Бепарво бўлмоқчиман

Tekst
Loe katkendit
Märgi loetuks
Kuidas lugeda raamatut pärast ostmist
  • Lugemine ainult LitRes “Loe!”
Šrift:Väiksem АаSuurem Aa

ҚОЗОН БОШИДАГИ ХОТИН

Эрталаб бошланган базм тушга бориб, авжига чиқди. Нақш– нигорли улкан меҳмонхона. Ноз–неъматдан столнинг бели қирсиллайди. Тўрда, диванни тўлдириб уй бекаси – Опа ўтирибди. Ўртада икки аёл капалакдай чарх уриб ўйнайди. Опа магнитафоннинг қулоғини бураб қўйди. Насибахоннинг эрка овози янгради: “ёқасиз, жоним, ёқасиз…”

Қора кишмишнинг сувига тўйинган хонимлар қўшиқ шиддатидан эс– ҳушини йўқотиб қўйгандек бўлди. Озода билан Дилдора бир– бирига муқом қилиб, ер депсинар, рақс зарбидан шифтдаги ҳайбатли қандил тебраниб– завқланар, Опанинг биқинида ўтирган аёллар мастона қийқириб, чапак чаларди:

– Ҳаҳ, майда қадамларингдан, Дилдорим!

– Ўзим ўргилай сендан! Бир куни куёв тўрани ҳам ёқиб, кул қилмасанг бўлди!

Ниҳоят, Опа девордаги баркашдек тилла соатга кўз қирини ташлаб олиб, қарс урди:

– Ҳўв, ойимчахонлар! Бўлди қилинглар энди. Хўжайиннинг келадиган вақтлари бўлиб қолди.

Озода ҳансираб келиб, креслога чўкди.

– Энди одамнинг бадани қизиган эди– я, Опа. Кайфнинг белига тепдингиз. Уҳ…

Опа бармоғини илмоқ қилиб, ҳамтовоқларини имлади:

– Бу ёққа келинглар. Поччангиз келгунча мана бу рўйхатни битирайлик. Кейин қўлларига тутқазамиз.

Ҳамма Опанинг оғзига тикилиб, жим бўлиб қолди. Опа қошларини чимирди:

– Демак, қолган ўринлар… Ҳм– м, бозор, лесхоз, лунапарк, мехбаза…

Биринчи бўлиб Озода қақилдоқ Опани елкасидан қучоқлаб, ялинишга тушди:

– Қулингиз бўлай, Опажон! Бир йилга, атиги бир йилга бўлса– да, бизнинг хўжайинга солиқни бериб туринг. Иморат ўлгур битмай ётибди, икки қизим бўй етиб турибди. Сал қаддимизни ростлаб олайлик.

– Солиқдан оғиз очма, солиқ бўлими катта куёвга ваъда қилинган.

– Унда автозаправкани бера қолинг.

– У ер ҳам банд. Жавлон акамлар ҳоким бўлмасдан илгари авансларини олиб қўйганлар.

Аёллар чувиллашга ўтди:

– Ким экан у?

– Пешонасида шохи бор экан– да, элдан бурун заправкага эгалик қилиб олибди.

– Уми? – деб Опа Озодага қаради, – у ҳам сенинг эрингга ўхшаган боши думалоқ, бути айри бир маҳлуқ. Гапларинг бўлса, ана, хонимчалари…

Хонимлар ялт этиб, бир чеккада оёқларини чалиштирганча, керилиб ўтирган Муножотга қарашди.

– Вой, манави қилтириқнинг эрими? – деди Озода кўзларини ола– кула қилиб. – Писмиқ! Ошни дамлаб, дамтовоққа бостириб қўйиб… тиржайиб ўтиришингга ўлайми?

Муножот индамай ғолибона кулиб қўя қолди. Озода аста Муножотнинг олдига келди, унга синчиклаб разм солган бўлди, сўнг столдан бир шиша минерал сув олиб келди– да, тақ эткизиб олдига қўйди. Муножот садаф тишларини ярқиратиб илжайди:

– Буни юраги куйганларга беринг, Озодахон! Худога шукур, бизнинг юрак жойида.

– Бу сизга эмас, хоним. Эрингизга берасиз. Ахир бензинга сув қўшмаса, Опамнинг қарзларини узолмасдан беллари узили– иб кетмасин, дейман– да, оповси!

Озода чўрт бурилди– ю, пишиллаб Опанинг олдига борди:

– Заправкаям қулоғини ушлаб кетибди. Энди бозорни берасиз!

– Ие, қандоқ қилиб сенга бозорни бераман? – деди Опа эснаб, – бозор, бу – бозор…

Озоданинг жазаваси тутди:

– Бозорми, қора мозорми, билмайман! Берасиз, дедим, берасиз! Бермасангиз, ҳозир ўзимга ўт қўяман! Ҳов, гугурт беринглар менга, гугурт!

Муножот ўтирган еридан зарҳал бир нима чўзди:

– Гугурт йўғу, мана, зажигалка бор, – деди масҳараомуз, – бўлаверадими, ўртоқжон?

Озода жаҳл билан унинг қўлидан зажигалкани юлиб олди– ю, эшикка қараб юрди:

– Ҳозир ҳовлига чиқаман– у… тирик машъалга айланаман!

Озода остонага етганда тўхтади. “Биронтаси, қайт изингга”, дермикин, дегандек ўгирилди. Дилдора Опанинг қулоғига шивирлади:

– Биласиз– ку, у жиннини. Сал, нақароқ бўлиб қолган. Бозорни бериб қутулинг. Кимсан – ҳокимнинг уйида фалончи ўзига ўт қўйибди, деса, эшитган қулоққа яхши эмас.

Опа, бир лаҳза лабини тишлаб турди– да, Озодани чақирди:

–Ҳўв, псих, бу ёққа ке.

Озода истар– истамас Опага яқинлашди.

– Бозорнинг солиғи катта бўлади, билансан, а?

Озодага жон кирди:

– Биламан. Бозор етти хазинанинг бири, – деб бидиллади, – олти бўлаги сизники, еттинчиси бизники. Невараларингизнинг суннат тўйини ўтказиб… Қизингизни узатиб… Ота– онангизни кўмиб… Тфу, ҳажга обориб– обкелиш мана, бизнинг гарданимизда!

Хуллас, Озода дўқ– пўписа билан бозорни директорлигини илиб кетди.

Опа қўлидаги қоғозга нималарнидир белгилаб қўйди– да, пинжига суқилиб ўтирган Дилдорага ўгирилди:

– Хўш, Дилдорим, сенинг эрингга қаерни берсак экан?

Дилдора лабини буриб, ширинлик етмай қолган қизалоқдай араз қилди:

– Берганингизни бераверинг. Барибир, мойли жойлар хомталаш бўлиб кетди.

– Сенинг эрингга, ҳм– м… дормехбазани берамиз, – деди Опа. Дилдора ўтирган еридан ирғиб тушди:

– Иби! Энди бизнинг хўжайин келиб– келиб, аҳлат ташувчиларга бошлиқ бўладими? Уруғларим эшитса, кулмайдими?

Опа эркалаб, Дилдоранинг елкасидан қучди:

– Ўзинг ҳам ўлгудай гўл экансан. Чиройи бўлмаса– да, чинори бўлсин, деган гап бор. Пулнинг бари мана шу аҳлатнинг ичида– ку, жинни! Вилоят бўйича, биласанми қанча аҳлат ташийдиган мошин бор? Ўлганда қирқтадир? Ҳар бири ойига беш мингдан берса, қанча бўлади? Ўн мингдан берса– чи?

Дилдорақўлларинипастгақилиб,ўзича ҳисоблашга тушди: “қирқтаси ўн мингдан… тўрт юз… йигирма мингдан…”

– Майли, Опа, сиз нима десангиз, шу.

Опа оғзини қийшайтириб, масҳара қилди:

– “Майли, опа…” Пулдан кўйлак– лозим тикиб кийганингда бизни ҳам эслаб турсанг бўлди.

Шу пайт равонда эркак кишининг йўтали, гурсиллаган қадам товуши эшитилди. Озода:

– Вой, поччам келдилар! – деди– ю, шипиллаб бориб жойига ўтирди. Аёллар дарров сергак тортди, кийим– бошларини тузатиб, сипо бўлиб олишди. Уй бекаси ўрнидан туриб, эшикка қараб юрди.

Савлат тўкиб Жавлон кирди. Гулрухсораларга кўз қирини ташлаб олиб, илжайди:

– Салом, салом… Жамоат жам– ку? “Дугоналар, бормисиз, омонмисиз?” деб бир базми жамшид тузибдилар – да? Ҳа, дуруст, дуруст…

Аёллар, овчини кўрган ҳуркак қушлардай, бир зумда патир– путур тарқаб кетишди. Жавлон тўрга ўтди. Креслога оғир чўкди. Шляпасини олиб, хонтахтага ташлади. Уҳ тортди. Бегойим эрининг ёнбошига келиб суйкаланди.

– Ҳм, хўжайин, кайфиятингиз йўғроқ? Чарчадингизми? Ваҳлироқ келар экансиз, бир оғиз телефон қилмайсизми, ўзим бирон нима пишириб қўймайманми. Иккитагина тухум солиб келайми?

Эр бош чайқади. Хотин хавотирланди. Кўнгли алланечук бўлди. Кейин, зора рўйхатни кўриб, димоғи чоғ бўлса, деган ҳаёлда бир варақ қоғоз олиб келиб, эрининг олдига қўйди.

– Мана, хўжайин ўзимизнинг одамларга жойларни бўлиб чиқдик. Бари сиз айтганингиздек бўлди.

Ҳоким қоғозга бефарқ назар солди. Ғамгин кулди.

– Боплабсиз, хоним, – деди. Бироз сукутдан сўнг давом этди, – яна битта жой керак бўлиб турибди.

Бегойим сергакланди:

– Кимга экан? Ҳамма ўринларни тақсимлаб… қўювдигу?

Ҳоким хотинининг безовта кўзларига тикилди, уни елкасидан қучди:

– Менга ҳам битта жой керак, хоним…

Бегойим силтаниб эрининг қучоғидан чиқди:

– Э, боринг– е! Ҳазилингиз қолмади– қолмади.

– Бу сафар рост айтяпман. Паттамизни беришди. Эртага янги ҳоким сайланади.

Хонимнинг кўзлари ола– кула бўлиб кетди. У эрига нафрат билан тикилди. Кейин бурчакка қараб югурди. Бора солиб катта столда таҳланиб ётган совға – саломни қучоқлади. Ипак тасма билан бойланган улкан қутига бошини қўйиб, ҳўнграб юборди.

МЕНИНГ КУЁВ БЎЛГАНИМ

Ниҳоят, биз ҳам бир бошпанага эга бўлдик. Юнусобод бозорининг шундоққина рўпарасида, кўча берида шинамгина шийпон қуриб беришди. Энди тўп – тўп бўлиб, ўтган– кетганнинг жонига тегмаймиз, йўл четига енгил машина келиб турса, ур– сур қилиб югурмаймиз. Орамиздан бригадир сайлаб қўйганмиз. Ҳаридор билан шу киши гаплашади. Ҳар кимнинг ҳунарига қараб ишга ажратади: сен томсувоққа борасан, сен уй кўчиргани, сен кўчат экиб, ер чопгани ва ҳоказо.

Гир атрофдан гул иси келиб турган баҳор кунларининг бири эди. Шийпонда гап сотиб, сигарет тутатиб ўтирибмиз. Шу пайт ёнимизга ҳашаматли қора машина келиб тўхтади. Ҳаммамиз умидвор бўлиб қарадик. Бригадиримиз, тек ўтиринглар, дегандек бармоғи билан ишора қилдию ташқарига чиқди. Салдан кейин қирққирқ беш ёшлардаги гавдали, келишган йигитни бошлаб кирди. Беихтиёр ўрнимиздан туриб кетдик.

Қайсимизга омад кулиб боқар экан, деб аскардек саф тортиб турибмиз. Ҳаридор йигит билан бригадиримиз аста – аста юриб, бизни кўздан кечира бошлади. Менинг олдимга келганда йигит тўхтади.

– Уйланганмисан? – деди негадир сирли жилмайиб.

Калла чайқадим.

– Жуда соз! Менга сендай бўйдоқ йигит керак эди, – деди у. – Қани, бу ёққа юрчи.

Етаклашиб кўчага чиқдик. Ҳаридорим каттароқ ерда ишлайди шекилли, шофёри ҳам бор экан. У бизни кўрдию зинғиллаб келиб эшик очди.

– Менинг исмим Шавкат, – деди янги танишим, – сеники…

– Манзур.

– Ў, чиройли исминг бор экан. Кунига қанча пул ишлайсан, Манзурбой?

– Ҳа, энди, хизматга қараб– да, ака. Ўн беш минг, йигирма минг.

– Дуруст, – деди у мени ёнига ўтқазиб, – мен сенга беш кунлик ҳақингни бераман. Шартимизга кўнсанг бўлди.

Юрагим шув этди. «Бекорга шунча пул бермаса керак. Нега уйланганмисан, деб сўради экан? Ишқилиб, бир балога йўлиқмасам бўлгани. Шарти қанақа экан?»

Шавкатнинг бетига гумонсираб қарадим.

– Нима иш қиламан, ака? Айтиб қўйинг– да мундоқ.

Шавкат кулди.

– Ҳеч нима қилмайсан. Меҳмон бўласан. Еб– ичасан, дам оласан, томоша кўрасан. Кейин хизмат ҳақингни олиб кетаверасан. Қўрқма, мен ёмон одам эмасман.

Таажжубим баттар ортди. Йўлга тушдик. Чирчиқ томонга қараб кетдик. Дўрмонга етганда ўнг тарафдаги маҳаллага бурилдик. Бу ерлар менга сал– пал таниш. Бултур кузда жўраларим билан бир бойваччанинг уйида ишлаган эдик.

Уч қаватли қирмизи иморат олдида тўхтадик. Машина товушини эшитиб, дарвоза ўз – ўзидан очилди. Ичкари кирдик. Бўйига юз, энига эллик қадамча келадиган улкан ҳовли. Дарахт кам. Ерда ям – яшил майса экилган. Ўртада катта, кичик иккита ҳовуз. Бир четда ўймакор айвон, чиройли ҳалинчак. Гир айлана тарвуздек оппоқ чироқлар ўрнатилган. Менга ёққани – гул кўп экан. Оқ, сариқ, пушти, қизил гуллар офтобда товланиб турибди.

 

Шавкат ҳовли этагидаги пастаккина ҳужрага қараб «Валижон!» деб чақирди. Ушоққина мен тенги йигит чиқди, пилдираб ёнимизга келди. Қўлларини қовуштириб Шавкатнинг кўзига тикилди.

– Мана бу йигитга чой– пой бер, – деди Шавкат, – сартарошга олиб бор. Кейин ҳаммомга тушир. Уқдингми?

– Хўп бўлади, хўжайин.

– Кейин унинг вазифасини ҳам тушунтириб қўй.

Ичкари кирдик.

– Мана шу бизнинг резиденциямиз, – деди Валижон. Ҳужра кичкина бўлгани билан чақмоқдай экан. Ёғоч кроват, телевизор, холодильник, телефон, ҳатто кондиционергача бор.

– Рўзғорингиз яхши экан, – дедим.

– Худога шукур, ҳамма нарсам етарли. Бир қоровулга ҳиммат бўлса, шунча бўлар – да, нима дедингиз? Энди қоши – кўзи қоп – қора, сочи узун, иболиккина бир нозанин ҳам бўлганда, тўшагим исиб қоларди. Шавкат акамлар омон бўлса, бир куни бошимни икки қилиб қўяр, деб юрибман. Қани, меҳмон гўштдан олинг, уялманг.

Валижон кўнгли очиқ– ёруғ, гапдонгина бола экан. Анча вақтгача чойлашиб, гурунглашиб ўтирдик. «Валижон, мен нима иш қиламан экан, билмайсизми?» деб сўрамоқчи эдим, ўзи оғиз очди.

– Шавкат акамнинг давлати дунёга сиғмайди. Шаҳарда мана шундай яна икки уйлари бор. Ишхонаю дўконларини айтмай қўя қолай. Ана, дарвозахонадаги «Жип»ни кўрдингиз. Шаҳарда ҳам иккитасини боғлаб қўйибди. Хуллас, Худойим мол– дунёдан бергану фарзанддан қисиб қўйган. Янгам ёмон дардга чалиниб, туғмайдиган бўлиб қолди. Шавкат акам ёнади, куяди, бошларини қайси тошга уришни билмайди. Ўлганингда тепангда чириллаб йиғлаб турадиган бир зурёд бўлмагандан кейин шунча бойлик кимга керак, тўғрими?

– Тўғри.

– Ана энди Шавкат акам уйланмоқчи бўлаяптилар. Ими – жимида никоҳдан ўтиб қўяқолсалар ҳам бўларди–ю, бўлажак келинойимиз кўнмайди. «Мен қиз боламан, тўй қилиб бермасангиз, тегмайман», деб шарт қўйибди. Ёши элликка яқинлашганда ёш келиннинг ёнида ўтиришни Шавкат акам ўзига эп кўрмади. Сизни топиб келди. Бугун тўй. Бир кунча куёв тўранинг ўрнига ўтиб берасиз – да, меҳмонжон!

Кулгим қистади. Бировнинг ўрнига кўпкари чопганни, кураш тушганни, имтиҳон топширганларни эшитганман. Биз томонда бир йигит акасининг ўрнига ўн кун мелисахонада ҳам ўтирган экан. Лекин… чин куёв бу ёқда қолиб, келинпошшанинг пинжида суйкалган ёлланма куёвни энди эшитиб туришим.

– Сиз бўйдоқсиз, мен бўйдоқ. Куёвликни бир репетиция қилайлик, – деб кулдим.

Валижон билан сартарошга бориб келдик. Кейин ҳовлидаги саунага тушиб чўмилдик. Валижон мени бир хонага олиб кириб, ясантирди. Янги костюм – шим кийдирди, бўйнимга галстук боғлаб, оёғимга қушнинг тумшуғидек учлик қора туфли илди. Ойнага қарадим.

– Чўпга либос демоқчи, янги эгни– бош кийсангиз, чиройли бўлиб кетар экансизу, Манзурбек, – деди Валижон.

– Чўнтагимга кўкидан солиб қўйсангиз, бундан ҳам кўркам бўлиб кетаман, – деб ҳазиллашдим.

– Бу ёғи Шавкат акамларга боғлиқ. Худо деб туринг– чи, у кишининг қўли очиқ, қизғончик эмас.

Тушдан кейин эшикка узун, оппоқ лимузин келди. Валижон менга куёвжўра бўлди. Бир қучоқ гул кўтариб чиқдик. Қарасак, машинада келинпошша ўтирибди. Ёнида дугонаси. Қиз асли қўқонлик, исми Тозагул экан. Машинага чиқдик. Бироз юргач, Тозагул қўл чўзди:

– Омонат куёвим билан танишиб қўяйлик. Исми шарифлари?

– Манзур, – дедим. Қиз шарақлаб кулди. Қўқонча аския қилди:

– Ўҳў! Мен зўрман, деб юрибсиз экан – да, куёвжон?

– Ҳа, тоза гулларни ҳидлаб, – дедим пайровга жавобан.

– Бало экансиз! Шавкат акам бўлмаганда сизга ўзим тегардим. Келинг, яхшиси дугонамни олақолинг. Мана эт деса эти бор, бет деса бети бор. Хурсанд бўласиз. Розимисиз?

– Йўқ. Шаҳар қизлари қишлоққа чидамайди.

– Оббо– о! Нега чидамас экан?

– Қишлоқда юмуш кўп. Сигир соғиш керак, ўчоқда овқат пишириб, таппи ёпиш керак. Чидамайди.

– Кўнглини олиб турсангиз, чидайди, – деди Тозагул ва ўртоғини туртди, – чидайсан– а, Лобар?

Лобар индамади. Қиқирлаб кулди.

Ана шундай ҳазил – ҳузил билан кечгача шаҳар айландик. Оқшом тушганда тўйхонага кириб келдик. Тўйхона олди одамга тўлиб кетибди. Олти карнай, қўш сурнай, қўш ноғора, «дака – тум», «вот – вот» овози осмонни ёраман дейди.

Ўнг томонимда Валижон, чап биқинимда омонат қаллиғим билан Лобар, ийманиб залга кирдик. Бўсағадан ўтишим билан ҳофизлар «тўйлар муборак»ни бошлашди. Бир тўп йигитлар бошимиздан даста – даста пул сочишга тушди. Бола – бақро чувиллаб пул тера кетди. Қарасам, оёғим остида япроқдек бўлиб пул сочилиб ётибди. Худди нонни босаётгандек, хижолат бўлиб, бир лаҳза тўхтаб қолдим… Ҳе, номард, дейман ичимда, шунча пулни увол қилгунча муҳтожларга улашиб берсанг ўласанми?» Бизнинг янги ўзбекларимиз ҳам жуда такаббур бўлиб кетган – да.

Тозагул, юринг, дегандек туртди. Саҳнадаги тахтиравонга чиқиб ўтирдик. Базм бошланди. Тўйнинг қандай ўтганини айтиб ўтирмасам ҳам бўлади. Тошкентдаги мана – ман деган артистлару, қизиқчиларнинг бари шу ерда. Залда камида беш юз киши бор. У томондаги одам бу томондаги одамни кўрмайди. Куёв бўлиб мен тўрда ўтирибман. Лекин олқишлару тилаклар Шавкатнинг шаънига ёғилаяпти. «Ошиқ булбул бугун ўз гулининг васлига етди, муборак бўлсин!», «Тозагул янгамиз бир тилла узук бўлса, Шавкат акамлар узукка кўздек ярашди», «Биз келин – куёвга тўрт ўғил, тўрт қиз тилаймиз! Кейинги йил бешик тўйида учрашайлик».

Тўй етти хуфтонда тарқади. Шавкат янги хотинига атаб шаҳарнинг ўртасидан уч хоналик уй олиб қўйган экан. Валижон икковимиз келин билан дугонасини кузатиб қўйиб, қайтиб келдик. Қарасам, ҳовлида бизни Шавкат кутиб турибди.

– Қалай, куёв бола, тўй яхши ўтдими? – деди кулиб.

– Зўр бўлди, – дедим ва костюмни еча бошладим.

– Тек тур, – деди Шавкат, – бу кийим – бош мендан эсдалик. Тепкилаб кийиб юр. Дуо қилсанг бўлди.

– Худойим сизга қўшалоқ ўғил ато қилсин. Раҳмат, ака.

– Айтганинг келсин. Хўп, ҳайр. Вали сени уйингга обориб қўяди.

Эски кийимларимни олдим. Валижон тўйдан насиба, деб икки сув халтани тўлдириб, қўлимга ушлатди.

Шерикларим, ухламай мени кутиб ўтиришган экан. Эгни – бошимга қараб учириқ қилишди.

– Бировни тунаб келаяпсанми, Манзур, қуллуқ бўлсин!

– Худди тўйдан чиққан куёвга ўхшайсан– а?

– Ростдан ҳам куёв бўлдим, – дедим ва кундузги саргузаштимни айтиб бердим. Йигитлар дарров шишаларни очди. Тўйхонада уялиб туз тотмаган эдим, қазиқарталарга ҳужум бошладик.

Эрталаб саҳар турдиму янги либосларимни бир халтага солиб, Юнусободдаги буюм бозорига қараб зинғилладим. Қанчага олса, сотаман. Сотиб, пулини уйга юбораман. Қишлоқда ёлғиз онам билан икки синглим йўлимга кўз тикиб ўтиришибди. Улар бир суюниб қолишсин.

МЕНИНГ ХЎРОЗ ҚУВГАНИМ

Йигирма йил мактабда ишладим. Қарасам ёшим ўтиб боряпти. Ўғлим эр етиб, қизим бўй етиб, невара кўрадиган бўлиб қолибман. Ҳаракатимни қилмасам бўлмайди. Бир куни кўзимни чирт юмиб, ариза ёздим. Сур – сур билан аранг мактабдан бўшаб олдим. Бўшашга бўшадиму энди нима қилишга ҳайронман. Муаллимликдан бошқа ҳунарим йўқ. Лекин билагимда кучим бор. Меҳнатдан қочмайман. Ўйлаб – ўйлаб, катта шаҳарга жўнадим. Темир йўл вокзалининг ёнидан ижарага арзон – гаров бир уй топиб олдим. Ўзимга ўхшаган учта бекорхўжа бор экан, мен тўртинчиси бўлдим. Азим шаҳар, барибир азим шаҳар – да. Бу ерда бировнинг юкини бозордан олиб чиқиб берсангиз ҳам беш – ўн танга ишлайсиз. Эринмасангиз, ўзингизни тарозга солмай инсоф қилсангиз бўлди, насибангиз топилаверар экан. Бир – икки кун ҳар кимнинг ҳожатини чиқариб, тирикчилик қилиб юрдим. Кейин ҳамхоналаримнинг маслаҳати билан мен ҳам 2 – МБга аъзо бўлдим. Марказий мардикорлар бозорини улар ўзларича шунақа дер эканлар.

Тонг саҳар турамиз. Енгил хўрак қилиб, йўлга тушамиз. 2 – МБ шаҳарнинг қоқ марказида. Бу бозорнинг бригадири бор. У кунига азонда шефнинг ҳақини йиғиб кутиб туради. Шеф келади, сафимизга назар солади.

– Кечагидан кўпми одаминг? – деб бригадирга дўқ қилади. Кейин четроққа чиқиб бизнинг садақамизни оладию суякка тўйган бойтеватдек думини қисиб кетади. Бизлар ёнимизда тўхтаган машинага умидвор бўлиб қараймиз, зора биронта одам тушиб, кучимизни ижарага олса, деб кутамиз.

Ниҳоят, менинг ҳам омадим келди. Тушга яқин шундоққина тумшуғимда катта қора машина тўхтади. Ундан ёз бўлса – да, ялтироқ кастюм – шим кийган бўйдор бир йигит тушди. У тўғри бизга қараб юрди. Ҳамма дувиллаб олға югуради. Бир – бирини итариб – суриб, бақиради:

– Нима ишингиз бор, ака, ест қиламиз!

– Ҳамма нарса қўлимдан келади! Савдолашмайман, мени олинг…

Мен қимирламай туравердим. Бояги йигит қий – чув қилаётганларга қиё боқмади. Сочимнинг оқини ҳурмат қилдими, тикка менга қараб юрди. Яқинлаб келдию, бармоғини илмоқ қилиб чақирди. Секин олдига бордим.

– Машинага чиқинг! – деди буйруқ оҳангида. Беихтиёр юрдим. У индамай орқа ўриндиққа чиқиб ўтирди, менга негадир шофёрнинг ёнидан жой кўрсатди. Кетдик.

Йўлга тушгач сўради:

– Бир кунингизга неча сўм оласиз?

– Юмушнинг оғир – енгиллигига қараб – да, – дедим, – икки минг, уч минг. қандай ишингиз бор эди?

– Хўроз сўйишни биласизми?

– Анча бўлди сўймаганимга. Илгари, хўрозимиз бор пайтда сўйиб турардим.

– Менинг битта хўрозим бор, шуни сўйиб патини юлиб берасиз. Беш минг сўм тўлайман.

– Э, бу пул кўплик қилади. Хўрозингизни нари борса, икки соатда саронжом қиламиз. Бизга уч минг ҳам етади.

– Мен битта гапираман, – деди ҳаридор йигитим, – хўрозни сўясиз, патини юлиб қозонга соласизу беш мингни олиб кетаверасиз. Гап тамом !

«Тамом бўлса – тамом, – дедим ичимда, – текин пул топадиган одамга ўхшайсан. Синган бировнинг кўзаси, тўкилган бировнинг бўзаси, менга нима, деган экан бир бечора. Шу хўрозингни сўйиб, патини юлишми, бўлди, боплаймиз»

Тўҳтамай юриб ўтириб, шаҳар ташқарисига чиқиб кетдик. Катта бетон йўлнинг ўнг тарафидаги бир маҳаллага бурилдик. У жийдазор деган мавзе экан. Икки – уч қаватли уйларга қараганда, бу ерда товонидан тош ўтмайдиган тўранамо кишилар турадиганга ўхшайди.

Баланд дарвозалик қўшқаватли уйнинг олдига бориб тўхтадик. Ҳаридорим чўнтагидан сигаретдай қора қути чиқариб, тугмачасини босди. Шу заҳоти дарвоза ланг очилди. Ичкари кирдик. Дарвозахонанинг ўзи бизнинг томорқача келади. Ҳовлинику, айтмаса ҳам бўлади. Гир айлана қилиб нақш – нигорли иморатлар солинган. Ҳовлида дарахт кам, ҳамма ёқ гулу гулзор. Ўртада катта ҳовуз, чеккароқда баланд шийпон, икки – уч киши ўтирадиган кичкина – кичкина айвончалар.

Ҳаридоримнинг исми Мирсодиқ экан. У мени эргаштириб, ҳовуз бўйига олиб борди. Икки йигит гурунглашиб ўтирибди. Олдиларида думалоқ стол, турли ноз – неъматлар, ранго – ранг шишалар. Йигитларнинг бири семиз, қориндор, олакўз. Эгнига оқ тўр кўйлак кийиб олган. Иккинчиси чиллашир: бўйни узун, ингичка, қовунбош.

– Мана хўрознинг кушандаси, – деди Мирсодиқ мени кўрсатиб.

– Унда бошладик, – деб хириллади олакўз ва ёнидан юз доллар чиқариб столга ташлади. Чиллашир йигит чийиллади:

– Паст кетманг, ака! Гавдангизни қаранг!

Олакўз совуқ кулди:

– Етмаса, ёнига сени қўшиб тиквораман, ҳошимча !

Бу йигитлар бир нима устидан бас ўйнашганини пайқадим. Мирсодиқ шофёрига им қоқди. У шипиллаб бир уйга кириб кетдию анчадан кейин катта темир қафас кўтариб чиқди. Темир қафасда тожиси шапалоқдай келадиган қизил – қўнғир, семиз хўроз ғўдайиб турарди.

– Мана шу хўрозни тутасиз, – деди Мирсодиқ, – тутиб сўясиз. Патини юлиб берсангиз, бўлди, орамиз очиқ. Тушундингиз – а?

Бош силкидим. Чиллашир йигит яна чийиллади:

– Тутолмайди, тутолмайди, мана кўрасиз…

Бақалоқ унга ўқрайиб қараб қўйди:

– Тутолмаса, ўрнига сени сўйиб, табака қиламиз.

– Ва – а! Мен ориқман, бир чимдим ҳам этим йўқ!

– Оч! – деб буюрди Мирсодиқ. Шофёр қафасни очди. Бабақ хўроз сакраб чиқдию ҳовлининг тўридаги гулзорга қараб йўрғалади. Мен ортидан эргашдим. Хўроз менга ўгирилиб қаради ва лип этиб, бир туп қалин гулнинг ичига кириб кетди. Мен нариги тарафга ўтиб кутиб турдим. Чиқавермагач, гулзорни титкилай бошладим. Шу пайт хўроз «қа – қағ!» дедию ирғиб чиқиб қочди. Мен қувдим. У учиб бориб, бир пастак дарахтга қўнди. Мен бир – бир босиб яқинлашдим. «Туту! Туту!» деб қўлимни чўзиб боравердим. Дарахтга етиб энди ушлайин деганимда хўроз «қу – қу – қув!» деб по-тирлаб учдию ўн қадамча нарига бориб тушди. «қани, қўлингдан келса, тутиб ол», дегандек ҳовуз ёнида менга қараб турибди. Ўзимча уни алдамоқчи бўлдим. Ерга ўтирдим. Хўроз у ёқ – бу ёққа аланглаганда туфлимни ечиб, ялангоёқ бўлиб олдим. Сакраб туриб, сиртлондай унга ташландим. Хўроз қақағлаганча лапанглаб қочди, мен ер чангаллаб қолавердим. Йигитлар гуриллаб кулишди. Чамаси, Мирсодиқ билан чиллашир йигитнинг тили бир шекилли, иккови кўпроқ хурсанд эди.

 

Ярим соатча хўроз қувиб, ҳолдан тойдим. Тилим осилиб қолди. Лаънати хўроз эса, ҳаланчакнинг тепасига чиқиб, менга қараб ўтирибди. У ер баланд, камида беш метр келади. Ерга энгашдим, ёлғондан кесак олиб, отган бўлдим. Хўроз парво қилмади. У менга ўхшаган ёлланма кишиларнинг қуруқ пўписасини кўп кўрган шекилли, атрофига мағрур боқиб, бироз ўтирдию тўғри ҳовузга қараб учди. Изма – из югурдим. У нариги тарафга ўтиб, қараб турди. Мен айланиб ўтганимча яна ортига парвоз қилди. Нима қилсам экан – а бу ярамасни? Наҳот шу паррандани тутолмай мана бу олифта йигитларга кулги бўлиб қолаверсам?

Оғзим қақраб кетди. Водопроводдан сув ичиб бир четга ўтирдим. Хўроз ҳам сал нарида намойишкорона гердайиб юрибди. У тескари бурилганда ирғиб туриб ташландим. У «қа – қа – қа!» деб жон ҳолатда қочдию бир тиканли бутанинг остига кириб олди. Энгашиб пойлаб турдим. Унинг катта тожи кўринди. қўл чўзган эдим, ортига тисарилди. Мен ҳам таваккал қилиб бутага бош суқдим. Хўроз вағиллаб бетимга чанг солдию, қўлимни чўқиб, биқинимдан ўтиб кетди. Ҳам бутанинг тиконига, ҳам безори хўрознинг тирноғига тирналиб қолавердим.

Яна бирор соат хўроз қувиб кўрдим. Бироқ унинг битта патига ҳам қўлим етмади. Буни кўриб, хўрознинг чапдастлигию менинг ношудлигимга тан бердими, Мирсодиқ олдимга келди.

– Бугун ишингиз юришмади, домла, – деди илжайиб, – хоҳласангиз биз билан тушлик қилинг – да кета қолинг. Мана бугунги хизмат ҳақингиз.

– Қилмаган ишга ҳақ оламанми, – дедим ҳижолат бўлиб, – кераги йўқ.

– Хўроз тутолмаган бўлсангиз ҳам, ярим кун вақтингиз кетди. Олинг! – У чўнтагимга пул солиб қўйди.

– Қизиқ бўлдию…

– Ҳа, роса қизиқ бўлди. Сизни билмадиму аммо биз мазза қилиб дам олдик. Тожихондан берган тузимга рози бўлдим. Энди эртага келасиз. То шу хўрозни тутиб, патини юлмагунча келаверасиз. Мен ҳақингизни тўлаб тураман. Келишдикми?

Жўнадим. Кўчада овқатланиб, хужрага қайтгунимча кун кеч бўлди. Ҳамсояларим кўкариб кетган пешонамга қараб учириқ қилишди:

– Ие, домла, нима бўлди, биронтаси билан муштлашиб келдингизми?

– Ҳа, боксга тушдик, – деб кулиб қўя қолдим.

Кечаси билан ухлай олмай тўлғониб чиқдим. Тушимга бабақ хўроз билан унинг эгаси кирибди. Мирсодиқнинг танаси одамга, башараси хўрозга ўхшар эмиш. Кўзлари кичкина, қипқизил, бурни илмоқдай ўткир, оёқларининг тирноғи бир қарич – бир қарич. У «Ҳм, домла, қалайсиз, қатиқ берсам ялайсиз!» деб ишшайиб кулармиш. Хўроз бўлса, «Бизнинг хўжайин йигитларнинг хўрози! деб одамга ўхшаб гапирармиш.

Эрталаб қасд қилиб ўрнимдан турдим. Ё бугун ўша сўйилгурни тутиб, патини юламан, ё бу ҳовлига қайтиб қадам босмайман!

Шу қасам билан Мирсодиқникига кириб бордим. Бу сафар ҳовуз лабида кечаги гунгалак йигит, чиллашир бола, тағин иккита узун – калта меҳмонлар ўтиришарди. Мирсодиқ, текин томоша бор, деб оғайниларини ҳам чақирган шекилли – да.

Хўрозвой нонушта қилаётган эмиш, бир замон кутиб ўтирдим. Ниҳоят, шофёр йигит темир қафасни кўтариб чиқди. Курашга чоғланган полвондек ирғиб турдим. Меҳмонлар ҳам қўзғалдилар. Улар қафасда қанот қоқиб, қуқуғлаб турган бабақ хўрозга қараб, кулиб – кулиб қўйишади. Шофёр қафасни очди. Хўроз пайсаллаб чиқавермади. Унгача мен олдинроққа ўтиб, пойлаб турдим. Мирсодиқ «Ҳа, Тожихон олға!» деб қафасни туртди. Хўроз лапанглаб чиқдию гулзор томон учди. Мен мушукдай сапчиб ўзимни унинг устига ташладим. қўлим хўрознинг ёғочдай оёғига тегди. Бетимни атиргулнинг тиконлари тилиб юборди. Аммо хўрознинг иккала оёғидан маҳкам ушлаб тортавердим. Бир амаллаб уни ташқарига чиқариб олдим. Хўроз қайрилиб қўлимни чўқиди. Мен уни ғиппа томоғидан бўғдим. Юзимдан қон оқиб, лабимга тушди. Ўз қонимни ўзим ялаб хўрлигим келди. Мирсодиқ бўлмаганда хўрознинг бўйнини қайириб, узиб ташлардим. У елиб ёнимга келди.

– Ҳўв нима қивотсиз?! – деб қўлимга ёпишди. Хўрозини тортиб олди, – бу шўрвага соладиган минг сўмлик товуқ эмас. Уни минг долларга олганман! Индамаса, ростдан ҳам ғийқ этказиб, а? Тожихоним омон бўлса, ҳали сизга ўхшаганларнинг қанчасини лақиллатади.

Мирсодиқ хўрознинг бўйнини силаб, тожисидан ўпиб қўйди. Мен дарвозахонага қараб юрдим. Ҳануз бетимдан қон оқарди. қўлювғичда юз – қўлимни ювдиму кўчага чиқдим. Минг долларга хўроз олиб, унга дори ичириб… мардикор ёллаб, қувдириб кўнгилхушлик қиладиган бойваччаларга лаънатлар ўқиб, кетиб боряпман. Кўча бошига етганда ортимга қайрилиб қарадим. Баланд дарвоза олдида ҳеч ким кўринмади.

Olete lõpetanud tasuta lõigu lugemise. Kas soovite edasi lugeda?