Яхши бўлди сизни учратдим, Атий. Бўлмаса уйингизга бормоқчи бўлиб турувдим, – деди Анвар ёлғонни ямламай ютиб.

– Нечик? – деди хат ташувчи ҳайрон бўлиб.

– Анақа кечқурун бизникига борар экансиз, – деди Анвар уни ишонтиришга ҳаракат қилиб. – Ойимнинг туғилган кунлари экан. Шунга. Ойим ҳам, дадам ҳам қаттиқ тайинлаб юбордилар. Анийни ҳам олиб келар экансиз. Келмасангиз хафа бўлишармиш.

– Шулаймини? – деди Атий унинг юзидан бирон сохта ифода ахтариб. Анвар жиддий турар, унинг гапига ишонмасликнинг иложи йўқ эди. – Ёрий молай. Қилабиз, қилабиз. Анийинг-да кела. Чоқирғонингга бик раҳмат!

Атий ўз йўлига кетди. Анвар тағин уч-тўрт ҳовлининг қўнғироғини чалиб «туғилган кун»га таклиф қилди, ундан кейин Фурқатларникига кирди. Фурқат уйда экан. Аммо на Фурқатга, на унинг ойисию дадасига «туғилган кун» ҳақида миқ этмади. Негаки улар ён қўшни, бунинг устига Фурқатнинг дадаси билан унинг дадаси яқин ошна. Барибир айтгани билан улар ишонишмайди. Дадаси билан ойисининг қачон туғилганини дафтарчаларига ёзиб қўйишган. Шунинг учун миқ этмагани маъқул.

Анвар билан Фурқат у ёқдан-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди-да, тағин «Гулхан»дан келган хат масаласига қайтишди. Гап орасида Анвар чўнтагидан бояги хатни олиб бериб, узр сўрамоқчи ҳам бўлди-ю, юраги дов бермади. Нега деганда, ёлғончилиги устига «ўғри» деган ном олиши турган гап эди. Жуда ҳам унчалик эмас-у, аммо бировнинг почта қутисидан бегона хатни олиш ҳар ҳолда шунга яқинроқ-да! Йўқ, бўлмайди, оғиз очмагани маъқул. Бирор мавридини топиб айтар.

Улар узоқ ўтиришди. Шунча бош қотиришса ҳам гражданлар урушининг ветеранларини қандай қилиб топишни билишмасди. Вақт алламаҳал бўлганда Анвар ўрнидан қўзғалди.

– Қаёққа, овқатим тайёр бўлиб қолди, – деди Фурқатнинг ойиси.

– Раҳмат, уйга чиқай, – деди Анвар одоб билан.

– Хўп бўлмаса, эртага гаплашамиз. Эртага шанба-я, – деди Фурқат девордаги осма календарга тикила туриб. – Ҳа, шанба. Бўлмаса дарсдан сўнг маҳалламиздаги чоллардан суриштириб кўрмаймизми? Улар билишади.

– Майли…

Анварнинг жавоби бўшроқ чиқди. Йўқ, бу Фурқатнинг таклифига кўнмаганидан эмасди, уни ҳозир уйида нима савдолар кутяпти, ўзи ўйлаб топган «туғилган кун»нинг оқибати энди нима бўлади? Меҳмонлар келишдими, йўқми? Бу гапга ойиси, дадаси қандай муносабатда бўлишади? У мана шуларни ўйлаб, кўнгли ғаш тортиб, оёғи тортмайроқ секин уйига чиқди.

Дарвозадан кириши билан ғалати манзаранинг гувоҳи бўлди: ўтган кузда тўйда ўрнатилиб, шундан бери ҳали ёқилмаган икки юзинчи чироқ чарақлаб ёниб, ҳовлини сутдек ёритиб турар, ҳовлилари ғиж-ғиж бола, қий-чув қилиб копток тепиб юришар, ҳамма хурсанд эди. Деразадан шундоққина кўриниб турибди: уй тўла меҳмон. Негадир улар қийқиришиб кулишар эди. Анвар қўрқа-писа ошхона томонга мўралади: икки қиз олдиларига фартук тутиб олиб, идиш-товоқ ювишарди. Бири шубҳасиз, Маҳфуза. Иккинчиси ким бўлди экан? Таниёлмай қолди. Ошхона деразасидан мўралаган эди, қараса, танимаган қизи – Зуҳра экан. Бирам хурсанд бўлиб кетдики! Энди у қўрқмай дераза олдига борди-да:

– Ҳорманглар-ов!– деди катталардай кеккайиб.

Иккала қиз унга ялт этиб қарашди.

– Сеними, шошмай тур, – деди Маҳфуза акасига еб қўйгудай ўқрайиб. – Кўрасан ҳали!

– Ажаб бўпти ювавер. Ҳали кўп ювасан, – деди Анвар ҳам бўш келмай. – Қилмишингга яраша…

– Ойимдан ўласан ҳали.

Зуҳра ака-сингилнинг гапларини эшитиб, жилмайиб турар эди. Анвар бегона қизнинг олдида уялинқиради. Қараса, гап чўзиладиган, аста уйга кирди.

– Ассалому алайкум… – у ҳадиксираб ер остидан аввал ойисига, сўнг дадасига қаради. Иккаласининг юзида ҳам табассум бор эди. У хийла енгил тортди. Сўнг меҳмонларга қаради. Улар хурсанд. Атий билан Аний тўрда ўтиришибди, жуда ҳам башанг кийиниб олишган. Уларнинг ёнида Расулмат ака билан хотини. Хуллас, ҳаммаси таниш. Атийнинг кўкрагида қатор орден ва медаллар. Вой Атийси тушмагур-эй! Қаёқдан ола қолган экан шунча орденни? Уни маҳаллада нега бунча ҳурмат қилишади, деб ўйласам, гап бу ёқда экан-да!

У, меҳмонлар бояги саломимни эшитмади, шекилли, деб ўйлаб, бу гал дадил овоз чиқариб:

– Қалай, яхши ўтирибсизларми? Хуш келибсизлар, – деди.

Туйқусдан даврада кулги кўтарилди.

– Оббо Анвари тушмагур-эй, – деди тўрда ўтирган Расулмат ака паловдан ёғ бўлиб кетган бармоқларини сочиққа артиб. – «Қулонмиди уюринг, тортармиди буюринг» деганлари шу-да. Бобонг раҳматли шўхроқ эди. Бобосининг невараси-да? Хи-хи-хи…

3Қала – шаҳар маъносида